пятница, 15 февраля 2019 г.

Бизга бегона тангалар

*Бизга "бегона" тангалар*

Агар эсларингда бўлса ўтган йил ёзда Ўзбекистон Марказий банки 2 июль, 2018 йилдан янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилишини [эълон қилган эди](http://cbu.uz/ru/press-tsentr/press-relizy/2018/06/127591/)

Очиғи бу хабар ҳам, янги тангалар чиқарилиши ҳам эсимдан чиқиб кетган эди. Бугун эса уни эсимга солишди.
Бугун тушдан кейин уйда ишлаб ўтирсам маҳалламиздаги дўкончи қўнғироқ қилиб қолди:
– Ака яхшимисиз? Мен ҳозир дўконга нарса олгани келган эдим. Менга ширинликлар сотадиган йигитлар танга олмаймиз дейишаяпти.
Ҳайрон бўлдим:
– Қанақа танга? Қанақа ширинлик?
– Ака, бизга одамлар савдога танга олиб келишаяпти. Янги танга чиқибдику 500 сўмлик. Биз муаммосиз олаяпмиз. Аммо, ҳозир ширинлик олиш учун келсам уни улгуржи сотадиган йигитлар "биз танга олмаймиз" дейишаяпти.
– Икки минут жойингда қимирламай тур. Ҳозир сенга қайтиб ўзим қўнғироқ қиламан, – дедиму дарров Давлат Солиқ Қўмитаси сайтига кириб ишонч номерини топдим. Қарасам ҳамма вилоятларни алоҳида қилиб ишонч номерини ёзиб қўйишибди. Самарқанд вилояти Солиқ Бошқармаси ишонч номерини ёздим ва тезда дўкончи болага қўнғироқ қилдим:
– Самарқанд вилоят Солиқ Бошқармасининг ишонч номерини топдим, нима қилай, ишинг битдими ёки қўнғироқ қилайми?
Дўкончи бола тангани олмаётган йигитларга қараб "оласизларми ё сизларга муаммо керакми?" деди. У йигитлар нимадир дейишди, тушунмадим. Шунда дўкончи бола "бўлди, оламан деяпти" деди. Мен унга яна гапирдим:
- Нима сен Тожикистонни тангасини олиб бораяпсанми уларни олдига? Ўзимизники бўлса. Қолаверса яқинда чиқаришган. Бунақа бўш кетма, – дедим ва қўнғироқни уздим.

Шундан кейин маҳалладан суриштирсам февраль ойида Халқ банки маҳалламиздаги турли нафақаларни тарқатишда нафақахўрларнинг ҳар бирига 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалардан 5000 сўмдан қўшиб берган. Улар айланиб маҳалламиздаги дўконга тушаяпти. Дўкончи улгуржи нарса берадиганларни олдига борса, уларни айримлари "танга олмайман" деб қайтараяпти.

Ҳаммамиз биламиз, охирги пайтларда майда қоғоз банкноталар йўқолди. Ҳатто 500 сўмлик банкнота ҳам топилмай қолди. Энди 100, 200 сўмлик банкноталар анқонинг уруғи бўлиб кетди. Буни оқибатида турли жойларда қайтимга сақич, гугурт, конфет бера бошлашди. Буни ижтимоий тармоқларда худди катта бир муаммодай роса муҳокама қилишди.
Охир оқибат, ўтган йил Марказий банк муомалага янги тангалар чиқарилишини эълон қилди. Янги тангалар, юқорида айтганимдай Ургутда февраль ойидан турли нафақаларга қўшиб берила бошланди. (Бошқа жойларни ҳозирча билмайман)

Шу ўринда савол туғилади. Ўзи тангани тарқатишни йўли қандай. Биздаги тангаларни мажбурлаб нафақаларга қўшиб бериш амалиёти қанчалик тўғри?
Қолаверса, анча йиллардан бери танга истеъмолдан чиқиб кетган эди, энди уч-тўрт сўм пул топиб оёғи ердан узилганлар ёки ундан ҳам катта улгуржичилар ўзларича танга олишдан орланиб кечагидай тангани қабул қилмаса, одамлар, тангага савдо қилган дўкончилар кимга мурожат қилиши керак? Мана шундай ҳолатларда, тангани турли нафақаларга қўшиб тарқатаётганда кимдир тангани олмаслигини эҳтимолини инобатга олиб нафақахўрларни қўлига "мабодо бу тангаларни кимдир олмаса мана шу рақамга телефон қилинг" деб тегишли ташкилотларни номерини бериб кетишлари керакмиди? Чунки, агар кеча маҳалламдаги дўкончи ўзидаги тангаларни ҳеч кимга ўтказа олмаса кейин у ҳам савдода одамлардан танга олмай қўяди.
Айтишингиз мумкин, дўкончи тангаларни тўловларга тўласин" деб. Маҳалладаги кичик дўкон бўлгани учун у инкассацияга пул топширмайди. Тангалар эса Патент ва бошқа тўловларидан анча кўп. Уни айтишича 5 февралдан нафақалар тарқатила бошлагандан бери, 10 кунда 1 миллиондан ошиқ тангага савдо қилган. Ҳали ойни охиригача яна танга келаверади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий