08.08.2008 воқеалари. Россия-Грузия можароси.
08.08.2008. Бу сана менинг ёдимда Пекин ёзги олимпиада ўйинларининг очилиш куни ва Россия - Грузия уруши бошланиши куни сифатида қолган.
География ва сиёсатдан бироз хабари бор одам билади-ки Собиқ Иттифоқ даврида Грузия ССР таркибида учта автоном ҳудуд бор эди. Булар Абхазия республикаси, пойтахти Сухуми шаҳри, Аджария республикаси, пойтахти Батуми шаҳри ва Жанубий Осетия автоном округи, пойтахти Цхинвали шаҳри, эди. 1991 йилнинг август ойида СССРни сақлаб қолиш учун Кремлдаги бир қатор юқори лавозимли амалдорлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш бўлди ва унинг мааффақиятсиз тугаши ортидан иттифоқдош республикалар навбати билан ўз мустақилликларини эълон қила бошладилар. Уларнинг орасида Грузия ҳам бор эди. Гарчи ўша пайтдаги СССР президенти Горбачёв ва РСФСР президенти Елцин иттифоқдош республикаларнинг мустақил бўлиб кетишларига рози бўлишган бўлса-да амалда Россия ўз қўл остидаги майда миллатларни йўқотишни асло хоҳламас эди. Шу сабаб туфайли миллий республикалар ўз мустақиллигини эълон қилишлари ортидан аламзада Россиянинг яширин "тарғибот машиналари" ишга тушди ва у турли йўллар билан миллий республикалар таркибида бўлган автоном ҳудудларда яшаётган кичик миллатларни ўзлари таркибида қолаётган давлатларга қарши бош кўтаришга ундади. Ўшанда Россиянинг қўллаб-қувватлаши ортидан Молдавияда асосан русийзабон аҳоли яшайдиган ҳудуд Принестровье, Озарбайжонда кўпроқ этник арманилар яшайдиган Тоғли Қорабоғ, Грузияда эса Жанубий Осетия ва Абхазия марказий бошқарувга қарши чиқиб ўз мустақилликларини эълон қилдилар. Ўртада ўзаро урушлар чиқди. Уришаётган тарафларнинг ҳар икки тарафидан ҳам кўплаб қурбонлар берилди. Вайронагарчиликлар бўлди. Шунча қурбонлар ва вайронагарчиликларга қарамай на Молдавия, на Озарбайжон ва на Грузия бош кўтариб мустақиллик даъво қилган ўз ҳудудларни назоратларига қайтара олмадилар. Бунинг сабаби бош кўтарган ҳудудларга қурол-яроқ ва озиқ-овқат тарафидан асосан Россия ёрдам берди ва ўртада тинчликни сақлаш баҳонасида ўша можаро келиб чиққан ҳудудларга ўзининг ҳарбий бўлинмаларини жойлаштирди. Бундай шароитда энди марказга бўйсинишни хоҳламаётган ҳудудларни қайтаришнинг сира иложи йўқ эди. Чунки энди уларни "тинчликни сақлаш" баҳонасида Россия армияси ҳимоя қиларди. Шундан кейин Абхазия, Жанубий Осетия, Тоғли Қорабоғ ва Принестровье амалда уларнинг мустақиллигини ҳеч ким тан олмаган бўлса-да "мустақил бошқарувга эга ҳудудлар"га айландилар ва уларнинг ҳудудида Россия армияси ўрнашиб қолаверди.
Орадан йиллар ўтаверди ва Россия ўзининг ғаразли ишларини баҳсли бу ҳудудларда бошқача тарзда давом эттираверди. Яъни ўтган йиллар давомида юқоридаги баҳсли тарзда мустақил бўлган ҳудудлар аҳолисига зўр бериб Россия паспортлари тарқатила бошланди. Энди ўша ҳудудлар аҳолиси ўз навбатида Россия фуқороси ҳисобланадиган бўлди.
Орадан бироз ўтиб 2003 йилда Аджария республикасида ҳам Грузиядан ажралиб мустақил бўлиш харакатлари бошланди. Аммо Грузия бу сафар хатога йўл қўймади ва бош кўтарган аджарларнинг ҳаракатларини қурол кучи билан бостирди. Ўшанда Аджарияга Россия "ўз вақтида ёрдам кўрсатишга улгура олмай қолди". Шундан кейин мустақиллик учун курашда аджарларга бош бўлган Аджария республикасининг президенти Аслан Абашидзе Москвага қараб қочиб қолди. Қочишга улгура олмаганларни эса Грузия махсус кучлари қамоққа олдилар ва шу билан аджарларнинг мустақиллик учун бўлган курашлари шу билан якун топди.
08.08.2008да Грузия ўзига бўйсунмай юрган "ўгай ўғли" бўлмиш Жанубий Осетияни ўзига қайта бўйсундириш мақсадида Цхинвалига қараб қўшин тортди. Ўртада уруш бошланди. Кучлар тенг бўлмагани туфайли Грузия қўшинлари саноқли соатларда Цхинвалига етиб боришди ва уни босиб олишди. Ана шу пайтда катта саҳнага Россия чиқди ва "ўз фуқороларини ҳимоя қилиш мақсадида" Грузияга қарши уруш эълон қилди. Россия армияси саноқли соатларда Жанубий Осетиядан Грузия армиясини сиқиб чиқариб кейин Грузиянинг ўзига бостириб кирди ва пойтахт Тбилиси шаҳри томон ҳужум бошлади. Ана шундай ҳолатда Грузиянинг мустақиллиги учун катта хавф туғилди ва грузинлар ўз пойтахтларини Россия армияси босиб олмаслиги учун Россия билан сулҳ тузишга мажбур бўлдилар ва ўша пайтгача яна таркибларига қўшиб олиш умидида юрган иккита баҳсли ҳудудлари, Жанубий Осетия ва Абхазияни батамом қўлдан чиқардилар.
"Ўз ватандошларини ҳимоя қилиш" мақсадида олиб борилган бу урушда ғалаба қозонган Россия уруш тугаши биланоқ Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олди. Ўшанда Россия армияси Жанубий Осетияга ва Грузияга бостириб кирганини бутун дунё қоралаб чиқди ва Россияни "ўзига тегишли бўлмаган ҳудудларда ҳарбий аралашув олиб борди" деб айблашди. Аммо Россия бундай айбловлардан пинагини ҳам бузмади.
Ўша воқеалардан кейин Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисига Россия ошкора равишда паспорт бера бошлади ва уларни "ўз ватандошлари" сафига қўшиб олди. Охирги маълумотларга қараганда хозирги кунда бу иккала ҳудудда Россия паспортини олмаган одамлар нихоятда кам қолган ва аксарият одамлар Россия паспортини олиб бўлганлар.
2014 йилда Украинанинг Донецк ва Луганск шаҳарларида рус миллатига мансуб кишилар томонидан минтақани Украина бошқарувига қарши ҳаракатлар бошланди ва ўртада қуролли можаро келиб чиқди. Ана шу ерда ҳам Россия ўзининг одатдаги тарғибот ишларини бошлаб юборди ва ҳудуддаги айирмачилик кайфиятдаги кишиларни "ватандошларни қўллаб-қувватлаш баҳонасида қурол-яроқ ва озиқ-овқат кабилар каби турли ёрдамлар билан қўллаб-қувватлади. Камига эса баҳсли ҳудуд аҳолисига тезлик билан Россия паспортлари тарқатила бошланди. Бугунги кунга келиб Донецк ва Луганск аҳолисининг аксариятида Россия паспорти борлиги учун улар Россия фуқоролари хисобланишади ва энди Украина бу ҳудудларни ўз таркибига қайтариб олишидан умидини узаверса ҳам бўлади.
Қрим воқеалари ҳам ҳаммамизга таниш, ўшанда Украина ҳукуматига бўйсинишдан бош тортган Қрим рахбарларини ва айирмачиларини Россиянинг Қора денгиз флотида хизмат қилаётган Россия ҳарбий кемалари ва ҳарбий хизматчилари ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб турдилар. Шу туфайли хам Қримда бош кўтарган айирмачиларни қайта бўйсиндиришда Украина армиясининг қўлидан ҳеч нарса келмади. Воқеалар охир-оқибат шу билан тугади-ки Россиянинг тўлақонли қўллаб-қувватлаши ва бевосита аралашуви натижасида Қримда ноқонуний референдум ўтказилди ва ярим орол Россияга ноқонуний қўшиб олинди.
Бугун ўша Россия-Грузия воқеаларини Россия ОАВ эслашар экан уларнинг аксариятида Россия бош вазири Д.Медведевнинг "биз ўз ватандошларимизни ҳимоя қилишга доим тайёрмиз" деган гапларини келтиришаяпти. Жаноб Медведевнинг ана шу гаплари бизни Россия билан қиладиган муносабатларимизда сергак бўлишимизни тақозо этади.
Хулоса сифатида шуни айта оламан-ки биз мустақил ва суверен давлат сифатида доим Россия билан эҳтиёткорона муносабат олиб боришимиз керак ва яқин тарихда ён-атрофимизда бўлиб ўтган ишлар бизга сабоқ бўлиши керак. Шу учун ҳам биз Россия билан ўта яқинлашиб ҳам кетмаслигимиз ва ўта узоқлашиб ҳам кетмаслигимиз керак. Шуниси тузук бўлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий