Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев, олдига пастроқ қаватдан уй беришини сўраб арз қилиб борган аёлга "Худога яқинроқ бўлиб дуо қилиб ётавер" деган гапларни гапирган видеоси чиқди.
Бу видео ижтимоий тармоқларда роса муҳокама бўлди. Кимдир ўша аёлни арзига "тепа этаж бўлса ҳам уйни олиб Худога шукр деб кетавермайдими" деб фикр билдирган бўлса, яна кимлардир "сенга ўхшаганлар кўп бўлса, шаҳар ҳокими ҳаммага пастки қаватдан уй бера олмайди-ку" деб, ҳатто аёлни ўзини айблаб ҳам ёзишди. Аммо, кўпчилик ҳокимнинг ўзига арз қилган аёлга қилаётган муомаласини танқид қилди.
Мен Ортиқхўжаев билан шахсан таниш эмасман. Уни қандайлигини билмайман. Билганим шу-ки ҳозир мамлакатимизда ҳоким бўлиб ишлайдиган одамларга ҳам осон эмас. Муаммолар, арз қилиб келувчилар етарлича бор ва аксарият ҳолатларда ўша муаммоларни ижобий ҳал қилиш ҳокимларга осон бўлмаяпти. Аммо, барибир аксарият ҳокимларнинг халқ олдида ўзини тутишида нуқсонлар борлиги, айрим ҳолатларда улар ўзларини тута олмай сўкиниб юбораётганлари айни ҳақиқат. Улар орасида ҳатто Олот ҳокимига ўхшаб кимнидир дўппослаётганлари ҳам бор.
Тўғри, Ортиқхўжаевни бировни ургани ёки сўккани ҳақида эшитмаганман. Аммо унинг ўша олдига арзга борган аёлга қўрс муомаласи ҳам мени назаримда тўғри эмас.
Мени ўлчамларим бўйича ҳоким ҳар қандай ҳолатда, хоҳ кайфияти яхши бўлсин, хоҳ ёмон ўзига арз қилиб келаётган фуқаролар билан хушмуомалалик билан мулоқотда бўлиши керак. Жамоат орасида сўкиниш, бировни дўппослаш ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас. Акс ҳолда у ҳокимликка нолойиқдир. Юрт раҳбари ҳокимларнинг, бошқа раҳбарларнинг халқ манфати учун хизматда бўлишларини, ҳеч кимни норизо қилмасликларини, айниқса муомала маданиятида хушмуомала бўлишлари кераклигини бот-бот такрорлаяпти. Аммо, минг афсуски президентнинг ўша гаплари айрим ҳокимларга етиб бормаяпти. Акс ҳолда Олот ҳокими кўпчиликни кўзи ўнгида бировни дўппослай олармиди?
Энди ўша Ортиқхўжаевга арз қилиб келган аёлнинг муаммосига қайтсак. Балки аёл ноўрин даъво қилаётгандир. Агар уни арзи қондирилса бошқалар ҳам шундай арзлар билан шаҳар ҳокимини олдига югуришар. Аммо, нима бўлганда ҳам Ортиқхўжаев ўша аёлни арзини хушмуомалалик билан ҳам рад этиши мумкин эди-ку.
Эсларингда бўлса яқинда Ургут туман ҳокими ҳақида ёзган эдим. Эслатаман: Декабрь ойида Ургут шаҳри ва туманида ноқонуний кира қиладиган юзга яқин ҳайдовчи тўпланиб халқ қабулхонасига "лицензия қимматлигидан" шикоят қилиб боришибди. Мен борганимда қабулхона олдида тумонат одам эди. Қарасам туман ҳокими бир тўп ҳайдовчилар орасида, қўлини улардан бирининг елкасига ташлаб олиб, худди ўртоқлари билан суҳбатлашаётгандай "Укалар, лицензия нархи бизни ихтиёримизда эмас, Тошкентдан белгиланган. Қолаверса сизлар тўлаётган пуллар кам таъминланганлар, нафахўрларга нафақа бўлиб қайтади. Шундай экан сизлардан илтимос, бориб лицензияни тўланг ва ишлайверинг" деб дўстона муомала қилаяпти. Ўшанда у ҳам "Ўзи ноқонуний кира қилсанг, яна нима дейсан? Тур йўқол" деса ҳам бўлар эди. Аммо бундай қилмаяпти. (Мен Ургут ҳокимини мақтамаяпман, балки у ҳам режани бажара олмаган фермерни уришар. Шунчаки, мен ўзим гувоҳи бўлган ишни ёзаяпман)
Яна бир мулоҳаза: Агар кеча шу аёлни ёнида биронта тв.канални мухбири ва оператори бўлиб, ҳокимга камера ўнглаганида Ортиқхўжаев ўша аёлга "Худога яқин бўлиб дуо қилиб ўтиравер" деган бўлармиди. Дея олмасди. Аксарият ҳокимларнинг қандайлиги уларга камера тутилганда ва камерасиз борилганда билиниб қолаяпти ва уларнинг аксарияти ана шу икки ҳолатда ўзларини икки хил тутмоқда. Масалан, Олотни зўравон ҳокими ўша мажлис камерага муҳрланганда бечора фермерни уриб сўкишга журъат қила олармиди? Ўйлайманки йўқ.
Шундай экан энди ҳокимларни юриш-туришларини, одамлар билан қилаётган муомалаларини доимо назорат қиладиган бир тизим жорий қилиш керак. Ана шунда Олот ҳокимига ўхшаган ҳокимлар фермерни дўппослай олмайди. Ортиқхўжаев эса қўрслик билан "Худога яқин бўлиш ҳақида" фалсафа тўқимайди.
Қўйидаги видеода Фарғона вилояти Боғдод туман ҳоким ўринбосарининг ўзини тутишини кўринг. Валломатлардан бири экани муомаласидан маълум.
Комментариев нет:
Отправить комментарий