Бундан бир неча ой олдин дунёдаги, шу жумладан мамлакатимиздаги барча янгилик сайтлари "АҚШнинг 2019 йилдан бошлаб БМТнинг фан ва маданият бўлими бўлмиш ЮНЕСКОдан аъзоликдан чиқиб бу ташкилот сафида кузатувчи мақомида қолиши ҳақидаги қарори"нинг хабарини беришди. АҚШнинг нега бу қарорга келганини воқеалар ривожидан бироз хабардор бўлган айрим кишилар биладилар холос. Кўпчилик эса БМТдай ташкилотни "бир қўлида ўйнатиб турган" АҚШнинг нега бундай қарорга келганини тушунмай ҳам қолдилар. Шу туфайли ўқувчиларга АҚШ ва ЮНЕСКО ўртасида нега тушунмовчилик келиб чиққанини шарҳлаб берсак.
Воқеалар 2011 йилнинг 31 октябр куни ЮНЕСКО Фаластин давлатини ўз сафига тўлақонли аъзо қилиб қабул қилган кундан бошланди. Албатта бу иш шунчаки рўй бермади. Ўша санагача ЮНЕСКОда кузатувчи мақомида бўлиб келаётган Фаластинни ташкилот сафига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш очиқ овоз бериш йўли орқали ҳал қилинди ва бу ташкилот сафидаги мутлақ кўпчилик Фаластинни ЮНЕСКО сафига қабул қилиниши учун овоз берди. Улар орасида Россия, Хитой, Франция каби давлатлар ҳам бор эдилар. Умумий рози бўлган давлатлар сони 107. Қарши овоз берган оз сонли давлатлар эса АҚШ ва у билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётган Канада, Исроил каби давлатлар эдилар. Умумий қарши бўлган давлатлар сони эса 14. Қолган давлатлар эса бетараф қолишган
Маълумот учун; ЮНЕСКО ташкилоти БМТнинг бош идорасидан фарқли ўлароқ беш давлатнинг қўлидан қолиб кетмаган.Бош идорада, яъни БМТда бор йўғи бешта доимий аъзо давлат бор. Булар АҚШ, Франция, Англия, Россия ва Хитой. Ташкилот ташкил топганидан бошлаб ҳозирги кунгача Ер юзидаги турли ишлар шу беш давлатнинг хоҳишларига кўра ҳал қилинган. ЮНЕСКОда эса ҳар қандай қарор умумий аъзо бўлган бўлган давлатлар муҳокамасига ташланади ва ҳал қилувчи қарорлар ошкора овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Шу ўринда ўқувчиларда "Хўш, Фаластин ЮНЕСКОга тўлақонли аъзо қилиб олинса бундан АҚШ манфатларига қандай зарар етади?" деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ҳамма гап шунда-ки ЮНЕСКО ташкилоти Исроил давлатини Фаластин давлатининг бир қисмини босиб олган оккупацион давлат деб ҳисоблайди ва ҳозирги кунда Исроил назоратида бўлган Қуддус шаҳрини бир қисмини Фаластин ҳудуди деб билади. АҚШга ЮНЕСКОнинг мана шу позицияси ёқмайди ва ўзининг Яқин Шарқдаги энг асосий ва энг яқин иттифоқчиси бўлмиш Исроилнинг тарафини олиб у ЮНЕСКО билан келишмовчиликка бораяпти.
2011 йилнинг 31 октябр куни ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига қўшганини эълон қилиши ортидан АҚШ бундан буён бу ташкилотни молиялаштиришдан воз кечажагини эълон қилди. АҚШнинг ортидан Исроиль томони ҳам шундай баёнот берди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам бу ишлари ортидан ЮНЕСКОда молиявий қийинчилик юз беришини ва бу хавфдан қўрқиб бу ташкилот ўзларига ён беришини кутган эдилар. Чунки ЮНЕСКО ташкилотининг йиллик бюджети 20% ини АҚШ берар эди ва бу 80 миллион долларни ташкил этган. Аммо ЮНЕСКО ён беришни истамади ва АҚШ ва Исроил томонларига агар аъзолик бадалини тўламасалар уларни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишини эълон қилди.
Воқеалар шу зайлда ривожланди-ки АҚШ ўша 2011 йилдан бери ҳанузгача ЮНЕСКОга аъзолик бадалини тўламайди ва бу йиғилиб бугунги кунда 500 миллион доллардан ошиқроқ маблағни ташкил қилмоқда. ЮНЕСКО эса ўз сўзида туриб ён бермади ва АҚШни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Келишмовчилик шу даражага етди-ки ЮНЕСКОнинг ўзига ён беришидан батамом умид узган АҚШ охири бу ташкилотдан чиқиши ҳақида қарор қабул қилди. ЮНЕСКО ҳам ўз позициясида ўзини ҳақ деб билади ва ортга чекинмоқчи эмас.
Кўпгина сиёсатчиларнинг, экспертларнинг фикрига кўра АҚШ БМТ ва унинг фан ва маданият бўлими бўлган ЮНЕСКОда бўлаётган ишларга икки хил стандарт билан ёндошмоқда. Яъни бош идорада, яъни БМТда ўзининг яна тўртта шериги Франция, Англия, Россия ва Хитой билан биргаликда доимий аъзо бўлиб олиб анча йиллардан бери бошқаларнинг БМТни тубдан ислоҳ қилиш, доимий аъзоларнинг сонини ошириш ҳақидаги талаб ва таклифларини эътиборсиз қолдириб келаяпти. Гап сиёсатдан холи бўлган ЮНЕСКО ташкилоти ҳақида кетганда эса АҚШнинг ўзи бу ташкилотни "тубдан ислоҳ қилиш керак" деб даъво қилмоқда. АҚШнинг бундай даъво қилишига сабаб эса ЮНЕСКО ташкилоти шунчаки АҚШнинг "йўриғи"га юрмаяпти.
АҚШнинг икки хил стандарт қўллаётганига яна бир мисол шу-ки бу давлат ўзи билан алоқаси унча яхши бўлмаган давлатларнинг юрғизаётган ички ва ташқи сиёсатларидан хато топиб оқибатда дарров БМТнинг санкцияларини қўллаш билан таҳдид қилади. Лекин гап яқин иттифоқчиси ҳисобланадиган Исроилга ўхшаган давлатлар манфати ҳақида кетганда эса авваламбор ўзи БМТнинг резолюцияларини оёқости қилади. Масалан, у Фаластин-Исроил можаросида ана шундай йўл тутмоқда ва Исроилнинг Фаластин ерларини босиб олганига 70 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида кўз юмиб келмоқда. Ҳатто Фаластинни ўз сафига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қўшиб олган ЮНЕСКОнинг бу ишини "кечира олмаяпти".
Умумий хулоса шу-ки агар ислоҳот қилиш керак бўлса авваламбор БМТнинг ўзини тубдан ислоҳот қилиш керак. Ер шарининг тақдирини бешта давлат ўзаро ҳал қилмасдан доимий аъзолар сонини ошириш керак. Сиёсатдан холи бўлган ЮНЕСКО ташкилоти эса ҳозирча ўз ишини билиб қилаяпти.
Р.С. Яқинда АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Исроиль пойтахти Тель-авив шаҳридан Фаластинга тегишли ва Исроиль томонидан босиб олинган Қуддус шаҳрига кўчириш ҳақидаги фармонни имзолади. Унинг бу ишига Ислом олами билан биргаликда жаҳоннинг кўплаб давлатлари ва дунёга машҳур сиёсатчилар қарши чиқишди. Бу мавзуда кейинги мақолада батафсил сўз юритамиз.
Комментариев нет:
Отправить комментарий