Икки кун аввал Хитойда бўлиб ўтган 23-ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионатида терма жамоамиз ғалаба қозонди ва ҳаммамизни хурсанд қилди. Кеча эса ярим тун ва совуқ ҳаво бўлишига қарамасдан аэропортда ва пойтахтимиз кўчаларида бу терма жамоамизни ўн минглаб юртдошларимиз муносиб кутиб олиш учун кўчага чиқдилар. Улар орасида бош вазиримизнинг бўлгани ҳам таҳсинга сазовор. Яна менга энг маъқул бўлган жиҳати мухлислар озгина тартибсиз ҳолда бўлган бўлсалар-да ошиқча вақт йўқотмай футболчиларимизни ярим кечада бўлса ҳам тақдирлаш маросимини ўтказишгани бўлди. Тўғри-да, катта ғалабага ҳисса қўшган футболчилар ўз уйларига, ота-оналарининг олдига Президентимиз совға қилган янги "Малибу" автомашиналарида кириб бориб уларнинг кўзларини қувонтиришларига нима етсин.
Шу ўринда мени бошқа нарса ўйлантираяпти. Биз шу пайтгача спортнинг қайси тури бўлса-да қитъа ёки жаҳон даражасида ғалаба қозониб ғолиб бўлган спортчиларимизни назаримда хаддан ортиқ кўтар-кўтар қилиб кўп сарсон қилиб юборганмиз. Йўқ, мен бу ерда улар рағбатлантирилиб машиналар, квартиралар ёки бошқа совғалар олганларини назарда тутмаяпман. Улар катта ғалабаларга осонлик билан эришишмаган, уларга ким қандай совға беришни хоҳласа бераверсин, улар шунга лойиқдирлар, мен уларни тинмасдан турли тадбирларга чақиришларини назарда тутаяпман. Исталган спортчи ёки спортчилар катта ғалабага эришиб қайтганларидан кейин бизда турли керак, нокерак тадбирлар бошланиб кетади. Ҳали мактабга, ҳали коллежга, хали ОЎЮга, хали радиога, ҳали телевиденияга ва ҳоказо ва ҳоказо бошқа жойларга чақираверишади, олиб бораверишади ва охир-оқибат ўша спортчиларда камида беш-олти ой спорт билан шуғулланиб ўз формасини сақлаб туриш учун вақт ҳам қолмайди.
Бу масалада ҳатто кўча-кўйда; "Қачон телевизорни қулоғини бурасанг чемпион бўлиб келган фалон спортчи ёки спортчилар. Бу каналга олсанг кулинария хақидаги кўрсатувда овқат пишираётган бўлади, яна битта каналга олсанг қўшиқ айтаётган бўлади, яна битта каналда эса билимдонлар билан қўшилиб саволларга жавоб топаётган бўлади. Булар спорт билан қачон шуғулланади?" деган ҳажвия ҳам юради. Бу гаплар ҳажвия тарзида айтилган бўлсада лекин айни ҳақиқатдир.
Узоққа бормайлик, олимпиада чемпионлари бўлиб келган боксчиларимизни эслайлик. Бокс жамоавий спорт тури бўлмагани туфайли ўшанда чемпион бўлиб келган боксчиларимиз ҳаммаёқда талаш бўлиб кетдилар; ҳали униси билан уёқда тадбир, буниси билан буёқда тадбир дегандай. Боксчиларимиз ўшанда турли телеканалларимиздаги турли муҳаррирлар томонидан бўлган таклифларга йўқ дея олмай телевизорга чиқиб овқат ҳам пиширдилар, рақсга ҳам тушиб бердилар, ҳатто овга чиқиб балиқ ҳам тутиб бердилар. Ана шундай тадбир-у, кўрсатувларда улар қимматли вақтларини ва спорт формаларини қанчалик йўқотишларини ва бундай йўқотишлар спортчиларга кейинги мусобақаларда салбий таъсир қилиши мумкинлигини спортга алоқаси бўлмаган кулинария кўрсатувининг режиссёридай оддий одамлар қайердан билсинлар. Тўғри-да, телевидениядаги бир кўрсатувнинг муҳаррири олимпиада чемпионини таклиф этиб кўрсатувининг рейтингини оширса бўлди, қолгани билан уни нима иши бор. Шундай экан, ўша беҳуда тадбирлар ва ишларни чемпион бўлган футболчиларимиз билан такрорлашмайди деб умид қиламиз.
Майли, чемпионларимизни ўқув масканларига бориб ўқувчилар билан учрашув ўтказишларига қарши эмасман, бу иш ёш авлодни спортга қизиқтиради, уларнинг ватанпарвар бўлиб ўсишларига сабаб бўлади. Аммо шуни ҳам меъёрида қилиш керак. Энди чемпион спортчиларни турли хил бўлган, бўлмаган тадбирларга, телекўрсатувлар-у, радио эшиттиришларга чақиравериб уларни ўзларини машғулотларидан, спорт билан вақтида шуғулланишларидан тўсиб қўймаслигимиз керак. Шу жумладан кеча Осиё чемпиони бўлиб келган йигитларни ҳам. Аксинча уларга ўз устларида яна қаттиқроқ ишлашларига шароит қилиб бериш керак. Ана шунда бу фуболчиларимиз ҳам олдинги қандайдир мусобақада яхши қатнашиб келган футболчиларимизга ўхшаб йўқолиб қолмай янада узоқроққа борадилар ва келажакда Ватанимиз байроғини янада юксакроққа кўтарадилар деб ўйлайман.
Мен юқорида кеча чемпион бўлиб келган футболчиларимизни назарда тутиб ёздим, аммо шу гаплар исталган спорт туридан чемпион бўлиб келган спортчиларга бирдай тааллуқлидир. Шундай экан уларни турли тадбирларга судрайдиган кишилар шу ҳақда ҳам яхшилаб ўйлаб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўларди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий