вторник, 5 марта 2019 г.

Кўчат эк

Бугун тушгача далада бўлдим. 2017 йилда озроқ ташландиқ ерга ток кўчати эккан эдим. Ўшани четига олхўри кўчатлари экиб келдим. Олхўрини нави Молдаван нави эди. Мен билган олхўри навлари ичида энг зўри. Меваси етилиб пишса жуда ширин бўлади ва ундан шарбат ёпганда ёки павидло тайёрлаганда шакар умуман керак бўлмайди. Бу нав бизда олдин бўлмаган. Уни ўтган асрнинг 70-йилларида раҳматли Ш. Рашидов Молдавиядан олиб келтириб Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги баланд қир адирларга экдирган экан. Бурчмулла, Нанай яна бир-иккита қишлоқларда ва уларнинг атрофида шу олхўридан кўп экилган. Кўчатини ўша ёқдаги танишлардан олиб келганман. Бу олхўрини яна бир хусусияти илдизидан чиққан болачаларини пайванд қилиш шарт эмас, олиб эксангиз ўзидай чиқаверади. Шу учун катта дарахт тагида доим илдизидан чиққан кўчатлар бўлади.

Энди далага қайтсак, кўчатни экиб бўлиб бирпас ўша ерда ўтириб ўйладим. Инсондан нима қолади. Бировларга холис бажариб берилган савобли иши, яъни солиҳ амаллари ва экаётган кўчати қолади, агар уни кесиб ташлашмаса, албатта. Мен далада ўтириб яхшилаб ўйлаб кўрсам, шу кўчат экишдан бошқа бировга яхшилик қилиб қўйган жойим йўқ экан. Шундай экан умидим шу кўчатлардан.
Чунки, ўша кўчатлар улғайиб мева қилар экан ундан баҳраманд бўлаётган инсонлар, қушлар, қурт-қумурсқалар ҳамма-ҳаммаси уни эккан инсоннинг ноъмаи аъмолига савоб бўлиб ёзилади. Менинг ҳам умидим шундан.

Шу тобда, ўзим бировга қойиллатиб яхшилик қилиб қўя олмаган бўлсам ҳам сизларга насиҳат қилишни лозим топдим. Сиз доим яхшилик қилишда мусобақалашинг. Номи эсимда қолгани йўғ-у, ўтган азизларимиздан бирлари ҳар куни иккита савобли иш қилишни ўзларига вазифа қилиб олган эканлар. Баъзи кунда савобли иш топиш машаққат бўлиб қолган кунларда вазифамдан чекинмай деб савобли ишни ўзлари қидирар эканлар.
Ҳа яхшилар, ҳар доим яхшиликда бўлинг ва доим дарахт кўчатини экиш пайида бўлинг. Зеро биздан бошқа нарса қолмайди.

Бу гапларни нега ёзаяпман?  Ҳозир айни баҳор пайти - кўчат экадиган пайт. Агар эриниб турган бўлсангиз  асло эринманг ва ўрнингиздан туриб кўчат экинг. Кўчатни мева қиладиганини эксангиз яхши, аммо мева қилмайдиганини ҳам экаверинг, ҳеч бўлмаса ҳавони тозалайди.
Пайғамбаримиз саллолоҳи алайҳи васалламдан машҳур бир ҳадис бор. У зот айтадилар: "Агар Қиёмат содир бўлаётган бўлса ҳам олдин қўлингдаги дарахт кўчатини экиб қўй".

Комментариев нет:

Отправить комментарий