Бугун Хуфтонни яна Минор масжидида ўқидим. Намоздан кейин Мақсуд қори ака (айтгунча бу қори акани номларини билмасдим, масжид ходимларидан сўраб билиб олдим) кишига хуш ёқувчи хуш овоз билан " Алиииф, Лаааам, Роооо" деб бошланувчи "Юсуф сурасини қироат билан ўқий бошладилар. Қуръонни эшитар эканмиз кўпчиликнинг бошлари эгик, кўзларда нам, йиғлаб қори акани қироатларига қулоқ тутардик. Мен ўша онда "қани эди тугатмасалар, ўқийверсалар, ўқийверсалар" деб ўйлардим. Қори ака ҳам хаёлимдан ўтганини сезгандай икки саҳифадан ошиқроқ ўқидилар. Мени бутун вужудим қулоққа айланган ва шу ҳолимда ўрнимдан қўзғалмасдан ҳатто Қуръонни бошдан оёқ хатм қилсалар ҳам эшитишга тайёр эдим.
Қори ака "содақоллаҳул азиим" деб қироатни тугатар эканлар руҳимда пайдо бўлган ажойиб бир енгиллик билан дуога қўл очдим.
Ўзи бу масжид қорилардан ёлчиган. Очилгандан бошлаб бир йил давомида Абдуқодир қори ака, Муҳаммадлоиқ қори, Садриддин қорилар беш вақт намозлардан кейин доим Қуръон ўқишди. Рамазонда хатм қилиб беришди. Энди улар бошқа масжидларга турли хизматларга тайинланишганда Минорга уларнинг ўрнига яна иккита ажойиб қорилар келдилар. Абдулбосит қори ва бугунги Мақсуд қорилар ҳам Қуръонни ниҳоятда ширали овозда чиройли қилиб ўқишади.
Шу ўринда қўйида масжид қўриқчиси вазифасида ишлаётган бир ходимни ҳикоясини келтиришни лозим топдим.
"Ёз ойлари бошланиб Масжидда Хуфтон намозидан кейин Муҳаммадлоиқ қори тарафларидан Қуръон хатм қилиб ўқила бошланди. Мен хизмат вазифам юзасидан намозга жамоат билан кира олмайман. Шу туфайли ҳамма намозга кирганда атрофга бир қараб чиқаман. Кунлардан бир кун Хуфтон намози ўқилиши бошланиши билан ён тарафдаги эшикдан чиқиб масжид атрофини айланиб келиш учун юрдим. Сал нарида ўриндиқда бир қиз ўтирарди. Ёнидан ўтишда қарадим атрофни томоша қилиб ўтирибди. Мен йўлимда давом этдим. Айланасига масжид атрофини айланиб келдим. Қарасам бояги қиз ҳали ўтирибди. Мен эшикни олдида турибман. Қиз мен турган жойга яқин скамейкада ўтирибди. Хуфтонни ўқиб бўлишди. Ортидан тасбеҳлар ҳам айтиб бўлинди. Навбат Қуръон ўқилишга келди. Муҳаммадлоиқ қори ширали овози билан ўз услубида Қуръон ўқий бошлади. Бир пайт йиғи овози эшитилди. Қарасам боягина атрофни томоша қилиб турган қиз Қуръонни эшитиб йиғларди. Мен олдинига уни Қуръондан таъсирланиб йиғлаганини билмай олдига бордим ва "Синглим тинчликми, ёрдам керак эмасми?" деб сўрадим. У бўлса қўли билан "йўқ" дегандай ишора қилиб йиғлашда давом этарди. Бу орада қори укамиз Қуръонни ўқиб бўлди. Домла дуо қилишни бошладилар. Бир-иккита одам масжиддан чиқишни бошлади. Шунда қиз ҳозир масжиддан кўпчилик чиқишини билди ва ўрнидан туриб кўзёшларини артиб кета бошлади.
Албатта, Қуръон эшитиб йиғлаган инсонларни кўп кўрганман. Аммо бироз олдин қувноқ кайфиятда атрофни томоша қилиб ўтирган қизни Қуръонни эшита бошлаши билан йиғлаб юбориши ўшанда менга қаттиқ таъсир қилди".
Мен боя Мақсуд қорини Қуръон ўқишларини эшитиб кўз ёшларимни тия олмай ўтирганимда ўша масжид қўриқчиси айтиб берган қизни эсладим. Чиройли ўқилган Қуръондан фақатгина кирланган қалб соҳибларигина таъсирланмайдилар.
"Эсланг, Юсуф отасига деди; Эй отажон, тушимда ўн битта юлдуз, ой ва қуёшнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим".
Яратган тирик Қуръон бўлмиш қори акаларимизни ва уларнинг яқинларини доимо Ўз паноҳида асрасин. Бизнинг зурриёдларимиздан ҳам уларга ўхшаган қорилар чиқишини насиб этсин. Омийн.
Комментариев нет:
Отправить комментарий