суббота, 21 января 2017 г.

"Чин-Мочин сори юзландим".

Яқинда Одил Ахмедовнинг Россиянинг "Краснодар" жамоасидан Хитойнинг "Шанхай-СПИГ" жамоасига ўтгани ўзбек футболи мухлислари орасида ҳам, футбол ҳақида ёзадиган журналистлар ўртасида ҳам роса муҳокама бўлди. Кимдир Одилни Хитой жамоасига ўтгани тўғри иш бўлганини айтса, кимдир уни Европага кетиши керак эди деб ёзди.

Одилни 29 ёшида ҳозирги савияси билан Европани ўртамиёна жамоаси ҳам таклиф этмаслигини айтиб қўйида ёзмоқчи бўлган фикрларим Одилни Хитойга ўтганини муҳокама қилиш ҳақида эмаслигини таъкидлаб қўймоқчиман. (Чунки Европада аксарият жамоалар, улар хоҳ кучли бешлик чемпионатларида иштирок этадиган жамоалар бўлишсин, хоҳ бошқа жамоалар бўлишсин биринчи навбатда ўз жамоаларининг ўйинини кескин ўзгартира оладиган маҳоратли футболчиларни  ёки тарбиялаб,маҳоратини ошириб кейинчалик яхшигина суммага сотиб фойда кўрса бўладиган ёшроқ футболчиларни ўз сафларига қабул қилишади. Аччиқ бўлса-да ҳақиқат шуки Одил мана шу икки мезон бўйича ҳам Европанинг ўртамиёна жамоаларига мос келмасди).

Бизнинг футболимиз четга футболчиларнинг трансфер бўлишлари тарафидан шу даражада ғариб-ки айнан шу сабабли ҳам бизнинг мухлислар ва футбол журналистлари кўпинча ҳар бир катта ва кичик трансферларни батафсил муҳокама қиладилар. (Шу ерда, ҳар йили бутун дунё бўйлаб сочилиб трансфер бўлиб кетадиган бразилиялик футболчилар эсимга тушиб кетди. Уларнинг сони кўплигидан Бразилиядаги мухлислар ва футбол журналистлари бир йилда Бразилиядан трансфер бўлиб четга чиқиб кетадиган ўйинчиларнинг кўпини трансфер бўлганини сезмай, билмай қолишса ҳам керак. Тўғри-да, кимдир Ўзбекистонга келаяпти. Яна кимдир Малайзияга кетаяпти, кимдир Янги Зеландияда ўйнаяпти. Уларнинг сони кўп бўлса. Қайси бирини кузатиб ўтириб бўлади "фалон футболчи Въетнамга кетаяпти, яна фалон футболчи Гонконгга бораяпти" деб? Бизда эса аҳвол бироз бошқачароқ. Бизда четга трансфер бўлиб чиқадиган футболчиларнинг озлигидан санашга бармоқ ҳам шарт эмас. Шу учун ҳам биз, ким кетаяпти, ким келаяпти ҳаммасини билиб, муҳокамасини қилиб ўтирамиз.
Биз айниқса терма жамоалари ФИФА рейтингида бизнинг терма жамоамиздан пастда жойлашган мамлакатларга трансфер бўлган ўйинчиларимизни кўп муҳокама қиламиз. Ҳозир Одилни "Европага ўтганда яхши бўларди" деб гапирганимиздек, масалан Малайзия жамоаларига ўтган футболчиларимизни "улар кучсиз чемпионатга кетишди" деб муҳокама қиламиз. Аммо, ўша бизникидан "кучсиз" бўлган чемпионатларда футболга ташқи томондан ҳам, ички томондан ҳам ёндашув ва футболчиларга яратилаётган шароитлар бизнинг футболга бўлган ёндашувимиздан ва футболчиларга яратиб қўйган шароитимиздан бир неча марта ортиқлигини ҳисобга олмаймиз.

Эсимда, бундан 15-13 йиллар олдин футболчиларимиз ёппасига Қозоғистон жамоаларига ўта бошладилар. Аҳвол шу даражага бордики Қозоғистон Олий Лигасида ўйнайдиган жамоаларнинг қарийб барчасида бизнинг футболчиларимиз бор эдилар. Ҳатто, баъзи бир жамоаларда 3-4 нафаргача футболчиларимиз ўйнашди. Ана ўшанда бир нечта футболга ихтисослашган ОАВмизда Қозоғистонда ўйнаётган футболчиларимиз ҳақида, уларнинг нисбатан бизникидан кучсиз бўлган қозоқ жамоаларига ўтганлари ҳақида танқидий мақолалар эълон қилинганди.
Очиғи, ўшанда қозоқ жамоаларига ёппасига ўтиб кетаётган футболчиларимизни "бизнинг чемпионатдан кучсиз бўлган чемпионатга ўтиб кетишаяпти" деб танқид қилиб ёзилган мақолаларни энсамни қотириб, диққат бўлиб, асабимни бузиб ўқиганман.
Чунки...

Футболчиларга биринчи навбатда нима керак? Жамоа базасидаги ва стадионидаги яхши шароит, ўртача бўлса ҳам "маблағ етишмовчилиги" таъсир кўрсатмайдиган узлуксиз маъош ва шу маъошга қўшимча тарзда бериладиган мукофот пуллари керак. Яна тўп сураётган жамоаларидаги жамоа раҳбаридан тортиб база ва стадионнинг қоровулигача бўлган маъсул ходимларнинг ўз ишларига маъсулият билан ёндашиб ишлари.
Хўш, агар сиз футболимизни анча йиллардан бери кузатиб борар экансиз, айтингчи бизда икки-учта жамоадан бошқа аксарият жамоалар қачон тузукроқ бир базага эга бўлишган? (Базалар ҳақида гап борар экан номларини келтирмайман-у ҳозирги кунда Олий лигамизда иштирок этаётган баъзи жамоаларимизда ҳам ҳанузгача база йўқ. Ҳатто уларнинг ичида Собиқ Иттифоқ даврида бундан 50-60 йил олдин ташкил этилган жамоалар ҳам бор)  Ёки жамоаларимиз қачон ўз стадионларида, базаларида футболчилар учун кийиниш ва ювиниш хоналаридаги, тренажёр залларидаги шароитларни тузукроқ қилиб қўйишган?
Энди "маблағ етишмовчилиги"ни баҳона қилмасдан футболчиларнинг маъош ва мукофот пулларини узлуксиз бериш ҳақида умуман гапирмаса ҳам бўлаверади. Йигирма беш йилдан бери футболчиларнинг аксарият интервьюларида жамоада маблағ борасида муаммолар борлиги, маъошлар вақтида берилмаётгани, мукофот пули ҳақида ҳеч гап йўқлиги ҳақида ўқийман. Ёки мураббийларнинг аксарияти доим "маблағ етишмаслиги"дан нолиб юришади. Ёки юқорида ёзганимдай икки-учта барқарор жамоаларни айтмаса қолганларида ҳар йили, ё мавсум бошида маблағ бўлмайди, ё ўртасида. Ёки мавсум охирига бориб маблағ тугаб қолади ва ўйинчилар билан ҳисоб-китоб ишлари кейинги йилнинг бошида, навбатдаги мавсум бошланаётган пайтда ҳам ҳал қилинмаган бўлади.
Оддийгина мисол; ҳатто, аксарият жамоаларимиз миллий чемпионат ўйинларига шаҳарларимиз орасидаги масофа яқинлиги туфайли автобусда боришлари,автобусда юришлари аниқ бўлган ҳолда биттагина янги автобус ола олмай қандайдир эски автобуслардан фойдаланиб юришганига нима дейсиз? Очиғи футболимиз атрофидаги, маъош, шароит, база ва жамоалардаги маъсул шахсларнинг ўз ишларига ёндашувлари ҳақида гапираман деса гап кўп.

Юқорида базаларда, стадионларда умуман шароит йўқ дедим. Йўқ, бор. Аммо ўша шароитлар биз ҳозирги кунда бизникилар томонидан "нега бизнинг чемпионатимиздан савияси паст жамоаларга боришади?" деб танқид қилаётганимиз Малайзия жамоалариникидай ҳам эмас. Қатар, БАА, Саудия Арабистони жамоаларининг база ва стадионларда ўз ўйинчилари учун яратиб қўйган шароитини эса гапирмаса ҳам бўлади. Уларда футбол атрофидаги ишлар, у мухлислар билан ишлаш бўладими, ё маркетинг ишлари бўладими, ё футболчиларга шароит ва қулайликлар яратиб қўйиш бўладими ҳамма-ҳаммаси профессионал тарзда ташкил қилинади. Шу ишларга маъсул шахслар ҳам ўз ишларини сидқидилдан бажарадилар. Бизда-чи, бизда ҳаммаси менга хўжакўрсинга қилингандай ёки маъсул шахслар ҳам хўжакўрсинга ишлаётгандай туюладилар.(Аслидаям шундай)

Энди жамоаларимизнинг бераётган ярим-ёрти маъошларига келсак ҳозир умумий олганда ҳатто ён қўшнимиз Қозоғистонда ҳам аҳвол биздагидан кўп тузук. Осиёнинг ўртамиёналари сафига ҳам кирмайдиган Малайзия жамоаларининг бераётган маъошлари эса бизникидан анча яхши. Энг муҳими хоҳ кам маъош беришсин, хоҳ кўп уларда маъош узлуксиз берилади. Бизникига ўхшаб мавсум ўртасида тугаб қолмайди. Уларда аксарият жамоаларда "маблағ етишмовчилиги" деган иборанинг ўзи ёт. Улар бундай иборани билмайдилар. Улар ўзларининг бир йиллик бюджетларини тасдиқлаб, режаларини(трансфер ва маъошлар каби ишларни, йиллик харажатларни) ўша бюджетларидаги маблағга қараб тузиб оладилар.

Шу ўринда эслайман, "Бунёдкор" лойиҳаси энг авжига чиқиб, бу жамоа хорижлик футболчиларга қўшиб ўзимизнинг аксарият футболчиларга ҳам зўр маъош бериб юрган пайтларда бошқа ўртамиёна жамоаларимиз ҳам ўз футболчиларига тузуккина маъош беришга ўтгандилар. Ўшанда турнир жадвалини қўйироғида юрган уч-тўрт жамоада маблағ муаммоси бўларди холос. Қолганлар эса ҳарҳолда барқарорроқ эдилар. Аммо бугунги кунга келиб бизда ҳатто турнир жадвалининг тепароғидан жой олиб юрган жамоаларда ҳам маблағ етишмовчилиги муаммоси бор.

Шундай экан мухлисларнинг, шу мавзуда мақола ёзадиган журналистларнинг қандайдир футболчиларимизнинг Қирғизистон ёки Қозоғистон ёки Малайзия жамоаларига ўтгани учун танқид қилишга ҳақлари борми? Асло йўқ. Чунки ўша қандайдир "савияси бизникидан паст" чемпионатга кўчиб ўтаётган футболчиларимиз ўша "савияси паст чемпионат" да ўйнайдиган жамоаларда яратилган аъло шароитларини кўриб, кейин у ерга кўчиб ўтаяптилар. Ўша ўйинчиларни миллий чемпионатимизда ўйнаётган жамоларида база йўқ ҳолда меҳмонхонама-меҳмонхона санғиб юриш, ўзининг ҳалол ҳаққи бўлмиш маъошини, мукофот пулларини вақтида ололмаслик каби ишлар жонларига тегиб бўлган. Шу учун ҳам чет эллардан таклиф бўлганда, ҳатто ўша "савияси бизнинг чемпионатимиздан паст бўлган" Малайзиянинг биринчи лигасидан бўлса ҳам, футболчиларимиз ўша таклиф бўлаётган чемпионатнинг савияси бизнинг миллий чемпионатдан пастми, баландми қизиқиб ўтирмаяптилар ва кўчиб ўтаяптилар. Энг муҳими футболчиларимизни таклиф этаётган жамоада шароит яхши бўлса, ишлар профессионал тарзда ташкиллаштирилган бўлса, маъошни вақтида берса бўлди. Футболчига яна нима керак?

Шу ерда "Футболчиларимиз ўз устларида ишламай қўйишган.  Олдин тузукроқ ўйнаб натижа кўрсатишсин. Ана ундан кейин маъош олишсин, мукофот пулларини олишсин" деган фикрлар ҳам хаёлингиздан ўтаётган бўлса ажаб эмас.
Аммо, бутун дунёда футбол системасида олдин ўйинчи билан қандайдир турли суммаларда шартномалар имзоланади. Уларга яхши маъош тўланади. Ана ундан кейин натижа талаб қилинади. (Узоққа бормайлик. Яна ўша "Бунёдкор" лойиҳасини эсланг. Жамоа Олий лигага чиққанда ҳам МҲСК стадионида ўша сарғайиб қолган чимларда, шароити унча яхши бўлмаган жойда ўйнаб юраверса бўларди. Қолган жамоалар ўйнаб юришибди-ку! Йўқ , жамоа раҳбарлари биринчи навбатда стадиондаги шароитларни жаҳон андозасига чиқаришни хоҳладилар. Бу йўлда биринчи қадам майдон чими Голландиядан олиб келинди. Кейин, стадиондаги инфратузилма жаҳон андозасида қайта таъмирланди. Ундан кейин эса ўйинчилар яхши маъош ва мукофот пуллари билан рағбатлантирилдилар. Ана ундан кейин эса натижа талаб қилинди. Бизда ҳозир назаримда  ҳаммаси тескари. Ўйинчилардан "қуруқ қошиқ" билан натижа талаб қилинади. Натижа кўрсатса маъош ҳам бор, мукофот пули ҳам. Мабодо натижа ўхшамаса, мукофот пулини-ку гапирмайман, ҳатто маъошлари ҳам берилмайди. Энг ёмони футболчилар доим ўзлари билан шу ҳолат юз бериши мумкинлигини ҳис қилиб, "жамоадан пулимни ола олармиканман, ё мавсум охирида қуруқ қўл билан қолармиканман" деб ўйлаб, ахмоқона босим остида ўйнашга мажбурлар
Бундай шароитда футболчилар қандай қилиб тузукроқ ўйнашлари мумкин?
Демак бунақа аҳволда тўп тепгандан кўра шароити ва маъоши зўр бўлган Малайзиянинг биринчи лигасига бориб ўйнаган яхши. Аммо, афсуски ҳамма ҳам чет эллардан жамоа топа олмайди-да.

Шу юқоридаги сабаб ва омиллар туфайли бизнинг ўйинчиларимиз иложи борича у Россия клублари бўладими (ҳатто биринчи дивизион жамоаларига бўлса ҳам) ёки Қозоғистон ёки Тайланд, Малайзия каби Чин-Мочин давлатларининг жамоаларими ёки бошқа давлатларнинг миллий биринчиликлари бўладими кўчиб ўтаверишлари керак. Ёппасига кўплаб футболчилар бошқа миллий биринчиликларга чиқаверсалар ҳам бизнинг миллий чемпионатимиз ғариблашиб қолмайди. Уларнинг ўрнини муносиб эгаллайдиган қанчалаб ёшлар ўз навбатларини кутишаяпти.

Умуман олганда энг зўр ўйинчимиз бўладими ёки бошқаларими чет эллардан қайердан таклиф тушса ҳам кўчиб чиқавергани яхши. Таклиф дунё футболини ўзиники қилаётган Хитойдан бўлса янада яхши.
Мабодо таклиф тушмаса унда ўзимизникилар(агентлар, мураббийлар, менежерлар) футболчиларимизни ўша чет элликларга ўзлари тавсия қилаверишлари лозим.
Ўзимизнинг савиямиз паст ҳолда бошқаларнинг савиясини ўлчаб юраверсак ўз қобиғимизга ўзимиз ўралиб ўтираверамиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий