воскресенье, 7 февраля 2016 г.

НОНКЎРЛИК.

НОНКЎРЛИК!

(‪‎Танишимнингҳикояси‬ )

"Биз ғалати халқмиз, ғалати қавммиз. Ўтмишимизни жудаям тез унутамиз. Тарихимиздан сабоқ олмаймиз. Бўлмаса халқимизни очликдан нон топа олмай кепак ва ўт чайнаганини ҳали кекса ёшдагиларимиз унутишмаган. Нонни граммлаб карточка билан соатлаб навбатда туриб олиб еганига ҳам кўп бўлмади. Ҳаммаёқда буғдой ўрнига маккажўхори экилиб, жўхори унидан ёпилган зоғора нонини еганини ҳам ҳали унутгани йўқ. Аммо орадан бироз вақт ўтиб ўтган асрнинг 80-йилларда тўқчилик замонларда иккинчи сорт унни ёки магазинлардаги буханка нонни олиб бориб молларига едирганлар ҳам бўлди....

Шу йил ёзда ҳар йилги одатим бўйича узумзор боғимга кўчиб бордим. Боғимни ёнидан сой ўтган. Аммо ёзда сойда сув оқмайди. Сув асосан баҳорги ёғингарчиликлар даврида сел бўлиб оқади. Бошқа пайт сой одамлар ҳар хил чиқиндиларни олиб келиб ташлайдиган чиқиндихонага айланади.
Кунлардан бир кун сойни боғимдан сал тепароқ қисмида бир тўда итлар аллақандай қопларни талашиб-тортишиб ғажишаётганларини кўриб қолдим. У қоплар кеча йўқ эди. Демак, кечаси кимдир олиб келиб ташлаган. Бир қараганимда, қоплар тепасида уч-тўртта ит бўлса, бора-бора итлар сони кўпаяверди.
Итларни кўпаяверганига хаёлимга минг бир фикр келди. Чунки, итлар асосан гўштни тепасида шунақа кўп бўлиб йиғилишади.
"Агар биров ҳаром қотган мол ёки қўйини олиб келиб ташласа, одатда қопга солиб юрмайди. Олиб келиб шундоқ отиб юборади-ю кетаверади. Қопда нима бўлса экан-а?", деб ўйлаяпман. Ўйлаяпман-у хаёлимни бир чеккасидан "мабодо биронтани ўлдириб, кейин қопга жойлаб ташлаб кетишган бўлишса-я", деган фикр ҳам келаяпти. Иккинчи тарафдан эса бу масалада анча хотиржам бўлаяпман. Чунки биз тарафларда бунақа қотилликлар бўлмайди ҳисоб.
Аммо, унда, қопда нима экан-а?

Шу онда барибир хотиржам бўла олмасдим. Охири бўлмади, катта бир калтакни олиб итлар "зиёфати"дан хабар олиш учун жўнадим. Бориб калтакни ерга уриб, бақириб овоз чиқариб, итларга тош отиб, қоплар тепасидан уларни ҳайдадим ва қопларга қарадим. Қопни биттаси ҳали йиртилмаган турарди. Яна биттаси итлар томонидан бироз ғажиб йиртилган эди. Учинчи қопни эса итлар тортқилаб, ғажиб,  деярли йиртиб бўлгандилар. Атрофда эса, итлар оғзидан тушиб қолган колбаса, сир, товуқ , бўлаклари сочилиб ётарди. Қарийб яроқсиз ҳолга келган қопни тагида ҳам ўша нарсалар бор эди. Иккинчи камроқ йиртилган қопда эса, йиртилган жойидан ҳар хил салатлар кўриниб турарди. Учинчи қопни бориб ушлаб кўрсам ичи тўла синдирилган, ушатилган нон бўлаклари эди.
Демак, буни кимдир тўй ўтгандан кейин тўйхонадан олиб келиб ташлаган. Ҳаҳ гумроҳлар!

Шу тобда хаёлимга минг бир фикр келди. Эссиз инсонлар! Кимдир дунёни бир чеккасида шу нонни кичкина ушоғига зор бўлиб ўтирибди. Яна қайерлардадир одамлар агар халқаро ташкилотлардан ёрдам вақтида етиб бормаса ҳатто очликдан ўлиб  кетишаяпти. Иккинчи чеккасида эса кимлардир мана шунақа синдирилган, ушатилган нон бўлакларини, ортиб қолган овқатларни чиқиндихоналарга отиб кетмоқда.
Ахир, кечагина боболаримиз, момоларимиз очарчилик замонларда шу нонни бир бўлагига зор бўлиб яшашган, нонни ўрнига кепак чайнаб "қани энди қора бўлса ҳам, қотган бўлса ҳам бир бурдагина нон бўлса эди", деб ўт чайнашган эдилар-ку. Кексаларимизнинг айтишларича ўша даврда "қани энди бир тўйсам-у, кейин ўлиб кетаверсам хам майли эди" деган одамлар ҳам бўлган. Энди эса тўқчилик замонларда  ўша инсонларнинг болалари нонни оёғларини остига олиб тепкиламоқдалар. Бундан ортиқ нонкўрлик, бундан ортиқ гумроҳлик бўладими?
Нонни бу даражада хор қилиб улоқтириб кетаётганда, бир кун келиб шу нонни хор қилганлари сабабли Аллоҳ уларни хор қилиши мумкинлигини у гумроҳ ва нонкўр каслар ўйлаганмикинлар?  Ҳа, йўқ. Агар ўйлаганда шу нонкўрликни, гумроҳликни қилармидилар!

Менга энг таъсир қилгани мана шу ишни "эл-юртдан мени нима камим бор" деб, бор йўғини сарфлаб, етмаганига кимлардандир қарз ёки фоизга пул олиб тўй қилган одамлардан бири қилган бўлиши ҳам мумкин! Нега мумкин бўлмасин? Ахир бундай ҳолни ҳар кун бўлмаса ҳам, кунора кўриб турибмиз-ку! Россияга бориб, ишлаб келиб, ана ундан кейин мана шунақа тўй баҳона охирги тангасигача исроф қилиб юбораётганлар қанча!

Нон ўрнига кепак ёки ўт чайнаган боболаримиз, момоларимиз ўтдилар.
Бугунги кунда ўша қийинчилик замонларни, одамларни нон топа олмай кепак, ёки ўт еганларини кўрганлар ҳам орамизда бармоқ билан санарли қолди. Энди ҳозирги ёшларга у воқеалар эртакдай туюлади.
Энди ҳозирги кунда "қорним оч" деб бақираётган ҳам, "куним ўтмаяпти" деб кимларнидир сўкиб-сўйлаб юрган камбағални ҳам, қорни тўқлигидан кекириб юрган бойни ҳам бир маъсият-гуноҳ  батамом эгаллаб олди. Бу гуноҳни камайтириш, тўхтатиш, қилмаслик ўрнига жамиятдаги турли қатламдаги одамлар баттар қилмоқдалар. Бу ҳам бўлса ИСРОФдир!
Айниқса турли маросимлар баҳонасида қилинаётган ИСРОФгарчиликларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
ИСРОФ қилаётган, нонни оёқ ости қилаётганлар бир нарсани қулоқларига қуйиб олсинлар, ИСРОФни жавобини бериш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам оғир бўлади.

Кейин ўша қопдаги нонни кўтариб итлар орасидан олиб чиқиб кетдим. Олиб бориб қопдан бўшатсам итлар қопни тишлаб тортаверганларидан сўлаклари қопга ҳам, нонларга ҳам уриб кетибди. Кейин у нонларни бир неча кун, шу ишни қилганларга Аллоҳдан инсоф сўраб, минг афсус ва надоматлар билан молларимга едирдим"

Танишимнинг ҳикоясини мен ҳам кўнглим бузилиб эшитдим ва уларга Яратгандан инсоф сўраб дуо қилдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий