четверг, 31 марта 2016 г.

РОСТГА АЙЛАНГАН ЁЛҒОН, ёки ёлғонга ишонтирилаётган болалар.


Ростга айланган ёлғон, ёки болаларнинг мунгли кўзлари.

Бир инсон кимгадир насиҳат қилар экан ўша насиҳат тарзида гапираётган гапларига ўзи ҳам амал қилсагина уни гапираётган гапи, қилаётган насиҳати эшитувчига таъсир қилиши мумкин. Акс ҳолда у насиҳатни фойдаси йўқ. Эшитгувчи балки насиҳатгўйни олдида индамай бошини эгиб турар. Аммо насиҳатни тугатиб ортга ўгирилганидан "ўзинг кимсану, кеча нима ишлар қилиб юргандинг-у энди келиб менга насиҳат қиласан" дейди ва ишонч билан айта оламан-ки ўша эшитган насиҳатини тескарисини қилади.
Ҳа шундай.

Яқинда 2- синфда ўқийдиган ўғлим билан "Ахборот"ни кўраяпмиз. Диктор болалар спорти ҳақидаги оддий халқ тушунмайдиган аллақандай рақамларни мақтаниб тилга олди-ю охирида "Ҳозир Ўзбекистонимизнинг ҳамма жойларида, шаҳар ва қишлоқ мактабларнинг ҳаммасида спортзал ва спорт майдончалари қурилиб, жиҳозланиб келажагимиз бўлган ёш авлодларнинг ихтиёрига топширилган" деди. Буни эшитган ўғлим манга қаради-ю "Дада бизнинг мактабда спортзал ҳам, спорт майдончаси ҳам, ҳатто тузукрок копток ҳам йўқ-ку. У бизни мактабни ҳам гапираяптими" деб сўраб қолди. Нима деб жавоб беришни билмайман. Бирпас ўйланиб туриб "Ўғлим у "Тошкент" дейман деб "Ўзбекистон" деб юборди" дедим. Ҳа, болага мажбур бўлиб ёлғон гапирдим. Аммо у ишондими ёки йўқми билмайман. Манимча ишонмади. Ҳатто ёш бола ҳолида ҳам болаларимиз телевизордаги айрим баланпарвоз гаплар билан ҳаётда кўраётган ҳолатлари тўғри келмаётганини билаяптилар, сезаяптилар. Бу биринчиси.

Иккинчиси эса, ҳозир бизда свет эрталаб икки соат, кечки пайт икки соат берилади. Қишдаям, ёздаям аҳвол шу.
Ҳамма свет билан боғлиқ ишларини мана шу тўрт соатга мўлжаллашга мажбур. Анча йиллардан бери аҳвол шу. Очиғи катталар-ку майли, болалар ҳам шу аҳволга кўникишди. Уларни ҳолатини кўриб очиғи раҳмим келади. Чунки ХХI - асрда, одамлар Марсга учиш учун тайёргарлик кўраётган бир пайтда бизнинг болаларимиз свет йўқлиги туфайли зулматда улғайишаяпти.
Яқинда шу соҳада нима қилса аҳволни бироз яхшиланаркин деб ўйлаб ўтириб ўзимча бир нарсани кашф этдим. У ҳам бўлса биз мустақиллик йилларида автомобиль завод қурибмиз, темир йўллар қурилибди, авто йўллар қурилибди, таъмирланибди. Аммо биронта Иссиқлик Элетр Станциясини қурмабмиз. Ҳа ҳамма нарсани қурибмизу, ана шуни қурмабмиз. Аслида бу "кашф этиш"га ҳам кирмайди.
Эскиларини таъмирлаб, ишлатаяпмиз. Аммо янгиси қурилмабди. Аҳоли қарийб бир баробар ошди. Қаёққа қараманг корхоналар, ишлаб чиқариш бир неча баробар ошди. Аммо электр энергиясини ишлаб чиқариш сезиларли ошгани йўқ.

Юқорида спортзал ва спорт майдончаси ҳақидаги "баландпарвоз" гапларни эсладим. Аммо билишимча болаларни бошқа ҳолатдаги ёлғонлар ҳам "қизиқтиради". Масалан, қисқагина ёнган светда телевизор томоша қилиб ўтирганида пойтахтдаги аллақайси бир мактабдаги компьютер синфини кўрсатишса ҳам балки ўғлим ҳавас билан термилиб ўтирар. Чунки кундузлари свет бўлмаганлиги туфайли маҳалламиздаги мактабнинг компьютер синфини эшиги умуман очилмайди. Очилса ҳам движок ёқиб бир синф болага худди маймунни томоша қилдиргандай битта компьютерни ёқиб кўрсатишади холос. Ҳа шундай. Телевизордаги сўзамол диктор олдидаги шаблон матни ўқиб, нима ёлғони бўлса гапираверсин, ёки Халқ Таълими Вазирлиги ўз ҳисоботларида нима деб кўрсатса кўрсатаверсин. Аммо ҳақиқий аҳвол мана шу.
Мумкин спортзал ва спорт майдончаси билан боғлиқ муаммо юртимиздаги саноқли мактабларда бордир. Аммо свет йўқлиги туфайли мактаблар ўз имкон даражасида таълим бера олмаётгани хусусидаги муаммо юртимизни аксар қишлоқ жойларида бор  ва бу муаммо ечимини кутаётган долзарб муаммодир.

Юқорида гапни болаларнинг мунгли кўзлари ҳақида ёзиб бошладим. Ҳа ҳақиқатдан шундай. Улар телевизорга қарар эканлар доимо пойтахт ёки вилоят марказидаги сузиш ҳавзалари, спортзаллар ва спорт тўгараклари ёки мактаблардаги бошқа шароитлар кўрсатилганда томоша қилиб туриб бир хўрсиниб қўйишади. Йўқ , бу хўрсиниш ўша шароитлар ўзларида йўқлиги учун эмас, балки дикторни "мамлакатимизни узоқ чекка ҳудудларидаги қишлоқ мактабларигача мана шундай шароитлар қилиб қўйилган" деган ёлғон гапларини  эшитиб хўрсинишади. Чунки болалар ёш бўлишсада, улар ўзларига қилиб берилмаган шароит аллақандай Ватан хоинларининг виждонсизлиги ва инсофсизлиги туфайли юқори ташкилотларга "ҳамма жойда шароит қилиб берилган" деб ҳисобот берилганини яхши тушуниб турибдилар. Ҳисобот кетганми, демак шароитлар яхшиланишидан умуман умид йўқ. Улар мана шуни ўйлаб ҳам хўрсинадилар. Акс ҳолда 2010 йилда янгитдан қурилган мактабда 2016 йилга келиб ҳам на бир спортзал ва на спорт майдончаси йўқлигини қандай тушуниш керак?

Келажак иккита соҳаники. Булар спорт ва компьютер технологиялари. Спорт бизни дунёга танитса, ёшларни соғлом бўлишига ҳисса қўшса, компьютер технологиялари бундан буёғига ҳаммага керак. Ҳар қандай соҳадаги кишилар энди компьютер билан ишлайдилар. Дизайнер дизайнларини компьютерда чизади, ўқутувчи ҳисоботини ёзади, кимдир яна нимасинидир компьютерда бажаради. Қисқаси келажакда ҳар бир инсон компьютер орқали ишлайди. Шундай экан бу соҳа жудаям долзарбдир.  Айнан юртимиздаги аксар қишлоқ мактабларида мана шу иккита соҳа оқсамоқда. Аммо ҳозирча бу оқсаётган соҳаларга эътибор берадиган одамни ўзи йўқ. Юқорироққа бориб суриштирсангиз ҳаммаси жойида ва ҳеч қандай муаммо йўқ қабилида ҳужжатлар ва ҳисоботлар яхшилаб "силлиқ сувоқ" қилиб тўғирлаб қўйилган. Ҳақиқий аҳвол эса умуман бошқача.

Энг ёмони мана шунақа ёлғонлар билан ёш авлодда телевизорга ҳам, дикторга ҳам, ўша ёлғон ҳисоботлар билан мақтанаётган амалдорга ҳам, охир-оқибат давлатга ҳам нисбатан ишонч қолмаяпти.
Ўғлим ҳозир иккинчи синфда ўқияпти. У ҳозир ҳукумат ва давлат деган нарсаларни билмас, тушунмас. Аммо агар мана шунақа ёлғонларни доимий кўриб улғаяверса, юқорида ёзганимдай унда ҳеч кимга ва ҳеч нарсага нисбатан ишонч қолмайди.
Ишонч қолмагандан кейин эса у улғайиб вояга етган сайин ҳаммасига қўл силтайди ва ана ундан кейин ким қайерга қараб тортса ўша ёққа қараб кетаверади. Кўраяпсизларми муаммонинг илдизи қайердан бошланаяпти. Мен бу ерда ўғлим мисолида ёзаяпман. Аммо юртимиздаги кўплаб жойлардаги болаларнинг аҳволи шу. Улар ростдай қилиб гапирилаётган ёлғонларни эшитиб улғайишга маҳкумдирлар.
Демак ёш авлодни қандай инсон бўлиб тарбияланишида мана шу ёлғонларнинг ҳам таъсири бор. Демак, ё телевизорга ёлғон олиб чиқмаслигимиз ёки ўша телевизорда кўрсатилатгандай, гапирилаётгандай шароитни ҳамма жойда қилиб қўйишимиз керак экан. Акс ҳолда ёш авлод ҳаммага ва нарсага нисбатан ишончсизлик руҳида ўсади, улғаяди. Кейин эса бир умр ишончсизлик руҳияти билан яшайди.

Баланпарвоз гаплардан олдин ишимизни ўша баланпарвоз гапимизга мос келадиган қилиб қўяйлик ва кейин гапирайлик. Акс ҳолда катталар уёқда турсин, ёш болаларни ҳам ўша баланпарвоз гапимизга ишонтира олмаймиз. Ишончсизлик эса яхши ҳолат эмас.

Юқорида мен болаларга ёлғон гапиришни яхши ҳолат эмаслиги ҳақида кичкинагина мисол келтирдим. Аммо эътибор берилса ҳаётда бундай ёлғонлар жудаям кўп.
Мен эслатишни лозим топдим холос. Саломат бўлинглар.

(Эслатма: Юқоридаги фикрлар мени фикрим ва у бошқаларни фикридан фарқ қилиши мумкин.)

Р.С. Ушбу постни 15.09.2017 да таҳрир қилаётганимда қишлоқ жойларида электр енергияси таъминоти анча яхшиланганини эътироф этмоқчиман. Аммо спорт майдончалари ва спорт заллари хақидаги муаммо долзарблигича турибди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий