понедельник, 4 апреля 2016 г.

ЭЛЧИЛИК!

ЭЛЧИЛИК!

Элчилик, шу сўзни эшитсам биринчи навбатда эл-юртни тўй ҳашамлари, аза маросимларини эслайман ва ўйлайман. Ундан бошқа нарсани эмас. Чунки халқнинг наздида сизни элдан чиққан чиқмаганингиз аллақандай савоб ишларда эмас, айнан ана шу юқоридаги тўй ва азага боғлиқ маросимларда қатнашишингизга қараб белгиланади. Сиз сиълаи раҳмни унутинг, қариндошларни йўқламанг сиз билан ҳеч кимни иши бўлмайди. "Ҳа энди ҳозир ҳамма ўзини ташвишидан ортмайди" деб қўя қолишади. Ёки қўшнилар билан алоқангиз бўлсин-бўлмасин яна сиз билан ҳеч кимни иши йўқ. "Ҳа энди иккита қўшнини ўзи билади-да" дейишади-ю кетаверишади. Аммо элни ҳар хил керак-у, кераксиз маросимларига қатнашманг, бўлди сиз элдан, элчиликдан чиқасиз қоласиз.

-Эй фалонча нега мундоқ одамларга қўшилмайсан, нега фалончани "худойи"сида, фалончани "йил оши"сида кўринмадинг. Фалончаникида эса жанозага борганинг кейин қайтиб бормадинг? Ҳаммамиз бир жойни одамимиз, уят бўлади, мундоқ кўриниб тургин. Кейин элчилик деган гаплар бор.

-Ўша фалончаникига жанозадан кейин ҳам  бир марта жанозани эртаси куни фотиҳага боргандим, сизни ўзингиз кўринмадингиз?

-Жанозадан кейин бир марта бориш, нима деган гап бу? Ҳеч бўлмаса тўртинчи кун "худойи"си ўтгунча ўша ерда бўлишинг, кейин эса ҳар пайшанба ва якшанба кунлари фотиҳага бориб туришинг керак. Акс ҳолда, бунақада элчиликдан чиқиб кетиб қоласан.

-Ишларим тиғиз эди, бировга ваъда бергандим, ўшани ишини бориб бажариб беришим керак эди. Кейин, ўша жаноза бўлган хонадонни ҳам шароити унча эмас экан. Жаноза харажатларига ҳам, ундан кейин дастурхон тузашга ҳам пулни кимдандир  қарз олиб келди. Кейин ҳозир ҳаво совуқ бўлса, ташқарида ўтирсам соғлигимга тўғри келмаяпти. Зўрға топиб келган ўтинни ёқиб иситиб ўтирган уйига эса одам тўла ўтиради. Шунга боришга ҳам хижолат бўлдим.

-Э нималар деяпсан. Қарз бўлса, ўлмаган жон узади. Энди соғлигингга келсак, баҳона қилма, отдайсан. Бошқа бундай қилма, кўриниб тур. Элдан, элчиликдан чиқиб кетиб қолма.

-Хўп, хўп.

-Ҳа, шундай бўлсин.

Юқоридаги суҳбатга ўхшаш суҳбатлар кунора бўлмаса-да ҳар-ҳар замонда юртимизни баъзи жойларида бўлиб ўтади.
Айниқса мен туғилиб ўсган жойимда бу ҳолат кучлироқ ривожланган.

Тўғри, киши эл-юртга аралашиб юриши керак, аммо юқорида айтганимдай нега қариндош уруғлар билан ораси узилиб юз кўрмас бўлиб кетса, ёки қўни-қўшнилар билан алоқаси яхши бўлмаса элдан чиққан ҳисобланмайди-ю, лекин аллақандай бидъат маросимларга бормаса, ёки ҳатто бир жойга боришга соғлиғи тўғри келмагани учун бора олмаса элдан чиққан ҳисобланади? Мана шунга мен ҳечам тушунмайман.

Кўпинча мана шу масаладан гап очилганда ҳаддим сиғадиганларга мана шу аза маросимлари динимизда бўлмаганини, иложи борича бормасликни, жоназага боргандан кейин агар қўни-қўшни ва қариндошлардан бири бўлмай узоқроқда бўлса фотиҳага бориш ҳам лозим эмаслигини гапираман. Кимдир бу гапни маъқуллайди. Кимдир эса элчилик эканини, элдан чиқиб бўлмаслиги ҳақида "ваъз" ўқийди. Ачинарлиси уни гапини ҳам кимдир қўллаб-қувватлайди.

Бой ҳам, мискин ҳам тўйни йиғиниб қилар. Аммо ўлим бевақт келиб қолганлиги туфайли жаноза қўққисдан бўлиб қолади. Ана шундай ҳолатларда ўзи зўрға кун кўриб юрган инсонлар ўша бидъат бўлган жаноза маросимларини ўтказиш учун бировдан қарз олмоқдалар. Ёки қарз берадиган одам чиқмаса, рўзғорига яраб турган нимасинидир сотиб, ўша маърака-ю маросимларни ўтказмоқда.
У қандай элчилик-ки, элдан бир кишининг бошига мусибат тушганда унга ёрдам бериш ўрнига, ҳар хил маросимларни баҳона қилиб, уни ҳадеб безовта қилаверишса.
У қандай элчилик-ки, бир одам турли муаммолар гирдобида қолиб, ҳали қариндошлар билан, ҳали қўшнилар билан ит-мушук бўлиб юраверса-ю у билан ҳеч ким қизиқмаса, аммо кимнидир бирон бир бидъат маъракага бормагани, ёки ўша мусибат етган хонадонни камроқ безовта қилай деб фотиҳага бормагани учун элчиликдан чиқаяпсан деб таъна қилишса!

Алҳамдулиллаҳ мен ҳам мусулмонман деган инсон учун энг биринчи сўраладиганимиз бу намоз. Эрта Қиёматда "эй бандам, нега "худойи"га, ёки "йигирма", ёки "қирқ"ларга бормадинг" деб сўрамайди. Аксинча "эй бандам мусулмонликни даъво қилдинг-у, нега амалларни бажаришга келганда сускашлик қилдинг" деб сўраламиз.
Шундай экан, бизнинг "элчилигимиз" биринчи навбатда Яратган билан бўлиши керак. Ана ундан кейин эса бандалари билан. Чунки биз беамал ҳолда минг элчилик қилайлик буни охиратимизга фойдаси йўқ.

Агар биз ҳақиқий элчиликни ҳоҳласак бизга буюрилган амалларни ҳам бажаришга ҳаракат қилиб, ундан кейин мусибат хонадонини ҳадеб безовта қилгунча қўни-қўшниларга қариндош-уруғларга сиълаи раҳм қилишимиз керак ва доим ҳаммага яхшилик қилиш пайида бўлишимиз керак.
Энг муҳими элчиликни аллақандай бидъат маросимларда қатнашиш ёки қатнашмаслик билан белгиламаслик керак. Аксинча, кишини эл-юртга, одамларга қанчалик манфати кўп тегаётганига қараб уни элчиликка қанчалик амал қилаётганини баҳолаш керак.
Агар ҳамма маросимлардан қолмай борса-ю, аммо ночор қўшниси, ёки қариндоши ёрдам сўраганда бор бўлиб бермаса, ундай одамни элчиликда юрибди деб бўладими?
Ёки ўзи ҳар доим, ҳаммага ёрдамга бериб юрса, қўлидан келганча одамларга яхшилик қилиш пайида бўлса, қўни-қўшнилар, қаридош-уруғлар уни қилаётган сиълаи раҳмидан рози бўлишса, шундоқ одамни соғлигидаги муаммо туфайли, ёки ҳар хил бадъат маросимларга югуравермаслиги учун элчиликдан чиққан деб баҳолаб бўладими?
Манимча йўқ.
Аммо сиз буни қандай баҳолайсиз менга қоронғу.
Элчиликда бўлайлик, аммо олдин элчиликни нима эканлигини тушуниб етайлик.
Акс ҳолда элчилик деганимиз бошқа нарса бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

Саломат бўлинглар.

(Бу фикр ва мулоҳазалар мени фикр ва мулоҳазаларим ва у сизнинг фикр мулоҳазаларингиздан фарқ қилиши мумкин)

Комментариев нет:

Отправить комментарий