Қизиқ халқмиз; соддамиз, (узр-у, ҳатто бироз гўлмиз) ким нима деса ишониб кетаверамиз. Орамизда шунақа "ақлли"лар борки уларнинг гапини эшитиб куларингизни ҳам, йиғларингизни ҳам билмайсиз. Уларнинг ўша эшитганда на кулиб ва на йиғлаб бўлмайдиган гапини тагини суриштирсангиз уйдаги хотинлардан эшитган бўп чиқадилар. Хотинларнинг аксариятининг эса фантазия ва фантастикага усталиги эса ҳаммамизга аён.
Энди асосий гапларга ўтсам. Охирги пайтларда "қора бозор"да доллар курсининг сўмга нисбатан кескин ошишини кимлардир яқинда янги чиққан 10000 сумлик купюрани чиққанига боғлади. Аслидаям шундайми?
Ёки кўпинча "фалон сўм қийматидаги янги купюра чиқармиш" деб овоза бўлгандан "ҳеҳ, бекор чиқаришаяпти-да шу пулни, энди нарх-наволар ошиб кетади" деган гаплар урчиб қолади. Нарх-наволарнинг ошиб кетишига янги қийматда чиқаётган купюра сабаб бўладими?
Йўқ, асло йўқ.
Чунки нарх-наволарнинг ошишига янги купюра эмас, балки долларнинг сўмдаги қиймати ошиб боравериши сабаб бўлади. Долларнинг сўмдаги қиймати ошиб кетаверишига эса мамлакатимизга кириб келаётган доллардан чиқиб кетаётган долларнинг кўплиги сабаб бўлади. Тўғри, баъзи давлатлар ўз экспорт салоҳиятини ошириш учун долларнинг ўз миллий валюталарига бўлган қийматини ўзлари онгли равишда ҳам оширишади. Бу иқтисод тилида "девальвация" дейилади.
(Янгиликларни кузатиб борсангиз охирги йилларда Хитой шу усулни кўпроқ қўлламоқда.)
Аммо биздаги ҳолат девальвация эмас. Чунки девальвация қилинганда курс бирданига кескин оширилмай аста-секинлик билан оширилади. Биздаги ҳолат доллар тақчиллиги юзасидан келиб чиқаяпти.
Узоққа бормайлик, автосаноатимизни олайлик. Бундан уч-тўрт йил олдин ишлаб чиқарилган машиналаримизнинг 60-70% экспортга чиқарилар эди. Ва бу экспортдан мамлакатимизга анчагина валюта кириб келарди. Ҳозир эса Россиядаги, Қозоғистондаги, Украинадаги иқтисодий инқирозлар бизнинг автоэкспорт салоҳиятимизни пасайтириб ташлади. Ва бу иш мамлакатимизга кириб келадиган валюта тушумини анча камайишига сабаб бўлди.
Биздаги валюта тақчиллигига оид яна бир омил эса бу Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли биздан Россияга ишга борадиган меҳнат муҳожирларининг сони камайди. Россиядан пул олиб кела олишига ишончи бўлмаган кўплаб юртдошларимиз энди уёққа ишга бормаяптилар. Борганлари ҳам уйга тузук-қуруқ пул жўната олмаяптилар. Буни натижасида эса олдинлари мана шу меҳнат муҳожирлари сабабли мамлакатимизга кириб келган миллиардлаб долларларнинг келиши камайди ва бу ҳам биздаги доллар тақчиллигига ўз ҳиссасини қўшди.
Яна бир сабаб эса бизнинг ҳўл ва қуруқ меваларимизга, сабзавотларимизга асосий харидорлар Россия, Қозоғистон ва Украина эди. 2014 йилда Россия ва Украина ўртасида келиб чиққан можаролар алал-оқибат Украина иқтисодини батамом фалажлаб ташлади. Россия иқтисоди эса турғунлашди, Қозоғистоннинг иқтисоди эса Россияга чамбарчас боғлиқлиги сабаб у ҳам пасая бошлади ва буларнинг ҳаммаси йиғилиб бизнинг бу давлатларга қилаётган экспортимизга таъсир кўрсатди. Улар энди олдингидан анча кам маҳсулот ола бошладилар. Буни натижасида эса бизга кириб келаётган валютанинг салмоғи яна камайди.
Мана шу учта омил сабабли бизда ҳам долларнинг нархи ҳамон ошишда давом этмоқда.
Доллар ошиши ортидан эса ўзи ёки хомашёси чет эллардан олиб келинадиган истеъмол товарларининг нархи ошиб бормоқда. Биз гўллар ва содда лақмалар эса хотинларнинг гапига ишониб бу ишларнинг ҳаммасига бечора янги чиққан ва чиқаётган купюраларни сабаб қилиб кўрсатиб, уни муомалага чиқараётган банкирларнинг гўрига ғишт қалаб юрибмиз.
Ёки яна бир шунга ўхшаш гап; ҳукуматимиз томонидан ойлик маъошлар маълум бир фоизларга оширилса ҳам кимлардандир яна ўша "ойликлар ошди, энди нархлар ошишни бошлайди" деган гапни эшитамиз.
Бу гап ҳам тўғрими?
Асло йўқ. Нархларни ошишига долларнинг ошиши, долларнинг ошишига эса мамлакатимизга кирадиган доллардан чиқадигани кўп бўлиши сабаб бўлишини юқорида келтирдим. Агар валюта тақчиллиги кузатилмаса ва ўша тақчиллик оқибатида нархлар ошмаса ойлик-маъошлар оширилганда нархлар ошмайди.
Масалан; 2010 йилдан 2014 йилнинг охиригача беш йил мамлакатимиз учун зўр ривожланиш йиллари бўлди. Валюта тушуми ҳам зўр бўлди. Экспорт ҳам бир маромда ошиб бораверди. Долларни курси ҳам кичик ўзгаришларни айтмаса кескин ўзгаришлар кузатилмади. Қора бозорда бир АҚШ долларининг нархи мана шу беш йил давомида 2500-2700 атрофида бўлиб турди. Ва энг қизиғи мана шу беш йилда ҳар йили бир-икки марталаб ойлик-маъошлар оширилди. Аммо валюта курси барқарор турганлиги туфайли нарх-наволар жиддий ошгани йўқ.
Эсимда 2010 йилда 4500-5500 сўм турган писта мойи 2014 йилнинг охирида ҳам шу нархда эди. Ёки бошқа истеъмол товарлари ҳам шундай нархи ошмасдан турди. Агар ҳар ойлик- маъошлар оширилганда нархлар ошаверганда эди ўша ўтган беш йилда нархлар бунчалик барқарор турмасди, ошиб кетаверарди. Доллар ошмагани учун ундай ҳол рўй бермади ва кўпгина нарсаларнинг нархи беш йил давомида ҳам ўзгармади. Тўғри, нархларда: кичик ўзгаришлар бўлган бўлиши мумкин, аммо у ўзгаришлар аҳамият берадиган даражада бўлмаган.
2015 йилнинг бошидан валюта тақчиллашиб доллар курсининг ошиб кетавериши туфайли эса истеъмол бозоридаги нархлар осмонга чиқиб кетди ва уни ҳеч нарса тўхтата олмай қолди. Юқорида мисол қилганим бир литрлик писта мойи 4500-5500 сўмдан 8500-10000 га чиқиб кетди.
Шундай экан "ойлик ошса нарх ошади" деган гапда ҳам ҳеч қандай асос йўқ. Агар долларнинг курси барқарор турса ойлик-маъошлар оширилса ҳам истеъмол товарларнинг нарҳлари ошмайди. Аксинча, валюта тақчиллиги юзага келиб доллар курси ошаверса ойлик-маъошларни оширмаса ҳам нархлар кўтарилаверади.
Шундай экан ҳар бир эшитган гапимизга эмас, кўрганимизга ишонайлик.
Р.С. Мамлакатимиздаги хамма нарса; нарх-наволарнинг ошиш-тушиши борми, аҳолининг турмуш даражаси борми ёки фирма ва компанияларнинг ривожланиб аҳолини янада кўпроқ иш ўрни билан таъминлаши борми ҳамма-ҳаммаси бу экспортга ва ана шу экспорт ортидан мамлакатимизга кириб келадиган валютага боғлиқ.
Шу учун ҳам Президентимиз бошчилигидаги ҳукуматимиз кўпроқ эътиборни импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни кўпроқ ўзимизда ишлаб чиқаришни ва экспортга кўпроқ маҳсулотларни чиқаришни қўллаб-қувватлаш дастурларига катта эътибор беришаяпти. Долларнинг бундай кескин ошиши ҳам вақтинчалик ҳолат. Умид қиламиз яқин йилларда ҳаммаси ўз ўрнига тушади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий