Таълим сифатининг пастлигига фақат мактаб раҳбарияти айбдорми ёки ХТВ нега "жазо машинаси"га айланаяпти?
Бундан бир неча кун олдин менга каналим орқали қўйидаги мурожат келди.
https://t.me/bugunning_gapi/1533
Ассалому алайкум, ҳурматли Ғайрат ака! Биламизки, сиз ҳозирги кунда жамоатчилик орасида кўплаб оғриқли масалаларни кўтариб, оммага эълон қилиб келмоқдасиз. Сиздан илтимос қуйида сизга ёзаётганларимни иложи бўлса, телеграм каналингизда эълон қилиб, асосли ҳуқуқий баҳо берсангиз. Бу орқали ўз ҳуқуқлари бузилиб келаётган халқ таълими тизими ҳодимлари елкасига офтоб тегса ажабмас. Қуйида бўлиб ўтган воқеаларни ёзмоқдаман. Сизга мурожаат қилишдан мақсадим шуки, онам Қурбонова Нигора Ғуломовна Наманган вилояти, Чуст туманида жойлашган 25- сонли умумий ўрта таълим мактабида, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб боради. 24.10.2019 санасида Чуст тумани халқ таълими бўлимида Аралов Даврон исмли мудир ўринбосари иштирокида бўлиб ўтган мажлисда онамга жорий йилда онам фаолият олиб бораётган мактаб битирувчилари Олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмагани сабабли ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишларини талаб қилибди. Онам ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзмаганларидан сўнг, тушунтириш ҳати ёзишларини талаб қилибди. Онам "битирувчилари ўқишга киргани, бироқ оилавий шароити кўтармаганлиги сабабли контрактга ўқимаганлигини" билдириб тушунтириш хати ёзибдилар. Бугун онам билан биргаликда яна 11 нафар ходимга ёзилган тушунтириш хатларига асосан ҳайфсан берилибди. Ўқишга кирган, бироқ контракт тўлаб ўқишга шароити бўлмаган битирувчилар учун онам каби мактаб директорларининг ўқув ишлар бўйича ўринбосарлари қанчалик хайфсан ёки ишдан бўшаш каби интизомий чоралар билан "сийланишга" лойиқ?
Сиздан илтимос ушбу ёзилганларни қандай бўлса шундайлигича эълон қилсангиз ва Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қонун ва қонун ости ҳужжатларига асосан ҳуқуқий баҳо берсангиз. Олдиндан каттакон раҳмат.
Ушбу мурожатни жўнатган инсонга тез орада Халқ таълими вазирлиги мутасадди ходимлари билан боғланиб вазиятга ойдинлик киритишимни маълум қилдим. Лекин, ХТВ мутасадди ходимлари билан боғланмадим. Сабаби, айнан шу инсоннинг ўзи менга ХТВ сайтида чиққан бир хабарнинг линкини ташлаб берди.
Хабарга кириб ўқиб кўрсам эвоҳ, ўқувчиси ОТМ га кира олмаган мактабларни жазолаш "ташаббуси" айнан ХТВнинг ўзидан чиқаётган экан.
Халқ таълими вазирлигига тегишли сайтда берилган ўша хабарга кўра
https://www.uzedu.uz/Xtv/IndexBatafsil/71?ID1=14133
23 октябрь куни Халқ таълими вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтибди. Унда таълим сифатини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан бири бўлган умумтаълим мактаб битирувчиларининг Олий таълим муассасаларига кириши бўйича қилинган таҳлил ва кўрилган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама этилибди.
Хабарнинг давомида берилган маълумотларга кўра, ушбу йиғилишда асосий урғу битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичларига берилибди ва унда турли вилоятлар кўрсаткичлари берилибди.
Хабар сўнгида эса "ўқувчилари ОТМга кира олмаган мактаб раҳбариятига жазо чоралари қўллаш ҳақида қарор қабул қилиниб, қўйи органларга бу масалада вазифалар белгиланибди. Жумладан, хабарда шундай дейилади:
"Ҳайъат мажлисида олий ўқув юртига киришда энг яхши натижа кўрсатган вилоят, туман (шаҳар) ва мактаб раҳбарлари рағбатлантирилди. Аксинча, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошган, таълим сифатини оширишда мавжуд имкониятлардан фойдаланмаган, ташаббус кўрсатмаган вилоят, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири ва мактаб раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Йиғилиш сўнгида ҳудудий халқ таълими бошқармалари, туман халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб раҳбарларига таълим сифатини ошириш бўйича 10 та устувор вазифаларни белгилаб олиш ва уларни амалга ошириш бўйича топшириқ берилибди.
Йиғилишда яхши натижа кўрсатган таълим муассасалари директорлари рағбатлантирилиб борилиши, ёмон натижа кўрсатадиган мактаб раҳбарлари жазоланиши таъкидланибди.
Шунингдек ёмон натижа кўрсатган туман ва вилоят халқ таълими бўлими ҳамда бошқармалар раҳбарларига интизомий чора кўрилди. Натижаси паст бўлган мактаб директорларига ҳам қонунчилик доирасида интизомий чора кўриш вазифаси берилди".
Очиғи, ХТВнинг сайтида ушбу хабарни ва унда ёзилган "жазо чораларини кўриш" ҳақидаги гапларни ўқиб ҳайрон қолдим. Наҳотки, ХТВ шунчаликка бораётган бўлса?! Очиғи, бугун мактабларда таълим сифатининг пастлигига ХТВ томонидан ўқитувчиларни айбдор қилиниши бу ўта адолатсизлик ва масалага инсофсизларча бир томонлама баҳо беришдир. Агар, бугунги кунда ёки шу пайтгача таълим сифатининг ёмонлашиб, пастлашиб кетишига ким айбдор дейилса мен энг биринчи навбатда ХТВнинг ўзини айблайман. Сабаби, бу вазирлик мустақилликдан кейин бугунгача, ўз олдида турган ва ҳукумат ҳал қилиб бериши лозим бўлган долзарб ишларни ҳукумат олдига талаб сифатида қўя олмай, индамай сукут сақлаб келаверди. Буни оқибатида эса бугун ўша муаммоларнинг ҳаммаси бирданига кўриниб қолди.
Ўшандай муаммолардан бири бу мамлакатимизда мактаблар қурилиши билан боғлиқ масаладир. Агар, эсингизда бўлса 2004-2009 йилларда давлат дастури асосида мамлакатимиздаги қарийб барча мактаблар янгитдан қурилди, реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Ўшанда аксарият мактаблар янгича қиёфага кириб ҳолат бирмунча яхшиланган эди. Бугун ўша дастур тугаганига ўн йил бўлди. Ана шу ўтган ўн йилда Ўзбекистон аҳолиси ва унга қўшилиб мактаб ёшидаги болалар сони муттасил ўсиб бормоқда. Ўтган ўн йил давомида умуман мактаб қурилмади демайман, қурилди, қурилаяпти. Аммо, талабларга қараганда анча кам қурилаяпти. Шу туфайли ҳам бугун Ўзбекистонда ҳар бир синфда ўртача 35 нафар ўқувчи ўқияпти. Айрим жойларда бу рақам 40 тани ташкил этади. Мен ўзим мактаб ўқиган даврларни эслайман, синфимизда 23 нафар ўқувчи бўлган. Параллел синфимизда эса 22 нафар ўқувчи бор эди. 1995-2000 йилларгача ҳам аҳвол шундай, битта синфда кўпи билан 25 нафар ўқувчи бўлар эди. Энди эса бугун синфларда 35-40 нафардан ўқувчи бор. Бу нимани англатади? Бу, биринчидан мамлакатимизда мактаблар сони эҳтиёждан анча камлигини ва янги мактаблар ёки ишлаб турган мактабларда қўшимча ўқув биноларини талаб инобатга олинмай сусткашлик билан қурилаётганини англатади. Иккинчидан эса, ўзингиз ўйлаб кўринг, бир синфда 35 нафар ўқувчи бўлса ўқитувчи уларга қанақа қилиб сифатли таълим бера олсин? Агар ўқувчи сони 25 нафар бўлганда ўқитувчининг олдига сифатли таълим бериши ҳақида талаб қўйилса бўлар эди.
Мамлакатимизда аҳоли сони ва шунга яраша мактаб ёшига етаётган болалар сони муттасил ошаяпти. Бугун мактаблар сонининг талабдан камлиги туфайли бир синфда 35 нафар ўқувчи ўқияпти дедик. Аммо, янги мактаблар, мактабларда қўшимча ўқув бинолари қуриш ҳозиргидай сусткашлик билан давом эттирилса, яқин келажакда, 5-10 йилдан кейин аҳвол қай даражага боради?
Битта синфда 50 нафар ўқувчи ўқийдими? Буни ўйлашни ўзи даҳшат.
Нега ҳозир, айни дамда ХТВ мана шу масалани ҳукумат олдига жиддий муаммо сифатида қўя олмаяпти ва иродасизлик қилаяпти?
Бу гапларни нега гапираяпман?! Сабаби, бугун айнан таълим сифатининг пастлигига бир синфда 35-40 нафардан ўқувчи бўлиши ҳам яхшигина ҳисса қўшаяпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўқитувчи 45 минут давомида қанақа қилиб синфдаги камида 35 нафар ўқувчига сифатли таълим бера олиши мумкин. Тўғри, агар ўқитувчи доскани олдида туриб умумий гаплар билан дарс ўтиб қўя қолганида унга 20 минут вақт ҳам етарди. Аммо дарс жараёнида ўқувчиларга дарсларнинг моҳияти индивудиал тарзда тушунтирилиши ҳам керакку! Шундай экан, сифатли таълим беоиш учун 35 нафар ўқувчига ўқитувчининг 45 минут вақти етармикин?
Мактабларда таълим сифатининг тушиб кетишига сабаблардан яна бири бугун аксарият мактабларда ўқувчилар учун етарли шароитлар, ўқув лабороториялари, компьютер синфлари, спорт заллари ва майдончалари йўқлиги ёки етарли жиҳозланмагани ҳам сабаб бўлаяпти. Аммо, негадир ХТВ "таълим сифатига бағишлаб ўтказилган Ҳайъат йиғилиши"да бу ҳақда эсламайди. Шаҳар мактабларини билмайман, аммо туманлардаги қишлоқ мактабларида айнан ўқув лаборатория хоналарининг жиҳозланиши, компьютер синфлари муаммолар етарлича бор.
https://www.uzedu.uz/Xtv/IndexBatafsil/71?ID1=14133
Энди, ХТВ айнан шуни сабаб қилиб мактаблар раҳбариятини жазоламовчи бўлгани, ўқувчиларнинг ОТМга кириш, кира олмаслик масаласига тўхталайлик.
Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилишда қуйидаги квоталар белгиланган эди:
https://t.me/xushnudbek/2489
а) Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
кундузги таълим шаклига – 80 430 нафар (2018-2019 ўқув йилидан 10 545 нафарга кўп);
сиртқи таълим шаклига – 19 985 нафар (+ 5 935);
кечки таълим шаклига – 1 985 нафар (+ 735);
б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 7 695 нафар (+ 1 644).
Абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш (рўйхатдан ўтказиш) ишлари якунлангандан сўнг, 2019-2020 ўқув йили учун Республика бўйича жами 60 та ОТМ ва уларнинг 30 та филиалларига кириш учун 1 млн. 66 минг 925 нафар абитуриентлар рўйхатдан ўтказилгани маълум бўлди (2018 йилда – 814 минг 952 нафар). Ўтган йилга нисбатан 251 минг 973 та ёки 30,91 фоиз кўп ҳужжат топширилган.
Танлов кўрсаткичи – ўртача бир ўринга 10,28 тани ташкил этди (ўтган йил 8,3 тани ташкил этган).
https://t.me/xushnudbek/2667
Қаранг, бу йил ОТМдаги битта ўринга 10,28 нафар абитуриент тўғри келибди. Бу дегани қарийб 11 нафар абитуриентдан 10 нафари ўқишга кира олмади дегани. Шундай ҳолатда ХТВ қандай қилиб "биронта ўқувчинг ОТМга кира олмади" деб мактаб раҳбариятига жазо қўллаши мумкин?! Энг ёмони ХТВ мактабларда таълим сифатининг баланд ёки пастлигини унда ўқиган ўқувчининг ОТМга киргани ёки кира олмагани билан ўлчаяпти. Бу эса мантиқсизликнинг энг ёмон кўринишидир. Сабаби, юқорида статистикани келтирдим, битта ўринга қарийб 11 та абитуриент даъвогарлик қилган. Бундай ҳолатда осонгина ўқишга киришни мутлақо иложи йўқ. Шунингдек, юқорида менга жўнатилган мурожатда таъкидлангандай агар қайсидир мактабдан бир нечта битирувчи ОТМ имтиҳонларидан ўтиб шартнома асосида ўқишга илинса-ю, аммо, оилавий шароити тўғри келмай ОТМда ўқишдан воз кечса, ХТВ бундай ҳолатларда ҳам "сени битирувчинг ОТМга кира олмади" деб ўша мактаб раҳбариятини жазолаш икки карра мантиқсизликдир.
Қолаверса, олдин ОТМларда ҳеч бўлмаганда абитуриентларнинг 30-40% ни қамраб оладиган талабалик ўринлари очилсин, ана ундан кейин мактаб ўқитувчисидан ёки раҳбариятидан нимадир талаб қилишсин. Ҳозирги ҳолатда эса мактаб раҳбариятидан ёки ўқитувчиларидан "ўқувчинг ОТМларга кира олмади" деб ишдан бўшашни талаб қилиш, тушунтириш хати олиб ҳайсфсан бериш – бу катта ҳарфлар билан ёзиладиган АДОЛАТСИЗЛИК деб биламан!
Юқоридаги менга қилинган мурожатда Чуст тумани ХТБнинг ҳатти ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган. Менинг ҳуқуқий билимим йўқ, шу учун бунга ҳуқуқий баҳо бера олмайман. Лекин, бир нарсани айта оламан, бугун мустақил бўлганимизга қарийб 30 йил бўлаётган бўлса-да айнан таълим соҳасида бизда СССР давридаги таълим тизими ва стандартлари билан ишлаб келинаяпти. Таълим тизимидаги маъмурий буйруқбозликлар, қаердаги йўқ тартиблар, таълим сифатини оширишдан кўра ҳеч қаерда йўқ қоидаларни жорий қилиш, ўқитувчи педагогларни турли кераксиз ҳисоботлар билан вақтини олиш, бошлиққа ёқмаса ишдан бўшатиш, лавозимини пасайтириш, дарс соатларини қисқартириш ва ҳоказо ишлар, буларнинг бари бугун таълим тизимимизда коммунистлар давридан қолиб келаётган сарқитлардандир. Соҳада янгиликларни жорий қилиш, хусусий мактабларга кенг ўрин бериш, мактабларда турли тушунарсиз қоидалар ўрнига таълим сифатига эътибор бериш каби ишлар ҳозирча қилинмаяпти деса ҳам бўлаверади.
Юқоридаги мурожат ва фотосурати келтирилган "жазолаш хати" бунга исбот.
ХТВ таълим сифатини оширишни хоҳлар экан, олдин ҳукумат олдига зудлик билан ҳал қилиниши лозим долзарб муаммоларни кўндаланг қўйиши керак. Бу муаммолар юқорида ёзганимдай чўйидагилар:
янги мактаблар ёки ишлаб турган мактабларда қўшимча ўқув биноларини қуриш ва битта синфда 35-40 нафар эмас, 25 нафар бола ўқишига эришиш;
мактаблардаги турли ўқув лаборотория хоналарини максимал тарзда жиҳозлаш;
компьютер хоналарини кўпайтириш ва уларда кўпроқ машғулот ўтказишга эришиш;
мактабларда спорт майдончалари ва спорт залларини қуриб жиҳозлаб бериш ишларидир.
Агар, шу ишлар зудлик билан қилинмаса ХТВ таълим сифатини ошириш ҳақида гапириб ўтирмасин.
Ёки ХТВ учун айнан таълим муаммолари ва Ўзбекистонда таълим сифатини яхшилаш масаласида ҳукуматга талаб қўйишдан кўра қўл остидагиларни жазолаш осонми?
Комментариев нет:
Отправить комментарий