Ургут ҳақида кимдир билар, кимдир билмас. Уни УДР – Ургут демократик республикаси деган ҳазиломуз номи ҳам бор. Унинг бу ҳазиломуз номга эга бўлишининг сабаби бу туман аҳолиси ҳам, маъмурлари ҳам азалдан кўпам марказ жорий этиб қўйган қонун-қоидаларга бўйсунавермаган. Масалан, СССР даврида ҳеч қаерда ҳеч қандай ижара ҳақида гап бўлмаган. На ер, на мулк. СССР да 5000 га яқин район бўлган. Уларни орасида фақатгина Ургутда 1978-1980 йиллардан бошлаб тамакизорлар, узумзор ерлар халққа ижара қилиб берилган эди.
(Ҳали бу ҳақда батафсил мақола қиламан).
Худди шунингдек кечагача "бобомни ери, катта бобомни ери" деб одамлар бобосидан қолган ерга эгалик қилар эди. (Шахсан мен ва укам ҳозир иморат қуриб ўтирган ва яқинда туман ҳокимининг қарори билан эгалик ҳуқуқи олган еримиз катта бобомиздан қолган. Шунингдек ҳозир фермердан ижарага олиб ишлатиб юрган еримиз ҳам катта бобомдан қолган)
Бошқа соҳаларда ҳам шундай.
Айниқса нотариус соҳаси ўта тартибсиз эди ва нотариуслар ану кунгача хоҳлаганидай ишларди. Нотариусга кириб нима иш билан келганигизни айтар эдингиз. У ҳисоблаб "мана бунча бўлади" дерди. Ишингизни бажариб берганидан сўнг пул кассага тўланмас, нотариусни ўзига берилар эди. Ташқарига чиқиб қўлингиздаги қоғозга қарасангиз "ундирилди" деган жойига тўлаган пулингизни 60% ёзилган бўлар эди. Улар сиз қўлига берган пулдан белгиланган тўловни тўлаб, қолганини "хизмат ҳаққи" сифатида олиб қолар эдилар Ўша пайтларда нотариусларга турли ишлар билан кириб, неча марта жанжаллашиб чиқиб кетганман. Аммо, ўша пайтларда Адлия вазирлигининг ўзидан назорат кучли бўлмагани учун нотариуслар хоҳлаганидай ишлар эди.
Қолаверса, неча марта кўрганман сиздан пул олишда камида 5-6 та хизматни санаб, улар учун сиздан пул олар эди, аммо сизга берган қоғозда кўрсатмас эди.
Бугун, миниб юрган машинамнинг ишонч қоғози муддати тугади ва мен отамнинг номларидан ўзимни номимга ишонч қоғози олиш учун яна Ургут шаҳридаги нотарусга бордим. Навбат экан, ярим соатча кутдик. Ҳужжатларни ёзиб берадиган котиба бўшади ва бизни ҳужжатимизни ёзди. Сўнг телефон номеримизни тизимга киритиб, қўлимга квитанция берди. Телефонимга "сизнинг тўловингиз фалон пул бўлади, агар ошиқча сўрашса фалон рақамли ишонч рақамига қўнғироқ қилинг" деган смс хабар келди. Бориб белгиланган маблағни тўлаганимдан кейин телефонимга "Фалон пул тўладингиз" деган иккинчи смс келди. Қайтиб бориб нотариусга кирдик. Ҳужжатларни кўрди ва отамнинг паспортларини текширишда олдида турган бир ускуначага отамнинг бармоқларини бостирди ва шу орқали маълумотларни текширди. Шундан сўнг ҳужжатимизни имзолаб, ташаккур айтиб бизни кузатиб қўйди. Ҳужжатларимизни тайёрлаган котиба ҳам жуда хушмуомала экан. Умуман олганда ҳаётимда биринчи марта нотарусдан хушкайфият билан чиқдим ва олдинлари доим асаблар бузишиб жанжаллашиб чиққанларим эсимга тушди.
Қолаверса, авваллари неча марта кўрганман сиздан пул олишда камида 5-6 та хизматни санаб, улар учун сиздан пул олар эди, аммо сизга берган қоғозда кўрсатмас эди. Бугун нима хизмат учун қанча пул тўладим, ҳаммаси тийин-тийинигача ишонч қоғозида кўрсатилди.
Очиғи, Адлия вазирлигининг айнан нотариуслар фаолиятини қаттиқ назоратга олиши, уларни ошиқча таъмагирликка йўл қўймайдиган тарзда ишлашга ўтказиши, бу йўлда телефон рақамлари орқали бажарилган иш ва тўланган сумма ҳақида маълумот бериб, мабодо ошиқча сумма олишса қўнғироқ қилинг деб ишонч рақамларини қайта-қайта юбориши, ҳаммаси ўз ўрнига тушибди.
Ургутдай марказнинг қонун-қоидаларини унча ҳам писанд қилмайдиган жойни нотариусларни тартибга олишибдими, демак вазирлик анча халқ манфати учун анча тер тўкибди.
Бугун нотариуслардаги ҳолатни кўриб айьаман: шаффофлик мана шундай бўлади ва бошқа вазирликлар ҳам янгича ишлаш тартибига ўтишда Адлия вазирлигидан ўрнак олсалар яхши бўлар эди.
Нотариусларнинг иш жараёни устидан ўрнатилган назоратни кўриб, қойил деб юбордим.
Бўларканку, мана шундай ишлаш тизимига ўтса ҳам.
Раҳмат сенга Адлия!
П.С. Кўпинча сўрашади, эътироз билдиришади: "Нега ютуқларни ёзмайсизлар?" Мана, ёзаяпмизку 😄
Комментариев нет:
Отправить комментарий