Ён қўшниларимиз билан чегаралар очилганидан бошлаб, айниқса Тожикистон билан, улар ҳам, биз ҳам кўча-куйда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам асосан ҳар иккала давлатдаги нархларни солиштириб кўриш билан, қайси давлатда нима арзон-у, нима қиммат эканлигини муҳокама қилиш билан бандмиз.
Тожикистонда бўлиб қайтган танишлардан, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан шуни билдик-ки Тожикистонда озиқ-овқатлар биздан бироз қиммат, халқ тилида "битовая техника" деб аталувчи уй-рўзғор буюмлари эса биздан арзон экан. Шунингдек ён қўшниларимиз Қирғизистон ва Қозоғистон билан ҳам аҳвол шундай.
Йўллар очилиб, қўшни давлатларга бемалол, эмин-эркин бориб келиш имкониятлари бўлаяпти. Шунингдек қандайдир суммадаги маблағ ҳисобига етгунча бўлган турли маҳсулотларни мамлакатимиздан қўшни давлатларга, қўшни давлатлардан бизнинг юртимизга бемалол олиб кириш имконияти берилди. Бу имкониятдан фойдаланаётган ҳамюртларимиз қўшни мамлакатларга ўзимизнинг маҳсулотларимизни олиб бориб сотиш ва улардан ҳам ўзимизда қиммат бўлган қандайдир буюмларни олиб келиш ишларини бошлаб юбордилар.
Агар қўшни давлатлар билан бўлган назорат пунктларига борсангиз кимдир ниманидир уёққа, яна кимдир эса нимадир буюмларни уёқдан буёққа олиб ўтаётганини кўрасиз. Божхона назорат ўтиш пунктларини одам босиб кетган.
Қўшни давлатлардан "уёқда арзон экан" деб турли буюмларни юртимизга олиб кираётган одамларни кўриб кеча битта ҳамюртимиз "буларда ватанпарварлик йўқ" деб айблабди. Тўғри-да, агар одамларимиз ўша қўшни давлатлардан олиб кираётган буюмларини ўзимиздан харид қилсалар бу ишлари билан ўзимизнинг иқтисодиётимизга муносиб ҳисса қўшган бўлар эдилар. Аммо, тирикчилик. Қолаверса "сендан угина, мендан бугина" деган гаплар бор.
Эсимда, ўтган аср, 90 - йилларнинг охирида дунё бўйлаб иқтисодий инқироз юзага келди. Ўшанда ўша инқироз Жанубий-Шарқий Осиёдаги бир қатор мамлакатлар билан бирга Жанубий Кореяни ҳам четлаб ўтмади ва бу мамлакатни ҳам ўз домига тортди. Мамлакатда валюта-олтин заҳиралари камайиб чет эл валюталарининг нархи тез суратларда ошиб кетаверди. Ана ўшанда, ўша пайтдаги мамлакат Президенти ўз халқидан ёрдам сўраб мурожат қилди. Ўша мурожотдан кейин Жанубий кореяликлар қўлларидаги ортиқча валюта ва тилла буюмларни олиб бориб банкка топшира бошладилар. Албатта, ўша валюта ва тиллалар шунчаки ёрдам сифатида олинмади, балки қарз сифатида олинди. Жанубий Корея аҳолиси ўз ҳукуматига ишонди. Ҳукумат ҳам уларнинг ишончини оқлади ва кейинчалик мамлакат иқтисодий инқироздан чиқиб олганидан кейин олинган тилла ва валюталар аҳолига фойдаси билан қайтариб берилди.
Жанубий кореяликларнинг ўша ватанпарварлиги билан бизнинг юртдошларимизни ўз иқтисодимизга зарар келтириб бўлсада бироз арзонлиги учун қўшни давлатлардан қандайдир буюмларни ташишлари ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Жанубий кореяликларнинг ўша ватанпарварликлари ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Аммо уларнинг ватанпарварлиги учун ҳукумат ҳам муносиб жавоб бера олишига уларнинг кўзлари етади. Ана шу учун ҳам улар ҳукуматнинг ёки Президентнинг ёрдам сўраб қилган мурожатига "лаббай" деб қўрқмасдан, афсусланмасдан ўзларининг тиллаларини ва валюталарини олиб бориб банкка топшира оладилар. Уларда шунингдек мабодо турли табий офатлар юз берганда ҳам ҳукуматнинг роли билинади ва ҳукумат ўшандай ҳолатларда ўз фуқароларига имкони борича ёрдам беради.
Энди бизда-чи? Одамлар ва ҳукумат ўртасида Жанубий Кореядагидай ишонч борми? Назаримда йўқ. Одамлар мутасаддиларга ишонишмайди. Бунга эса уларнинг етарлича асослари бор.
Узоққа бормай, ўтган йил кузда, шу йил баҳорда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида қаттиқ шамол бўлиб баъзи одамларнинг уйларнини томини тўсинлари билан ағдариб ташлаган ҳолатлар бўлди. Кузда қаттиқ шамол бўлиб уйларнинг томларини учирганда бизнинг туманимизда ҳам ана шу табий офат одамларга етказган зарарининг кўламини билиш учун музофотимизни айландим ва биргина маҳалламизнинг ўзида ўндан ошиқ хонадоннинг томини шамол учирганини, тўсинлари билан ағдариб ташлаганини гувоҳи бўлдим. Қишлоғимиз, туманимиз миқёсида бу рақам анча катта эди. Ана шунда ўша табий офат туфайли яхшигина моддий зарар кўрган инсонларнинг ҳолидан на ҳокимият хабар олди, на маҳалла раиси. Табий офатдан зарар кўрганлар орасида қўли қисқароқ инсонлар ҳам бор эди. Уларга на ҳокимият ёрдам берди, на маҳалла. Яхши ҳам халқимиз оғир кунларда бир-бирини ташлаб қўймайдиган халқ. Кўпчилик бўлиб ҳашарга боришди. Томларни қайтадан ёпиб беришди.
Ёки мамлакат миқёсида оладиган бўлсак, ҳаммамиз кўриб турибмиз бу йил қишда тузук қор ёғмади. Баҳорда ёмғир ҳам кам ёғди. Дарёларимизда сув камлиги туфайли кўпгина жойларда анҳор ва каналларга сув кам олинаяпти. Баъзи жойларда олинмаяпти ҳам. Шу сабабли томарқаларда турли экинларни етиштириш бу йил жудаям оғир бўлаяпти. Хўш, ана шу аҳволда вазиятни оғирлигини кўриб турган мутасаддилар тегишли идораларга мурожат қилиб, таклиф киритиб аҳолидан олинадиган томарқа солиғини ёки фермерлардан олинадиган солиқларни ҳеч бўлмаганда камига ярмига қисқартирса мақсадга мувофиқ иш бўлар эди. Аммо ҳозирча бу иш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.
Ана шундай ҳолатларда эса чегаранинг уёғидан буёққа биздан арзонлиги ва озгина фойда учун буюм ташийдиган одамлардан ватанпарварлик талаб қилиш учун кишининг калласи катта бўлиши керак.
Бу ишончни тиклашда авваламбор расмийлар, мутасаддилар, жойлардаги ҳокимлар биринчи қадамни ташлашлари керак. Чунки ўртада ишонч йўқлиги учун одамлар назаримда ҳеч қачон биринчи қадамни ташламайдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий