Зўр замонларда яшаяпмиз-а? Одамзот ўзи учун эҳҳе қанча қулайликларни кашф этмади дейсиз. Осмонга учди, сувда сузди, қисқаси ҳар бир кашф этилаётган нарса инсон учун қулайлик бўлаяпти вассалом.
Айниқса интернет пайдо бўлгани маълумот тарқатишда кўп қулайликларни келтириб чиқарди. Дунёнинг бир чеккасида бир янгилик бўлиши биланоқ, у янгилик ана шу интернет орқали сонияларда дунё бўйлаб тарқаб кетади. Ўша содир бўлган янгиликни кимлардир ўзлари юритаётган янгиликлар сайти орқали тарқатишса, яна кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишади.
Бир манба биргина долзарб хабарни тарқатса бўлди. Бошқалар уни шундоққина таржима қилиб бераверишади. Аксарият ҳолларда ўша хабардаги маълумотларни рост, ё ёлғонлиги ёки ўша хабарда берилаётган маълумотлар тўғри ёки нотўғрилиги текшириб ҳам ўтирилмайди. Сайтда ёки ижтимоий тармоқлар орқали манбасини кўрсатиб бериб юборилаверилади. Бу эса ишга нотўғри ёндашишдан бошқа нарса эмас. Чунки биринчи манба қандайдир сабаб туфайли хато маълумот берган бўлса, ўша хабардаги маълумотларни тўғри ёки нотўғрилигини текширмасдан бериб юборган сайтлар ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолишлари мумкин. Айниқса янгилик сайтлари саноқли бўлган бизнинг мамлакатимизда.
Энди асосий гапга ўтаман. Куни кеча мамлакатимиздаги аксарият янгилик сайтлари Алмати-Термиз М-39 халқаро йўлининг Жанубий Қозоғистон Вилоятининг Мақтарал райони бўйлаб ўтган йўли ўзбекистонликлар учун февраль ойидан яна очилиши ҳақида хабар бердилар. Манба қилиб эса Қозоғистоннинг бир сайти кўрсатилди. Энг қизиғи аксарият сайтларда берилган бу хабарнинг ўзбекча тексти айнан нуқта ва вергулигача бир хил. Демак кимдир биринчи бўлиб қозоқ сайтидан ўзбекчага таржима қилиб қўйган ва бошқалар ундан кўчириб қўяверганлар. Айрим сайтлар қозоқлардан кўчириб таржима қилиб қўйган бўлсалар, айримлари эса бу хабарга умуман хато бўлган маълумотларни қўшганлар. Ҳозир гап кимни кимдан кўчиргани ҳақида эмас, балки ўша хатолар ҳақида бўлади. Мен бу хабарни биринчи қайси сайтдан ўқидим эсимда йўқ. Аммо хабарда Алмати-Термиз йўлининг узунлиги 808(!)км деб берилган. Биринчи манба бўлмиш қозоқ сайтида бу маълумот йўқ!
(Демак қайсидир сайтдаги қайси бир билимдон ходим буни ўзи қўшган. Аммо қайердан олган бу маълумотни. Умуман айтганда ўша ходим география фанидан хабари бормикин? )
Юқоридаги маълумотни ўқиб ҳайрон қолдим. Чунки билганим Тошкентдан Термизгача 600 км дан ошиқроқ масофа бор. Тошкентдан Алматигача эса бундан ҳам зиёдроқ йўл юрилади. Савол туғилаяпти. Тошкентдан Термизгача 600 км дан ошиқроқ бўлса, унда Тошкент-Алмати йўли 200 км атрофидами? Мен бу шаҳарлар орасидаги масофани тахминан биламан. Ҳисоб аниқ бўлсин деб бу шаҳарлар орасидаги масофани қарадим. Тошкент-Термиз йўли 670 км экан. Тошкент билан Алматининг ораси эса 847 км экан. Бу ўлчовлар айнан М-39 йўли бўйлаб ўлчанган. Умумий ҳисоблаганда Алмати ва Термиз орасидаги масофа 1517 км экан. Бизнинг янгилик сайтларимиз бу масофани бир-биридан кўчириб қўйган хабарларида 808 км деб келтиришган.
Ёки биринчи манба ҳисобланган қозоқ сайти М-39 трассаси жойлашган ҳудудларни келтирар экан уларни "Жамбил, Алмати, ЮКО (Южно-Казахстанский Область), Ташкент, Джиззак, Самарканд" тарзида келтирган. Бизникилар ҳам ҳудудларни шундай тарзда келтиришган. Аммо қозоқ сайти адашганми, ё уларнинг ҳам илми етмай "ошиб" кетганми биринчи Алматини ёзмай, Жамбилни ёзишган. Аслида М-39 трассаси Алматидан бошланади ва тартиб бўйича биринчи Алмати ёзилиши керак. Чунки Термиз йўналишида Жамбилдан Алматига борилмайди. Аксинча Алматидан кейин Жамбил келади. Мана шу хатони ҳам бизнинг сайтлар биринчи манбада қандай хато қилинган бўлса, ўшандай хато келтиришаяпти. Кейин бу йўлнинг Мақтаралдаги қисми ҳам1998 йилда эмас, балки 2006 йилда ёпилган эди. Биринчи манба бўлмиш қозоқ сайти "йўл 2006 йилда ёпилганди" деб маълумот бераяпти. Аммо негадир баъзи сайтларимиз "йўл 1998йилда ёпилган эди" деб маълумот бериб юборишаяпти. Умуман тушунарсиз ҳолат.
Аслида ҳозир мен юқорида ёзган нарсалар аҳамиятсиздир. Ёки сайтларимизни хатолари жиддий эмасдир гап бунда эмас. Ҳамма гап уларнинг қандайдир бир маълумотни, хоҳ мамлакатимизга тегишли бўлсин, хоҳ чет давлатларга тааллуқли бўлсин текширмасдан ўз сайтларига чиқариб юборишларидадир. Юқорида ҳам айтдим, уларни ўз ишларига бундай ёндошувлари бу катта хатодир. Сайтларни ишига асло бундай ёндашиб бўлмайди. Хоҳ энди фаолиятини бошлаган сайт бўлсин, хоҳ мамлакатимизда ўз аудиториясига эга бўп бўлган сайт бўлсин ҳар бир хабарни текшириб, уларда берилаётган маълумотларнинг тўғрилигини текшириб ана ундан кейин сайтларида беришлари лозим. Акс ҳолда мана шундай кулгули ҳолатга тушиб ҳаммани чалғитиб юраверадилар.
Р.С. Бу блогпостим эълон қилиниб оммага ошкор бўлгунча сайтлар ўз хатоларини тузатиб қўйишлари ҳам мумкин.
Аслида бу ҳақда кеча хабар топган эдим ва сайтларни танқид қилиб нимадир ёзиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Аммо бугун ҳам куни билан хабарни нотўғри маълумотлар билан берган сайтлар ижтимоий тармоқларда тинимсиз ўзларини нотўғри маълумотли хабарларини "реклама" қилдилар. Уларнинг ўз хатолари устида ишламай хатолар билан ёзилган хабарларини линкини такрор-такрор бериб сайтларини реклама қилганларига ортиқ чидаб тура олмадим ва юқоридаги гапларни ёздим. Маъзур тутгайсизлар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий