*Мантиқсиз мантиқлар*.
Бир одатим бор, ҳар бир ишдан, мантиқ қидираман. Аммо, кўпинча ўша мантиқни топа олмайман. Айниқса, аксарият одамлар бошқалардан талаб қиладиган, нарсаларини навбат ўзларига келганда ўзлари ҳам четлаб ўтишга уринишларини тушунмайман.
Келинг, бир бошдан бошлай. Яқинда Тошкент шаҳар ИИБ, ЙҲХБ қоидани бузувчи ҳайдовчиларни бошқа ҳайдовчилар жўнатган видео ва фотоларга қараб жазога торта бошлади. Кўчада бошқа бир ҳайдовчининг қоидабузарлигини тасвирга олиб ЙПХ ходимларига жўнатаётган ҳайдовчиларнинг ўша ишлари ижтимоий тармоқларда ҳам, кўча-куйда ҳам муҳокама бўлар экан аксарият одамлар уларни сотқинликда айбладилар. Ҳатто сўкиб ҳақорат қилганлар ҳам бўлди.
Ана шу ерда мен тушунмаган "мантиқсиз мантиқ" содир бўлаяпти. Қандай дейсизми? Тушинтираман; охирги йиллардаги ўзгаришлардан кейин одамларимизнинг онги анча ошди ва энди улар юртимиздаги ҳар бир мансабдор шахсни қонунларга бўйсуниб ишлашини, ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаслигини хоҳлаяптилар. Ҳатто буни талаб ҳам қилаяптилар. Мен ҳам бу масалада уларга қўшиламан, ҳар бир ишда қонун устувор бўлиши керак. Лекин шу ерда мен бир нарсани тушунмаяпман; нега одамлар мутасаддилардан қонун доирасида ишлашни талаб қиладилар-у ўзлари учун жорий қилиб қўйилган йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунишни хоҳламайдилар?
Нега мутасаддиларнинг қонунни бузишларига қарши бўладилар-у ўзлари амал қилишлари лозим бўлган қоидаларини имконияти бўлиши биланоқ бузадилар?
Нима, Конституция ёки турли бошқа қонун ва қоидаларни бузиб бўлмайди-ю йўл ҳаракати қоидаларини осонгина бузиб кетаверса бўладими? Йўлларда ҳар ким хоҳлаганини қилиб кетаверса унда ўша йўл ҳаракати қоидалари нега ва ким учун ёзилган?
Ёки яна бир мисол, қачон ЙПХ ходимларидан гап очилса аксарият одамларимиз улар ҳақида салбий фикрни билдирадилар. "ЙПХ ходимлари порахўр, ЙПХ ходимлари муомалани билмайди, ЙПХ ходимлари пора олади" деган гапларни исталган ҳайдовчидан эшитишингиз мумкин. Лекин қоидаларини бузиб ЙПХ ходимларининг қўлига тушганимизда аксарият ҳолларда биринчи бўлиб ўзимиз қонунни бузиб уларга пул таклиф қиламиз ва қоидабузарлигимизга кўз юмиб қўйиб юборса уни "рози қилиб кетишимиз" ҳақида шаъма қиламиз, енгилроқ жазо қўллашини сўраймиз. Мен ана шу ерда яна бир *мантиқсиз мантиқ*га тушунмайман ва нега аксарият одамларимизнинг ЙПХ ходимларини ёмонлаб, лекин ўзлари қоидани бузиб, буни устига ЙПХ ходимига пора таклиф қилиб яна ўзларини оппоқ кўрсатишларини тушунмайман.
"Фалонча ГАИ (изоҳ; одамларимиз ҳанузгача ЙПХ ходимларини шундай аташади) роса ифлосда, умуман у билан келишиб бўлмайди, қўлига тушдингми жарима ёзиб юборади. Бирон марта "чой пули" олиб ҳужжатимни қайтариб берганини билмайман. Фалонча ГАИ эса зўр одам. Неча марта қўлига тушган бўлсам оладиганини олган ва мени жазоламай қўйиб юборган". Қаранг мантиқни. Пора олмай қонунан чора кўрган ЙПХ ходими ёмон. Пора олиб жазоламай қўйиб юборгани эса "зўр". Мана шу мен тушунмаган "мантиқсиз мантиқ". Одамлар жамиятдан коррупция ва порахўрлик батамом йўқолишини хоҳлайди. Қайсидир идорада арзимаган ишга пора сўраганларини дод солиб дунёга жар солади. Аммо баъзи ҳолатларда ўз ишини тезроқ битириш учун ёки қаттиқроқ жазодан қутилиб қолиш учун порани биринчи ўзи тиқиштиради.
Ўғирликни каттаси ҳам, кичиги ҳам ўғирликдир. Уни кичигини қилган одам каттасига ҳам қўл уради. Шундай экан бир иш учун тоғдай пул сўраган порахўр билан йўл ҳаракати қоидаларини бузиб қўлга тушганида ЙПХ ходимига пул тиқиштирган одамнинг фарқи борми? Менимча йўқ. Униси олаяпти, буниси бераяпти. Қонунларимизда порани берган ҳам, олган ҳам бир хил жазоланади.
Умуман олганда айтмоқчи бўлган гапим шу-ки; биз қонунлар устувор бўлган жамият қуришни хоҳлар эканмиз авваламбор биз учун энг кичик ва арзимас туюладиган қонун қоидаларга ҳам риоя қилиб яшашимиз керак. Ана шунда жамият ҳам қоидаларга бўйсунадиган бўлади. Ўзимиз қонун-қоидаларни бузиб бошқалардан эса ўша қонун-қоидаларга бўйсиниб яшашни талаб қилишимиз бу ўта "мантиқсиз мантиқ" бўлади. Бундай мантиқни эса мени тушунишим барибир қийин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий