*Нархларни сунъий тушириш қанчалик тўғри?*
Ёшлигимда кўп нарсани тушунмаганим рост. Аммо, ҳозир ҳам кўп нарсани тушунмайман. Ана шу тушунмаган нарсаларимдан бири кимлардир томонидан бозорларда қандайдир маҳсулотларга мажбурий нарх қўйилишидир. Масалан: "Гўштни фалон нархдан тепасида сотмайсан", деб буйруқ берилгандай. Очиғи бундай ишлар аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун қандай фойдали эффект беришини билмайман. Билганим шу-ки қандайдир бир маҳсулот камлиги ёки тақчиллашгани учун унинг нархи ошади ва ўша маҳсулотни кўпайтириш ўрнига унинг нархини чеклаб ўтириш ҳеч кимга ҳеч қандай фойда бермайди.
"Гўштни арзонлаштир" деб буйруқ берилганда кўпинча сотувчилар гўштни ўта сифатсизини растага қўйиб, буёқда "подприлавка"дан сифатлироғини қимматроқ сотаверишади
Агар тепадан берилган буйруқ қаттийроқ бўлса бозорларда сифатли маҳсулот батамом узилади. Бундай ҳолатни бундан 2-3 йил олдин "нархни арзонлаштир" деб картошкани нархини сунъий туширмоқчи бўлишганида шахсан ўзим бир неча марта гувоҳи бўлганман. "Яхшироғи йўқми" деб берган саволимга сотувчилар "Яхшироғини олиб келмаяпмиз. Яхшиси қиммат. Паттачилар қимматини соттиргани қўймаяпти" деб жавоб беришган.
Бу масаланинг мени хайрон қолдирадиган бир жиҳати эди.
Яна бир хайрон қолдирадиган жиҳати эса бу қандайдир маҳсулотларнинг нархини сунъий равишда арзонлаштириб бу орқали ўзи шундоқ ҳам шаҳар аҳолисига қараганда аҳволи ночор қолаётган қишлоқ аҳолиси бўлмиш деҳқонларни, чорвадорларни аҳволини янада ёмонлашувига йўл очишдир.
Хозирги кунда тв ва ОАВ минг "қишлоқ аҳолисининг ҳаёти фаровон бўлиб бормоқда" деб баланпарвоз гаплар билан қишлоқда яшаётганларнинг турмушини мақтамасин барибир қишлоқдаги шароитлар шаҳардаги шароитдан анча орқада қолиб кетаяпти. Ман шаҳар ва қишлоқлардаги инфратузилмани эмас, балки улар ўртасидаги яшаш шароитларни назарда тутаяпман. Текис ва равон йўллар, кўп қаватли иморатлар, театр ва ҳоказолар майли шаҳарга ярашади. Аммо чироқ, газ, тоза ичимлик суви кабилар шаҳарда исроф қилиш даражасида бўлса, аксар қишлоқ жойларида ноёб нарсаларга айланиб бўлган. Мен ана шуларни назарда тутдим.
Шу туфайли ҳам ҳозирги кунда қишлоқ жойларидаги ўзига тўқ кишилар ҳам ўз хонадонида шаҳар жойларидаги оддий хонадонларда бор бўлган шароитни қилиб ололмайди. Чироқ топса газ йўқ, газ топса тоза ичимлик суви муаммо....
Гўштни ёки бошқа маҳсулотни нархини сунъий туширишга уринаётганлар қишлоқ аҳолисининг шароитини янада баттарроқ бўлишига сабаб бўлаяптилар.
Агар қандайдир махсулотни нархини арзонлаштириш керак бўлса охирги чора сифатида қассобга бориб "махсулотингни нархини тушир" деб буйруқ бергунча гўштнинг нега қимматлаб кетаётганини сабабларини топиб, уларни бартараф этишда чорвадорлар амалий ёрдам бериб, мана шу йўл билан маҳсулотнинг таннархини арзонлашувига эришилса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?
2-3 йилдан бери гўштни нархи 35-45 минг атрофида тебраниб турибди. Аммо, гўштни нархи бундан тепага ошмагани билан ем-хашак ва омухта емларнинг нархи 2-3 баробар(!) ошиб кетди. Ана шундай ҳолатда гўштни нархи ошишидан хавотирга тушадиган "мардлардан" биронтаси чиқиб омухта ем ва кунжараларнинг нархи нега тўхтовсиз ошиб кетаётгани билан қизиқмайди ва омухта ем ва кунжара нархининг ошиши гўшт нархининг ошишига сабаб бўлаётганини айтиб уларннинг нархини туширишга уринмайди.
Уларнинг топиб олгани қассобларга босим ўтказиш. Қани ўша омухта ем ва кунжара чиқарадиган заводларга бориб у ердаги аҳвол билан танишишса, коррупцияни тугатишса. Йўқ, буларни топиб олгани "гўштни нархини тушир"
Хўш, бундай ҳолатда мол боқаётган ўз маҳсулотини таннархидан ҳам арзонга сотиб уйи куйсинми? Ахир унинг ҳам орзу-истаклари, уйлантирадиган ўғли, узатадиган қизи бор. У ҳам яхши шароитда яшашни хоҳлайди. Шундай экан унга қарата "маҳсулотингни арзонлаштир" дейиш бу қанчалик тўғри?
Гўштни "нархини тушир" дейишдан олдин уни етиштурувчиларни шароитини қандайлигини ва улар ҳам бошқалардай одамга ўхшаб яшашга хақлари борлигини бир ўйлаб кўрайлик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий