Кўчада машинангизда кетаяпсиз. Тезликни ошириб қоидани буздингиз. ЙПХ ходими сизни тўхтатди ва қоида бузганингиз ҳақида баённома расмийлаштирмоқчи бўлди. Сиз эса бундай қилмасликни илтимос қила бошладингиз ва гап орасида ЙПХ ходимига "уни рози қилиб кетиш"дан гапирдингиз.
У кўнди ва сизга ўзингиз содир этган қоидабузарликни ёзмай жаримаси камроқлиги учун "хавфсизлик камарини тақмаган" деб ёзиб берди. Сиз унинг ишидан жудаям хурсанд бўлдингиз . Унга қайта-қайта раҳматлар айтдингиз. Охирида эса у сиздан анча ёш бўлишига қарамай "ака, яхши кунларда учрашайлик" деб хуш кайфият ила у билан хайрлашдингиз. Ўша ЙПХ ходимининг яхши одам эканлигини, сизга яхшилик қилганини олдинига машинангизга бориб ўтирганданоқ шерикларингизга мақтаб қўйдингиз. Кейин эса қайерда ЙПХ ходимлари ҳақида гап очилганда сиз "Сирдарёда..., Жиззахда..., Самарқандда..., йўлда фалон жойда яхши бир ЙПХ ходими туришини ва у сизга яхшилик қилганини мақтаниб юрдингиз.
Энди эса тескариси.
Сиз йўлда кетаяпсиз. Тезликни ошириб қоидани буздингиз. ЙПХ ходими сизни тўхтатди ва қоида бузганингиз ҳақида баённома расмийлаштирмоқчи бўлди. Сиз эса "илтимос ака, рози қилиб кетаман" деб ялинишни бошладингиз. У эса сизни "рози қилиб кетишингизга" кўнмай "ака, пулингиз кўп бўлса банкка бориб тўлайсиз" деди ва сиз ҳарчанд ялинманг, илтимос қилманг у сиздан пул олмаслигини айтиб баённомани расмийлаштирди. Сиз ана шу пайтда уни ҳатто сиздан ёши катта бўлсада сенсираб "одам эмас экансан" деб ошкора ҳақорат қилиб кетасиз. Камига эса бориб уни машинангизда ўтирган шерикларингизга ёмонлайсиз. Ундан кейин эса қайерда ЙПХ ходимларидан гап очилса "Сирдарёда...., Жизззахда...., Самарқандда..., йўлда фалон жойда бир ифлос ЙПХ" ходими бор. Қўлига тушсанг тезда ёзиб юборади. Пул ҳам олмайди, илтимосингга ҳам кўнмайди" деб ўша ЙПХ ходимини ёмонлаб юрасиз.
Бунақа мисоллар жудаям кўп.
Жамиятимиздан порахўрлик ва коррупциянинг батамом йўқолишини хоҳлаймиз. Аммо боламизни пора бериб бўлса-да ўқишга киришини хоҳлаймиз. Дўкондан олган нимадир нарсамизни уйга олиб келиб очсак аллақачон айниб бўлган экан. Дод-вой соламиз. Уни ишлаб чиқарганлар борми ёки олиб келиб сотганлар борми гўрига ғишт қалаймиз. Аммо бироз ўтиб ўзимиз етиштирган сабзавотни қопга жойлаш вақтида остига чириганини, майдасини тиқиб, тепасига катта-катталарини териб рўкач қиламиз. Ёки бир идорага бордик, тахлаб борган ҳужжатларимизда озгина камчилик бор. Идора ходими "ака, шу ҳужжатни ҳам тўғирлаб келинг" деб сизни эшигидан қайтараяпти. Биз эса дарров унга "рози қилиб кетиш" ҳақидаги гапимизни бошқалар сезмайдиган қилиб шипшитамиз. Қарабсизки "сиздан угина, биздан бугина" тарзида ишимиз битаяпти.
Одамларни кузатаман, жамиятдаги жараёнлар мен учун қизиқ. Эътибор бериб қарасам қайерда бўлмасин, хоҳ у ЙПХ ходими бўлсин, хоҳ бошқа бир идорада ишласин уч-тўрт сўм пулимизни олиб ишимизни сал ноқонунийроқ тарафи бўлса ҳам битириб берадиган одамлар биз учун яхши одамлар. Аксинча, қайерда бўлмасин бизни ҳатти-ҳаракатимизга қонунан чора кўрадиган, биз таклиф этаётган "рози қилиш операцияси"га кўнмайдиган инсонлар бизни назаримизда ёмон одамлар.
Ана шу ерда мен одамларимизнинг аслида нима хоҳлашларини тушунмаслигим аёнлашади.
"Жамиятдан порахўрликни йўқотиш керак, мутасаддиларнинг аксарияти порахўр бўлиб кетган" деб дод-вой соламиз-у аммо ишимизни тезроқ ёки енгилроқ битириш учун кимларгадир порани ўзимиз таклиф этамиз.
Қонун ҳамма жойда устувор бўлишини, уни ҳеч ким оёқости қилиб тепкиламаслигини хоҳлаймиз аммо уни биринчи бўлиб ўзимиз бузамиз, ўзимиз тепкилаймиз.
Қонунларга итоат уйимиздан, ўзимиздан бошланиши, ана ундан кейин бошқалардан уни талаб қилишимиз керак эмасми?!
Баъзида шу гапларни гапириб кимлар биландир баҳслашиб ҳам қоламан. "Ака, энди ЙПХ ходимига уч-тўрт сўм бериб кетган билан катта бир идоранинг раҳбари олаётган поранинг фарқи бор-да" дейишади мен билан баҳслашаётганлар. "Ука, сен ишингни енгил битиргани учун ЙПХ ходимига ўзингни наздингда "озгина" пул узатаяпсан. Олса хурсандсан "мушкулимни осон қилди" деб. Олмаса сўкасан. Ана ўша катта бир идора раҳбарининг олдига бораётганлар ҳам сендай; ишларини камчилигига қарамай битириб бериши учун унга пора таклиф қилишади. Пулларини олиб ишларини битирса ундан яхши одам йўқ. Мабодо "иложи йўқ, ҳужжатларингизда камчилик бор" деб қайтарса ундан ёмон, ундан порахўр одам дунёда йўқ ва эшигидан чиқибоқ уни ёмонлаб сўкишади. Умуман олганда "узат-узат" ана шу сени ЙПХ ходимига узатаётган арзимас пулингдан пулингдан бошланади. Бугун ЙПХ ходимига узатасан, эртага яна биттасига, индини эса яна бир идора раҳбарига. Ана шундай аҳволда умрингни охиригача "узат-узат" билан ўтиб кетаверасан. Жамиятда порахўрликни йўқолишини хоҳлайсанми, унда биринчи навбатда қонунни бузма. Иккинчи навбатда эса ўзингнинг қонунбузарлинингни кимларгадир пора бериб ёпиб кетишга уринма. Акс ҳолда ҳаммаси бекор гаплар бўлиб қоғозда қолиб кетаверади. Сен эса ўзингдан олдингилардай "жамиятимиз порахўрликка тўлган, уни йўқотишимиз керак" деб қичқириб ўтиб кетаверасан", деб
шунча гапларни ўзим билан баҳслашаётган маҳалладошимга гапираман. Аммо у ҳеч нарсани тушунмайди. Тушунишни ҳам хоҳламайди. Унинг наздида бир тарафдан порахўр ёмон одам, аммо ўзи биронтага ўз ишини битириш учун пора берса буни умуман "ёмон иш қилаяпман" деб ўйламайди.
Жамиятдаги пора олди-бердиси ва порхўрликка бўлган мана шундай "икки хил стандарт"да қараш ҳам бизда порахўрликни камайиш ўрнига баттар авж олиб кетаётганига сабаб бўлмаяптимикан? Сизлар бунга нима дейсизлар?
Комментариев нет:
Отправить комментарий