*"1984" асари ёки болалигимдаги воқеалар бу китобга қандай ўтиб қолди?"
Ниҳоят кеча, "Ўзбекпочта"нинг "шарофати" билан 9 кун деганда Жорж Оруэллнинг "1984" асари қўлимга тегди. Ўзбекпочтанинг "тезкор"лиги ҳақида ҳали алоҳида бошқа постда батафсил гаплашамиз. Ҳозир асар ҳақида ёзмоқчиман.
Бу асарни, Asaxiy.uz "1984" асарини таржима қилдираётган эмиш", деб гап-сўзлар чиққандаёқ уни русчасини ўқиганлар "зўр китоб" деб мақтай бошлаган эдилар. Кеча китобни ўқишни бошлаганимдан амин бўлдимки ўша мақтовлар бежизга эмас экан. Китоб ҳақиқатдан зўр ёзилган экан. Китобни ўқир эканман Жорж Оруэлл китоб воқеаларини қайерда кўрган ёки кимдан эшитиб ёзган билмайман-у, воқеалар айнан ёшлигимда Собиқ Иттифоқ даврида кўрган воқеаларига жудаям ўхшаш. "Ғалаба"(Победа) номли уй, "Ғалаба" кўчаси, "Ғалаба" қаҳваси, ёки телевизор ва ОАВ да тинмай мамлакат ривожланаётгани, гуллаб-яшанаб бораётгани, маҳсулот ишлаб чиқариш кўпаяётгани, аслида эса ич-ичидан чириб бораётгани" ҳақидаги гаплар ёшлигимни эслатди. Ёки асар қаҳрамонининг бир дўконча олдида бир гала аёлларнинг жанжали устидан чиқиб қолиши ҳақида ёзилган жойи шундоққина ёшлигимизда содир бўлган воқеаларга жуда ўхшаш. Маълум бўлишича дўконга "тунука қозонча" келган ва бироздан сўнг сотилиб тугаган. Шундан сўнг қозонча етмай қолган аёллар дўкончи билан "сен қозончани сотишда таниш-билишчиликка йўл қўйдинг" жанжал қилишган. Китобни шу жойини ўқиб муаллифга қойил дедим. Айнан шу китоб ёзилаётган пайтда "чириган ғарб"нинг исталган давлатида турли маҳсулотлар керагидан ошиқча ишлаб чиқарилиб дўконларда чанг босиб ётар эди. "Буюк Совет Иттифоқи"да эса доимо маҳсулот тақчиллиги бўлган. Завод ва фабрикалар сифат учун эмас, рақамлар учун ишлагани туфайли аксарият маҳсулотлар брак(сифатсиз) чиқар эди. Сифатлироқ нарсалар эса айнан Оруэллнинг асарида ёзилгандай доим талаш билан ёки таниш-билишчилик ёки пештахта остидан бекитикча(подприлавка) сотилган.
Шу ерда бир лирик чекиниш. 1984-85 йиллар эди. Отам ўша пайтларда Россияга майиз сотгани борар эдилар. Бир куни уйимизга иккита жиянлари келиб қолишди. Улар отамдан Россияга борган пайтларида бир донадан тугмасини ўрнига кпопка ўрнатилган катакчали кўйлак олиб келиб беришни сўраб келишибди. Отам кейинги гал Россияга бориб қайтишларида ўшандай кўйлакдан уларга биттадан олиб келиб бердилар. Ўшанда улар ўша кнопкали кўйлакни ҳеч қайердан қидириб топа олмаганларини айтишган эди. Отам уларга олиб келган кўйлак Чехословакия маҳсулоти эди ва ундай маҳсулотлар Ўзбекистонга меҳмон ҳам бўлмас эди. Россиянинг турли шаҳарларида ҳам асосан подприлавка ҳолда сотилган. Отам ўшанда таниш магазинчига совғага 1 кг майиз олиб бориб кейин олган эканлар. Не ажабки, Собиқ Иттифоқдаги сифатли маҳсулотлар тақчиллиги ва дўконларда сифатсиз маҳсулотлар бўлиши дунёга достон эди. Аммо, буни ўзлари тан олишмас, юқорида айтганимдай тв. ва ОАВ фақат ёлғон маълумот бериш билан банд эди.
Энди, 1984 га қайтсак, китобда ўша даврга хос яна бир иш, мамлакат бошқарувига қарши чиққан, миллий республикаларда эса ўз ҳақ-ҳуқуини талаб қила бошлаган инсонлар изсиз йўқолган. Китобда мана шундай ишлар ҳам ёзилган.
Мен бу китобни ҳаммага ўқишни тавсия қиламан. Собиқ Иттифоқ даврини кўрмаганлар ва мустақилликдан кейин Ўзбекистондан ташқарига чиқиб бошқа мамлакатларни кўрмаганлар бу китобни албатта ўқиб чиқишлари керак. Асарда бироз муболаға билан Собиқ Иттифоқдаги ҳолат жудаям моҳирлик билан ёритилган. Албатта, китобда СССР дейилмаган, аммо асарни ўқиб гап Собиқ Иттифоқ ҳақида кетаётганини битталикда англайсиз.
Айтгунча, қўлимда Asaxiy.uz ва Asaxiy Books лойиҳасининг яна бир китоби Ден Брауннинг "Рақамли қалъа" китоби ҳам турибди. Яқин кунларда ўша китобдан олган таъсуротларимни ҳам ёзаман.
P.S. Айтгунча, Asaxiy.uz нинг телеграмда ҳам канали бор экан.
👉👉 👉 @asaxiyuz
Китоблар ёки бошқа буюмлар ҳақидаги турли маълумотларни шу каналдан ҳам олсангиз бўлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий