пятница, 24 августа 2018 г.

Қабристонларга кўчган ҳашамат.

Шаҳар билан қишлоқнинг фарқи инфратузилма, одамларга яратилаётган шароитлар,  қават-қават уйлардан ўтиб қабристонларга ҳам етиб келганига анча бўлди.
Қачонлардир шаҳар ва қишлоқлардаги девори пахса,  томи лойсувоқ уйлар бир хил бўлган замонларда қабристонлар ҳам,  ундаги қабрлар ҳам шаҳар ва қишлоқларда бир хил бўлган. Аммо замон тарққий этгани сари,  шаҳар ва қишлоқлардаги шароит ва кўриниш фарқи ошган сари улардаги қабристонларнинг ва улардаги қабрларнинг ҳам кўринишларида фарқлар ошиб бораверди.

Ҳар-ҳар замонларда Тошкент шаҳрида ҳам жанозада қатнашиб маййитлар орқасидан қабристонларга кириб тураман. Ҳар сафар эътиборимни тортадиган нарса қабристоннинг у ер, бу  ерларида, оёқ остларида турли қурилиш ашёлари турган бўлади. Қум,  цемент,  мармар,  оёқ остига териладиган турли хил плиткалар дегандай. Яна шунингдек у ерда уёқ,  буёқда усталар ҳам ишлаётган бўлади. Хаёлингизга нима келаяпти?  Қабристонни ободонлаштираётган бўлишса керак,  қурилиш материалларини борлиги ва усталар ишлаётгани шундан далолат деб ўйлаяпсизми?  Йўқ,  адашдингиз. Қурилиш материаллари ҳам,  усталар ҳам кимларнидир қабрини ҳашаматли қилиб қўйиш учун керак. Ҳа, ҳа,  кимларнидир қабрини ҳашаматли қилиб қўйиш учун.
У ҳашамат қабрларни устини батамом текислаб устини хориждан келтирилган қиммат мармар билан батамом қоплаб ташлаш,  қабр атрофида оёқ остини чиройли плиткалар териш,  қабр устини эса тўрт устун кўтариб чиройли пешайвон қилиб қўйиш билан бўлади. Эсимда,  илк марта Тошкентдаги қабристонга кириб у ердаги ҳашаматни кўриб "тошкентликлар уй-жойидан ҳам кўра кўпроқ қабрларига ҳашамат берар экан" деб ўйлаганман. Чунки у ердаги айрим қабрларни тепасига сарфланган пулга қишлоқ жойида бемалол уй қурса ёки шаҳар чеккароғидан бемалол бир ёки икки хоналик квартира сотиб олса бўлади.

Бир гал жанозага борганда кўзим бир ҳашаматли қабрни атрофини ювиб, тозалаб турган одамга тушди. Кўринишидан қабристон ишчиси ёки қоровулига ўхшарди. Маййитни қабрга қўйиб қайтиб чиқишимизда орқароқда қолдим ва ўша ишчидан бориб унинг иши ҳақида, ўша ҳашаматли  қабр соҳиби ҳақида сўрадим. Тўғри, бу одобдан эмас эди,  аммо қизиқишим устун келди.
У одам қабристон ишчиси экан. Уни айтишича ўша қабр соҳибининг болалари хорижда экан. Ҳатто вафотида ҳам олдида бўлишмаган. Жанозадан кейин келиб анча пул сарфлаб қабрни ҳашаматли қип кетишган. Ўшандан бери келишмайди.  Ҳар-ҳар замонда шу ишчига  хизмат ҳаққи жўнатиб туришади ва  ишчи  ўша  қабрга қараб туради. Яна уни айтишича ундай қаровсиз қабрлар кўп экан. Баъзилари телефон орқали боғланиб қабрга қараб туришни сўрашади. Баъзилари эса қабрни ҳашаматли қип қўйиб кетганидан кейин қайтиб хабар олмайди. Ундайларнинг орасида хорижда юрганлари ҳам бор,  Тошкентда яшаб қабристонга ўз яқинларини қабрини йиллар давомида келиб зиёрат қилмайдиганлари ҳам бор экан.

Қабристондаги айрим бутунлай тош билан ёпиб юборилган қабрларни кўриб Пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васалламнинг  қабр тепасига бир дарахт шохидан синдириб суқиб қўйиб "То қуриб қолгунича қабрдаги одамнинг қабрдаги азобини енгиллаштириб туради" деган гапларини бу қабрни устини тош билан бутунлай қоплаб ташлаганлар билишмас эканми?" деган ўй хаёлимдан ўтади.

Яна бир қизиқ тарафи шу-ки ҳол-ҳаётлигида ўз ота-онасини батамом ташлаб қўйганлар кейин қайси виждон билан ота-онасининг қабрига бир дунё маблағни сарфлар экан-а? Ундан кўра уларнинг уларнинг тирикликларида озгина меҳр кўрсатсалар, уларга эътибор берсалар яхши бўлмасмиди?
Албатта ҳамма ҳашаматли қабрларнинг эгаларини ҳам бундай деб бўлмайди,  аммо нима бўлганда ҳам қабрни устидаги маййитга мағфират сўрайдиган майсани олиб ташлаб бутунлай тош қоплаб ташлаш ҳар қанақасига нотўғридир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий