воскресенье, 20 января 2019 г.

Лолазор

Бугун сизларга тавсия қилмоқчи бўлган асарим Мурод Муҳаммад Дўстнинг "Лолазор" романидир.
Бу романни ўқиганимга кўп вақт бўлмади. Аммо икки қайта ўқиб чиқдим. Аслида бу китобни анча йиллар олдин ҳам ўқишим мумкин эди. Аммо ўшанда негадир бу китобга эътиборсиз бўлиб ўтиб кетганман.

Китобнинг нимаси аҳамиятли?
Китоб, гарчи аниқ исм-шарифи билан берилмай Ошна деб берилган бўлсада раҳматли Шароф  Рашидов ҳақида.
Маълумки бу инсон вафот этганидан кейин жуда катта қоралаш компанияси ўтказилди. 1991 йил, мустақил бўлгунимизча бу инсон номини матбуотда ёзиш, телевиденияда тилга олиш мумкин эмас эди. Мабодо ёзилса ёки тилга олинса ҳам фақат ёмонлаб тилга олиш мумкин эди. Албатта, ўшанда уни номини булғаш режаси Москвада тузилган, бизникилар эса зўр ижрочи бўлиб хизмат қилишган.

Рашидов ҳам гарчи катта бир республика раҳбари бўлган бўлса ҳам ожиз бир банда ва унинг ҳам ютуқ камчиликлари етарлича бўлган. Адиб ўз асарида буни очиб бера олган. Шунингдек асарнинг тили ниҳоятда бой. Асарни бошлаган одам уни бир маромда силлиқ ўқиб кетади.

Асарда Ошна ва унинг дўсти Яхшибоевнинг ҳаётлари ёшликларидан то кексайиб вафот этганларича тасвирланган.
Асардаги Ошнанинг дўсти Яхшибоев образи ўша даврдаги аччиқ бир ҳақиқатни очиб берган. Айнан ўша ҳақиқат Рашидовнинг камчиликларидан бири бўлган. У ҳам бўлса Рашидов ўзига ёққан одамларга кенг имкониятлар берган. Улар қайерга борсалар ҳам "Рашидовнинг одами" сифатида иззат-икромда юришган. Шунингдек улар жойларда бўлаётган ишлар юзасидан кимларнидир муаммосини "ҳал қилиб бериш учун"  ўз манфатларини ҳам унутмаган ҳолда Рашидовни ҳузурига тез-тез кириб чиқишган. Асардаги Яхшибоев образи ҳам шундай. У ҳам кимларнидир муаммоларини ҳал этиб бериш учун Рашидовни олдига тез-тез кириб турган. Албатта у "холис" ишламаган. "Совға-саломлар" дегандай беришган.

Ўзига ёқмаган одамларни эса атрофига умуман яқинлаштирмаган. Агар ўшандай одамлар адабиёт, илм-фан ёки санъатга дахлдор бўлсалар улар бир умр рўшнолик кўрмай, мукофот нималигини билмай ўтишган. Ана шундай ишлардан бири Рашидов ва Мирзакалон Исмоилий ўртасида бўлган. Улар ўтган асрнинг 50-йилларида марказий газеталардан бирида бирга ишлашади. Рашидов бош муҳаррир, М. Исмоилий эса унинг ўринбосари бўлиб. Ана ўшанда иш жараёнида улар баҳслашиб қолишади. Ким бошлаганини билмайман-у аммо ўртада жанжал чиқади. Жанжалда М. Исмоилий Рашидовга нима деган, нима қилган тафсилотлари маълум эмас. Аммо Рашидов ўша жанжални деб М. Исмоилийга узоқ йиллар кек сақлаб юради. Домла на мукофот олади ва на китоблари чоп этилади. Маълумки ўша даврда адиблар фақат китоби чоп этилсагина тузукроқ яшай олган. Китоби чоп этилмаган адибларни аҳволи оғир қолаверган. М. Исмоилийда ҳам шундай бўлган. У фақат рус классик адибларидан қилган таржималари чоп этилиши, шунингдек турли адибларнинг асарларини таҳрир қилиб бериш эвазига тирикчилик қилиб юрган.
Рашидов айнан М. Исмоилийга ҳам, унга ўхшаган бошқа кек сақлаган инсонларига ҳам ноҳақлик қилганини ёши кексайиб боргани сайин англайди ва кейинчалик ўз хатоларини тўғирлаб уларнинг аксариятига давлат мукофотлари, турли унвонлар беради. Шу жумладан М. Исмоилийга ҳам.

Рашидов асарда ҳаммага ишонувчан қилиб тасвирланган. Рашидовни ҳаётда таниганларнинг  хотираларини ўқисангиз улар ҳақиқатдан Рашидов анча ишонувчан одам бўлганини ёзадилар. Ана шу ишонувчанлиги унга анча панд беради.

Мустақиллик йилларида Рашидов ҳақида ҳақиқатни очиб берувчи, унинг ҳаётини рўй-рост кўрсатувчи асарлар ёзилдими ёки йўқми билмайман. Билганим марҳум олим Ғайбуллоҳ ас-Салом (Ғайбулла Саломов) ўзининг икки қисмли "Эй умри азиз" ва "Эзгуликка чоғлан одамзот" китобларида(1997 йилда чоп этилган) Рашидов шахсияти ҳақида, унинг Ўзбекистон учун, ўзбекистонликлар учун қилган хизматлари ҳақида батафсил ёзган. Ундан бошқа китоб ҳақида эшитмадим ва ўқимаганман.
"Лолазор" романи эса гарчи бадий асар бўлса ҳам ўқувчиларга Рашидовнинг шахсияти ҳақида бироз бўлсада маълумот бера олади, уни яқиндан танита олади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий