Бундан бир неча кун олдин Италиянинг "Рома" жамоаси ўйинчиси Франческо Тоттининг футбол билан хайрлашгани кўпчилик футбол мухлисларни ҳаяжонга солди. Йўқ, Тотти топ-футболчилар сафига кирмайди. Унинг бисотида совринлар кам. Футбол мухлисларини ҳаяжонга солган ҳолат унинг футбол билан хайрлашгани учун эмас, балки фаолияти давомида фақат битта жамоа таркибида узоқ йиллар садоқат билан тўп сургани учун эди.
Ҳа, у бутун футболчилик фаолиятини биргина Римнинг "Рома" жамоаси сафида ўтказди. Ўз вақтида унга Европанинг манаман деган жамоаларидан таклифлар тушган. Аммо у ўз жамоасини ўзгартиришни хоҳламаган. Унинг бу иши таҳсинга сазовор. Аммо танганинг яна бир томони бордай Тоттининг ҳам фаолиятини Ромада тугатишига яна бир сабаб бор. Ана ўша сабаб туфайли Тотти "Рома"да охиригача қола олди.
Маълумки ҳар қандай кучли ўйинчи ўз жамоасига Тоттидай садоқат билан ҳар қанча хизмат қилмасин ёши ўтиб боравергани сайин барибир жамоа мураббийлари, раҳбарлари ёши ўтиб бораётган ундай ўйинчилардан қутилишга ҳаракат қилишади. Улар бу йўлда баъзи ўйинчиларни сотиб қутилишса, баъзиларига шунчаки жамоадан чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишади ва ўша "қария" ўйинчи ўзига жамоа топишга ўзи уринади ёки биратўла фаолиятини тугатиб қўя қолади. Тотти билан эса бундай ҳолат бўлмади. Бунга сабаб эса у ёши ўтиб боравериб мураббийлар томонидан "жамоага керак эмас" деб хулоса чиқариладиган пайтда характер кўрсатиб ўша ўзини "чиқитга чиқараётган" мураббийлар билан аёвсиз талашди. Ҳар гал шартномаси тугайверадиган маҳалда эркин агент сифатида жамоадан ҳайдаб юбормасликлари учун у жамоа раҳбарлари билан муросасиз курашди. Ҳа, у ўзини бахшида қилган жонажон жамоаси сафида фаолиятини тугатгунича қолиш учун бир сўз билан айтганда том маънода жанг қилди. Тоттининг ана шу қизиққонлиги ва ўзи учун курашгани ҳам маълум маънода унинг "Рома"да 40 ёшигача қолишига сабаб бўлди. Агар у ҳам бошқа баъзи ўйинчиларга ўхшаб жамоа мураббийи ва раҳбарияти олдида "одобли бола" бўлиб турганида "Рома"да ишлаган раҳбарлар ва мураббийлар уни ҳам эрта чиқитга чиқарар эдилар ва фаолиятини "Рома"да тугатишига имкон бермасдилар.
Шу ўринда Тоттидай ўз жамоаларида афсона бўлишга улгурган Касильяс ва Раулларни эслаб ўтишни жоиз деб топдим. Кўпчилик уларни ўз жамоасига садоқат кўрсатмасликда айбламайди, аммо садоқатдан гап кетганда уларни эсламайди ҳам. Шу ўринда улар жонажон жамоаларидан ўз ихтиёрлари билан кетмаганларини биров билса, биров билмайди. Уларнинг хар иккаласи ҳам Мадриднинг "Реал" жамоаси учун жонларини беришган эди. Ва улар иккаласи ҳам ўз фаолиятларини "Реал"да тугатиш орзусида эдилар. Ўша пайтларда буни улар ўз интервьюларида бот-бот такрорлашар эди. Аммо "Реал" мураббийлари ва жамоа раҳбарлари уларга бундай имконни бермадилар ва ҳатто биттагина хайрлашув ўйинини ҳам насия қилиб уларнинг иккаласини ҳам олдинма кейин жамоадан шунчаки хайдаб юборишди. Ана ўшанда бу икки футболчига Тоттидагидай курашувчанлик хислати етишмади ва улар иккиси ҳам бошларини эггунча кўзда ёш билан Реални тарк этишди.
Шу ерда "уларга Тоттидагидай курашувчанлик етишмади" деяпману аммо уларда ўша курашувчанлик бўлганда ҳам уларни барибир "Реал"дан кеткизишар эди. Чунки "Реал" "Рома" эмас. "Реал"нинг раҳбари хам Тотти мухлисларининг нафратидан қўрқадиган "Рома"нинг рахбаридай раҳбар эмас. Агар ўшанда Касильяс ва Раулда курашувчанлик ва журъат бўлганда ҳам қаҳри қаттиқ "Реал" раҳбарияти уларни турли йўллар билан барибир жамоадан кеткизарди. Шу туфайли ҳам Тоттининг раҳбарият борасида ҳам омади келган. Агар у умрини "Реал"га бағишлаб шу жамоада тўп сурганда "Реал" раҳбарияти унга "Рома" раҳбарияти берган имкониятни умуман бермасди. Шунчаки Рауль ва Касильясга ўхшаб хайр-хўшни ҳам насия қилиб шунчаки жамоадан кетказиб юборишар эди.
Эсланг, фаолиятининг охирги 4-5 йилида Тотти қанчалик синовларга дучор бўлганини. "Рома"га келаётган ҳар бир мураббий охирги йилларда унга ўйин амалиёти бермасликка ва шу йўл билан қаҳрамонимизни жонидан тўйдириб жамодан кетказишга уринди. У эса ҳар икки гапининг бирида мураббий унга ўйнаш учун имконият бермаётганини ва агар имконият берилса ҳали "Рома" учун бор кучини бериб ўйнашга тайёрлигини тинимсиз таъкидлайверди. Унинг бу сўзлари "Рома" ишқибозларига бошқача таъсир қиларди ва улар стадионда ҳам, жамаоанинг машғулотлар базасида ҳам тинимсиз Тоттини қўллаб-қувватладилар ва доим "Тоттига имкон бер", "Тотти биз сен билан" каби баннерларни кўтардилар. Тотти доим мухлислар ардоғида эканини билиб доим ўзига ўйин амалиёти бермаётган мураббийларга дадил қарши чиқаверган бўлса, мухлислар нафратига йўлиқишдан чўчиган мураббийлар ва раҳбарият эса Тоттига барибир ҳатто заҳирадан тушириб бўлса-да ўйнаш имкониятини бердилар. Ва охир-оқибат бундан ҳамма ютди. Тотти садоқат бобида афсона бўлди. Унга имконият берган мураббийлар ва раҳбарият мухлислар олқишига ва меҳрига сазовор бўлди. Аммо энг муҳим ишни характер кўрсатиб, курашиб Тоттини ўзи кўрсатди.
Касильяс ва Раулга ўхшаганлар эса ўз характерлари ва бўшликлари учун садоқат кўрсатишда Тотти даражасига чиқолмадилар. Аниқроғи уларнинг Тотти даражасига чиқишлари учун шунчаки имкон беришмади холос.
Комментариев нет:
Отправить комментарий