Дунё сайёҳлик индустрияси ривожланар экан, улкан рақобат майдонида ҳамма ўз салоҳиятини тўлароқ намойиш этишни ва шу йўл билан сайёҳларни кўпроқ қисмини ўзига жалб қилишни хоҳлайди. Тан олайлик, собиқ Иттифоқ даврида ҳам ёки мустақилликдан кейин кечагача ҳам биз дунё мамлакатлари учун анчайин ёпиқ давлат эдик. Шу туфайли ҳам бизга сайёҳларни келиши жуда қийин бўлган. Виза олишнинг қийинлиги, буни устига кўпгина мамлакатларда тўғридан тўғри элчихоналаримиз йўқлиги ва Ер шарининг аксари ҳудудларида ҳатто 3-4 давлатга битта элчихона хизмат қилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас эди. Охирги йилларда мамлакат раҳбарияти шу муаммоларни ҳал қилиш лозимлигини англаб етди ва кўпгина давлатлар фуқароларини мамлакатимизга бир ойлик визасиз киришлари учун рухсат берилди. Қолганларига ҳам, элчихоналарга овора бўлиб юрмасликлари учун электрон виза жорий қилинди. Бу ишларнинг ҳаммасини мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш учун қилинаётгани, ҳукумат томонидан бунга катта эътибор берилаётгани кишини қувонтиради. Аммо, ҳали қилинадиган иш кўп.
Дунёнинг сайёҳлик ўта ривожланган мамлакатларига қарасангиз, улар дунёнинг аксар мамлакатлари аҳолиси учун вижасиз режим ёки "аэропорт виза" жорий этиб қўйибдилар. Яъни сиз ўша мамлакатга саёҳат учун учиб бораверасиз. Аэропортни ўзида виза тўловини тўлаганингиздан кейин сизга маълум кунларга виза уриб берилади шундан кейин сиз ўша давлат бўйлаб бемалол саёҳат қилаверасиз. Шундан келиб чиқиб айтаман, бизда ҳам турли мамлакатлар аҳолисига визасиз режим ёки аэропорт визаси тартиби бўйича маррани янада кенгроқ олавериш ва янада кўпроқ мамлакатлар аҳолисига визасиз режим тақдим этилавериши керак.
Шунингдек, айнан сайёҳлик соҳасида маълум бир соҳаларга ихтисослашиш ҳам жуда муҳимдир. Масалан, йил давомида иссиқ об-ҳаво ҳукм сурадиган экваторга яқин давлатларга кўпчилик сайёҳлар асосан чўмилиб дам олиш учун борадилар. Европа мамлакатларига эса асосан ўрта асрларда қурилган турли тарихий шаҳарларни, музейларни томоша қилиш учун борадилар. Бизга эса сайёҳлар асосан тарихий обидаларимизни томоша қилиш учун келадилар. Энди биз сайёҳларни нафақат тарихий обиларимизни кўришлари учун, балки бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириб, ўшаларга ҳам жалб қилишимиз керак. Масалан, ўзбек кулинарияси жаҳонга машҳур. Мазали овқатларимиз, уларнинг қизиқарли бўлган тайёрланиш жараёнларини сайёҳларга кўпроқ, яхшироқ ва қулайроқ кўрсатиш усулларини жорий қилишимиз керак.
Масалан, ҳудудларда кулинария марказлари ташкил этиб, у ерда мамлакатимизнинг турли минтақаларига хос бўлган палов пишириш, сомса тайёрлаб ёпиш, нон ёпиш ва бошқа кўплаб овқатларимизнинг тайёрланиш жараёнини сайёҳларга жонли кўрсатиб, қолаверса ўша жараёнда сайёҳларнинг ўзларига ҳам қатнашиш имконини берилса, сайёҳлар учун бу жуда қизиқарли бўлади деб ўйлайман . Тасаввур қилинг, ўшандай ош марказида сайёҳларнинг кўз ўнгида, бир тарафда сабзи арчилиб, тўғралиш жараёни бўлаяпти. Бир тарафда кичик қозонларда биттасида зирвак қайнаяпти, биттасида гуруч солишаяпти, яна биттасида ош сузишаяпти. Ана шу жараёнда турли вилоятларга хос бўлган паловлар пиширилади ва бу сайёҳлар учун жуда қизиқарли бўлади. Ёки масалан, сомса тайёрлашни олайлик, турли масаллиқлар солиниб, турли кўринишдаги, турли вилоятларга хос бўлган сомсаларни тайёрлаш, пишириш жараёнлари ҳам сайёҳлар учун қизиқ бўлади. Қолаверса бизда нафақат палов ёки сомса, балки яна кўплаб мазали ва тайёрланиши қизиқ овқатлар бор. Уларни татиб кўриш, тайёрланиш жараёни сайёҳлар учун албатта қизиқарли бўлади деб ўйлайман.
Ҳозир шу тобда нега сайёҳликда кулинария соҳасига ҳам катта эътибор бериш ҳақида гапираяпман? Яқинда бир гуруҳ дўстларимиз БАА да бўлиб ўтган футбол бўйича Осиё Кубогини томоша қилишга бориб келдилар. Уларнинг айтишларича БАА да сайёҳлар учун ҳамма шароит қилинган, ҳаммаси зўр экан. Фақат овқатларининг умуман мазаси йўқ экан. Улар "Бирон жойда оғизга хуштаъм ёқадиган овқат емадик" дейишди. Бизни овқатларимизни эса таъми зўр. Ҳар қандай сайёҳ бир марта татиб кўрса яна татиб кўргиси келади. Энди биз, ана шу мазали овқатларимиздан, уларнинг ўзига хос тайёрланиш жаоаёнларидан фойдаланиб сайёҳларни мамлакатимизга янада кўпроқ жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришимиз керак. Ана шунда келаётган сайёҳлар ҳам тарихий обидаларимизни томоша қилишади, ҳам овқатларимиз қандай тайёрланишини кўришади, жараёнда ўзлари ҳам қатнашишади.
Ана шу ерда айтишингиз мумкин "келаётган сайёҳларга овқатларни қандай тайёрланиши кўрсатилаяпти" деб. Бу гапингизга қўшиламан. Фақат ҳозирча бу соҳада қилинаётган ишлар етарлича бўлмаяпти ва тарқоқ ҳолда қолаяпти. Энди, шуни кучлироқ ривожлантириш керак деб ўйлайман. Назаримда бу қийин иш эмас. Озгина ҳафсала, қунт билан қилинадиган меҳнат кифоя.
Комментариев нет:
Отправить комментарий