среда, 18 января 2017 г.

Ҳалолликка нима етсин.

Одамлар орасида турли юмушларим билан юрар эканман ёки кўпчилик билан кундалик юмушларда мулоқотда бўлиб яшар эканман одамларимизда ҳозирги кунда ёлғончилик, бировнинг ҳаққидан қўрқмаслик, бировдан қарз бўлиб юришдан қўрқмаслик каби нарсалар жудаям оммавийлашиб кетганини кўраман. Энг ёмони бу иллатлар худди эпидемиядай катта-ю-кичик, ёшу-қари, аёлу-эркак орасида бирдай тарқалиб бўлганини кузатаман. (Чақимчилик, ғийбат, беҳуда ишларга берилиш кабиларни гапирмаяпман. Булар ҳам ёзаман деса ҳар бири алоҳида бир мавзу бўладиган ҳолатда)

Энг ёмони одамларимизда ейдиган луқмасини ҳалол ёки ҳаромдан келаяптими, сўраш, суриштириш ёки ҳатто ўша луқмани ҳаромлиги билса ҳам уни тарк қилиш ёки ўша ишдан қайтиш йўқ. Бемалол, хотиржам ҳаромни еб, худди шундай яшаш керакдай яшайверишади.

Албатта бу нарсалар энг аввало оиладаги тарбияга бориб тақалади. Ота-она неча ёшда бўлишига қарамасдан, ризқ умидида эрталаб кўчага чиқиб кетиб, кечки пайт қўлида нимадир кўтариб келаётган фарзандини, ўша кўтариб келаётган нарсасини қандай қилиб топаяпти суриштириб, ана ундай кейин ўзи ҳам истеъмол қилиши ва ўша нарсани фарзандига ҳам, оиласи билан истеъмол қилишига рухсат бериши зарур. Аммо ўзингизга қаранг, атрофингиздагиларга қаранг, шундай қилаётган биронта ота-онани учратаяпсизми? Сизни билмадиму, аммо мен учратмаяпман.

Шу ўринда Яратган у зотни мағфират қилсин, марҳум ёзувчимиз Ў. Ҳошимовни асарларини эслайман. Бу инсон мустабид, даҳрий тузум даврида, "социалистик мулк" ҳисобланмиш кўпнинг ҳаққи аёвсиз равишда талон-тарож қилинган қийин даврда яшаб ижод этган бўлсаларда, ўз асарларида доим ҳаллолликка, бировни айниқса кўпни ҳаққини ейишликдан сақланишга тарғиб қилиб ўтдилар.
Шу ўринда ўйлайман, балки Ўткир ака 50-йиллардаги авлоддан 70- йиллардаги авлодни, 70-йиллардаги авлоддан 90-йиллардаги авлодни қанчалик ўзгариб, оиладаги тарбия салбий томонга ўзгариб, ёмонлашиб кетаётганини кўриб ҳам, салбий иллатларни кўпроқ ёмонлаб, кўпроқ яхши ишларга тарғиб қилиб асар ёзгандирлар. Буниси менга қоронғу. Аммо нима бўлганда ҳам, ҳар қандай замонда оилада "тарбиявий дарслар"да қўлланма сифатида ўқитилса бўладиган асарлар қолдириб кетдилар.

Мавзумиз бировнинг, кўпнинг ҳаққи ҳақида экан, эслайлик, ҳурматли адибимизнинг бир ҳикояларида ўқутувчи, онаси қизиникига кетган куни халқни ҳашарга чақириб, кўчанинг ёқасидаги тупроқдан лой қориб, томсувоқ қилиб, уйининг томини сувайди. Ҳашарнинг охирида эса кампир келиб қолиб ўша ҳашарчиларнинг олдида, ўғлига танбеҳ бериб, йиғлаб "Кўчани тупроғидан нега лой қилдирдинг, мен кўпни ҳақи бўлган кўчани тупроғида сувалган томни тагида ўтирмайман" деб аразлаб олади. Ана шунда ўқутувчи ҳашарчилар билан бирга, шунча сувалган томни лойини сидириб, олиб тушиб ўрнига тўктиради. Мана шу ҳикояни ҳар гал кўзимда ёш билан ўқийман. Мана қаранг, момоларимиз қанақа бўлган! Ҳозиргиларчи, ҳозиргилар нима қилишаяпти. Кўчага тўкилган тошни териб ёки кўча тупроғини  ҳовлисига олиб кириб, бирон нарсага ишлатса, ўша уйда ўтирган момо "барака топ болам, яхши қилдинг, шу ҳовлидаги фалон жойни тўғирлаб қўйиб" деб, дуо қилаяпти. Аммо, асло "ўғлим, бу тошни қайердан олиб келдинг, кўчаники бўлса тез ўрнига олиб чиқиб ташла" ёки "кўчани тупроғини олма кўча кўпни мулки, ундан нимадир олиш кўпни мулкига хиёнат қилиш, кўпни ҳаққини ейиш билан баробар бўлади" демаяпти. Ҳа демаяпти. Агар деганида, бизда аҳвол ҳозиргидай бўлмасди. Асло бўлмасди.

Ёки "Дунёнинг ишлари"даги боланинг ҳар куни молини олиб чиқиб боқиб келадиган жойи, ўтлоқдан қозиқ топиб олган ҳолати тасвирланган ҳикояни эсланг. Ўшанда ўз уйида бегона қозиқни кўриб қолган ота, дарров бу кимники ва қайердан келиб қолганини суриштириб, боласи томонидан ўтлоқдан топиб олингани билиб, кеч тушгани ва қоронғу бўлганига қарамасдан боласига ўша топиб олинган қозиқни жойига олиб бориб ташлаб келишга буюради.
Энди ҳозиргиларга қарайлик-чи. Боласи кўчадан нимадир топиб олиб, уйга олиб келса, боласига танбеҳ бериб, ўша топиб олган нарсасини жойига қайтартириш ўрнига "болам бор йўғи битта эканми, бошқа йўқ эканми" дейишаяпти. Хўш, бунақа тарбиядан кейин жамиятда қандай тартиб бўлсин? Қандай ҳалоллик бўлсин? Қандай, бировнинг ҳаққидан қўрқиш бўлсин?

Ана шу "қўрқиш" ҳисси юқолгани учун ҳам, ҳар ким ўзи ҳоҳлаган ва нафси тусаган ишни қилиб кетмоқда. У иш салбийми, ёки ёмонми асло иши йўқ.

Ота ҳожи, ҳажга бориб келган, намозхон, беш вақт масжидга чиқади, аммо ўша отани боласи аллақайерларда ҳоҳ давлатни ишида, ҳоҳ хусусий ишда кўпчиликни қақшатиб пул топаяпти. Аммо ҳожи ота бирон марта ҳам, "ўғлим, бу бизга кўтариб келаётган пулингни, нонингни қандай топаяпсан" деб сўраб суриштирмайди. Аксинча боласини "бирингга минг қўшилсин" деб дуо қилиб ўтираверади. Бу бизнинг энг катта мусибатимиз. Ҳа шундай!

Ҳаммамизга маълумки мустақилликдан кейин биз бозор иқтисоди деган нарсага ўтдик ва бизга олди-сотди муносабатларда шунақа эркинликлар тегди-ки, буни мустабид тузум даврида орзу қилиб ҳам бўлмас эди. Ҳозир ҳамма ўзини турли нарсалар сотишга ихтисослашган бозорларга урган. Ҳамма "бизнесмен". Аммо бозорни қонун-қоидасини билмайди, ҳалол-ҳаромга эътиборсиз бўлиб кетишган.

Эсласак ўша мустабид тузум даврларида ҳам бозор муносабатлари, ўзаро "олди-берди"лар одамларимиз орасида қисман бўлган. Аммо ўша даврдаги "олди-берди"ларда одамларимиз ниҳоятда эҳтиёт бўлиб, бировнинг ҳаққи, айниқса "кўпнинг ҳаққи менга ўтиб кетиб қолмасин" деб ўзаро муомала олиб борганлар. Қарз бўлишдан ниҳоятда қўрққанлар. Судхўрликни кўчасидан ҳам ўтмаганлар. Тарозида эҳтиёт бўлганлар. Ўз маҳсулотларини борича кўрсатиб сотганлар. Ёки ёмонроғини ҳозиргидай қопни тагига уриб рўкач қилмай, тепасига чиқариб қуйганлар. Харидорни алдамаганлар. Харидорларда ҳам инсоф бўлган, сотувчиларда ҳам. Деҳқонларда ҳам инсоф бўлган, тужжорларда ҳам. Даллолларда ҳам инсоф бўлган. Қисқаси ўша даврда ўзаро олди-берди муомаларида ҳалоллик, бировни, айниқса кўпни ҳаққидан қўрқиш, тарози ва ўлчовда эҳтиёт бўлиш ва ҳоказолар одамларимизда биринчи ўринда турган. Энди, бугунги кунга келиб, биринчи ўринда турган у хусусиятлар орқага ташланиб, қандай қилиб бўлса ҳам пул топиш, яхши яшаш, яхши кийиниш, яхши уловга эга бўлиш биринчи ўринга чиқди.

Яна бир масала бу, ҳар қандай ўзаро олди-берди муомалаларида қарз бўлишдан қўрқмаслик, қарз бўлса вақтида бермай қочиб юришлик, қарз бўлса тўлай олмаслигини билиб ҳам, бориб бировни алдаб пулини, ёки молини олиб кетишлик каби салбий иллатлар жудаям урчиди. Ё товба дейман, дуппа-дуруст одамлар кўнгилхушлик учун, ёки ҳолларига яраша маърака қилмай, дабдабали қилиш учун бошқалардан қарз олиб, кейин "топсам бераман, бўлмаса куясан" қабилида яшаб юришибди.

Эътибор берсам бу эпидемиядан ҳеч ким соғ қолмаган. Бу гапларни нега жон куйдириб ёзаяпман? Чунки ҳозирги кунда ҳар бир хонадонда ҳеч бўлмаганда, бозорнинг қандайдир соҳадасида фаолият юргизаётган битта "бозорчи" бор. Демак, бу дегани ҳар бир хонадонга у, ёки бу кўринишда, юқорида ёзганим, бировдан қарз бўлиш, қарзини бермай қочиб юриш, бировни ҳаққидан қўрқмаслик, кўпни ҳаққидан қўрқмаслик каби иллатлар кириб борган. Демак бу миллат фожиаси, одамларимиз фожиасидир.

Ҳозир бизда бир тенденция жудаям кучайган. Бу ҳам бўлса ўзини айбини кўрмасдан, ёки кўрса ҳам ўз айбига беэътибор бўлиб, ўзгалар айбини муҳокама қилиш, ўзгаларни нималардадир айблаш тенденцияси. Сизни билмадиму, ман ҳаётда жудаям кўп кўрганман, ўзи умуман ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмай, бировларни ҳаром-ҳариш ейишда айблаб ўтирганларни.
Ёки ўзи ўғри бўлиб, бировларни ўғирликда айблаб ўтирганларни. Ёки ўзи бировни ҳаққидан қўрқмай, бошқаларни бировни ҳаққидан қўрқмасликда айблаб юрганларни. Ёки ўзи порахўр бўлиб, бировларни порахўрликда айблаб юрганларни.
Хўш, шундай экан демак, олдин биз ўзимиз ўзгаришимиз керак экан. Бу гап ақлини таниган ёш боладан бошлаб, ёшини яшаб, ўлим соатини кутаётган қарияларгача тааллуқлидир. Демак, ўзимизни хулқимиз бузуқ ҳолда, ўзимизни ахлоқимиз бузуқ ҳолда, ўзимизни инсофу-диёнатимиз бўлмаган ҳолда, ўзимизни виждонимиз бўлмаган ҳолда ва ҳоказо ва ҳоказоларда бошқаларни айблашимиз бу жудаям нотўғри. Биз жамиятни соғлом бўлишини, одамларгни инсоф-диёнатли бўлишларини, бировнинг, кўпнинг ҳаққидан қўрқишларини, ёлғон гапирмасликларини ва ҳоказо ва ҳоказоларни ҳоҳлар эканмиз, унда ўзгаришни ҳам ўзимиздан бошлашимиз керак экан. Ана шунда насиҳатимиз кимгадир таъсир қилади. Акс ҳолда ҳаммаси бефойда бўлиб қолаверади. Яқинда бир аҳли илмлардан бўлган домлани маърузаларини эшитар эканман, у киши насиҳат қила туриб, "сиз ичингизни ўзгартирмагунингизча, Аллоҳ сизларни ташқарингизни ўзгартирмайди" дедилар. Яъни сизни авваламбор қалбингизни тўғриликка ўзгартирмагунизча, сизни оёқ-қўлларингиз, тилингиз тўғриликка ўзгармайди.
Яна сиз ўзингизни ўзгартирмагунингизча, атрофингиздагилар асло ўзгармайдилар.

Аллоҳ таоло Қуръонда Раъд сурасининг 11-оятида:
"Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас", дейди.
Албатта бизни энг яхши биладиган зот бу Унинг Ўзидир. Шу учун Яратган ҳам бизни ҳолатимизни "Ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас" деяпти.
Хўш, унда биз ўзимизни қачон ўзгартирамиз?
Қачон ейдиган луқмамизни ҳалол, ёки ҳаром эканлигини текшириб еймиз?
Қачон биз кўпни ҳаққини ейишдан тийиламиз?

Энг ёмони биз бугун фақат кунимизни қандай ўтиши ҳақида ўйламоқдамиз.
Қилаётган маъсият, гуноҳ ва ҳаром ишларимиз билан, гуноҳга ботаётганимизни ҳам, ўз ишларимизни ҳам, яшаш шароитимизни баракасини қочираётганимизни ҳам ўйламаймиз.

Ҳозир эътибор берсангиз ҳамма шароит бор, тўкин-сочинчилик бўлаяпти ва сал ҳаракат қилган одам оч қолмайди. Бинойидек яшайди. Аммо биздан олдин ўтганларни замонларидагидай барака ҳозир йўқ. Улар даврида имкониятлар чекланган, шароитлар йўқ эди. Аммо барака бор эди. Энди эса шароит бор,имкониятлар бор. Аммо ҳеч нарсамизда барака йўқ. Буни сабаби эса ичимизни ҳам, ташимизни ҳам чиркин босиб бировни ҳаққидан ҳазар қилмайдиган бўлиб кетганимиздандир.

Ушбу ёзувларни ёзар эканман, юқорида ҳам бир эслаганим, аҳли илмлардан бўлган бир уламомизни Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу ҳақларида қилган маърузаларидани бир воқеа эсимга тушди. У воқеага кўра Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу бир марта ўлжага тушган мушкни тақсимлаш чоғида, мушкни тақсимлаётган аёлни қўлига теккан мушкни "исроф бўлмасин" деб, бошидаги рўмолига артаётганини кўриб, унга танбеҳ бериб, бошидаги рўмолини алмаштиришни буюриб, мушк сурилган рўмолни ёқиб юбориб, мушк суртилиб қолган қўлини рўмолига сурмай, тупроққа суртиб тозалашини буюрган эканлар. Чунки ўша аёлни, кўпни ҳаққи бўлган мушкни юқини ҳам, рўмолига суртиб олишига рухсат бермаган эканлар. Бўлмаса у аёл мушк суртилган қўлини, мажбур бўлиб, тозалаш учун рўмолига суртган, асло ўғирлаш, ёки бировни ҳаққини ейиш учун эмас. Аммо мубоҳ ишларда ҳам тақво қилишга одатланган Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу унга шу ишга ҳам рухсат бермаган эканлар.

Энди эса биз ўз ҳолатимизга қарайликчи, ҳатти ҳаракатимизни баҳолайликчи, еяётган луқмамизга қарайликчи, қандай яшаяпмиз, қандай кийинаяпмиз, одамлар билан қандай муомалада бўлаяпмиз?

Биз нега барака йўқлигини гапирамизу, негадир баракамизни йўқотаётган ишларимиздан оғиз очмаймиз.
Биз дуоларимиз нега қабул бўлмаётгани ҳақида бош қотирамиз, зорланамизу, аммо дуоларимиз нега қабул бўлмаётганини сабаблари ҳақида бош қотирмаймиз.
Биз ёшлар тарбияси бузилиб кетаётгани ҳақида соатлаб муҳокама қилиб гапира оламиз, аммо ўша ёшларни тарбияси бузилиб кетаётганига айнан ўзимиз ёмон ўрнак бўлаётганимиз ҳақида ўйламаймиз.
Биз ҳаммадан инсоф-диёнат йўқолиб бораётганидан доим ёзғириб нолиймиз, аммо ўша инсоф ва диёнатини йўқотаётганларни илк сафида ўзимиз ҳам борлигимизни ўйламаймиз.

Демак, бировларни ҳатти-ҳаракатини муҳокама қилмасдан, бировларни сўкмасдан, танқид қилмасдан олдин ўзимизни ҳолатимизни ўйлайлик. Ўзимизни ҳолатимизни баҳолайлик. Ўзимизни ҳолатимизни таҳлил қилайлик.  Ўзимизни  ўзгартирайлик. Агар шундай қилмасак, ҳолимиз баттар бўлиб бораверади.

Сўнгги сўз ўрнида: Ушбу ёзувларни ёзаётган каминангиз ҳам сизлар билан бир қозонда қайнамоқда ва сизлар каби ўз қобиғига ўралиб, кимнидир ҳаққини еган ва емоқда. Кимнидир вақтини ўғирламоқда. Кимдандир қарз бўлиб, ўша қарзни қайтаришни парвосига ҳам келтирмай юрибди ва ҳоказо ва ҳоказо. Аммо ишонинг, энди у бундай юришни ҳоҳламайди. Бировни ҳаққини ейишни, бировни ҳаққини ўзлаштиришни, бировлардан қарзи учун қочиб юришни асло ҳоҳламайди.
Сиз ҳам бу ҳақда бир ўйлаб кўринг. Ўзингизни ўзгартирадиган вақт етиб келганини англаб етинг.
Зеро ҳалолликка нима етсин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий