вторник, 4 декабря 2018 г.

Прописка ва африкаликлар.

*Прописка, африкалик муҳожирлар ва яна ўша депутат*

Ану кунги, Тошкент шаҳрида прописканинг ёпиб қўйилганлигини оқлаб, маъқуллаб, буёғи хоҳлаганингиздай сўз қўйиб олаверасиз, ҳақида ёзган депутатнинг гапига муносабат билдириб пост ёзганимдан кейин
https://t.me/bugunning_gapi/123
шу мавзуда муштарийлардан анчагина хабарлар олдим.

Улардан бирида бир муштарий ўша постимда бир масалага эътибор бермаганимни ёзибди. Ўша муштарийнинг фикрига кўра депутат прописка мавзусига Париж шаҳрини мисол қилиб ёзиб адашган:

__Ман айтмокчи булганим депутат Париж хакида гапириб каттик адашган сабаби Парижда жиноят аслида Африкадан келган иммигрантлар томонидан килинади.
Бу билан депутат вилоятликларни шуларга тенглаштирди саводсиз__.

Муштарийнинг фикрларига қўшилган ҳолда шуни қўшимча қиламан-ки, мени назаримда ўша депутат прописка масаласида Парижни мисол келтириб икки карра хато қилаяпти. Хато қилганда ҳам ўта қаттиқ хато қилаяпти.
"Қанақасига?" дейсизми?
Шунақасига-ки,  жиноятчилик юқори бўлган Парижда (*аслида Парижда жиноятчилик жудаям юқори эмас, бу шунчаки депутат таъбири билан айтганда шундай бўп қолаяпти*) аксар жиноятларни Африка қитаъсидан Францияга келган муҳожирлар қилишар экан. Жаноб депутат эса буни билмаслиги мумкин эмас. Агар у Парижда, нафақат Парижда,  балки бутун Францияда жиноятларни катта қисмини фоиз  ҳисобида африкалик муҳожирлар содир этишини билмаса у қандай депутат бўлиб юрибди? Агар у буни билса ва буни билган ҳолда Парижни бизга мисол қилаётган бўлса, у вилоятларда яшаётган ўзбекистонликларни африкаликларга тенглаштириб икки карра қаттиқ хато қилаяпти.
Қолаверса Африка қайерда-ю, Франция қайерда?
Францияга муҳожир бўлиб келаётган африкаликлар неча минглаб километр йўл босиб, тоғ-тошлар, уммон-у дарёларни кечиб зўрға бу мамлакатга келаяптилар. Тамомила бошқача муҳит, бошқача шароитга уларни кўникиши, мослашиши қийин бўлиб, шунингдек тил билмаслик муаммоси бор,  шуни ортидан жиноят содир этаётган бўлишлари ҳам мумкин.  Аммо, биз ўз ватанимиздамиз-ку! Шароитимиз сал фарқ қилиши мумкин, аммо муҳитимиз, тил, дин, менталитет ҳаммаси битта-ку! Шундай экан жаноб депутат нимадан хавотирланаяпти-ю, нега Парижни бизга мисол қилиб келтираяпти?

Биз бор йўғи ўз ватанимиз пойтахтига боришни, ҳеч бир муаммосиз яшашни хоҳлаяпмиз холос.
Қолаверса қандайдир чет давлат бизга қарата "Ўзбекистонликлар, келаверинглар. Бизнинг юртда сизлар фалон ой ҳеч қайерда рўйхатдан ўтмасдан яшайверинглар" деса-ю, аммо ўз Ватанимиз пойтахтида ҳеч қайерга рўйхатга қўймасдан 5 кундан ошиқ
тура олмасак. Бу нима дегани ахир. Жаноб депутат шуни ўйлаганмикин?

Бошқаларни билмадим-у, аммо мен айнан ана шу 1999 йилда Тошкентдаги портлашлар сабабли пойтахтга прописка ёпиб қўйилишини (*унгача очиқ эди*) маъмурлар томонидан ўз халқига қилинган ҳақсизлик деб биламан. Ана шу ҳақсизликни аллақандай чўпчаклар билан оқлашга уринаётган депутатни эса ўз халқининг, ўз ватанининг ғаними деб биламан. Ўша депутат билиб қўйсин-ки, халқ уни қандайдир ҳақсизликни оқлаб чўпчак тўқиб ўтириши учун депутат қилиб сайламаган. "*Оғиримизни енгил қилсин, муаммоларимизни парламентда кўтариб чиқсин*" деб депутат қилиб сайлаган. Шундай экан энди ўша депутат халқни дардини гапирсин...... ёки сукут сақлаб жим ўтирсин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий