суббота, 26 мая 2018 г.

Ёшлар китоб ўқимай қўйди(ми?)

Бироз ўтмиш ҳақида.

Эсимда, мактаб кутубхонасига аъзо бўлиб, у ердан китоб олиб ўқий бошлаганимда учинчи синфда ўқир эдим. Орадан бир-икки йил ўтиб қишлоғимиздаги «сельсовет кутубхонаси» деб аталмиш кутубхонага ҳам аъзо бўлдим ва у ердан ҳам китоблар олиб ўқий бошладим. Яна бироз ўтиб туманимиз марказидаги кутубхонага аъзо бўлдим. Йўқ, мен мактабимиз ёки қишлоғимиз кутубхонасидаги ҳамма китобларни ўқиб тугата олганим йўқ. Шунчаки ёш ақлимда «туман кутубхонасида ҳам зўр китоблар бўлиши керак» деган тушунча шакллангани учун ўша кутубхонага ҳам аъзо бўлаверганман. Мактабимиз кутубхонасига аъзо бўлиб илк ўқиган китобим орадан узоқ йиллар ўтган бўлса-да ҳануз эсимда; у Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлган ўзбекистонлик жангчилар ҳақида эди.
Буларни ҳозир нега эслаяпман? Чунки китоблар ҳаётимда азиз бўлган ва маълум маънода тарбиямга ижобий таъсир қилган нарсалардан биридир. Тан оламан, агар китоблар оламига кириб бормаганимда жамиятда қандай одам бўлиб етишишим фақат Яратганга аён эди. Шу туфайли ҳам китоблардан беҳад миннатдорман.

Ёшларга тарбия бериш қийинми?

Кўпинча «ўз вақтида тўғри тарбия бера олмаган» деб, болаларнинг тарбияси бузилиб кетишида ота-оналарни айблашади. Мен уларнинг айбдорлигини инкор қилмоқчи эмасман. Улар айбдор, аммо боласига тўғри тарбия бера олмагани учун эмас, балки боласида ўз вақтида китобга муҳаббат уйғота олмагани учун ҳам айбдордирлар. Агар ҳар бир ота-она ўз боласида китобга меҳр уйғота олганида ҳозир ҳар қанча уриниб ва ҳарчанд бош қотириб ҳал қила олмаётганимиз ёшлар билан боғлиқ турли муаммолар камроқ бўлармиди?!
Ҳозир телеканалларда бола тарбияси ҳақидаги кўрсатувлар кўп. Уларда иштирокчилар ота-оналарнинг ўз боласига тўғри тарбия бера олмаётгани, ота-она уззукун ишда бўлгани ёки ота чет давлатларга ишга кетиб, она эса ўз ишларидан ортмай болалар кўп вақт қаровсиз қолиб кетаётгани ҳақида фикр билдиришади. Ҳатто баъзи кўрсатувларда оммага кўрсатиш учун қаровсиз қолиб кетган болани ҳам топиб келишади. Роса муҳокама қилишади, аммо натижа йўқ. Сабаби... Бир пайтлар ёшлигимизда отам Россияга майиз сотаман деб кетиб қолаверганида биз ҳам бир неча ойлаб қаровсиз қолиб кетар эдик. Аммо отамнинг бизга қилган яхшилиги, бизга берган энг асосий тарбияси ўзи китобларни яхши кўргани ҳолда бизда ҳам китобга муҳаббатни уйғота олгани эди. Энг муҳими ўша пайтларда ҳамма жойда, мактабда, қишлоғимизда, туманимиз марказида биз бемалол фойдалана оладиган кутубхоналар бор эди.
Шундан келиб чиқиб айтаманки болаларнинг қаровсиз қолиши ҳамма замонда ҳам бўлган.  Аммо ўша қаровсиз қолаётган болаларни китоб билан дўстлаштириб қўйсак, бу ишимиз уларнинг одоб-ахлоқини телевизорда ёки мажлисларда муҳокама қилгандан кўра яхшироқ натижа берармиди.

Бугунги кундаги муаммоларимиздан бири болаларда китобга меҳр уйғотилмаётгани бўлса, иккинчи ва асосий муаммомиз жойларда кутубхоналарнинг ҳам йўқлигидир. Ҳа, мен «кутубхоналар етишмаслигидир» демасдан «кутубхоналар йўқлигидир» деяпман. Бизда бир пайтлар биз бемалол фойдаланган кутубхоналар энди йўқ. Охирги 27 йилда бор кутубхоналар ҳам ёпилиб, улардаги китоблар йўқ бўлиб кетгани ҳолда аҳоли сони қарийб бир баравар ошганини инобатга олсак, ўзимиз ҳам, ёшларимиз ҳам китобдан қанчалик узоқлашиб кетганимиз аён бўлади.
Балки муболаға қилаётгандирман, аммо жамиятдаги ёшлар билан боғлиқ муаммоларимиз маълум миқдорда ўша кутубхоналаримизнинг йўқлиги туфайли келиб чиқмоқда.

Ёшлар китоб ўқимай қўйдими?

Катта ёшдагилар яхши эслашади, собиқ иттифоқ даврида аҳоли китобхон эди. Шунга яраша ҳар бир мактаб, қишлоқ, туман маркази ўз кутубхонасига эга эди. Афсуски, мустақилликка эришилгандан кейин ўша кутубхоналардаги китобларнинг аксарияти «бизга ёт бўлган китоблар» сифатида баҳоланиб, йўқ қилиб юборилди. Ҳатто кераклилари ҳам сақлаб қолинмади. Қишлоқлардаги кутубхоналар ҳам ёпилиб кетди. Туман марказларидаги аксарият кутубхоналар ҳам аянчли аҳволга тушди. Бугунги кунда уларнинг кўпи фаолият кўрсатмаяпти. Ишлаётганларида ҳам айтарли ва арзирли китоблар йўқ. Алифбомиз ўзгариб китоб ва кутубхоналар билан боғлиқ муаммоларимиз янада катталашди. Сабаби, ҳануз ёшлар учун лотин алифбосидаги китоблар кам чоп этилаяпти. Шундай шароитда ёшлар қандай ва қанақасига китоб ўқисин? Китобни қаердан олсин? Бунинг устига эл-юртдаги аксарият одамлар уйида ўзи ва болалари учун кутубхона қилиб қўйишдан кўра чойхонада улфатчилик қилишни, тўй-маъракаларни яхши кўрса, ёш авлод қаердан китоб ўқисин?
Китоб дўконларига кирганингизда у ерга келадиган мактаб ва коллеж ўқувчиларини бирон марта диққат билан кузатганмисиз? Мен кўп кузатганман. Ёшлар китоб дўконига кирганда турли китобларни кўриб кўзлари қувнайди. Олиб варақлаб кўрадилар, охирида эса муқованинг тепасига ёки орқасига ёзиб қўйилган нархни кўриб бироз олдин чақнаб турган кўзлари маъюсланиб, китобни секин ўрнига қўйиб қўядилар ва дўкондан чиқиб кетадилар. Бизда олдингидай ҳар қадамда кутубхона бўлса ёшлар бемалол фойдаланарди. Аммо ҳозирча бунинг иложи йўқ.
«Бола китобни яхши кўрса ота-онаси «тушлик қиласан» деб берган пулларини йиғиб ҳам китоб олади» деб айтишингиз мумкин. Хўш, шундай йўл билан у нечта китоб ололади? Ундан кўра кутубхонадан олиб ўқигани яхши эмасми? Қолаверса, тушликка пул бера оладиган ота-оналар бор, бера олмайдиганлари бор.

Нима қилмоқ керак?

Ёшларнинг китобни яхши кўришини, китобдан унчалик узоқлашиб кетмаганини Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи ва халқ орасида Дима Қаюм номи билан машҳур бўлган Дилшод Болтабоев ташкил этган «Халқ кутубхонаси»га келаётган ёшларнинг сонидан ҳам билса бўлади.
Шунингдек ҳар доим китоб дўкони олдидан ўтиб қолсам албатта дўконга кираман ва кузатаман, ёшлар билан гавжум бўлади. Ёшларимизда китобга қизиқиш кучли. Аммо ҳамма китобсевар ёшларнинг ҳам китоб сотиб олишга имконияти бўлмаслиги мумкин. Шундай экан, энг мақбул иш жойларда кутубхоналар ташкил этишдир.
Биз ёшларимизнинг китобхон бўлиб, маънан етук инсонлар бўлиб етишишларини хоҳлар эканмиз, дўстимиз Дима Қаюмнинг «Халқ кутубхонаси»га ўхшаш кутубхоналар ҳар бир маҳаллада бўлишини таъминлашимиз керак. Халқ кутубхонаси очаман деган кўнгиллилар чиқса одамларнинг уйида бўлса ҳам очиш керак ва ўз уйида кутубхона очган инсонларга солиқлардан имтиёз берилиши ёки кутубхона очгани учун меҳнат стажи ёзилиши керак.
Шунингдек ҳукуматимиз ёшлар ўртасида бўлар-бўлмас тадбирлар ўтказаётган турли ташкилотларга ажратаётган маблағнинг бир қисмини жойларда кутубхона қуришга йўналтирса ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сиз бунга нима дейсиз?

Комментариев нет:

Отправить комментарий