"*Временная прописка*" ва *Олой бозори* ҳақида
1999 йил, 16 февраль куни Тошкентда портлаш бўлганида худди бу ишга вилоятликлар айбдордай ўша куннинг ўзида кўпчиликнинг ҳурматли президенти бўлган 1-президент И. Каримовнинг "*Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга қўйиш қоидаларини тартибга олиш*" ҳақидаги машҳур қарори эълон қилинди ва шу билан пойтахт пропискаси вилоятликлар учун батамом ёпилди.
Шундан кейин пойтахтдаги ИИБ идоралари турли иш билан пойтахтда юрган вилоятликларга қарши ҳақиқий "*ов*" бошлади.
Ўша пайтда мен "Олой" бозорида қуруқ мева сотиб жавлон уриб юрган пайтларим эди. Биз растада туриб эмас, балки улгуржи савдо қилардик. Харидорларимиз эса қозоғистонликлар эди. Ҳар ҳафта жума куни бир гуруҳ бўлиб юкларимизни "Камаз"ларга ортиб, пойтахтга қараб йўлга чиқамиз. Шанба ва якшанба кунлари улгуржи (оптом) бозорни ўтказиб душанба куни орқага қайтамиз. Ўшанда Тошкентдаги портлашлардан кейин буёғи 2004 йилларгача "Юнусобод РОВД" деган идора (бошқа бозорларни ўзини туманига қарашли РОВДлар текширган) бизни роса азоб берди. Негадир ҳар якшанба(!) куни камида 20 мелиса бозор стоянкасига 2-3 автобус олиб келиб қўйиб, кейин қаторлардан юриб сотувчилардан паспорт сўрайди. Паспортни қўлига берамиз, у эса уруш давридаги фриц офицериникига ўхшаган башарасини тириштириб паспортимизни прописка урилган жойига бир қарайди-ю, қўлидаги бир даста паспортга қўшиб "учтасковойни хонасига бор" дейди ва навбатдаги одамга ўтади.
Бозор участкавойини хонасида тумонат одам. Шундан сўнг "асирлар"ни стоянкадаги автобусга олиб чиқиб тиқишади. Кейин РОВДга олиб бориб "асирлар"ни "кўпкари" қилишади. 10-15 тача мелиса ҳар тарафдан секин гапга олишни бошлайди: "Шерикларинг ҳам борми? Неча кишисизлар?"
Ўзимизни танишларимизни чамалаб сонимизни айтамиз. Шунда у "ҳар биринг фалон пулдан берасан, пулни ташқарида қоровул будкага олиб бориб берасан, йўқ десанг ҳозир ҳужжатлаштириб Қўйлиқдаги Панельнийга жўнатади, кейин ётасан 15 сутка". Уни бу гапини эшитиб рози бўламиз. Айтган пулини, айтган жойига биттамиз олиб бориб берамиз. Уёқдан олдим деган қўнғироқ бўлади. Кейин бизни паспортимизни қўлимизга бериб "сур энди" дейди ва биз йўлда сўкина-сўкина бозорга етиб оламиз.
Кейинги якшанба яна шу аҳвол.
Ўшанда, илк марта "фрицбашара"ларнинг қўлига тушиб қолганимизда айримларимиз "Тошкентда 3 кун вақтинча пропискасиз юришга ҳаққимиз борлигини, жума куни келган бўлсак, душанба куни чиқиб кетсак, қанақасига қонунни бузаяпмиз?" деб ўзларича "закунчилик" ҳам қилиб кўришди. Аммо ходимлар ҳам анойи эмас, "Жума куни келганингни нима билан исботлайсан? Поезд ёки автобусни билети борми?" деб сўрашар эди. Табийки бизда ундай билет йўқ. Шундан кейин ундай "закунчи"лардан бир-иккитасини Панельнийга олиб бориб тиқишди ва улар уч кун "маймунхона"да ётиб чиқиб келишди. У ҳолатни кўрганимиздан кейин тинчгина сўраган пулларини бериб чиқиб кетаверишни афзал кўрадиган бўлдик.
Эсимда, ўшанда якшанба куни келаверса бозорда хавотир билан ўтирадиган бўлиб қолган эдик. Узоқдан формали ходимни кўрсак бўлди, бозорга харид учун келган бўлса ҳам унга хавотирланиб қарар эдик.
Агар ИИ ходимлари бозор ичига кираётганини кўрсак "шаҳарда қизиллар" деб ўзимизни тўрт тарафга уриб қочар эдик. Биз қочганимиз билан "қувган ҳам Худо дейди" деганларидай уларнинг автобуслари барибир тўлар эди. Чунки ҳамма ҳам қочишга улгура олмас эди.
Бу ҳолат 2003-2004 йилларгача давом этди ва шундан кейин тинчиди. Ўшандан кейин ҳеч ким прописка деб безовта қилмади. Аммо ўша 3-4 йиллик прописка деб тортган азобимиз бизларни бир умр эсимиздан чиқмайдиган бўлди.
Ўша пайтда "*временная прописка*" деган терминга шунчалик ёмон аллергия бўлиб қолганман-ки бу ҳанузгача давом этиб келаяпти. Бу сўз кўнглимда шунчалик оғир яра қолдирган-ки ҳанузгача эшитсам юрагим зирқирайди.
Шу учун ҳам пойтахтда оддий фуқаролар учун доимий пропискани ёпиб қўйилишини фуқароларга қилинган энг катта ҳақсизлик деб биламан. Фейсбукдаги саҳифасида бу ҳақда қандайдир чўпчакларни ёзган депутат эса бу ҳақда нима деб ўйласа ўйлайверсин. Менга уни ўша гаплари бир тийин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий