понедельник, 28 октября 2019 г.

Мактабда ҳар кун мадҳия куйланиши

​​Ҳозиргина "Таълим янгиликлари" каналида  Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаевнинг нега мактабларда ўқувчилар мадҳияни айтиши йўлга қўйилишига изоҳ бериб, шаҳлагани матни чиқди. Ўша матнда жаноб Кенжаев гапни жуда баланпарвоз тарзда бошлаб, баландпарвоз тарзда тугатибдилар. Агар, жаноб Кенжаев шу гапларни қоғоздан ўқиб бермай ўзларидан гапирган бўлса анча нотиқ экан.

Жумладан, жаноб Кенжаев шундай дейди:
"Ўзбекистон тараққиёти ҳамда барқарорлигида Давлат рамзларининг ўрни беқиёс. Ватанимиз Байроғи, Герби, Мадҳияси - катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир. Инсоният тарихида Ватан рамзлари доимо ғурур ва ифтихор, улуғ ва муқаддас саналганки, улар учун одамлар жонларини фидо қилганлар. Улар фуқароларни бир мақсад йўлида бирлашишга ундаган. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ҳисобланган. Чунки улар миллатнинг тарихи, бугуни ва келажагини ўзида акс этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир.
Халқ таълими вазирлиги томонидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши бўйича тавсияси бугун жамиятимизда вужудга келган маънавий эҳтиёжни ўз вақтида қондиришга қаратилгандир. Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда маънавият ўчоқлари, зиё маскани бўлмиш – мактабларнинг аҳамияти жуда катта эканлиги бу бугунги кун ҳақиқатидир.
Жамиятнинг барча аъзоларини ягона байроқ остига бирлаштирувчи воситалар бор. Ўзбекистон мадҳияси ҳам ана шундай асосий ва бирламчи воситалардан биридир."

Шундан сўнг жаноб Кенжаев мактабларда ҳар кун мадҳия айтадиган давлатларни санаб берибди:
Туркия
Ҳиндистон
Қозоғистон
Канада
Хитой
АҚШ
Россия
Япония

Рўйхатдагиларни шарҳлар экан, жаноб Мирзаев сўзини:
"Ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш - Давлат мадҳиясини куйлатиш билангина чекланмайди, таълим-тарбия жараёнида кўплаб бошқа воситалар ва усуллар қўлланилади. Аммо, Давлат рамзларига ҳурмат ватанпарварлик тарбиясининг пойдевори ҳисобланади", – деб тугатади.

Жаноб Мирзаев мисол тариқасида келтирган давлатлар, айримларини айтмаганда бугун айнан таълим сифати бўйича дунёда етакчи ўринларда туришади. Бизни олдимизда бугун мени назаримда, яна қайтараман, мени назаримда болаларнинг вақтини олиб уларга мадҳия куйлатишдан кўра таълим сифатини ошириш муҳимроқ. Негаки, мадҳияни ёдлаш ва уни айтиб бериш осон иш. Шу учун аввал таълим сифатини ошириш керак. Таълим сифатини бироз оширгандан кейин ҳам мадҳияни куйлатаверса бўлади. Қолаверса, олдинги постларимда ҳам ёзган эдим, ўқувчиларда дарс ўтиш ва ўша дарсни ўзлаштириш учун бор йўғи 40 минут вақт бор(5 минут ўқитувчининг салом-алиги ва йўқлама учун кетиб қолади). Бугун мактабларда синфхоналар етишмаслиги туфайли битта синфда 35-40 нафар ўқувчи ўқиётганини инобатга олсак, ўқитувчи ўз ихтиёридаги 40 минутда синфдаги 35-40 ўқувчига шундоқ ҳам дарсни сингдиришга улгура олмайди. Энди, ўша 40 минутдан, гарчи бир кунда бир марта, битта дарсда бўлса ҳам яна камида 5-8 минут вақтни ўғирлаш болаларни ватанпарвар ҳам қилиб қўймайди, аксинча таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлади.
Агар, бугун мактабларда бир синфда ўртача 25 нафар ўқувчи ўқиганда ҳам мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган бўлар эдим. Сабаби, ўқитувчи синфдаги 25 нафар ўқувчига мадҳияни куйлатиб уларни 5-8 минут вақтини олса ҳам, қолган пайтда дарсни ўқувчиларга бемалол сингдира олар эди. Аммо, афсуски бизда синфларда 25 нафар эмас, 35-40 нафар ўқувчи ўқияпти.

Халқимизда "Оч қоринга аччиқ саримсоқпиёз" деган ҳикматли гап бор ва айнан ХТВнинг аввал таълим сифатига эътибор қаратмай ўқувчиларга ҳар кун дарс олдидан мадҳия куйлатмоқчи бўлаётгани ана иборага мос тушади.
ХТВ таълимда шундай ислоҳотлар ўтказиши керакки, иложи борича ўқувчилар мактабда ўзини эркинроқ тутсин, мактаблар ХТБ олдида эркинроқ бўлсин. Ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам мактабда ўзини қулай ҳис қилсин.
Э, қисқаси Зовйет Юниондан қолган маъмурий буйруқбозлик ва ибтидоий таълим тизимидан қутилиш керак.
ХТВнинг айнан ўқувчиларга ҳар кун(!) мадҳия куйлатиши ёки мана яқинда Ҳайъат йиғилишида қарор қилинган "ўқувчиси ОТМларга кира олмаган мактаб раҳбариятини жазолаш қарори" – бу айни ўша жазолаш устига бино бўлган ва маъмурий-буйруқбозликка асосланган ибтидоий таълим тизимининг энг ёмон кўринишига қайтишдир.


Комментариев нет:

Отправить комментарий