Мени бир дўстим бор. У билан учрашганимизда суҳбатимиз доим баҳс билан бошланади, баҳс билан тугайди. Мени фикримча 2016 йил сентябр ойидан кейин мамлакатимизда кўп яхши ўзгаришлар бўлаяпти, бундан кейин ҳам яхши ўзгаришлар бўлишда давом этади инша Аллоҳ. Уни фикрича эса арзимаган ўзгаришларни айтмаса аҳвол олдингидан баттар бўлаяпти. Юрт раҳбарини буйруқ ва фармонларини жойларда бажаришмаяпти. Ҳокимлар ҳам, бошқа амалдорлар ҳам ўз билганидан қолмаяпти. У шу гапларни гапираётганида мен "хўш, ҳокимлар, амалдорлар президентни буйруқ ва фармонларини олдин қойиллатиб бажарармиди?" деб савол бериб уни гапини бўлиб қўйишдан ўзимни тийиб тура олмайман.
Навбат менга келганда ўша машҳур "сентябрь"дан кейин бўлган ижобий ишларни санай бошлайман. Аммо рақибимга бу таъсир қилмайди. Мен давом этаман; "Агар билсангиз, яхши ўзгаришларни энг каттаси жамиятда қандай ўринда туришидан қаттий назар у одамлардаги қўрқувни бироз кўтарилгани бўлди. Эсланг, "энг авжига чиққан" 2013-16 йилларни, одамларни кўчада гапирган гапи учун ҳам айблашди. Ҳатто аҳвол шу даражага етдики сиз бир даврага бордингиз. У ердагиларни бир иккитасини яхши танимаяпсиз. Аммо у ҳам миллатдошингиз, шевасидан танияпсиз ўзингиз билан бир жойдан. Ана шу даврада оддий танқидни ҳам ёки бир иш юзасидан ижобий таклифингизни ҳам билдира олмас эдингиз. Эртаси куни тегишли жойга олиб бориб "нима, сен Президентимизни олиб бораётган сиёсатларига қаршимисан?" деб сўроққа тутишларини хоҳламаслик учун ҳам гапира олмас эдингиз. Танқид-ку майли, ҳеч кимга ёқмас, аммо бир иш юзасидан таклифингизни айтишга қўрқар эдингиз. Бугунги кунда эса ана шу қўрқув анча чекинди. Тўғри, бугун ҳам танқид қилиш жуда осон эмасдир. Аммо оз бўлса-да танқид бўлаяпти. Кўча-куйда фикрларингизни билдириш эса осон бўлиб қолди".
Иккаламиз бир-биримизни гапимизни зўрға эшитар эканмиз биримиз гапираётганимизда, ўз "фактлар"имизни келтираётган вақтимизда иккинчимиз гапни ўртасидан бўлиб савол ташлаб "рақиб"имизни довдиратиб қўйишни ҳам қойиллатамиз.
Дўстим шундай муҳитда катта бўлганки у ҳеч қачон мамлакатимиздаги кўплаб инсонлар дуч келган муаммоларга учрамаган.
У журналист бўлмаган. Жамиятдаги муаммоларни, ҳукумат томонидан йўл қўйилган камчиликларни ёзмаган ва бу иши учун "акалар"нинг назарига тушмаган. Маҳкамада жавоб бермаган.
У диндор ҳам бўлмаган. (Диндор деганда диннинг арконларига тўлиқ амал қилишни назарда тутмаяпман, балки оддий намоз ўқиб юрган одамни назарда тутаяпман. Энди узун кўйлак кийиб, соқолни ўстириб юришни мутлақо имкони бўлмагани бу бошқа мавзу). Қандайдир иккита вилоят ўртасидаги назорат постидан ўтаётганида бир формали ёки формасиз мулозим унинг паспортини текшираётиб "намоз ўқийсизми?" деб берган саволига "алҳамдулиллаҳ ўқийман" деб берган жавоби ортидан кетаётган машинасидан тушириб қолдирилиб маҳкамага олиб бориб сўроқ қилинмаган. Ўша сўроқда бир амаллаб "мен президентимизни ҳар бир олиб бораётган олийжаноб ишларини ёқлайман, улар халқга жуда меҳрибон" деб ҳийла ишлатиб чиқиб кетмаган. Рўмолни томоғининг тагидан ўраб юрган хотини бир дардга чалинганда уни пойтахтга даволатиш учун олиб бораётганида йўлдаги назорат постида тўхтатилиб, кейин хотини иккаласини вилоят марказига олиб бориб, куни билан уларни ўша ердаги маҳкамада сақлаб, текшириб, ўзи хақидаги маълумотлар "ҳаммаёқ тоза" чиққанига қарамай "хотининг ибодат либосида юрибди" деб касал аёлни куни билан сарсон қилганлари етмагандай унга отни калласидай жарима солиб юборишмаган.
Йўлда кетаётганида ЙПХ ходимлари тўхтатиб, унинг ҳужжатларини текшириш ўрнига телефонини текшириб ичида Хайрулла Хамидовнинг биргина "хижобли аёл" шеърининг ролигини кўриб, ўша телефонни текшириш учун олиб қўйиб, кейин эса "ичида таъқиқланган диний манба бор экан" деб телефонни мусодара қилиб, камига яна энг кам иш ҳаққининг 40-50 баравари миқдорида жаримага солинмаган.
Кўча-кўйда, мамлакатимизда коррупция урчигани оқибатида ҳатто аксар маҳалла раисларигача ҳаромхўр бўлиб кетиб маҳалладаги кам таъминланган оилалар, фарзанд туққан оналар олиши керак бўлган пулларни турли йўллар билан ўзлаштириб ейишаётганини гапириб, буни оқибатида махкамада сўроққа чақирилиб "сиз давлатимиз сиёсатига қаршимисиз?" деб сўроққа тутилмаган.
Одамлар турли усуллар ёрдамида қўрқувда ушлаб турилганини билмаган.
Ишида ишлаб, дўстлари билан ҳар кун маишатини қилиб юраверган.
Ана шу учун хам у 2016 йилдан буёғига катта ўзгаришлар бўлаётганини, энди одамлар эътиқоди учун, кўчада гапирган гапи учун, аёллар бошидаги рўмоли учун таъқиб қилинмаётганини, аксинча энди бутун мамлакат бўйлаб Қуръон, ҳадис мусобақалари ўтказилаётганини, аёлларнинг рўмолига ҳеч ким осилмаётганини(бу масалада ҳали қилинадиган ишлар бор, аммо улар бошқа мавзу), мамлакатдаги ёпиқ турган кўплаб масжидлар бугун очилиб у ерда одамлар ибодат қилаётганларини, энди одамлар қўрқувда, хавотирда яшамаётганини, булар эса кам ўзгариш эмаслигини балки тушунмаётгандир.
Ана шундай баҳслардан бирида у "ҳозир, ўша 2016 йилдан олдинги даврни қоралаётганларнинг аксарияти ўша даврда ҳам ишлашган-ку. Ўша даврда одамларга қилинган ноҳақликларда иштирок этишган-ку" деб қолди. Шунда мен унга Собиқ Иттифоқни Сталиндан кейин бошқарган Никита Хрушевни эслатдим. Никита Хрушев 1956 йилда, КПССнинг 20-съездида Сталинни "у қонхўр ва золим эди" деб таърифлаган машҳур нутқини гапиради. Ўша нутқида у Сталин даврини қоралайди ва Сталин ва унинг тузуми томонидан халққа қилинган жиноятларни эътироф этади. Ўша пайтда Сталин вафот этганига унча кўп бўлмаган, халқнинг аксар қисми ҳали ҳам уни "ота" деб билар, унинг зулмини кўрмаган инсонлар уни шунчаки ёмонламас, унинг зулми остида эзилган инсонлар эса уни ёмонлаб гапиришга қўрқар эдилар. У вафот этган куни аза очиб йиғлаган халқ ҳали ҳам уни номини ҳурмат билан тилга олар, шоп мўйловли суратини эса уйининг тўрига илиб қўйган эди. Ана шу пайтда томдан тараша тушгандай Никита Хрушев уни "қонхўр жаллод" деб ўтирибди.
Албатта, шундоқ ҳам қўрқув салтанатидан чиқиб келган халқ янги раҳбарга нима деса ҳам лом-лим дея олмас, Сталин даврида "даврини сурган" айримлар ич-ичларидан унинг Сталин ҳақидаги рози бўлмас эдилар. Аммо...
Аммо, Сталиннинг жазо машиналари орасида суяклари синдирилган миллионлаб инсонлар Хрушевнинг ўша нутқини ҳайрат ила, зўр мамнуният билан кутиб олдилар.
Никита Хурушевнинг ўша нутқидан кейин мамлакатдаги қўрқув исканжаси чекинди. Одамлар бироз енгил нафас ола бошладилар. Кечалари билан ухламай "мени ҳозир олиб кетгани келиб қолишади" деб жон ҳовучлаб эрталабгача ухламай ўтириб чиққан инсонлар энди хотиржам ухлай бошладилар. Мамлакатдаги кўплаб соҳа одамлари бироз эркинликни ҳис қила бошладилар. Дўстимни мантиғига кўра Никита Хрушев ҳам урушдан кейин то ўлгунича Сталинни ёнида юрган, унинг қатағон машинасининг мурватларини кимларгадир қўшилиб бураган ва қатағонларда у ҳам қатнашган эди. Аммо, ўшанда у ўша зулмларда мажбурликдан қатнашган ва буни ич-ичидан истамаган экан. Акс ҳолда у ўша машҳур нутқини гапирмас ва Сталинни "қонхўр ва жаллод эди" демас эди. Ўшанда Хрушев Сталин тиклаган ёвузлик салтанатида ҳеч нарсани ўзгартирмай ҳукмронлик қилавериши ва ҳаммасини қўлига олиб ҳукмини суриб яшайверса ҳам бўларди. Аммо у буни хоҳламади ва мамлакат ҳаётини, одамлар онгини ўзгартириб юборган машҳур нутқини гапирди ва мамлакат ҳаётини ҳам, одамлар онгини ҳам ўзгаришига сабаб бўлди.
Албатта, Хрушев ҳам бошқалар қатори хатолардан холи бўлмаган. Аммо унинг энг катта хизмати бу ўша даврда Сталин қатағонлари туфайли одамлар онгида ўрнашиб қолган қўрқув ҳиссини йўқота олгани эди.
Унинг ўша нутқидан кейин Сталин шахсига сиғиниб юрганларнинг айримлари ундан хафа бўлишди. Аммо ундан хафа бўлганлардан кўра, тарихий адолатни қарор топтиргани учун ундан миннатдор бўлган мазлумларларнинг сони кўп эди.
Ўшанда Хрушевни ёнида турган инсонлардан бири "нега шу гапларингни Сталин тириклигида айта олмагансан" деб сўраганида у "агар шу гапни ўша пайтларда Сталинга эмас, кўчадаги оддий нотаниш бир инсонга айтганимда ҳам ҳозир сен мени қабримга гул қўйиб келиб юрган бўлар эдинг" деб жавоб берган экан.
Гап Хрушевдан кетар экан ёзувчи Тоҳир Малик домла ўзининг "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи" автобиографик китобида Хрушев билан боғлиқ бир ишни эслайди. Домла ўтган асрнинг 80-йилларидп Москвада бўлганида қабристонлардан бирига қайсидир адибни қабрини зиёрат қилгани боради. У ерда ўша адиб билан Хрушевнинг қабри ёнма-ён жойлашган экан. Қараса қабрда кўплаб янги узилган гуллар қўйилган эмиш. Бунга қабристон назоратчиси "кўмилганидан бери унинг қабрига турли одамлар доим гул қўйиб кетадилар. Бу иш бирон кун канда бўлгани йўқ" деб айтиб беради. Бу воқеага изоҳ берар экан, Т. Малик домла Хрушевнинг фаолияти ҳам хатолардан холи бўлмаган бўлса-да у Сталиндан қолган ёзувлик салтанатини парчалаб ташлаганини ва бу ўз даврида катта қаҳрамонлик бўлганини ёзади ва унинг ўша ишидан миннатдор бўлган кишилар ҳанузгача унинг қабрига гул қўйиб кетаётган бўлишлари мумкинлигини эътироф этади.
Ён атрофини ўша, ёвузлик салтанатининг гумашталари ўраб турганига ва унинг бошлаган ислоҳотларига қарши бўлганлар кўп бўлганига қарамай Хрушев катта юрак билан, жасорат билан Сталиндан мерос қолган ёвузлик салтанатини йиқита олди.
Ўшандан кейин ёвузлик салтанатининг жазо машиналарига тушиб мажақланиб ўлиб кетган, яримта бўлиб қолган миллионлаб инсонларнинг ишлари қайтадан кўриб чиқилди ва улар батамом оқланди.
2016 йил, сентябрь ойидан кейин бизда бўлаётган ишларни Хрушев ислоҳотларига қандай боғлиқлик жойи борлигини билмайман. Аммо шуни биламанки бизда ҳам тепамиздаги шахс бир пайтлар ўзи ҳам 2016 сентябргача бўлган қўрқув тузумида ишлаган бўлса ҳам ўша тузумнинг қилган ишларига ич-ичидан асло рози бўлмаганини билдираяпти. Шу учун ҳам бугунги кунда ҳамма соҳада ислоҳотлар бошлаб, ҳаммасини ўнглашга уринаяпти. У 2016 йил сентяр ойидан кейин ҳам ўша эски тузумни йўлидан кетаверса ва ҳеч нарсани ўзгартиришга уринмай "Ўзбекистон келажаги буюк давлат" деб шиорларни ёздириб, камига ўша шиор ёнида портретини илдириб мазза қилиб юраверса ҳам ҳеч ким унга индай олмас эди. Аммо у бошқа йўлдан кетди. Ўтган йигирма олти йил тушунарсиз ва хато тизимда яшаганимизни, одамлар қўрқувда ушланганини, қилган хатоларимизни тан олаяпти ва ҳаммасини ўзгартириш учун вақт сўраяпти, бирдамлик сўраяпти. Мен унга ишонаяпман. Худо хоҳласа ҳали яхши кунларимиз олдинда.
Комментариев нет:
Отправить комментарий