Аччиқ бўлса-да ҳақиқат шу-ки истиқлолга эришган йилларимиздан бошлаб бугунги кунгача бизда оддий халқ билан бошқарув системамиз, ҳокимият, ички ишлар, прокуратура, суд тизимлари ва хоказолар орасида ўзаро ишончсизлик юзага келди. Яъни халқнинг ҳеч нарсага ишончи қолмади. Ҳатто биз "давлат матбуоти" деб атайдиган турли давлат ташкилотларига тегишли газета ва журналларга ҳам ишонч қолмади. Чунки уларда танқидий мақолалардан кўра ура-ура мақтовларга тўла буюртма мақолалар кўп берилди.
Ана шу сабаблар туфайли ҳам охирги йилларда адолатсизлик жабрини тортган юртдошларимиз томонидан "Ўзбекистон келажаги буюк давлат" шиоримиз киноя ва пичинг билан эсланадиган бўлиб қолганди.
Мен нега бу аҳволга тушиб қолганимизни, нега миллий мафкурамизни одамларимиз орасида минг тарғиб қилмайлик муваффақият қозона олмаганини кўп ўйлаганман ва буни сабабини ўзимча топгандайман. Биз юртдошларимизни "буюк келажагимизга" ишонтира олмаганимизни асосий сабаби бу бошқарув органларимизда гап бошқа, иш бошқа бўлганлигида деб биламан.
Масалан; қандайдир бир масъул шахсга телевидениядан бир бирон мухбир келиб микрафон тутса гапни баланпарвоз гаплар билан роса олиб қочади, аммо шу юртга, шу Ватанга манфат келтириш масаласи кўндаланг бўлганда эса ўша маъсул шахс олдин ўз нафсини ўйлаган ва Ватан манфатини иккинчи ўринга, балки охирги ўринга қўйган. Керак бўлса вазифасини суистеъмол қилган, пора олган, таниш-билишчилик қилган ва ҳоказо. Уларнинг ана шу баландпарвоз гапларини ҳам, ўз манфатлари йўлидаги қинғир ишларини ҳам халқнинг кўз ўнгида қилганларини инобатга олсак, оддий халқ бу ҳолатни кўриб қанақасига икки юзли ва Ватан манфатидан ўз манфатини устун қўювчи ундай одамларга эргашсин? Қанақасига улар томонидан гапирилаётган баланпарвоз ғояларга ишонсин? Қандай эргашсин?
Ўша ғояларни гапираётган шахсларнинг гапи билан иши бир хил бўлсагина уларга халқ эргашади, ишонади. Акс ҳолда улар томонидан олға сурилган "биз энг зўрмиз, биз энг кучлимиз" каби шиорлар ва ғоялар оддий халқ томонидан фақатгина пичинг ва киноя билан эсланаверилади.
Мен 20 йилдан бери қозоқлар билан ишлайман. Ўзим бу давлатнинг турли шаҳарларида бир неча бор бўлганман. Яқин тарихни эсласак СССР пайтида қозоқлар миллат сифатида биздан ҳам хор бўлган миллат эди. Ҳатто ўрис тили уларда расмий мажлислар тилидан хонадонларгача кириб бориб қозоқларнинг катта қисми ўз она тилини унутиб батамом ўрисча гапирадиган аҳволга келиб қолган эди. Шунингдек бу миллат "миллий ғурур", "ўзлик" каби сўзлардан гапира олмай қолган эди.
Мустақилликдан кейин Қозоғистон раҳбарлари ҳам миллий мафкурани яратиш йўлида зўр бердилар ва эсимда ўшанда "Қозоғистон 2030 йилгача Ўрта Осиёнинг барсига айланади" деган шиорни бутун мамлакат бўйлаб илиб ташладилар. Мен Қозоғистонда илк бор 1997 йилда бўлганман. Ўшанда уларнинг турмуш даражаси, уй-жойлари, инфратузилма деганларидай бизники билан бир хил эди Кейин орадан йиллар ўтиб 2012 йилда бу мамлакат бўйлаб қилган саёҳатимда кўп жойларида ва шу жумладан мамлакат пойтахти Астана шаҳрида ҳам бўлдим. Шаҳарни кўриб оғзим ланг очилиб қолди. Ўша пайтларда бизда Тошкентда "Форумлар саройи" қурилган ва кунора бир хушовоз диктор ака бу саройни кўрсатиб уни қандай қурилгани ва қандай қулайликларга эгалигини, унинг "дунёда тенги йўқлигини" мақтаб тўймасди. Астанага бориб эса ўша "Форумлар саройи"миз бу шаҳарда қурилган иморатлар олдида пачоқ бўлиб қолишини билдим. Энг муҳими ўшанда мен Астана ва Қустанай шаҳарларида 15 кун турган бўлсам ҳам телевиденияда бирон марта қозоқларнинг қурган иморатларини мақтаб кўрсатув қўйганини кўрмадим. Бўлмаса Астанада бутун бошли шаҳар янгитдан қурилган ва шаҳарда ҳатто кўплаб 40-50 қаватлик ва ундан баланд бўлган, ажойиб ва такрорланмас архитектуралар билан қурилган турли бинолар кўп эди. Шунингдек Қустанайда ҳам кўплаб янги иморатлар тикланган эди. Кейинчалик Чимкент ва Туркистонда бўлдим ва уларда ҳам шаҳар батамом янгиланганини кўрдим. Гап бу ерда бир пайтлар 150-180 минг одам яшайдиган шаҳарлар ҳақида кетмаяпти. Гап аҳолиси миллион бўлган ва миллионга яқинлашган шаҳарлар ҳақида кетаяпти. Чунки бугунги кунга келиб Астана ва Чимкент шаҳарларида бир миллион атрофида аҳоли яшамоқда. Энди ўша миллионер шаҳарларнинг янгитдан барпо қилиниши учун қанча маблағ ва қанча куч кетганини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.
Астанада бўлганимда бир ҳолат мени ҳайрон қолдирди. Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари йўл четларидан, пиёдалар йўлагидан юриб сигарет қолдиқлари ва шунга ўхшаш нарсаларни битталаб териб юришибди. Ўзи шаҳар кўчалари нихоятда тоза ва оёқ остида қандайдир ахлат буюмлар йўқ ҳисоби. Аммо шундай бўлса-да улар ўз ишларини сидқидилдан бажариб ҳаммаёқни кўздан кечириб юрибдилар. Уларнинг яна бир гуруҳи эса светофорларнинг чангини артиб юрибди. Ўшанда менга тушунтиришларича ҳамма ўзига бириктирилган ишни қилади. Қилганда ҳам сидқидилдан қилади. Бизда кимнидир чорраҳаларда, кўчаларда светофор чангини артиб юрганини ҳеч кўрганмисиз? Мен кўрмаганман.
Бу билан мен "қўшниларимиз ўз маконларини жудаям тоза-озода тутадилар" демоқчи эмасман. Аммо йирик шаҳарларини ниҳоятда тоза-озода тутадилар).
Қисқаси Қозоғистон "Ўрта Осиёнинг барсига айланиши учун 2030 йилни кутиб ўтирмади. 2010 йилга келиб Марказий Осиёнинг барсига айланиб бўлди.
Мени яна ҳайрон қолдирган энг асосий жиҳатлардан бири шу бўлди-ки ўша Қозоғистонга қилган илк ташрифимда ҳам, ундан кейин ҳам одамлар билан, қозоқ ёшлари билан гаплашганимда уларда ёшларни, аҳолини ўзларининг бошқарув органларига нисбатан ишончни кўрдим. Ўшанда ва ундан кейин ҳам қозоқ ёшлари билан гаплашганимда улардан доим бир гапни эшитдим; "Қозоғистон давлати энг зўр давлат, қозоқ миллати энг зўр миллат". Очиғи бу мафкурани қозоқ ёшларининг онгига улар қандай сингдиришди ҳайронман. Билганим, юқорида ҳам ёздим уларда бундай шиорларни ўртага ташловчиларнинг, миллий мафкурани ёйувчиларнинг гаплари ва ишлари икки хил бўлмай бир хил, ҳамоҳанг бўлган. Минбарда нимани гапирсалар ўша ишни амалга оширишга ҳам ҳаракат қилганлар. Ана шу учун ҳам бошқарув органлари ўз шиорларига, ғояларига ўз ёшларини, одамларини ишонтира олганлар ва уларни ўз ортларидан эргаштира олганлар.
Юқоридаги гапларимни ўқиб "ўз юртингни ёмонлаб қозоқларни мақтаяпсанми?" дейдиганлар ҳам чиқади албатта. Уларга жавобим шу-ки биринчидан мен бу ерда юртим хақида гапирмаяпман, балки бошқарув системамиздаги шу пайтгача амалда бўлган муҳим бир камчиликни ёзаяпман. Иккинчидан эса миллий ғоялар ва миллий мафкурани ёшлар онгига сингдиришда қозоқларнинг муваффақиятли ишлаш услубларини ўргансак бу фойдадан холи бўлмасди. Учинчидан эса биздан узоқроқдаги давлатни мисол қилишни хоҳламадим ва бундан бироз олдин биз билан турли жабҳаларда тенг ёки ортда бўлган ва бугунги кунда биздан анча илгарилаб кетган ён қўшнимизни мисол қилдим.
Тўртинчидан эса мени ўз юртимни қанчалик яхши кўришимни, юртимни янада равнақ топишини қанчалик исташимни мени яқиндан таниганлар яхши билишади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам ёшларни, одамларни ўз ортидан эргаштира олишда сўз билан ишнинг бир хил бўлиши муҳим экан. Агар сўз бошқа-ю иш бошқа бўлаверса биз ҳеч кимни ҳеч нарсага ишонтира ҳам олмаймиз, ортимиздан эргаштира ҳам олмаймиз.
Р.С. Гап сўз билан ишнинг бир хил бўлиши ҳақида кетар экан бизда ҳам охирги пайтларда бу йўлда бироз ижобий ишлар бошланганини таъкидлаб айтмоқчиман. Кичик бир мисол; ҳар бир чиқишида халқ манфатлари энг устивор бўлишини таъкидлаётган юрт раҳбари шу йил баҳордан бери қўшни юртларда турли фалокатга учраган юртдошларимизни олиб келиш учун махсус рейс билан самолётлар жўнатгани ёки элчихона ходимларининг жабр кўрганларга ёрдамга шошилишлари каби ишларнинг ўзи-ёқ сўз билан ишнинг бир хилда бўлаётганини англатади. Эсланг, олдинлари халқ манфатлари ҳақида минбарлардан ваъз ўқилар эди-ю мана шунақа ҳолатларда оғир шароитларга тушиб қолган фуқороларимизга ҳеч қандай ёрдам берилмасди. Ё сиз эшитганмисиз жабрланувчиларга ёрдам берилганини ва махсус самолёт жўнатилганини? Ёки элчихона ходимларини ёрдамга ошиққанини? Мен эшитмаганман. Шундай экан бу йўлдаги ишлар ижобий тарафга ўзгараётганини эътироф этаман. Биз ана шу йўлдан оғишмай боришимиз ва халқ билан бошқарув органларидаги маъсуллар ўртасидаги ишончни тиклаб, сўнгра уни мустаҳкамлаб бораверишимиз керак. Зеро ёш авлод тарбиясида бу жудаям муҳимдир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий