Мен Обид Асомовни илк маротаба агар адашмаётган бўлсам 1989 ёки 1990-йилда ёш бола пайтимда Республика қизиқчилар конкурсида кўрганман. Ўша пайтда у акаси Собит Асомов билан бирга чиқар эди.
"Кулол ва хурмача", ҳиндлар билан ҳамкорликда олинган "Овчи" фильмлари ўша даврларда олинган эди.
Эслайман, Обид Асомов "Овчи" фильмининг Ҳиндистонда олинадиган қисмларида суратга тушиш учун Ҳиндистонга боришдан олдин КГБнинг суҳбатидан қанақа ўтгани, кейин Ҳиндистонда ҳар қадамда "орқамиздан кузатишмаяптими? " деб ниҳоятда эҳтиёт бўлиб юрганлари ҳақида зўр ҳажвий чиқишлар қилган эди.
Кўпчилик билмас, орада ўзаро ижодий рақобат билан ўйнаган Мирза Холмедов ва Обит Асомов ўша пайтда битта группада ишлашган. Орадан бироз ўтиб ҳар иккаласи ўзларининг алоҳида-алоҳида театр студияларини очишди.
Мирза Холмедов "Мирзо" театрини очган бўлса, Обит Асомов "Обид-А" театрини тузган эди.
Ҳозир кўпчиликка "Дизайн" ва "Миллион" қандай оммабоп бўлса, олдинлари бу икки кулгу дарғаларининг театр студиялари шунча оммабоп эди.
Бу орада Обит Асомов тв.да "Обид-А студияси"ни очди ва қисқа вақтда бу кўрсатув кўпчиликнинг севимли кўрсатувига айланди.
Шундан кейин бироз ўтиб "Обид-А студияси" ёпилди. Обид Асомов эса Россиядаги Евгений Петросян бошчилигидаги "Кривое зеркало" театр студиясига ўтиб кетди ва ана шу студиядаги чиқишлари билан бутун МДҲ давлатларига машҳур бўлди.
Айнан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг Россиядаги саргузаштлари ва уларга Россия ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан бўлган нохолис муносабатни мен биринчи марта ана шу "Кривое зеркало"да Обид Асомов ижросида кўрганман. Унгача ўзбекистонда на биронта фильмда, на бирон бир кўрсатувда бу ҳақда кўрсатилмаган ёки мен кўрмаганман.
Обид Асомовни охирги марта икки-уч кун бўлди "Севимли" телеканалида Фарҳод Абдуллаев муаллифлигидаги "Эслаб" кўрсатувида кўрдим. Кўрсатувнинг ўша сонида Мирза Холмедовнинг ҳаёти ва ижоди эсланаётган эди. Обид Асомов сўз олиб Мирза Холмедовга роса ҳазиллар қилди, Икклалари бирга гастролларга борган даврларни эслади.
Бу инсоннинг саҳнадаги чиқишларида камчиликлар ҳам бўлгандир. Аммо кўпинча у ўз театри билан жамиятдаги иллатларга қарши курашган. Эслайсизми Ботир Муҳаммадхўжаев билан бирга "Ҳужжатбоз амалдор" интермедиясини. Ўшанда ҳали у нарса тўғрисида, ҳали бу нарса тўғрисида маълумотнома сўрайверадиган бошлиқ ўткир кулгу билан танқид қилинган эди.
Умуман олганда раҳматли яхши одам эди. Яратган Обид Асомовни раҳмат ва мағфират қилсин. Ортида қолган яқинларига эса сабр берсин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий