среда, 11 января 2017 г.

Санжар Саид ёки ХТВнинг "иситма"си

Бугун эрталаб 3-синфда ўқийдиган ўғлим ўқитувчиси марка учун 3 минг сўм опкелишни тайинлаганини айтиб қолди. Унга эртага берарсан дедим-у директор билан "разбор" қилиб олиш учун мактабга жўнадим. Мактабга келсам директор опа йўқ. Ўрнига вақтинча директорлик вазифасини бажарувчи ўқитувчи мени қабул қилди. Унга "марка муаммоси" бўйича келганимни айтдим ва бу иш учун ундан изоҳ сўрадим. Қўйида у билан бўлган суҳбатимизни қандай бўлган бўлса ўша ҳолатда савол-жавоб тарзида келтираман;

-Бугун эрталаб ўғлим марка учун пул сўради. Шу ҳақда изоҳ берсангиз.

- Ака бизни ҳам тўғри тушунинг. Мактабимиз учун 500 тача марка беришган. Ҳар бири 3000 сўмдан. Биз ўқитувчилар ҳатто 6000 сўмдан бердик.

- Маркани ана шундай мажбурий сотишдан тушган пул кимнинг ҳисобига бориб тушади?

- Бизга "Болалар спортнини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бориб тушади" дейишган. Яна билмадим.

- Бу иш яъни маркаларни мактаб ўқувчисига сотиш сизларга Туман Халқ Таълими Бўлимидан тавсия қилинганми ёки буйруқ тарзида берилганми?

- Бизга буйруқ тарзида берилган ва бу иш бир неча йиллардан бери бор.

- Хўп, сизларга буйруқ тарзида берилган экан, сиз мактаб директорлари сизларга буйруқ бераётган ўша  эскича тартибда ишлайдиган корчалон раҳбарга "Ўртоқ раҳбар, биз энди эскича тартибда ишлай олмаймиз. Энди юртимизда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович бошчиликларида янгича ишлаш тартиби ва турли соҳаларда катта ислоҳотлар бошланди. Охирги 3-4 ойда шу ислоҳотлар туфайли одамлар онги батамом янгиланди. Энди мактабда, ўқувчиларга ҳеч кимга керак бўлмайдиган маркани уч минг сўмдан сотиб бера олмаймиз. Шу пайтгача нима бўлган бўлса бўлди. Энди бундан буёғига ота-оналар бизнинг бундай ишларимизга кўз юмишмайди. Дарров порталга ёзишади ёки прокуратурага шикоят қилишади. Шундай экан биз ортиқ бундай ноқонуний ишларни қила олмаймиз" десанглар бўлмайдими?

- Бу айтишга осон. Бундай дея олмаймиз. Энг ёмони кимдир тегишли органларга шикоят қилиб мана шу ишимиз устидан эртага бир иш очилса калтак келиб биз мактаб директорларининг бошимизда синади. Чунки бизни мана шу ишга мажбурлаган ТХТБ, ВХТБ каби бизнинг юқори ташкилотлар бизга бундай буйруқ берганларини тан олмайдилар ва "биз буйруқ бермаганмиз, фақат хоҳловчиларга тавсия қилинглар" деганмиз деб ўзларини оқлаб тураверишади.

- Яқинда бир таниқли журналист-блогернинг Жиззах вилоятида мактабларда металлом ўқувчиларга мажбурий йиғдирилаётгани ҳақидаги мақоласи бутун мамлакатимизга шов-шув бўлиб кетди. Бу мақола чиққандан кейин Халқ Таълими Вазирлиги (ХТВ) бу ишни инкор қилиб мактабларда "металлом солиғи" йўқ деб чиқди, бундан хабарингиз борми?

- Албатта хабарим бор. Эслатдингиз, куни кеча мени ҳам туман ХТБ га чақириб уч кун ичида металлом режасини бажаришимизни қаттий талаб қилиб қўйдилар. Аммо, бу совуқ ва қорли ҳавода қайси болага металлом олиб кел деб айта оламан.

-Демак ХТВ оммани чалғитиш учун мактабларда "металлом солиғи" йўқ деяпти-ю, аммо бу нарса кун тартибида турибди, шундайми?

- Худди шундай. Бизга ҳам бошқа мактаблар қатори маълум бир ўлчамда металлом топшириш вазифаси қўйилган.

- Бу вазифаларни бажармасангиз ёки бажара олмасангиз нима бўлади?

-Бу вазифани бажармасам ишдан кетиш ҳақида ариза ёзишим керак. Агар уринсам, ҳаракат қилсаму бажара олмасам огоҳлантириш билан ҳайфсан оламан

- Яна ўша марка сотишга қайтсак. Пулни болалардан нақд олинаяпти, шундайми?

- Ҳа шундай.

-Тушунарли.

Ўқитувчи билан савол-жавобимиз суҳбатдан ҳам кўра терговга ўхшаб кетди. Аммо ишонинг, мен уни тергов қилмадим. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Мен унга савол бердим. У менга жавоб берди.
Уни жавобларини эшитиб шунга амин бўлдимки Халқ Таълими Вазирлигига ҳам, унинг Вилоят Бошқармаларига ҳам, Туман бўлимларига ҳам ҳурматли юртбошимиз Шавкат Миромоновичнинг шунча жон куйдириб гапираётган гаплари бир тийин экан. Акс ҳолда мактаб ўқувчиларига 3000(!) сўмга ҳам марка сотиладими? Ёки шу қишнинг совуқ кунларида металлом йиғиб топшириш мажбурияти қўйиладими?

Агар Халқ Таълими Вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари болалар спортини ривожлантириш жамғармасига пул ўтказишни хоҳлар экан майли бу учун нархи 5-6 минг сўмлик болалар учун чиқарилган китобларни устига яна 1-2минг сўм қўйиб мактабларга бериб болаларга тарқатиб соттирса ҳам тўғри тушунардим. Аммо керак бўлмайдиган маркани болаларга  мажбурий тарзда пуллаш бу ўтакетган пасткашликдир.
Ўша ўқитувчи билан суҳбатлашар эканман уни суҳбатимиз охирида қилган илтимосига на йиғлашимни биламан, на кулишимни. "Ака хоҳласангиз ўша 3 минг сўмни берманг. Хоҳласангиз шу марка иши туфайли мени сўкинг, ҳақорат қилинг, аммо туман ХТБ га шикоят қилиб ёки бу иш учун уларни айблаб борманг. Улар сизга бу иш мажбурий эмаслигини айтишади. Аммо, кейин ҳамма калтак мени бошимда синади. "Сен аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини яхши олиб бормаганинг учун ота-оналар мана шунақа шикоят қилиб келишаяпти" деб ҳатто мени ишдан бўшатиб юборишлари ҳам мумкин. Шу учун сиздан илтимос, қанча гапингиз бўлса гапиринг, сўкинг, ҳақорат қилинг чидайман. Аммо туман ХТБ га шикоят қилиб борманг". Мана уни мендан қилган илтимоси. Аммо бундай ноқонуниний ишларга ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ёки таълим тизимидаги энг қўйи бўғин бўлмиш мактаб директорлари қачонгача чидайдилар? Бугун мен индамай кетганим билан яна бошқа ота-оналар барибир бу масада шикоят қилаверадилар. Ўз юртбошисига ишонган, унга суянган халқни ХТВ қачонгача шикоят қилишдан қайтариб тура олади?
Қачонгача ХТВ мутасаддилари  "бундай буйруқ ҳеч кимга берилмаган" деб ўзларини оқлайдилар, касалликни яширадилар? Касални яширса иситмаси ошкор қилиб бораверадику.

Охирги пайтларда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромоновични турли жойларда гапираётган нутқларини биттасини ҳам қолдирмай кўриб, эшитиб бораяпман. Бу инсоннинг турли ташкилотлардаги камчиликларни гапириб, энди бундай ҳолатда эскича тизимда ишлаб бўлмаслигини, ва хоҳ у ҳокимлар бўлишсин, хоҳ у вазирликлар бўлишсин уларга ўзгаришлари ва ўз ишларини, ташкилотларини ислоҳ қилишлари учун маълум бир муддатлар берилишини, агар шу берилган муддатда улар ўзгаришни хоҳламасалар, ислоҳотларга киришмасалар уларга қаттиқ чоралар кўрилиши ҳақида мутасадди раҳбарларни огоҳлантириб гапираётганларини тўлқинланиб кузатаяпман. Нафақат мен, балки 32 миллион нуфузга эга халқимиз кўраяпти, эшитаяпти, кузатаяпти. Аммо юртбошимизнинг шунчалик жон куйдириб гапиришлари ХТВ нинг мутасадди ходимлари ва унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқларининг парвосига ҳам келмаётгани жудаям афсусланарли ҳолдир.
Мен шу юртнинг бир жонкуяр ва Ватанпарвар фуқороси сифатида Шавкат Миромоновичнинг ХТВ ва унинг ҳудудидий бошқарма ва бўлимлари раҳбарларининг ҳам хурмача ишлари учун уларнинг танобларини тортиб қўйишларига ишонаман. Зеро энди эскича фикрлаб, эскича яшаб бўлмайди. Энди ХТВ ҳам ўзини ислоҳ қилиши ва юқорида тилга олинган "йиғ-йиғ"лардан қутилиши керак. Мактаб ўқувчиси қандайдир суммага марка эмас, китоб сотиб олиши керак!

Р.С. Мен Санжар Саиддек машҳур журналист ва блогер эмасман. Футболга ихтисослашган сайтларда ёки бир иккита газеталарда чиққан мақолаларимни айтмаса мени ҳеч ким танимайди.   Шу туфайли ҳам бу мақоламга мамлакатимизнинг машҳур ОАВ ва интернет нашрлари эътибор қаратишмас. Аммо ишонинг мен машҳур бўлишни эмас, балки бундай ҳал бўлмай ётган муаммоларни ҳал бўлишини хоҳлайман холос.
Саломат бўлинглар!

Комментариев нет:

Отправить комментарий