среда, 4 сентября 2019 г.

Ҳудуди катта давлатлар


Ер шарининг бор йўғи 29.2% қуруқлик. Ана шу қуруқликнинг ярмини Ер шаридаги ўнта давлат эгаллайди. Улардан иккитаси Хитой ва Ҳиндистонда Ер шари аҳолисининг 35% яшайди.
Бугун Ер шарида халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатлар томонидан алоҳида мустақил давлат деб тан олинган 200 та атрофида давлат бор. Уларнинг ҳудудлари жуда нотекис жойлашган. Бири Ер шарининг катта бир қисмини эгаллаган бўлса, яна бири бир шаҳарнинг бир кварталини эгаллаган холос.
Аслида, бундан 150-200 йил олдин бутун дунё Европанинг 3-4 давлати измида эди. Улар ҳаммаёқни эгаллаб, мустамлака қилиб, эгаллаб олган эдилар. Африка, Жанубий Америка, Австралия ва Осиёдаги аксар мамлакатлар ва ҳудудлар мустамлака эди.  Ҳатто, ҳудуди ва аҳолиси кўп бўлган Ҳиндистондай катта давлат ҳам улардан бирининг қўл остида эди. Сўнг озодлик учун ҳаракатлар бошланди ва буёғи 20-асрнинг 70-йилларигача мустамлакалардан озод бўлиш бошланди. Шундан сўнг дунёда мустақил бўлган давлатлар сони ошиб бораверди. Шу билан бирга турли мамлакатларнинг ҳудудлар ўлчами ўзгариб бораверди. Айниқса 20-асрда бўлиб ўтган иккита Жаҳон уруши дунё харитасини батамом ўзгартириб юборди. Бу урушлардан сўнг кўплаб собиқ мустамлакалар ўз мустақилликларини эълон қилдилар. Адашмасам энг охирги озод бўлган бўлган мустамлакалар – булар Россия қўл остидаги СССР номи билан тузилган давлат таркибига кирган ҳудудлар эди. СССР тарқаб кетганидан кейин унинг ҳудуди сезиларли камайди ва янгитдан 14 та мустақил давлат пайдо бўлди. Шунингдек Европада иккита Германия бирлашиб, ГФРнинг ҳудуди катталашди. Югославия иттифоқи тарқаб кетиб, унинг ўрнида 6 та мустақил давлат пайдо бўлди.
Бугунги кунда ҳам бошқалар таркибида бўлиб келаётган миллий ҳудудлар кўп, аммо энди улар мустамлака деб аталмайди.
Шу тариқа бундан 150-200 йил аввал саноқли давлатлар мустақил бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 200 нафардан ошаяпти. Юқорида ёзганимдай мамлакатларнинг ҳудудлари ҳам ўта нотекис жойлашган.

Қўйида, ҳудуди жиҳатдан дунёдаги энг йирик давлатлар ўнталигини қисқа шарҳлар билан келтирамиз.

10. Жазоир

Ҳудуди: 2 381 741 км².

Ушбу давлат Африка қитъасининг шимолида жойлашган ва ҳудудининг асосий қисми дунёдаги энг катта чўл, Саҳрои Кабир ҳудудида жойлашган. Аҳолисининг таркиби араблар ва озроқ барбарлар. Улар асосан Ислом динининг сунний йўналишига эътиқод қиладилар.
Жазоир 6 давлат билан чегарадош. Булар: Мали (1376 км), Тунис (965 км), Ливия (982 км), Мавритания (463 км), Марокаш (1559 км) ва Нигер (956 км). Жазоир шунингдек БМТнинг махсус резолюцияси билан бошқариладиган Ғарбий Саҳрои Кабир (42 км) махсус ҳудуди билан ҳам чегарадош. Жазоирнинг қуруқликдаги умумий чегараси 6343 км.ни ташкил этади.
Жазоир шимолини Ўрта ер денгизи сувлари ювиб туради.

Шу ўринда бир маълумотни эслатиб кетиш жоиз. Айнан 2011-2012 йилларгача ҳудуди энг катта давлатлар рейтингида 10-ўринни Судан банд қилган. Аммо, бўлиб ўтган фуқаролар уруши натижасида 2011-2012 йилларда Судандан Жанубий Судан алоҳида мустақил давлат бўлиб ажралиб чиқди ва шу тариқа ўзининг маълум бир ҳудудидан айрилган Судан ҳудуди катта давлатлар рейтингидаги ўрнини Жазоирга бўшатиб берди.

9. Қозоғистон

Ҳудуди: 2 724 902 км².

Қозоғистон ҳудудининг озроқ қисми Европа қитъасига, асосий қисми Осиё қитъасига қарайди.
Мамлакатда этник қозоқлар, руслар, ўзбеклар ва бошқа бир қанча миллатлар яшайди.
Қозоғистон иккита денгиз, Орол ва Каспий денгизлари билан чегарадош.
Қозоғистон қуруқликда Россия (7512.8 км), Хитой (1780 км), Ўзбекистон (2350 км), Қирғизистон (1240 км), Туркманистон (430 км) билан чегарадош.
Қозоғистоннинг Россия билан чегараси дунёдаги икки давлат орасидаги узун чегаралар рейтингида юқори ўринларда туради.
Қозоғистонда дунёдаги энг йирик Бойқўнғир космодроми бор. Бу космодромни Россия ижара асосида ишлатади.

8. Аргентина

Ҳудуди: 2 780 400 км².

Аргентина ҳудудининг катталиги бўйича дунёда 8-ўринда, Жанубий Америка қитъасида эса Бразилиядан кейин 2-ўринда туради. Пойтахти Буэнос-Айрес.
Аргентина қуруқликда Чили (5308 км), Уругвай, Боливия (832 км), Бразилия (1261 км), Парагвай (1880 км) давлатлари билан чегарадош.
Аргентинанинг қуруқликдаги умумий чегараси 9861 км.ни ташкил этади.
Дунёда энг йирик музликлар рейтингида 3-ўринда турувчи Перито-Морено музлигининг катта қисми Аргентина ҳудудига тўғри келади.

7. Ҳиндистон

Ҳудуди: 3 287 263 км².

Ҳиндистон ҳудуди катталиги бўйича дунёда 7-ўринда, Осиёда эса Хитойдан кейин 2-ўринда туради.
Ҳиндистон қуруқликда Покистон (2912 км), Хитой (3380 км), Непал (1690 км), Бангладеш (4053 км), Бутан(605 км), Мьянма (1463 км) давлатлари билан чегарадош.

Ҳиндистон жанубини Ҳинд океани сувлари ювиб туради.
Ҳиндистон ҳудуди бундан ҳам катта бўлиши мумкин эди. Аммо, бу мамлакат инглизлар қўл остидан мустақил бўлаётганида мамлакат учга бўлиниб кетди. Ҳиндийлар кўпроқ яшайдиган қисми Ҳиндистон, мусулмонлар кўпроқ яшайдиган қисмида Покистон ва Бангладеш давлатлари тузилди.
Ҳиндистон табиати жудаям хилма-хил. Бу давлатда 75 та миллий боғ ва 400 та қўриқхона бор.

6. Австралия

Ҳудуди: 7 692 024 км².

Австралия алоҳида қитъа. Шу туфайли унинг бошқа давлатлар билан қуруқликда ўтган чегаралари йўқ. Унинг шимолий-ғарбини Ҳинд океани сувлари, шарқий қирғоқларини Тинч океани сувлари, Жанубини эса Жанубий океан сувлари ювиб туради. Денгизда унга йирик чегарадош давлатлар – булар Индонезия ва Янги Зеландия.
Тинч океанидаги бир қатор ороллар, улар орасида Тасмания ороли ҳам бор, Австралияга қарайди.
Австралия бугун мустақил давлат ҳисобланса ҳам у Буюк Британия қироличаси бошчилик қиладиган Ҳадмдўстликка аъзо ва мамлакатнинг рамзий бошлиғи қиролича томонидан тайинланадиган Австралия проректори ҳисобланади. Амалда эса ҳокимият халқ томонидан сайланадиган Бош вазир ихтиёрида.

5. Бразилия

Ҳудуди: 8 515 770 км².

Бразилия ҳудудининг катталиги жиҳатдан дунёда 5-ўринда, Жанубий Америкада эса 1-ўринда туради. Бразилия қуруқликда Колумбия (1643 км), Перу (1560 км), Боливия (3400 км), Парагвай (1290 км), Аргентина (1224 км), Уругвай (985 км), Венесуэла (2200 км), Гайана (1119 км), Суринам (597 км) ва Франция Гвианаси (673 км) билан чегарадош. Бразилиянинг қуруқликдаги умумий чегараси 14.691 км.ни ташкил этади.

4. АҚШ

Ҳудуди: - 9 519 431 км².

АҚШ ҳудудининг катталиги жиҳатдан дунёда 4-ўринда, Шимолий Америкада эса Канададан кейин 2-ўринда туради.
АҚШ қирғоқларини шарқ томондан Атлантика океани сувлари, ғарб томондан Тинч океани сувлари ювиб туради. Шунингдек АҚШнинг ёш штатларидан бири Аляска Шимолий Америка қитъасининг энг шимолий қисмида жойлашган.
АҚШ қуруқликда фақат Мексика (3326 км) ва Канада (8893 км) билан чегарадош. АҚШнинг қуруқликдаги умумий чегараси 12.217 км.ни ташкил этади.
Денгизда эса Россия билан ҳам чегараси бор.

3. Хитой

Ҳудуди: 9 597 000 км².

Хитой ҳудудининг катталиги жиҳатдан дунёда 3-ўринда, Осиёда эса 1-ўринда туради. Хитойда расмий тан олинган 56 та миллат вакиллари яшайди. Хитойнинг шарқий қисмини Тинч океани сувлари ювиб туради. Хитой дунёда энг кўп давлат билан чегародош давлатлар рейтингида Россия билан биргаликда биринчи ўринда туради ва у қуруқликда 14 та давлат билан чегарадош.
Хитой қуруқликда чегарадош бўлган давлатлар: Россия (3645 км), КХДР (1416 км), Монголия (4677 км), Қозоғистон (1533 км), Қирғизистон (858 км), Тожикистон (414 км), Афғонистон (76 км), Ҳиндистон (3903 км), Покистон (523 км) , Непал (1236 км) , Бутан (470 км), Мьянма (2185 км), Лаос (423 км), Вьетнам (1281 км).
Хитойнинг қуруқликдаги умумий чегараси 22.117 км.ни ташкил этади.
Хитойнинг Шанхай ва Пекин шаҳарлари аҳоли сони бўйича дунёнинг энг йирик шаҳарлари ҳисобланишади.

2. Канада

Ҳудуди: 9 984 670 км².

Канада ҳудудининг катталиги бўйича дунёда Россиядан кейин 2-ўринда туради.
Канаданинг шарқий қисмини Атлантика океани, ғарбий қисмини Тинч океани, шимолий қисмини Шимолий муз океани ўраб туради.
Канада қуруқликда фақат биргина АҚШ (8893 км) билан чегарадош. Денгизда эса Даниянинг таркибий қисми ҳисобланадиган Гренландия ороли билан чегарадош.

1. Россия

Ҳудуди: 17 100 000 км².

Россия Ер шаридаги энг катта давлат ҳисобланади.
Россияни 12 денгиз, шарқда Тинч океани, шимолда Шимолий муз океани, ғарбда озроқ ҳудудини Атлантика океани таркибига кирувчи Болтиқ денгизи сувлари ўраб туради.
Россиянинг қуруқликдаги чегараси 22.000 км.ни ташкил этади.
Россия ҳам қуруқликда худди Хитойдай 14 давлат билан чегарадош. Булар: Финландия (1340 км), Норвегия (196 км), Эстония (294 км), Латвия (217 км), Литва (280.5 км), Польша (232 км), Белорусь (959 км), Украина (1974 км), Грузия (365 км), Озарбайжон (284 км), Қозоғистон (7512.8 км), Монголия (3485 км), Хитой (4209.3 км), КХДР (19 км) давлатларидир.
Шунингдек жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган Абхазия (255,4 км) ва,Жанубий Осетия (70 км) билан қуруқликда чегаралари бор.

Комментариев нет:

Отправить комментарий