пятница, 30 ноября 2018 г.

G20 ҳақида ривоят.

G20 саммити, гап-гаштак ва масалчи Крилов ҳақида.

Ҳадеб қишлоғимдаги *Тухумкоробка* йўллар, туманимда метан заправканинг йўқлиги ҳақида ёзавериб энсангизни қотириб ташладимми? Унда бугун ўлчовларни каттароқ оламиз. Космик кемага ўтириб турли "сфера"лардан тепага, космик бўшлиққа чиқиб Ер шарини кузатамиз ва глобал мавзуда гаплашамиз. Қани кетдик.

Қаранг, ҳамма ҳашаматли  самолётлар бир тарафга, Жанубий Америка томон учаяпти. Бу қитъада жойлашган Аргентина, ҳа ўша машҳур Мессининг туғилган юрти Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда жаҳоннинг иқтисодий ва сиёсий тарафдан энг кучли давлатларининг раҳбарлари G20 саммитига йиғилишаяпти.

Келинг, энди бироз жиддийлашайлик. Бугунги кунда дунёда кўплаб халқаро ташкилотлар, турли саммитлар бор. БМТ, ОБСЕ, АССЕАН, ШҲТ, МДҲ, G7, G20 ва ҳоказо. Уларни баъзи бирларида доимий қўмиталар, вакиллар ишлайди. Баъзилари эса халқимизнинг  маълум бир пайтда гап-гаштакка йиғилиб турганидай маълум бир вақтда йиғилиб туришади.
Хуллас ишлашлари ҳар хил.

Эсимни таниганимдан бери биламан бу ташкилотларни биронтасининг Ер шари аҳолисига зиғирчалик нафи тегмайди. На сиёсий томондан, на иқтисодий томондан. Унда бу ташкилотлар ва саммитлар нега керак дейсизми? Мен ҳам шуни билмайман-да.

Масалан, мана шу G20  саммитини  олайлик. Номидан маълум "катта йигирматалик" давлатлари йиғилишади. Яъни дунёнинг энг кучли наҳанг давлатлари. Дабдаба ва ваҳималар билан боришади. Камида 7 юлдузли меҳмонхоналарга жойлашишади. Жини суйгани бир-бири билан учрашиб қисқа муддатга суҳбатлашади. Жини суймагани бир-бири билан рўпара келиб қолса ҳам саломлашмайди. Кейин катта бир мажлис қуриб худди Ер шарини шулар ушлаб тургандай ўзларича турли муаммоларни "кечиктирмай ҳал қилиш керак" деб гапиришади. Сўз навбати  берилмаганлари зерикарли нутқлар пайтида мудрашади. Бўлди, шу билан эртаси куни яна дабдаба ва ваҳималар билан уйга қайтишади. Саммитни тугаганидан Буэнос-Айрес аҳолиси енгил нафас олади. Чунки саммит баҳона начталаб кўчалар тўсилади ва бу иш оддий аҳолига ноқулайликлар туғдиради. Нима, сиз турли халқаро йиғинлар пайтида фақат бизда йўл ёпилади деб ўйлавмидингиз. Э, йўқ. Аргентина пойтахтида ҳам ёпишади.

Нима деяётган эдим? Ҳа, турли саммит ва халқаро ташкилотларни самарасиз йиғинлари ҳақида эди.
Ана шундай қилиб бундай саммитларни ҳам, бошқа турли ташкилот йиғинларини ҳам ҳозирча жафокаш Ер аҳлига ёрдами тегмаяпти. Сабаби, булар кеча G7, бугун G20 бўлиб, йиғилиб мажлис ўтказиб, унда роса баланпарвоз гапларни гапиргани билан, мажлис тугаб уйга қайтгандан улоқни бошқалар илиб кетмасин деб яна ўзи томон торта бошлайди.
Ана шу жойи рус масалчиси Криловнинг "Чўртанбалиқ, Оққуш, Қисқичбақа" масалига ўхшайди. "Ўлжа" яъни Ер шари ва ундаги бойликлар, арзон ишчи кучи, маҳсулотини сотиши керак бўлган бозор уларнинг ҳаммасига бирдай керак. Шу учун улар Ер шарини айланасига чангаллаб ўзига қараб тортади. Бундан эса Ердаги одамлар, айниқса ундаги 2 миллиардга яқин камбағаллар жабр тортади.

Аслида Ер шари аҳолисига уларни нафи ҳам, ёрдами ҳам керакмас. Шунчаки тинч қўйишсин, бўлди. Агар улар заминимизни тинч қўйишса ишонаверинг, урушлар ҳам бўлмайди, келишмовчиликлар ҳам. Турли томонларни гиж-гижлаётганлар ҳам, уруш чиқараётганлар ҳам, кейин уришаётганларга қурол сотаётганлар ҳам, одамлар бир-бирини ўлдириб қонини дарёдай қилиб оқизаётганида, чиқарган урушлари сабабли шаҳарлар, мамлакатлар вайрона бўлиб турганда, томоша қилиб турганлар ҳам ўшалар. Қани эди одамлар буни тушунса-ю уларни қутқусига учмаса эди. Аммо, лекин, бироқ, Афсус....

Уларни бундай фойдасиз йиғинидан ОАВ маза қилади. Роса янгиликларда кўрсатишади, газеталар ва сайтларда ёзишади. Буни кўриб, ўқиб бечора Ер аҳолисини эртанги кунидан умид қилиб ўтираверади. Ноумид шайтон дейишган ахир.

П.С. Эътибор берган бўлсангиз G20 ҳақида биронта маълумот ёзмадим. Қачон тузилгани, таркибида қайси давлатлар бор, саммитнинг мақсадлари ва ҳоказолар. Буни ёзиш менга қийин ҳам, чўт ҳам эмас. Шунчаки бизга, нафақат бизга, бутун Ер шари аҳолисига  зиғирча фойдаси тегмайдиган саммит ҳақидаги маълумотларни шунчаки ёзгим келмади. 

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий