пятница, 14 декабря 2018 г.

Лайло Ҳайитова


*ҚАРИНДОШДАН ҲОЛ СЎРАНГ*

-Ойи, тоғам келиб-кетдилар. Ширинликлар келтирдилар. Яна сизга бир сидра кўйлаклик ҳам,-эшикни очар-очмас ичига сиғмасди қизим.
Кўнглим ёришиб чарчоқни ҳам унутдим. Жигарларинг йўқловига ҳеч нарса тенг келмайди. Оға-иниларимда отамнинг меҳрини туяман. “Биздан кейин ҳам бир-бирингизга меҳр беринглар, ҳолингиздан хабар олиб туринглар. Одамзотнинг болаларим кўпайсин, дея сўраганида ҳам шу гап бор”,-дейдилар ҳар сафар. Отам кексайиб қолган бўлса-да, аммаларимни тез-тез йўқлаб туради.
Кичик тугунчада ширинликлар, кийим-кечаклар илинади. Аммам ҳам акасини йўқлашдан чарчамайди.
“Жигарим” дейди отамни.
Дарҳақиқат, оға-иниларингиз йўқлаб келишса, хонадонингиз файзли, чароғон бўлади. Турмушнинг ташвишларидан узоқлашиб, енгил тортгандек ҳис этади киши, ўзини. Жигарингизнинг меҳр-оқибатига етадиган йўқ.

Бироқ, турмушда содир бўладиган айрим воқеалардан кўнглингиз хира тортади.. Ота-она, ёр-дўст, қариндош-уруғларнинг бир-бирларидан хабар олишлари камайгандек. Айримлар эл-юртга ҳавас қилгулик тўй бераяпти, кимдир серҳашам эҳсон қилаяпти, 2-3 марталаб ҳажга бораяпти. Аммо, энг азиз кишиларига оқибат қилишни, қадрдонлар ҳолидан хабар олишни унутиб қўйяпти.
Гоҳо “жон-жигармиз” деб, қариндошлик қадр-қимматини қоринга, меҳр-оқибатни манфаатга айлантираётган кимсалар ҳам бор.

Қўшни маҳалладаги Муҳтарама ая умрини қариндошларига бағишлади. Ота-онаси дунёдан ўтгач, укаларининг бошини силаб меҳр кўрсатди. Уч укасига ҳам она, ҳам ота бўлиб, уларининг оғирларига елка тутди. Барини уйли-жойли қилиб ҳам тинмади. Бироқ, мудҳиш воқеа сабаб оёғидан ажраб, тўшакка михлангач, жигарларидан мурувват соғинди, уларнинг меҳрига кўз тикди. Шундай ҳолатда ҳам эл-юртга обрў билан ош бериб, кенжа ўғлини уйлантирди. Бир зумда ён-верини тўлдирган укаларининг ташрифидан "қанотим яна тўлди", деб ўйлаган Муҳтарама ая охирида мунғайиб қолди. Супра-элак қилиб келган укалари ва келинлари тўй-томоша тугаши билан ҳеч бир ишга ёрдамлашмай, қўлларига тушганини йиғиштиришиб кетиб қолишди...

Нурматнинг топиш-тутиши яхши. Данғиллама ҳовлида яшайди. Тагида 2-3та машинаси бор. Болаларининг ҳам ками йўқ.
-Укажон, поччанг дунёдан ўтгач, қўлим сал калта бўлиб қолди. Жиянингни шартнома асосида ўқиётганини биласан. Озроқ ёрдам қилсанг. Ана-мана, демай ўқишини тугатади. Сўнг бирор бир ишга киргач, қарзларни узамиз! - Содиқа опа укасининг остонасига келиб, минг хижолатда сўзлади.
Опасининг гапини эшитиб, Нурматнинг таъби бузилди:
-Ўқишни тугатиб, бирор ишга киргач, эмиш. Хўш, ишга киролмаса-чи?! Ўзингиз каталакдек ҳовлида яшасангиз. Бунинг устига еганингиз ёвғон бўлса. Нимангизни сотиб, қарзингизни тўлайсиз? - деди пичингнамо.
Содиқа опанинг кўзи ёшга тўлди.
Ота-онаси эрта оламдан кўз юмгач у укасини ер-кўкка ишонмай кафтида авайлаб ўстирди. Едириб-ичириб, одамларнинг эшигида хизмат қилиб, ўқитди. Бировдан кам қилмай тўй-томоша билан уйлантирди. Раҳматли эрининг кўмаги билан уйли-жойли ҳам қилди...
Кўнгли ўксиган Содиқа опа ҳазин овозда инграниб қўйди:
-Жигарим, деб олдингга келувдим-да, укажон!
-Хеҳ, келсангиз ҳол сўраб келинг-да! Қарз сўраб келган киши қанақа жигар бўлсин!
Содиқа опа музлаб кетди. Укасининг ҳашаматли ҳовлисидан узоқлашди. Узоқлашган сари юрагидан бир томир узилгандек вужуди титраб кетди. Ортига секин қайрилди. Қақроқ лаблари титраб, аста шивирлади: Топганинг буюрсин, укажон, топганинг буюрсин!”
Кейинги пайтларда бундай воқеаларга тез-тез дуч келамиз. Уч-тўрт киши тўпланиб қолса, олди-сотди қандай бўлаяпти, нарх-наво қанча, қанча доллар тўпладинг?” кабилар ҳақида гапирилади. Аммо, “Опам, акам, аммам, холам, амаким, тоғам тузукмилар?”-деган сўровлар жуда кам. Савол туғилади: нега ота-боболаримиз сахий, меҳрли, оқибатли бўлиб ўтишган?! Демак, бу амаллар бизнинг қонимизда ҳам бор. Фақат бу амалларни қайта тиклаш зарур. Бунинг учун оқибатли бўлишимиз керак. Ҳаётнинг мазмуни ҳам, бахт-саодатимиз ҳам мана шу оқибатда.

Лайло ҲАЙИТОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий