Мен ақлимни таниганимдан кейин озгина бўлса-да Собиқ Иттифоқ даврини ҳам кўриб қолган инсонлардан бириман. Ким ўша даврни мақтаса мақтайверсин, аммо мен учун ўша тузум хам, ўша давлат ҳам манфур бир тузум, манфур бир давлат бўлиб қолаверади. Худо тақдир қилса ўшс тузумнинг, ўша давлатнинг жирканч сиёсатини ҳали набираларимга эртакдай қилиб хикоя қилиб беришим бор.
Эсимда, энди мустақил бўлганимизда катта минбарларда давлатимиз раҳбарлари хам, ОАВ ҳам тинмай ўша манфур тузумни ёмонладилар. Қўшилиб мен ҳам ёмонладим. Ўшанда биз ҳақ эдик. Тузум анчайин жирканч бўлган.
Айниқса бизга миллий озчилик миллатларини ўзини, ўзлигини англашларига қаттиқ қаршилик кўрсатган. Ва шу йўлда маъориф соҳасини доим ўлда-жўлда ушлаган. Яъни режа бўйича аҳолини саводхонлиги 100%га етказилган, аммо майда миллатларнинг илм билан қаттиқроқ шуғулланишлари учун шароит яратиб берилмаган.
Ҳозир бу гапларимни ўқиб қайсидир бир "ақлли"нинг калласига "ўшанда бизда илм учун ҳамма шароитлар бўлган" деган фикр ҳам келаётгандир. Тўғри, балки шундай бўлгандир, аммо мен бу ерда асосан мактаб таълимини, мактаблардаги шароитларни назарда тутиб ёзаяпман.
Энди аниқроқ гапларга ўтсам. СССР ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб то тарқалиб йўқлик қаърига йўқ бўлиб кетгунча "АҚШни қувиб ўтамиз" деган ахмоқона шиорни дастак қилиб ушлаб олиб, шу йўлда космосни ўзлаштириш баҳонасида ҳисобсиз маблағни беҳудага сарфлаб юбораверган. Аммо, бошқа миллий республикаларни билмадим-у бизнинг Ўзбекистонимизда айнан мактаб таълимини ривожлантириш, мактабдаги шароитларни яхшилаш учун ҳеч иш қилмаган.
Энди, ҳозирги кунда битта ракетани учириш учун миллиард доллар атрофидаги маблағ сарфланаётганини очиқ ёзишаяпти. Баъзилар мақтаётган ўша манфур тузум эса бир йил 365 кун бўлса хар йили 365 та ракетани турли мақсадлар учун коинотга учираверган. Аммо ёш авлод учун, болалар учун замонавий мактабларни қуриб бермаган.
Исботи; туманимиздаги мен билган ва кўрган мактабларимнинг аксарияти ўтган асрнинг 60-80 йилларида хашар йўли билан пахсадан тикланган мактаблар эди. Туманимизда икки қаватли қилиб, замонавий лойиҳа асосида қурилган мактаблар ҳам бор эди. Аммо улар бармоқ билан санарли эди. Нафақат туманимизда, балки бутун республикамиздаги аксарият мактаблар шу йўл билан тикланган эди. Ҳа, кунора миллардлаб рублни сарфлаб "Америкадан ўтамиз" деб космосга ракета учира оладиган давлат болаларга замонавий мактабларни қуриб беришда негадир "маблағ топа олмас" эди.
Ана ўша пахсадан ҳашар йўли билан тикланган мактаблар мустақиллигимиздан кейин 2005-2009 йилларда батамом бузиб ташланиб замонавий қилиб пишиқ ғиштдан тикланди.
Хўш, Совет Иттифоқи деб номланган ва баъзилар ханузгача "зўр даврлар эди" деб оғзидан бол томиб мақтайдиган давлатда замонавий қилиб мактаб қуриш учун пул йўқ эдими ёки пишиқ ғишт топилмас эдими? Ҳаммаси бор эди. Шунчаки Кремлда ўтирган жаноблар ўзбекнинг ёки тожикнинг ёки қирғизнинг боласига ундай замонавий мактабларни раво кўришмасди холос.
Ёки яна бир долзарб масала бу ўтган асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб ана шу "Улуғ давлат"да "пахта компанияси"га зўр берилиб ўқитувчи ва ўқувчиларни ўқиш бошланган сентябр ойидан буёғи қарийб янги йилгача пахта далаларига хайдаб қўйиш эди.
Бунда ҳам мақсад бизга ўхшаган миллатларнинг саводи чиқсин, аммо ҳаминқадар бўлиб юраверсин ниятида эди. Яъни саводхонлик 100% борми, бор. Болалар мактабга чиқаяптими, чиқаяпти. Бўлди, шуни ўзи етарли. Саводхонлик ундан оширилса бу миллатлар ўзини танийди, ўзлигини танийди. Ундан кейин эса мустақиллик хоҳлаб қолиши мумкин. Шу учун ҳам бу миллатлар саводини уч баҳога яраша чиқарсин-у дехқоннинг боласи далага чиқсин, чўпоннинг боласи эса сурувга. Ҳа шўроларнинг сиёсати шу эди.
Юқорида ҳам айтдим мустақилликнинг илк йилларида мана шу юқорида мен ёзган ҳолат роса кўп танқид қилинди, аммо...
Аммо ўқитувчига, ўқувчига муносабат ўзгармади.
Тўғри, замонавий мактаблар қурилди. Аммо минг афсуслар бўлсинки ҳанузгача ўқитувчиларга ўзига боғлиқ бўлмаган кўплаб юмушлар буюрилаяпти.
Ҳали металлом режасини топширишади, ҳали макалатура йиғиш дегандай. Кузда эса навбати билан пахтага бориш керак. Эсимда 3-4 йил олдин ўқитувчилар ҳатто намунали уй-жой қурилишига хашарга ҳам бордилар.
Умуман олганда биз ўша Советлар Иттифоқи деб аталмиш тузумнинг ҳамма нарсасидан воз кечдик. Фақатгина мана шу оғриқли муаммо бўлмиш ўқитувчиларга муносабатдан бошқа.
Ҳамон шўрлик ўқитувчилар ўзларига тегишли бўлмаган хизматларда юришибди.
2016 йилнинг сентябр ойидан вақтинчалик Президент лавозимига тайинланганларидан бошлаб, кейинчалик халқ томонидан Президент этиб сайланганларидан кейин Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳамма соҳаларда катта-катта ислоҳотларни бошлаб юбордилар. Энди ана шу ислоҳотларнинг бир шамоли Халқ Таълими Вазирлиги ва унинг вилоят, туман бўлимларига хам етиб келиши керак ва ўқитувчилар ўзларига тегишли бўлмаган турли "хизматлар"дан батамом озод қилинишлари керак. Бунда албатта маҳаллий хокимликларнинг роли ҳам бор. Чунки айрим хизматлар ўқитувчилар гарданига улар томонидан ҳам юкланмоқда.
Бундан буёғига ўқитувчи ўз вазифасини бажариши лозим.
Умид қиламиз яқин вақтларда хукуматимиз ва Президентимиз ьу оғриқли муаммога ҳам эътибор қаратадилар ва ўқитувчиларнинг гарданига илинаётган турли "хизматлар" уларнинг гарданидан олиб ташланади.
Зеро бу миллатга ўқитувчилар хаммадан кўра кўпроқ керакдирлар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий