вторник, 12 февраля 2019 г.

Пўртана, Карпат украинлари

*Ғарбий Украина ва Болтиқбўйилик асл ватанпарварлар ёки қорин ғамида юрганимиз ҳақида*

1971 йилда, "Чарм тўп" мусобақаларида иштирок этаётган ўзбекистонлик ўқувчилар билан Донецкка борганимизда Украинада вабо тарқалиб, карантин эълон қилинди ва бизнинг Ўзбекистонга қайтишимиз муаммо бўлиб қолди. Мен спорт журналисти сифатида борганим учун ўқувчилар жамоаси билан юрмай уйга Киев орқали қайтишни режалаштирган эдим. Шу боис карантин қўриқчиларига билдирмай бир ўзим аэропортга бориб, Киевга учдим. Режамда, Тошкентга учишдан олдин у ерда яшайдиган фантанст ёзувчи Игорь Росоховатский билан танишиш ҳам бор эди. Мени унинг китобини ўқиб ёқтириб қолган эдим. Киевга етиб боргандан у билан танишдик. У ҳам менга ўхшаб болалар газетаси таҳририятида ишлар экан. Баҳонада газетасининг иши билан танишдим. Муҳаррир хизмат машинасини берди. Игорь Маркович билан Киевни томоша қилдик. Машинага чиқишдан олдин у менга "Миллий масалада гапириб ўтирма, ҳайдовчи КГБнинг одами" деб огоҳлантириб қўйди. Марказий меҳмонхонага жойлашдим. Эрталаб туриб қарасам, эшикнинг пастки қисмидаги тирқишидан варақа ташлашибди. Унда "Ғарбий Украинанинг Совет босқинчилари томонидан истило қилингани, ҳадемай Карпат ўлкаси озодликка чиқажаги" ҳақида ёзилган эди. Немислар билан бўлган урушдан олдин, 1939-1940 йилларда, Ғарбий Украина, Ғарбий Белоруссия ва Болтиқбўйидаги уч республикани СССР босиб олиб ўз ҳудудига қўшиб юборган эди. Аммо, уларнинг маваққат ҳукуматлари СССР парчалангунча хорижда фаолиятини давом эттирган эди. Сон жиҳатдан руслардан анча кам бўлган ўша миллатлар қудратли давлат бўлмиш СССР олдида паст кетмаган, унинг ваҳшатидан қўрқмаган, сабр ва сабот билан юрт ва миллат озодлиги учун курашни давом эттирган. Демоқчиманки, Латвия, Литва ва Эстониянинг биринчилардан бўлиб мустақилликка эришиши тасодиф эмас эди. СССРни Россия, Украина,  Белоруссия раҳбарлари - Елцин, Кравчук, Шушкевич парчалаб беришгани йўқ. Бу жараённи айнан Болтиқбўйи республикаларида миллат фидоийлари бошлаб беришган, уч славян республикаси раҳбарлари ниҳоясига етказган эдилар. Бундан сал олдинроқ эса, 1989 йилда "социалистик лагер"га кирувчи Шарқий Европа мамлакатлари "социализм занжири"ни узиб, социализм ва коммунистик бошқарувдан бутунлай воз кечган эдилар.

Изоҳ: Украина, Белоруссия азалдан, Кавказ эса 200 йилдан буёғига, Марказий Осиё халқлари эса 19-асрнинг 2-ярмидан рус босқинчилари қўл остида яшаб келдилар ва СССР парчаланаётганда ҳам, ундан олдинроқ ҳам ўзларини анчагина мутеъ тутишди. Елцин, Кравчук ва Шешкевич "СССРни тарқатиб юбориш" ҳақидаги қарорга имзо чекиб, "бор, энди кунингни ўзинг кўр" демагунча "қани, буёғи нима бўлар экан, энди?!" деб Москвага термилиб ўтиравердилар. Ўша СССРдаги мустамлака ва қулликдаги ҳаётидан розилар ўшанда ҳам етарлича бор эди ва бугун ҳам ўша даврни оғзидан бол томиб мақтайдиганлар кўп. Уларга "минг зўр бўлмасин, биз ўша давлатда қул эдик, эрксиз эдик" деб ҳеч қанақасига тушунтириб бўлмайди.

Аммо, Ғарбий Украина, Болтқбўйи республикалари СССР таркибида бизга нисбатан қисқагина, бор йўғи 45 йилча(1945-1990) яшаган бўлсаларда доим озод ва эркка чиқишни орзу қилдилар ва ҳатто ўша тузум энг кучайиб авжга чиққан пайтида ҳам озодлик учун қўлларидан келгунча курашдилар.
Биздаги СССРни мақтайдиганлар бир ўйлаб кўрса бўлар эди.
"Нега Болтиқбўйи давлатлари ва Ғарбий Украина СССРда энг зўр шароитда яшаса ҳам мустақиллик учун курашган? Нега улар "мана, зўр яшаяпмиз, бундан ортиқ яна нима керак?" демаган? Катта эҳтимол билан бугун ҳам "СССР даврида зўр яшардик, фалон пул билан дунёни нариги чеккасидаги Владивостокка учиб борар эдик" демаяпти. Сабаби, улар бизга ўхшаб қорин дардида бўлмаган. Улар ҳамма нарсадан ўз эркини баланд қўйган. Бизчи? Тўғри, бироз қийналгандирмиз, қийналаётгандирмиз, аммо бу ўша мустамлака даврни соғинишга, СССРни мақташга сабаб бўла олмайди. СССР даврида халқни қорни 1960 йилдан кейин тўя бошлади. Унга ярим аср азобда, қулликда, хорликда яшаган. Бир умр қийнаб, охирида озгина нон бергани учун ўша мустабид тузумни мақташни нима деб аташни билмайман. Аммо, Ғарбий Украиналик ҳам, Болтиқбўйиликлар ҳам ўз юртини биз юртимизни севганимиздан кўра минг маротаба кўпроқ яхши кўрган. Уни озодлиги учун курашган. Буни, Тоҳир Малик домла ҳам ўз асарларида тасдиқлабдилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий