понедельник, 8 февраля 2016 г.

ФУТБОЛ ВА МЕН!

ФУТБОЛ ВА МЕН!
(Ёки оддий бир футбол мухлиси ва жонкуярининг нега пойтахт жамоаларига мухлислик қилмаслиги ёки уларни ёқтирмаслиги ҳақидаги иқрори.)

"Ҳаётда мени энг қизиқадиган машғулотим бу-китоб ўқиш. Албатта кўп китоблар ўқиганман дея олмайман. Ўзимда борини такрор ва такрор ўқиб кетавераман. Энг муҳими китоб доимий ва мени зериктирмайдиган ҳамроҳимдир.
Ҳозиргача бўш бўлдимми қўлимга китоб оламан. Йўлга чиқсам ҳам, ўтирсам ҳам, турсам ҳам қўлимда китоб бўлади. Ҳатто ухласам ҳам ёстиғим остида эмас, балки ёстиғим устида ҳам китоб бўлади.

Ҳаётда, китобдан кейин қизиқадиганим эса, спорт турларидир. Айниқса футбол.
Ўзим ҳеч қайси спорт турлари билан жиддий шуғулланмаганман. Футболни эса, ёшликда кўп ўйнардик. Кейин маҳалламиздаги футбол майдонини бир "ёзғучи" одам "бозор қиламан" деб, ўша пайтдаги ҳоким тўрани қўрқитиб, тортиб олиб, бозор қилмай, ўғилларига ҳовли қилиб бергандан кейин футбол ўйнашни ҳам йиғиштирганмиз. (Ҳозир яна қўлимизга уч-тўрт сўм пул тушганда бой акалар томонидан чиройли қилиб қурилган замонавий мини стадиончаларда футбол ўйнаб турибмиз) Энг ёмони, ўша стадион, мактаб стадиони эди.
Энди, ҳанузгача маҳалламиздаги мактабда на стадион бор, на спорт зали. Ҳа ишонаверинг, ХХI-асрда ракеталар кунора Марсга учиб турган, тараққиёт шунчалик тезлашиб кетган ва тв. каналларимизни қулоғини бураганизда "Мамлакатимиздаги ҳар бир мактабда спорт майдончалари ва спорт заллари бор ва улар жаҳон андозаси даражасида қурилган ва жиҳозланган" деб минг баландпарвоз гапларни гапириб турган даврда, ҳали мамлакатимизда спорт майдончалари ва спорт заллари умуман бўлмаган, бизнинг маҳалламиздаги мактабга ўхшаш мактаблар, афсуслар бўлсинки ҳалиям бор.

Мактабдаги аҳволни ёздим. Энди қишлоғимиздаги аҳволга келсак, қишлоғимиз марказидаги бир пайтлар қурилиб қишлоқни ёшу-каттаси бориб тўп тепиб турадиган катта бир стадионга бошқа жой топа олишмагани учун коллеж қуришгандан кейин, бешта маҳалласи, олтита мактаби бор ва 25-30 минг одам яшайдиган қишлоғимизда спорт билан шуғулланишга ҳеч қандай жой қолмади.

2013 йилда маҳалламиздаги бир гуруҳ футболсеварлар ариза билан мамлакатимиздаги "Болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси"нинг маҳаллий бўлимига, қишлоқ четидаги ташландиқ жойда, шароит ва имкониятга қараб спорт мажмуаси қуриб бериш ҳақида мурожат қилдик. Улар бунга ижобий қарадилар. 2014 йилги режага киритиб, шу йилда қуриб беришларини ҳам айтдилар. Ташландиқ ерни кўриб, жой каттагина эканини ва бемалол катта бир стадион, ёнида спортзал ва бошқа спорт турлари учун майдонлар қуришга жой бемалол етишини ва агар мабодо улар ажратган сметага қишлоқнинг ўзидан ҳам саховатли кишилар чиқиб ёрдам беришса, қўшимча қилиб, мажмуани ҳоҳлаганимиздай қилиб қуриб беришларини, аммо бу ер қайсидир фермерни ҳисобида тургани учун туман ҳокимининг, ўша ерда спорт мажмуаси қурилиши учун розилик хати кераклигини айтишди. Ўшанда мен улар орасида йўқ эдим, футбол жонкуярлари туман ҳокимини қабулига шу масала бўйича киришган.
Улар киргандан туман ҳокими "Қайердан, нима масала билан келдинглар" деб кутиб олади. Улар ўз мақсадларини айтиб, биттагина розилик хати учун киришганини айтишади. Шунда ҳоким ака "Сенларга футбол ўйнашни ким қўйибди, ундан кўра фермерларингни ҳаммаси давлатдан қарз. Олдин қарзни тўласин. Бу учун сизлар ҳам ўша фермерларингдан ижарага ер олиб ишлатасизлар, ердан бўлган қарзларингни узинглар. Энди эса сизларга жавоб", деб кабинетидан чиқариб юборган. Шундан кейин бояги футбол жонкуярлари "агар ҳокимни спортга муносабати шу бўлса" деб ҳафсалалари пир бўлиб, шу билан жим бўлиб кетишди. Энг муҳими ҳокимни ҳам айблай олмаймиз. Чунки туман марказида 2014 йилда ўша жамғарма орқали катта бир спорт мажмуасини қурдирди. Демак, уни 2014 йилда туман марказидаги спорт мажмуасини қуриш режаси бўлган ва шу учун ҳам бизга рад жавобини берган. Аммо, шу баҳонада биз қолиб кетавердик. Бугунги кунга келиб бояги ташландиқ ер бой акалар томонидан эгалланди(албатта ҳокимни қарори билан). Ва ўша бой ака интенсив боғ баҳонасида у ерни панжара билан ўраб олиб, ўзимизни хасаки нав дарахтлардан экиб қўйибди. Энди стадион учун ундай қулай ер қишлоғимиз атрофида бошқа қолмади.

Футбол ўйнамай қўйганимиз билан футболга қизиқишимиз асло сўниб кетмади. Йиллар ўтиб, энди биз ўйновчи эмас, балки футбол кўрувчи ва футбол ҳақида ўқувчи бўлдик.
Футбол кўришни бошлаганимни эсласам 1986 йилги Жаҳон чемпионатига тўғри келади. Ўшанда ёш бола бўлганман. Уйда рангли телевизорни энди олганмиз. Ўшанда амакиларим Жаҳон чемпионати ўйинларини кўргани бизникига келишарди. Эсласам ўшанда Ер шарини нариги қисмида ўтган ўйинларни аксарияти кундузи бўлиб ўтган ва бизда у вақт ярим кечага тўғри келган экан. Ўшанда, очиғи ухлаб қолаверганман. Ёдимда қолгани "Марадона", "Аргентина", "чемпион", "Қўли билан урди", "Ҳакам кўрмай қолди" деган сўзлар экан. Ундан бошқаси эсимда йўқ.

Кейин футболни ақл билан, тушиниб томоша қилишим 1988 йилдаги Европа чемпионатига тўғри келди. Ўшанда Собиқ Иттифоқ терма жамоаси Лобановский мураббийлигида Голландия терма жамоасидан енгилиб Европада иккинчи ўринни олганди. Ўшанда Европа чемпионатида бор йўғи 8 жамоа қатнашарди. Эсимда, ўшанда Голландия билан бир гуруҳда эдик. Биринчи ўйинда голландлар бироз кучли ва бироз ақлли футбол ўйнаганларига қарамасдан омад бизга кулиб боққанди ва уларни 1:0 ҳисобида ютгандик. Амио финалда улар ҳақиқий кучларини кўрсатишган ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган эди. Мана шу финалда Ван Бастен ўзининг шедевр голлардан бирини урган эди.
Ўшанда Собиқ Иттифоқ терма жамоаси қарийб "Динамо" Киев футболчиларидан ташкил топганди. Бегоналардан, В. Хидятулин, Р. Дасаев ва яна бир-иккита ўйинчи бор эди.
Ўша даврларда  ким мураббий бўлса, йўлини қилиб "ўзиникиларни" тортарди.(Бизнинг мураббийларимиз ҳам шундай.) Лобановскийдан олдин Собиқ Иттифоқ терма жамоасига мураббий бўлган К. Бесков асосан ўзи мураббий бўлган "Спартак" ўйинчиларини кўпроқ терма жамоага чақирарди.  Аммо, ўшанда Лобановский "тортган" "Динамо" Киев жамоаси ҳақиқатдан кучли жамоа эди.

Эслайман, ўша пайтларда мен пойтахт Москва жамоаларига умуман мухлислик қилмасдим. Чунки, ўша даврда Москва жамоалари Москвада ўтирган катта-катта тўраларнинг эркатой жамоалари эди. Минтақаларда битта тузукроқ ўйинчи чиққан заҳоти дарров, ҳали армияни баҳона қилиб ЦСКАга, ҳали "партия олдидаги бурчларини" рўкач қилиб бошқа жамоаларга олиб кетиб қолишарди.
Бу эса минтақалардаги жамоаларнинг мухлисларини доим жаҳлини чиқарарди. Чунки, яхши ўйинчисини олиб кетиб қолган Москва жамоалари доим юқори ўринларда юришар, Еврокубокларда қатнашишар, буёқда минтақалар жамоалари эса доим лигадан тушиб кетмаслик учун ўйнардилар.
Ўшанда чемпионатни асосий жамоаларини Россия (Москва) ва Украина жамоалари ташкил қиларди. Москва жамоаларидан фарқли равишда Украина жамоаларида футбол мактаблари яхши шаклланганди. Улар кўпинча ўз тарбияланувчиларидан зўр ўйинчилар чиқаришарди. Мабодо четдан ўйинчи олишса ҳам Москва жамоаларидай зўравонлик билан, сиёсатни аралаштиришмасди. Балки ўйинчиларнинг шартномаси тугашини кутишарди, ёки яхши маъош таклиф қилиб олиб кетишарди.

Ўша даврда пойтахт жамоаларидан совуганим, мустақиллигимиздан кейин ҳам давом этди. Ва назаримда бизнинг футболда ҳам ўша Собиқ Иттифоқ давридаги система давом этиб ишлаб келаверди. Энди ўйинчиларни пойтахт жамоаларига олиб кетишда армия, ёки сиёсат билан қўрқитишмасди, балки "терма жамоалар маркази", ёки "терма жамоага йўлни осон очилиши" билан алдаб текинга олиб кетишарди.

Энг қизиғи, биздаги аҳвол Собиқ Иттифоқ давридаги билан бир хил ва томчи сувдай ўхшаш. Ҳатто у даврдагидан ҳозирги аҳволимиз баттароқ. Чунки, у даврда қўрқитиб олиб кетилган ўйинчи, пойтахт жамоаларида кўпи билан уч-тўрт йил ўйнагандан кейин, у ўйинчини яна ўша олган жамоаларига қайтариб юборишарди "бор энди, ўзингникиларга ёрдам бер" деб. Бизда-чи, бизда вилоят жамоаларидан ўйинчиларни пойтахт жамоалари олиб кетганидан кейин, икки-уч йил ўйнатар-ўйнатмас четга отни калласидай пулга сотиб фойда олишади. Буёқда эса, у ўйинчини тарбиялаган вилоят жамоаси ҳемирига ҳам эга бўлмай, бурнидаги мишиғи билан қолиб кетаверади. Эсласам охирги ўн беш йилда пойтахт жамоалари қанчалаб ўйинчиларни шу йўл билан жувонмарг қилиб пул ишладилар, чўнтак қаппайтирдилар. Бечора, анави ўзи тарбиялаган ўйинчисини, оғзидаги ошини, зўравонларга олдирган вилоят жамоаларининг бир қисми ҳалигача бир амаллаб, олий лигада қолиш учун ўйнаб юрибди. Бир нечтаси эса, пул йўқлигидан олдинига биринчи лигага тушиб кетиб, кейин баъзилари йўқ бўлиб ҳам кетди, баъзилари эса биринчи лигада аутсайдер(!) бўлиб, юрибди.
Мана биздаги футбол системасининг ҳолати.
(Биздаям ҳар бир трансфердан, у халқаро даражада бўладими ёки мамлакат ичидами, ўша олди-сотди бўлган ўйинчини, биринчи борган футбол мактабидан тортиб  20-ёшгача ўйнаган жамоаларига маълум бир фоизларда ҳақ тўланиши керак. Буни ЎФФ қандайдир қонун билан амалга киритиб қўйиши керак. Ана шунда вилоят жамоалари ҳам, футбол мактаблари ҳам бироз бўлсада ўзларини меҳнатлари учун бироз ҳақга эга бўлардилар.)

Бу орада 1998 йиллардан бошлаб "Футбол экспресс" газетасини олиб ўқий бошладим. Бу газета ўша даврларда ҳам, кейинроқ ҳам, жаҳондаги таниқли футбол жамоаларининг тарихлари ҳақида мақола бера бошлади. Ўшанда, бир сонида "Барселона" жамоасининг тарихи ҳақида берилган мақолада улар 40-50 йилларда, ҳатто 60-70 йилларгача "Реал" жамоаси билан бўлган ўйинларда ёки бошқа жамоаларга қарши ўйинларда "Реал" жамоасини чемпион қилиш учун ўша пайтда Испаниянинг мутлақ ҳукмдори бўлган диктатор Франконинг одамлари (яъни "Реал" жамоасига мухлислик қилган Франко ҳукуматининг одамлари) томонидан, пешаналарига тўппонча ўқталиб ютқизиб беришга мажбурланганликларини ўқиб "Уҳҳ пойтахт жамоалари" деб юборганман ва "Реал" жамоаси ўшандан кўзимга ёмон кўрина бошлаган.

(Ҳозир аллақандай бир жамоага қаттиқ мухлислик қилмайман. Аммо "Реал" билан "Пахтакор" бориб ҳеч ким танимайдиган ва йирик ҳисобда ютқазиши аниқ бўлган Тувалу давлатининг терма жамоаси билан ўйнаса ҳам, ўша Тувалуга мухлислик қиламан.

"Барселона"га бироз мухлислик қилганимни иккита сабаби бор. Биринчиси, бир пайтлар Франко вақтида унинг эркатой жамоаси "Реал"га муносиб қашилик қиламан деб кўп азият чеккани бўлса, иккинчиси охирги йигирма беш йилликда кўпинча мен ёқтирмайдиган "Реал"га принципиал рақиб бўлиб, унга муносиб қаршилик кўрсатиб, уни бурнини ерга ишқаб қўяётгани учундир.
Шу жумладан бир пайтлар "Динамо" Киев жамоасига ҳам бу жамоа доим Собиқ Иттифоқ ҳукумаиининг эркатойлари бўлмиш Москва жамоаларига муносиб қаршилик қилгани учун мухлислик қилганман.

Пойтахт жамоаларидан бири бўлган "Пахтакор"ни ёқтирмаслигимни сабаби эса, мана йигирма беш йилдан бери бу жамоа "ўзимизникиларнинг" эркатойи бўлиб келаётгани учундир. Эсимда 2001-2002 йилларда "Пахтакор" жамоаси баъзасида "терма жамоа базаси"ни ташкил этиш" баҳонасида вилоятлар жамоаларидаги энг яхши умидли футболчилар "Пахтакор"га текинга(!) йиғиб келинган эди. Ўшанда "Нефтчи" жамоасининг бош мураббийи бўлган "закунчи" Саркисиян Темур Копадзени ўзининг азалий рақиби "Пахтакор" таркига текинга бориб қўшилишига қаттиқ қаршилик билдирган ва охир-оқибат бу ишга яна "катталар" аралашиб Копадзени "Пахтакор"га бир йиллик ижара шартномаси билан ўтиши, бу учун "Пахтакор" "Нефтчи"ни ҳисоб рақамига маълум миқдордаги суммани ўтказиб бериши ҳақида Саркисиян билан "келишишди". Ўшанда бир йил "Пахтакор"да ўйнаган Копадзе кейинги йилдан эркин агентга айланиб "Пахтакор"да қолишни лозим топганди. Ўшанда биргина Саркисиянни "исёнини" айтмаса қолган жамоа раҳбарлари ўзларининг энг яхши ўйинчиларини "Пахтакор"га шундоққина текинга бериб юборишга рози бўлишди. Шундан кейин вилоятлардаги миллионлаб футбол мухлислари "Пахтакор"ни умуман ёқтирмай қолишди. Ҳанузгача ёқтиришмайди. Ўшанда бўлиб ўтган ишларда "Пахтакор" жамоаси раҳбариятининг айби йўқдир. Ҳаммасини тепадагилар ҳал қилишгандир. Билмадим. Аммо "Пахтакор"ни айби ўша ҳаммасини "Пахтакор"нинг фойдасига режалаштирган раҳбариятнинг эркатой жамоаси бўлганлиги эди. "Пахтакор" жамоасига ундан кейин ҳам тепадан эътибор кучли бўлиб қолаверди. Масалан, охиргисини эслатай, эски йилнинг охирида ЎФФ раҳбари томонидан "Пахтакор"га, келишилган ўйинлар учун қандайдир чора кўрилиши ҳақида гап бўлганди. Ҳамма билаяптики бу иш ҳеч қачон бўлмайди. Ҳатто бу иш юз беришига ва жамоага қандайдир жазо чоралари қўлланишига ўша "Пахтакор"га дағдаға қилиб гапирган раҳбарни ўзи ҳам ишонмайди шу жумладан Пахтакор жамоасининг раҳбарлари ҳам ишонишмайди. Чунки бу жамоа халқ орасида "катталарнинг эркатой жамоаси" номини олиб бўлган. Шундай экан бу жамоани ҳам, футболимиз раҳбариятини ҳам ёқтирмаслигимга асосим етарли. Чунки мана шу пойтахт жамоаларининг ноҳалол ўйинлари ва футболимиз раҳбарларининг қониқарсиз ишлари туфайли Жаҳон Чемпионатига чиқиш бизга, мана чорак асрдан бери армон бўлиб қолаяпти.
Турли имтиёз ва ёрдамлар ўз вақтидан пойтахтнинг бошқа жамоаларига ҳам берилган. Аммо уларга берилганлари "Пахтакор"га берилганларидай эмаслиги учун бунга алоҳида тўхталмайман.

Шу пайтгача бизда ҳам, жа унақа Франко давридагидай амалдорлар томонидан пешанага тўппонча ўқталиш даражасидаги ҳолатлар бўмаган-у, аммо чемпионат ўйинларида пойтахт жамоасига ҳеч бўлмаганда ЎФФ ва ПФЛ томонидан турли имтиёзлар ёки ҳакамлар томонидан аллақандай ён босишлару, вилоят жамоаларига аллақандай пўписалар бўлгани ҳақида эшитганим бор.

Кейин, шу-шу пойтахт жамоаларидан бутунлай совуб кетдим.
Манимча энди, мабодо қачонлардир бизда ҳам аҳвол ўзгариб, футболимиз қинғирликлардан тийилиб, жамоалар ўртасида ҳалол рақобат бўлиб, вилоят жамоалари ҳам ўзларини кўрсатиб, чемпион бўлиб, ОЧЛга йўлланма олсалар ва унда муносиб қатнашсалар, ўшанда балки, мени пойтахт жамоаларига бўлган муносабатим ўзгарар. Ҳозирча эса, гарчи бу кимларгадир ёқмаса-да, бўлганим шу!

Комментариев нет:

Отправить комментарий