Ўзини туман "ИИБ ЖҚБ нинг терговчиси Фалончаев" деб таништирган йигитнинг қаршисида ўтирган Азамат, у берган саволлардан довдираб қолди. Ҳозир шу тобда у, ўшанда телефонидан кимга қўнғироқ қилганини ёки ким унга қўнғироқ қилганини ҳарчанд эслашга уринса-да эслай олмаётган эди. Қайердан ҳам эсласин? Терговчи ўн беш кун олдинги қўнғироқ ҳақида гапириб уни айблаётган бўлса.
- Мана, биз уяли алоқа компаниясидан олган, сўнги қўнғироқларингиз рўйхати. Телефон йўқолгандан бироз ўтиб сизни рақамингизга ўша телефонга ўрнатилган рақамдан қўнғироқ бўлган. Шундан сўнг телефон ўчирилган. Сим карта эса кейин қайта ишлатилмаган. Ўшандан буён йўқолган телефон қидирувда. Хўш, сизга ўшанда қўнғироқ қилган одам ким эди? Сиз уни танийсиз, - терговчи саволларини қайтарди.
Азамат терговчи олдига қўйган рўйхатга қаради. Ҳақиқатдан ҳам унга нотаниш рақамдан теришган. Аммо ким, нима учун терган, у буни ўйлаб ўйига ета олмади. Азамат ўзини рақамига қўнғироқ бўлган кунни санасига қаради, саккизинчи апрель экан. Қўнғироқ вақтига қараса эрталабки соат 7.24 да қўнғироқ қилишган. Шунда телефонидаги тақвимни очиб қаради. Унга ўша рақамдан қўнғироқ бўлган куни якшанба кунига тўғри келаяпти. Бу кун Азаматни доим Тошкентдан Самарқандга кетадиган куни-ку. Қўнғироқ вақти эса у поезда бўлган вақтига тўғри келаяпти. У эслади. Ким, қачон ва қандай қўнғироқ қилганини эслади....
Азамат иши юзасидан Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйича қатнар экан йўловчи машиналардан кўра кўпинча яқиндагина йўлга қўйилган "Регистон" тезюрар поездида келиб-кетишни афзал билади. Сабаби, йўловчи машинада орқа ўриндиқда уч киши сиқилиб қолади. Олд ўриндиққа ўтирай деса, ё Азамат боргунча кимдир ўтирган бўлади ёки бўш машиналардан бирининг олд ўриндиғига ўтирса ҳам кейин кексароқ кимдир келиб қолади ва у олд ўриндиқни бўшатиб бериб ўзи орқа ўриндиққа ўтиб ўтиришга мажбур бўлади. Орқа ўриндиқда оёқлар қисилиб манзилга етиб боргунча тўрт-беш соат ўтириш эса жуда азоб. Айниқса орқа ўриндиқнинг ўртасида ўтириб кетиш янада азоб.
Шу орада Тошкент ва Самарқанд орасида қатнаш учун янги "Регистон" тезюрар поездини қатновга қўйишди-ю Азамат йўловчи машиналарда қисилиб кетиш азобидан қутилди. У поезга чиқар экан, ундаги шароитларни кўриб қайтиб йўловчи машиналарда юрмасликка, доим шу поезд билан Самарқандга бориб келиб юришга қарор қилди. Купелар бир-бирига қаратиб қўйилган олтита юмшоқ ўриндиқлар билан жиҳозланган. Ҳар бир купеда тепада иккитадан телевизор бир-бирига қаратиб қўйилган. Бир-бирига рўпарама-рўпара ўтирадиган йўловчилар ўз қаршисидаги телевизорни кўриб кетаверади. Вагон кузатувчилари жудаям хушмуомала. Йўловчилар чой сўрашса чой, кофе сўрашса кофе бир зумда олдиларида пайдо бўлади. Энг муҳими "сиқилиб қолдим, оёғим увишиб қолди" деган ташвишлар йўқ. Ҳоҳласангиз ўтирасиз, ҳоҳласангиз вагонлар бўйлаб саёҳат қилиб келасиз, ихтиёр ўзингизда. Қисқаси, бу тезюрар поезд деганлари роса ҳузуржон экан. Фақат битта ноқулайлиги эрталаб соат еттида жўнайди. Поезд жўнашига улгуриб келиш учун Азамат соат бешда уйғониб йўлга чиқиш учун тадорик кўриши керак. Ҳечқиси йўқ. Бу унчалик муаммо эмас.
Азамат вокзалга етиб келганида поезд жўнайдиган йўлига ҳали қўйилмаган экан. У ўриндиқлардан бирига ўтириб қўл телефонини ковлай бошлади. Мана, у ҳам яқинда қўл телефони сотиб олди. Энди хоҳлаган жойидан, хоҳлаган одамига қўнғироқ қилиб кетаверади. Ҳали кўпчиликда телефон йўқ. Телефон апаратлари ҳам қиммат. Буни устига сўзлашувлар ҳам анча қиммат баҳоланади. Азаматни кўп ишлари телефон орқали ҳал бўладиган иш бўлгани туфайли у ҳам ахийри телефон олишга қарор қилган эди. Ўшанда телефон учун сарфлаган пулига бир неча кун ачиниб юрди. Аммо кейинчалик кўп ишларини телефон орқали битира бошлагандан кейин ҳатто "телефонни вақтида олибман" деб хурсанд ҳам бўла бошлади. Унга айниқса телефондаги бир қатор қулайликлар ёқди. Энди эрталаб соат қидириб юрмайди, шундоқ телефонидаги будильникда вақтини белгилаб қўйса бас, ўша вақтда уни уйғотаверади. Буни устига будильникка хоҳлаган овозни қўйса ўша овозни чиқариб уйғотади. Ҳоҳласа мусиқа, ҳоҳласа азон овози дегандай. Яна ҳисоблагичи бор экан, ундан доим фойдаланиб юрибди. Яна секундомер, ёзма хат жўнатиш ва бошқа қулайликларини борлиги Азаматни хурсанд қилди.
Поездни жўнашини кутиб ўтирар экан, Азамат телефонини қўлига олиб айлантириб томоша қилиб ўтирар эди. Шу пайт ердан чиқдими, осмондан тушдими билмай қолди, юзлари ташвишли ҳолда бир бола олдида пайдо бўлди.
- Ассалому алайкум, ака яхшимиз? Сизга малол келмаса бир илтимосим бор эди. Акам ва келинойим билан Самарқандга бирга кетмоқчи эдик. Уларни боядан бери қидириб топа олмаяпман. Поезд жўнашига эса озгина вақт қолаяпти. Шунга телефонингизни бериб турсангиз акамга қўнғироқ қилиб олсам, - бола Азаматдан телефонини бериб туришини сўради.
- Мана ука, марҳамат - Азамат унга телефонни узатди.
- Ака узр, телефонларни ҳали унча тушунмайман, акамни рақамини айтай, ўзингиз териб бера қолинг, - бола ундан илтимос қилди.
- Айтинг рақамини, - Азамат рақамни ёзишга чоғланди.
Бола акасини рақамини айтди. Азамат ўша рақамга қўнғироқ қилди ва нариги томонда занг чалишни бошлагандан телефонини боланинг қўлига берди. Бола телефонни олиб икки-уч қадам юрди ва нарироққа бориб Азаматга орқа ўгирилиб акаси билан гаплаша бошлади. Уни гаплари Азаматга эшитилмас эди. Гаплашиш асносида бола яна икки-уч қадам Азаматдан узоқлашди. Шунда Азаматнинг кўнглига "Шошма, бу бола шу баҳона телефонимни олиб қочиб кетса-я. Ҳозир шунақа, телефонда гаплашиб олишни баҳона қилиб қилиб, ҳар кимларни телефонини олиб қочиб кетаётганлар кўпайган бўлса" деган ғулғула тушди. У "бола қочса етиб ола олармиканман?" деб ўйлай ҳам бошлади. Аммо, бекорга ташвишланган экан. Бола, акаси билан гаплашиб бўлди шекилли, уни хавотирларини йўққа чиқариб, телефонни Азаматни қўлига қайтариб берди ва:
- Ака раҳмат сизга, мушкулимни осон қилдингиз. Акамлар билетни эртага олишган экан, мен бўлсам уларни бугун қидириб келибман, - деб, ўз йўлига кетди.
Бироз ўтиб Азаматни "Регистон"и ҳам йўлга чиқди. Поездни шинам купесида атрофни гўзал манзараларини томоша қилиб кетар экан Азаматни телефони жиринглаб қолди:
- Ассалому алайкум, Қобил яхшимисан? Кеча нега қўнғироқ қиламан деб қилмадинг. Мен сени қўнғироқ қилишингни кеча куни билан кутдим. Ўзим қўнғироқ қилсам телефонинг ўчиқ эди, - деди телефондан нотаниш бир овоз.
- Ваалайкум ассалом. Ака узр, сиз бошқа рақамга тушиб қолдингиз, бу Қобилни рақами эмас, - деди Азамат.
- Ие шунақами, узр унда биродар, - деди бояги нотаниш овоз ва телефонни ўчирди.
Азамат телефонни чўнтагига солиб яна атрофни гўзаллигига маҳлиё бўлишни давом эттираверди.
Азамат ҳаммасини эслади.
- Ака, бу қўнғироқни ким қилганини эсладим. Ўша куни Самарқандга кетаётганимда кимдир "Қобил деган болани номерими бу" деб адашиб қўнғироқ қилган эди, - деди у рўпарасидаги терговчига.
- Азамат ака қўйсангизчи. Бу сийқаси чиқиб кетган гап-ку. Буни, биринчидан исботлай олмайсиз. Иккинчидан сизга ўша телефонни ўғирлаган шеригингиз сим картани отиб юбормасдан, шошқалоқлик қилиб, қизиқиб қўнғироқ қилган, - терговчи уни кўзига тик қараб гапирар эди.
Азамат бўғила бошлади:
- Қанақа шеригим? Рост гапираяпман. Мен уни танимайман. Бўлган воқеани сизга айтиб бердим, нега ишонмайсиз?
- Ака ишонадиган гап гапирсангиз ишонаманда. Хўш, у нега айнан сизга адашиб қўнғироқ қилади? "Бу тасодиф эди" деб бошимни қотиришга уринманг. Ўша сизга қўнғироқ қилган танишингизни бизга топиб берасиз, ана шундан кейин у, сиз у билан шерикмисиз ёки йўқми ойдинлик киритади. Балки, ростдан унга шерик эмасдирсиз. Оддий танишдирсиз. Ҳаммаси уни кимлигини айтганингиздан кейин, биз уни сиз билан юзлаштирганимиздан кейин ойдинлашади. Уни кимлигини айтинг. Биз уни сиз билан юзлаштирайлик, агар шунда у сизни у билан шерик эмаслигингизни тасдиқласа сизга ҳеч қандай даъвойимиз йўқ. Аммо ҳозирча сиз гумонланувчи шахссиз ва қимматбаҳо телефон апаратини ўғирланишида иштирок этганликда айбланасиз, - терговчи Азаматга хотиржам ва дона-дона қилиб,гапирарди.
- Сиз самарқандлик экансиз. Самарқанд яхши инсонларнинг юрти. У ердан ёмон одамлар чиқмаган. Сиз нега бу машмашага аралашдингиз ҳайронман. Бўлмаса яхши даромад қиладиган ишингиз бор экан. Сизга шунақа "криминал" ишлар керак эдими? Телефон ҳам оддийроқ бўлса майли эди, қимматбаҳо телефон бўлган. Буни устига кўп жойларга гапи ўтадиган бир акахонни телефонлари. Топмасак бўлмайди. Агар топмасак бизни ҳам тинч қўйишмайди, - терговчи ҳужумни давом эттирар эди. Ёнидаги шериги эса келганидан бери гапирмайди. Фақат ёнидаги шеригини гапини маъқуллаш учун бошини қимирлатиб қўяди холос.
Шу пайт Азаматни кўзи ярқ этиб очилиб кетди. Унга ҳаммаси тушунарли бўлган эди. Демак воқеани бошидаги "акаси ва келинойисини қидирган" бола ҳам буларни ўзининг одами. Ундан кейинги поездда кетаётганида унга "Қобил ўртоғини" сўраб адашиб терган номаълум шахс ҳам буларнинг шериги. Балки у манави сохта "терговчи"ни ёнида индамай ўтирган шериги бўлгандир. Йўқ булар Азаматни танишмайди. Булар йўлларида дуч келган ва телефон кўтариб юрган одамларни мана шунақа йўл билан тунашади. Булар ўзларини ролларини қойиллатиб ўйнашаяпти. Агар ҳақиқатдан ўғирлик содир бўлган бўлса терговчи уни "гаплашиб олиш" учун хилват бир кафега чақирар эдими? Қаршисидаги йигит ҳақиқатдан терговчимикин ёки терговчи ролини ўйнаётган талончи эканми?
"Демак, булар ролини зўр ўйнаётган экан, мен ҳам ўз ролимни қойил қилиб ўйнашим керак", Азамат шу ҳақда ўйлай бошлади.
У терговчини кўзига қарар экан секин гап бошлади:
- Ака, у телефонни энди ортга қайтаришнинг умуман иложи йўқ. У телефон аллақачон жойини топиб кетган. Анави менга телефон қилган болани ҳам қўяверинг. Мен ўша телефонни янгисидан олиб бераман. Сиз ишни ёпишни харажатидан гапиринг. Ҳозир у болани сизларга топиб берсам ҳам бўлади, аммо уни ушлаб берганим учун у мени ўзига шерик деб туриб олса мен ўғрига шерик сифатида айбланаман ва бу мени обрўйимга тўғри келмайди. Таниш-билишлар, ишдаги ҳамкорлар олдида обрўйим бир пул бўлиб, мени аҳволим ёмон бўлади. Сиздан илтимос, шу ишни тинчитиш учун менга ёрдам беринг. Мен янги телефон олиб бериб зарарни ҳам қоплайман, яна харажатини ҳам мингдан минг рози бўлиб бериб сизларни ҳам рози қиламан.
Азаматни айбини тезгина "бўйнига олганини" кўриб терговчини кўзи қувончдан порлай бошлади:
- Азамат ака, мана энди ўзингизга келдингиз. Боя айтдимку "Самарқанддан доим яхши одамлар чиққан" деб. Энди гап мундоқ, ўша ўғирланган телефон апарати саккиз юз долларлик телефон апарати эди. Сиз овора бўлманг. Пулини берсангиз телефонни ўзимиз янгисини сотиб олиб, бориб акахонни хурсанд қилиб, узр сўраб, рози қилиб келамиз. Энди харажатга келсак, биз ноинсоф эмасмиз. Бор йўғи икки юз доллар берасиз етади. Бу икки юзни уч-тўрт кишига тақсимланишини ҳисобини олсангиз бизга ҳам сизга қилаётган хизматимиз учун қўлимизга кўп катта пул тегмайди. Фақат рози бўлиб берсангиз бўлди. Кейин сиздан илтимос ахмоқлик қилишни ўйламанг.
Азамат уни "ахмоқлик қилишни ўйламанг" деганда нимани назарда тутганини тушунди. Ўзини хокисор тутиб:
- Ака одамни хижолат қилманг. Мен ўзимни эркакман деб юрибман. Пул учун хотинчалишлик қилаётганларни ўлгудай ёмон кўраман. Кейин менга арзимас пулдан кўра ўз обрўйим муҳимроқ. Эртага номим қора бўлса мен ҳамма нарсамни йўқотаман. Ҳатто ишимни ҳам, ҳамкорларимни ҳам. Шу учун арзимаган пулни ўз фаолиятимни хавф остига қўймоқчи эмасман, - деди.
"Терговчи" эса бу гаплардан анча хурсанд бўлди ва:
- Яшанг ака, сизни биринчи кўрганимдаёқ гапни тушунадиган инсон эканлигингизни сезганман. Сезгим алдамабди. Хўш, энди асосий гапга ўтсак. Пулни қачон қайерда оламан?, - деди у ва қўлини узатди.
Азамат унга қўл ташлади:
- Ака бугун кеч бўлди. Уйимда тайёри йўқ. Эрталаб ярим соат, узоғи билан бир соатда тайёрлаб қўнғироқлашиб мана шу ерга олиб келаман, - деди.
- Азамат ака бизга маъқул. Унда эрталаб қўнғироқлашамиз, - деди у ва хайрлашиб чиқиб кетди.
Азамат ўша жойда бироз ўтириб ҳаммасини яхшилаб режа қилиб олди.
"Бу одамлар ҳақиқатдан туман ИИБ ЖҚБ да ишлашса унда ИИБдан ёрдам сўраб боришга ҳожат йўқ. Чунки кимдир буларни огоҳлантириши ва ҳамма ишни пачаваси чиқиши мумкин. Агар булар ИИБ ЖҚБ да ишлашмаса ва оддий товламачилар бўлишса ҳам барибир туман ИИБ дан ёрдам сўраб бўлмайди. Чунки у ерда буларни танишлари ишлаши мумкин. Гап сўзидан собиқ ички ишлар ходимларига ўхшашаяпти. Акс ҳолда булар терговчи ролини бунчалик ишонарли ўйнай олмасди. Демак, унда ИИБнинг шаҳар бўлимидан ёрдам сўраш керак. Ким бўлишса ҳам уларни шу йўл билан қўлга тушириш қулай. Аммо булар яшайдиган туманимни билишди, шунга ҳар эҳтимолга қарши ўша туман ИИБ идорасининг яқинига ўз одамларини қўйиб у ерга бориш, бормаслигимни кузатишлари ҳам мумкин. Шу учун ёрдамни шаҳар ИИБ дагилардан сўрайман. Кейин ҳозир бу ердан чиқишим билан ортимдан кузатиб, уйимгача бориб, уёғига эрталабгача уйимни атрофида пойлаб эрталаб қайерга боришимни охиригача пойлаб юраверишлари ҳам мумкин. Демак, ҳозир бу ердан чиқиб, мабодо уларни одами кузатаётган бўлса, уларни чалғитиб кета олишим керак. Акс ҳолда ҳаммаси чиппакка чиқади".
У ҳамма режасини пишитди. Кўчага чиқиб машинасига ўтириб шаҳарни машиналар камроқ юрадиган тарафига қараб юрди. У ўзини кузатишаяптими ёки йўқми шуни билгиси келаётган эди. Кечки пайт бўлгани учун кўчада машиналар анча сийрак эди. Азамат озгина юриб бир маҳалла кўчасига бурилганда орқасидан бир машина ҳам бурилганини кўрди. Азамат яна бироз юрди ва яна маҳалладаги бошқа бир кўчага бурилди. Орқасидаги уни кузатиб келаётган машина ҳам уни орқасидан бурилди. Маҳалладаги узун кўчалардан бирига бурилгандан кейин Азамат тўхтади. Орқадан келаётган машина аросатда қолди. Орқада, ёки олдинда тўхтай деса ўзини сездириб қўяди. Азаматни атрофида тўхтамай ўтиб кетаверса бу йўл анча жойгача тўғри кетган ва улар кетаверса Азамат орқага қайрилиб бошқа кўчага чиқиб изни йўқотиб кетиши мумкин. Орқадан уни кузатиб келаётган машина бу узун кўчада кўчани охиригача ҳеч қайси тарафга қайрилиш йўқлигини билмас экан. У Азаматни олдидан ўтиб кетди ва тезликни пасайтириб кета бошлади. Чамаси улар ўнггами, чапгами қайрилишни қидираётгандилар. Чунки қайрилиш бўлса, шундоқ қайрилиб Азаматни бемалол пойлайверардилар. Улар қайрилиш қидириб анча жойга кетиб қолдилар. Азамат эса машинани ўша жойда қолдириб орқага пиёда юриб қайтиб, катта кўчага чиқиб такси тўхтатди. У ўзини кузатаётганлар уни уйини ўша машинасини қолдирган ерда деб ўйлаб эрталабгача ўша ерни кузатишларини тахмин қилди.
У таксига ўтириб кетар экан уйига эмас, биринчи навбатда шаҳар ИИБ идорасига боришни ўйлади ва таксичидан ўша ерга олиб бориб қўйишни сўради. Таксичи у сўраган манзилни билар экан бирпасда олиб бориб қўйди.
Азамат ичкарига кириб қоровулликда турган ходимга ўзини таништириб унга ўзини муҳим гапи борлиги сабаб навбатчи ходим билан учраштиришни сўради. Эшик олдидаги қоровулликда турган ходим навбатчи ходим билан боғланиб вазиятни тушунтирди. Навбатчи ходим унга Азаматни текшириб, қайд қилиб олдига киритиб юборишини буюрди.
Азамат навбатчи ходимни олдига кириб воқеани батафсил айтиб берди. Шундан кейин навбатчи ходим бошқа ходимларни ҳам чақирди. Маслаҳатлашиб Азаматга улар сўраган пулни махсус белги қўйилган ўнта юз долларлик купюрада беришди. Улар Азаматга эҳтиёт бўлишни тайинлаб, ўзлари ҳам ўша кафе атрофида бўлишларини ва Азамат товламачиларга пулни берган пайтда кириб уларни қўлга олишларини айтишди. Энг муҳими Азамат уларни чўчитиб юбормай, ролини ишонтириб ўйнаши керак эди.
Азамат уларни олдидан чиқиб уйига борди. Будильникни қўйиб ухламоқчи бўлди. Бунақа пайтда қайердан уйқу келарди. Азаматни юраги ҳаяжондан тез-тез урарди. Эрталаб ўхшармикин, ўхшамасмикин? Илоҳим ўйлаганлар режалари ўхшасин-да.
Азамат эрталабгача ухламади. Эрталаб кечаги кийимини кийиб устидан тамоман бошқа кийимлар кийиб, бошига ҳам кепка кийиб, кўзига кўзойнак тақиб олди ва таксига ўтириб кеча тунда машинасини қолдириб кетган маҳаллага қараб жўнади. У машинаси турган жойдан сал нарида таксидан тушди ва тротуардан машинаси томон юра бошлади. Қараса машинасидан анча нарироқда яна бир машина Азаматни машинасига ўхшаб кўча четида турарди. Азаматни тахминича улар ўша машинадан туриб уни машинасини пойлаяптилар. Бахтига йўлак ва кўча ўртасига ҳар хил дарахтлар экилгани туфайли кўчада узоқдан уни машинасини пойлаб ётганлар уни кўра олишмасди. Кўра олишганда ҳам балки танишмас эди. Чунки Азамат кийимлари устидан яна бошқа кийим кийиб олган эди. У секин юриб машинасини олдига яқинлашди. Қараса машинаси турган жойдаги ҳовлининг дарвозасини дарча эшиги очиқ экан. Азамат секин эшикдан кирди ва эшикни олдида зудлик билан устидаги кийимларни ечиб пакетга ўради ва ҳеч нарса кўрмагандай чиқиб мошинасини эшигини очиб ўтирди ва уни бироз қиздириш ниятида моторни ўт олдириб қўйди ва нарироқдаги машинани кузата бошлади. Уни машинасига ўтирганини кўрган машина ичидагилар ҳам ғимирлашиб қолишди. Азамат адашмаган экан. Демак уни шу машинадагилар кузатишаяпти. Азамат секин машинасини юрғизди ва ўшалар тарафдан катта кўчага чиқиш учун юрди. Уларни олдидан ўтиб кетар экан улар томонга қарамасликка ҳаракат қилди. Кўчадан кетиб борар экан Азаматни кўзи орқани кўрсатадиган ойнада эди. Мана ниҳоят улар ҳам қўзғалиб уни орқасидан йўлга тушишди.
Йўлда Азамат "терговчи"га қўнғироқ қилди ва уларни олдига бораётганини маълум қилди. Улар ҳам йўлда эканлар. Азаматни тахминича уни кузатаётганлар "уни уйидан ҳеч қайерга чиқмагани" ҳақида ўз "босс"ларига хабар беришган ва улар энди ҳеч нарсадан хавотирланмаган ҳолда Азаматдан келишилган пулни олиш учун келаётган эдилар.
Азамат кириб борганда улар ҳам эндигина келган эканлар. Азамат улар билан сўрашар экан, "ўзини шармандаликдан сақлаб қолганлари учун" тинмай уларга миннатдорчилик билдирарди.
Ҳаммаси кўз очиб юмгунча содир бўлди. Азамат "терговчи"ни қўлига пулни берганидан кейин у Азаматга ишонмай пулни санашга тутинди. Шу пайт кафега яшин тезликда махсус ходимлар кириб келишди ва "терговчи" ва унинг шеригини қўлга олиб, қўлига кишан тақишди. Шунда Азамат "терговчи" ва шеригини унга нафрат билан қараб турганларини кўрди. Ташқарига чиқишгандан кейин Азамат ўзини кузатганларни ҳам ҳуқуқ посбонларининг машинасида қўлларига кишан урилган ҳолда ўтиришганини кўрди. Улардан бири ўша Азаматдан вокзалда "акасига қўнғироқ қилиб олиш учун" телефон сўраган бола эди.
Тергов жараёнида аниқ бўлдики, бу тўртовлондан иборат жиноий гуруҳ мана шунақа йўллар билан турли одамларни қўрқитиб товламачилик йўли билан уларнинг пулларини ўзлаштириб келишган. Улардан иккитаси, Азамат билан кафеда учрашиб ўзини "терговчи" деб таништирган йигит ва уни шериги терговчи эмасликлари, бир пайтлар ички ишлар тизимида ишлаб вазифаларини суъистемол қилганлари учун ишдан ҳайдалиб кетган собиқ ходимлар эканликлари аниқланди.
Тергов тугаб судда бу тўртовлонга қилмишларига яраша жазо берилди.
Судда бу тўртовлонни яқинлари ҳам қатнашишди. Бирининг хотини ва болалари, ота онаси билан, яна бирни яна кимидир, ёшроғини эса ота-онаси суд давомида кўзда ёш билан йиғлаб ўтиришди. Аммо Азамат улар томонга қарамади. Қилган ишига, уларни ҳуқуқ посбонлари қўлига ушлаб бергани учун афсусланмади ҳам. Чунки булар кўпчиликни мана шунақа йўллар билан товлаб йиғлатиб қақшатиб юрган жиноятчилар эди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий