Кеча, 23 ноябрь санасида Ургут туман жиноий ишлар бўйича судида бир суд иши бўйича қатнашдик.
Кимнидир эсида, кимнидир эсида йўқ, шу йилнинг 9 июль куни Қарши туман ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов давлатга дон топшириш режасини бажара олмаган фермерларни шафқатсизларча калтаклаган. Шу ҳақда тумандаги «Абдуғафуров Муҳаммад» фермер хўжалиги раҳбари 33 ёшли Раҳматулло Хўжамуродов хабар тарқатган. Унинг айтишича, милиция бўлими бошлиғи олдин фермерлардан режа бажарилмаслиги сабабини суриштирган. Улар бунинг сабабини тушунтира бошлашганда, барчаларини баравар калтаклай кетган.
— У мени ва яна икки фермер Баҳриддин Тўраев, Абдуҳамид Пардаевларни калтаклади, — деди Раҳматулло Хўжамуродов. — Аввал қулоқ-чаккамизга, кейин эса юз-кўзларимиз аралаш аёвсиз зарбалар йўллади…
Жабрланувчи яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтдики, бошқа фермерлар ҳам калтакдан бебаҳра қолмади. Ҳатто, ёши улуғ фермерларни ҳам милиция бўлими бошлиғи аяб ўтирмаган…
Жаҳонгир Ражабовнинг ўзи бу масалада журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортган.
https://zamin.uz/jamiyat/38754-qarshi-tuman-iib-boshligi-galla-rejasini-bajarmagan-fermerlarni-musht-bilan-siyladi.html
Орадан бироз ўтиб, ИИ вазири Пўлат Бобожоновнинг 23-26 июль саналарида Қашқадарё вилоятига маҳаллий Ички Ишлар идораларининг ишлаш тартибларини суриштириш учун қилган ташрифи давомида Ички Ишлар тизимида ишлаш жараёнида бир қатор камчиликларга йўл қўйгани учун кўпгина раҳбарлар қатори ушбу валломат шахс ҳам ишдан бўшатилади.
http://www.xabar.uz/jamiyat/polat-bobojonovning-qashqadaryoga
Шундан сўнг калтак еган фермерларнинг прокуратурага шикоят қилишлари ортидан ушбу шахс устидан жиноят иши қўзғатилади.
Кеча бўлиб ўтган суднинг охирги мажлисида суд Жаҳонгир Ғаппорович Ражабовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддаси татбиқ этилиб, 3 (уч) йил муддатга корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ва ички ишлар органлари тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Албатта, воқеаларнинг гувоҳи бўлмаганман, аммо ўша калтак еган фермерларнинг орасида аёл кишининг ҳам бўлгани, Ражабов эса бошқа фермерлар қатори уни ҳам аямай урганини инобатга олсак суд унга енгил жазо тайинлади деб ўйлайман.
Мени ҳайрон қолдиргани кеча суд залида ўтирган судланувчини ҳолатини кўриб ҳеч ким уни бироз олдин Қашқадарё вилояти туманларидан бирида қамчисидан қон томадиган, ҳатто аёл кишига қўл кўтарадиган ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаганига ишонмайди. Чунки бу валломат суд залида иштонини ҳўллаб қўйган боладек бўлиб ўтирарди.
Сизни билмадим, аммо мен бундай инсонларни кўп кўрганман. Амалга ўтиргач ўзини жуда катта олиб, халқни хоҳлаганча босиб-янчиб, амалдан урилгандан кейин иштонига ҳўллаб қўйган боладай бўлиб қолганларини, кейин ўзлари сўкиб-сўйлаб тайзиқ ўтказган элга қўшила олмай яккаланиб қолганларини кўрганман.
Шу учун бугун амалда юрганлар мана шундай ишлардан тегишли хулоса чиқаришлари ва ўтирган амаллари вақтинчалик эканини билишлари ва халқ билан муносабатлардан ҳаддиларидан ошмасликлари керак. Акс ҳолда Қарши туман ИИБ собиқ бошлиғи Ражабовнинг куни бошларига тушиши муқаррар.
Мени бундайларга раҳмим келмайди. Чунки, уларни шу эл, шу халқ боқаяпти. Агар ўзини боқиб юрган халқини назар писанд қилмай калтакладими, уни ўша амалида бир кун ўтиришга ҳаққи йўқ. Охир-оқибат ундайлар ўзини тегишли жазосини олиши керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий