*Болалик хотиралари: Тизза бўйи қорлар, сандал ва ичи қорга тўлган калиш ҳақида*
Бугун 6 ноябрь, 2019 йил. Эрталабдан ҳаво очиқ. Қуёш чарақлаб турибди. Ташқарида ҳаво камида 7-8° иссиқ.
Эсларингда бўлса ўтган йил ҳам тузукроқ қиш бўлмаган эди. Бу йил ҳам ўшандай аҳвол: Ёғингарчилик асосан ёмғир бўлиб тушаяпти. Шу тобда болалигимда ёққан қорларни соғинаяпман.
*1983 йил. Қиш. Ҳаво совуқ. Қор тўхтамасдан ёғади.
Дадам Россияда. Майиз сотишга кетган. Уйимизни томи лойсувоқ. Қор роса ёққан пайтларида уни кураб тозалаб туриш керак. Кеча кечаси билан қор ёғиб чиқди. Эрталаб чойни ичиб нарвондан секин томга чиқаман. Онам ирғитган қор куракни олиб қор курашни бошлайман. Қор тиззабўйи бўлган. Ишим оғир. Қорни ҳовли тарафга эмас, фақат орқага, кўча тарафга кураб туширишим керак. Агар қорни ҳовли тарафга туширсам, супага тушади ва уни яна олиб ташлаб супани тозалаб қўйиш керак. Шу учун қийин бўлса ҳам орқага кураб туширганим яхши.
Томимизни узунлиги 18-20 метр, энди 5 метрча келади.
Ишни томни ҳовли тарафидан том бўйлаб узун йўлакча очиб олишдан бошлайман. Кейин ўша йўлакча бўйлаб куракни арава сургандай суриб бориб, қорни кўча тарафга тушира бошлайман. Бироз ўтиб баданимда тер пайдо бўлганини сезаман. Чарчаб бироз тин олганимда ўша тер туфайли ҳўл бўлган ич кийимларим совуқда баданимга игнадай санчила бошлайди. Мен совқотиб қолмаслик учун яна қор курай бошлайман. Баданим қизиб яна терлай бошлайди.
Калиш кийиб олган оёғимдан совуқ ўтиб, кейин миямга чиқиб кела бошлайди. Парво қилмай қор курашда давом этаман.
Қор курар эканман калишни ичи қорга тўлиб қолади. Уни тез-тез тозалаб оламан. Ишни тезроқ тугатиб иссиқ сандал(танча)га кириб исинишни ўйлаб қорни янада чаққонроқ курай бошлайман.
Ҳар гап қорни суриб бориб пастга туширганимда "гупп" этган овоз чиқади. Уч соат деганда томни қорини кураб бўламан. Унгача совуқда оёғимни товон қисми ҳеч нарсани сезмайдиган даражага келади.
Томни кураб бўлганимдан кейин пастдаги қор уюми уй деворининг ярмига чиқиб келган бўлади. Олдин куракни ташлайман, кейин қор уюмини устига ўзимни отаман.
Уйга киргандан оёғимдаги ҳўл бўлиб қолган пайпоқни ечиб қуритиш учун сандалга, кўрпани остига қистираман. Оёғимга қарайман, қип-қизил чўғдай бўлиб шишиброқ турибди. Чимчилаб кўраман, оғриқ сезмайди. Кейин ичидаги кулни титиб чўғини очаман ва сандални устидаги кўрпани ичига кириб кетаман. Бирпас ўтиб танам, кейин оёғим иссиқни сеза бошлайди. Шундан кейин бошимни чиқариб оламан-у, иссиқ танчада роҳатланиб ётавераман.
Эртаси куни ҳам, индини куни ҳам аҳвол шу. Қор ёғаверади. Мен эса томни қорини кураб тушавераман. Қор ёғишдан чарчамайди, мен эса том курашдан чарчамайман.
Ўшанда бор йўғи 6 яшар бола эдим. Оилада энг катта фарзанд бўлганим учун томни ҳам, супани ҳам қорини кураш мени гарданимда эди. 1985 йилда уйимизни олдига айвон қўшилиб томи чордоқ қилиб ёпилди. Аммо, мен барибир қишда қор курашдан қутилмадим. Чунки, уйни устини чордоқ қилиб ёпганимиз билан моллар ётадиган оғилни усти, нарсалар сақланадиган бостирманинг усти лойсувоқ томлигича қолган эди ва мен яна бир неча йиллар қор кураб юрдим.*
Охирги йилларга келиб қорнинг камёб нарсага айланиб бораётганини кўриб шу тобда ўша кунларни эсладим. Ўшанда тинимсиз қор ёғавериши ортидан даладаги қорнинг баландлиги баъзи пайтларда 60-70 см бўлиб кетар эди. Бир неча кун ёққан қор 10-15 кунлаб ерда турар ва биз маҳалламиздаги тепаликларда остимизга плёнка тўшаб роса сирпанчиқ учар эдик. Бугунги кунда қани энди ўша қорлар? Отлиққа ҳам топилмаяпти.
Болаларимиз учун энди қор ёғиши, байрамдай бўлиб қолди. Уларни охирги марта чана учганларини, сирпанчиқ учиб ўйнаганларини қачон кўрганим эсимда ҳам йўқ.
Бу кетишда охири нима бўлар экан, ўйлашни ўзи даҳшат.
*П.С. Бугун қор ҳам, қорини курайдиган томлар ҳам қолмаган бўлса ҳам ўша замондан ёдгор: калиш ва сандал бор. Ҳанузгача калиш кияман ва қишда сандал очиб оламиз. Ҳозир шу гапларни ҳам иссиқ сандални четида ётиб ёзаяпман.*
Комментариев нет:
Отправить комментарий