четверг, 9 февраля 2017 г.

Икки Виктор, бир тақдир.

"Бу икки Виктор кимлар экан-а" деб ҳайрон қолаяпсизми? Викторлардан бири кеча вафоти ҳақида хабар чиққан "Динамо" Киевнинг собиқ дарвозабони Виктор Чановдир. Иккинчи Виктор эса "Барселона"нинг собиқ дарвозабони Виктор Вальдесдир.
"Уларнинг бир-бирига нима алоқаси бор экан" деб ўйлаяпсизми?
Алоқаси бор экан-да!
Уларнинг номи бир хил бўлган ҳолда тақдирларида ҳам айнан ўхшаш ҳолат бор экан.

Ўтган асрнинг 80-йилларининг иккинчи ярми Киевнинг "Динамо" жамоаси учун анча залворли бўлди. Жамоа афсонавий мураббий Лобановский бошчилигида бир неча бор Собиқ Иттифоқ чемпиони бўлди. 1986 йилда Европа Кубок Эгалари Кубоги совриндори бўлди. Жамоанинг бу ютуқларидан кейин аҳвол шу даражага бордики Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг асосий ўзагини динамочилар ташкил этадиган бўлишди. Масалан, 1988 йилги Европа Чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлган терма жамоанинг асосий таркибида асосан динамочилар эдилар.

Ўша даврда бошқа жамоалар учун Москва жамоаларидан бошқасини тан олмайдиган, доим Москва жамоаларининг чемпион бўлишларини хоҳлайдиган, терма жамоада ҳам асосан Москва жамоаларида ўйнайдиган ўйинчиларни ўйнашларини хоҳлайдиган корчалон раҳбарларни енгиб мамлакат чемпиони бўлиш, терма жамоа мураббийига эса терма жамоага бошқа минтақалардан ҳам ўйинчи чақириш осон иш эмас эди. Аммо Лобоновский бу ишни украиналик йигитлар билан эплай олган эди. Ўша йилларда динамочилар жуда кучли ўйин намойиш этиб Москва жамоаларининг ютуқларини хоҳлайдиган корчалон раҳбарларнинг овозларини ўчиришга муваффақ бўлгандилар. Улар орасида Виктор ҳам бор эди. У ҳам бошқа жамоадошлари каби ўзининг жамоаси учун жон куйдириб ўйнаган, жамоанинг катта ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшган эди. Аммо ўша даврлар Ринат Дасаевнинг "кетмони баландроқ учиб" зўр ўйнаб юрган даврларига тўғри келди ва қаҳрамонимиз маълум маънода унинг соясида қолиб кетган. Терма жамоада ҳам Дасаев биринчи рақамли дарвозабон бўлганлиги туфайли Виктор доим заҳирада қоларди. Буни статистик маълумотлардан ҳам билиб олса бўлади. Дасаев терма жамоа учун саксонга яқин ўйин ўтказгани ҳолда қаҳрамонимиз терма жамоада бор йўғи йигирма битта ўйин ўтказган. Аммо қаҳрамонимиз ўз ампуласида тенгсизлардан бири бўлган. Агар ўшанда Дасаев бўлмаганида шубҳасиз қаҳрамонимиз нафақат мамлакат миқёсида, балки Европа ва Жаҳон миқёсида ҳам энг яхши дарвозабонлардан бири бўларди.

Кеча Чановнинг вафот этганини ўқиб ўша бир пайтлар ёш бола пайтимда ўйинларини кўриб футболга меҳр қўйганим Динамо Киев ва унинг ўша даврдаги машҳур таркиби эсимга тушди. Бессонов, Демяненко, Литовченко, Протасов, Беланов кабилар билан бирга Чанов ҳам ўша жамоанинг бир алмаштириб бўлмас бир бўлаги эди.

Кейинчалик дунё бўйлаб танилган яна бир дарвозабон Виктор Вальдеснинг тақдири ҳам Виктор Чановнинг тақдирига ўхшаш. У ҳам "Барселона" жамоаси таркибида кўплаб миллий чемпионат ва кубоклардаги, халқаро мусобақалардаги ва кўплаб шахсий совринларни ютгани билан терма жамоада Касильяснинг соясида қолиб кетаверган. Терма жамоада у доим заҳирада Касильяснинг жароҳат олишини кутиб ўтираверган. Агар Касильяс бўлмаганда Виктор Вальдес ҳам нафақат Испанияда, балки Европа ва Жаҳонда ҳам анча йиллар жаҳоннинг энг яхши дарвозабони унвонини ҳеч кимга бермасди.  Аммо начора, тақдири илоҳий уларга шуни раво кўрган экан.

Ҳар иккала дарвозабон ҳам ўз даврларида, ўз жамоаларида кучли ўйин кўрсатган ҳолда терма жамоаларида ўзларига асосий рақобатчи бўлган бошқа кучли дарвозабонлар даврида фаолият юритдилар. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўз жамоаларинг оламшумул ғалабаларига кўп ҳиссалар қўшишган. Кимлардир бу иккала дарвозабонни маҳоратини камситиб "ҳа энди ўшанда "Динамо"нинг ҳам, "Барселона"нинг ҳам ҳимоя чизиғи кучли бўлган" деб уларнинг маҳоратларини камситишга уринади. Аммо ишонинг, жамоанинг ҳимояси минг мустаҳкам бўлсин дарвозабон бўш ўйин кўрсатса жамоа барибир кўплаб голларни ўтказаверади. Шундай экан бу иккала дарвозабоннинг маҳоратларига асло шубҳа қилиб бўлмайди. Уларнинг бир "айблари" бор эди холос. У ҳам бўлса ўзларидан ҳам кучли дарвозабонлар билан бир даврда яшаганлари. Уларнинг бундан бошқа "айблари" йўқ эди.
Нима бўлганда ҳам,  уларнинг иккаласи ҳам Жаҳон футболига ўзларининг номларини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб кетишга улгурдилар. "Динамо" Киев ва "Барселона"нинг энг гуллаб-яшнаган ва кўплаб совринларни ютган даврлари эсланганда бу номлари ва тақдирлари ўхшаш бўлган дараозабонлар мухлислар томонидан ҳали узоқ эсланажаклар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий