Эсимни танибманки савдо соҳаси мен учун қизиқарли соҳа. Доим маҳалламизда кичкина бўлса ҳам ўз дўконим бўлишини ва ана ўша дўконни кундалик эҳтиёж моллари билан тўлдириб, кейин инсоф билан савдо қилиб ўз маҳалладошларим оғирини енгил қилишни ўйлайман. Аммо..., аммо ўша дўконни очишга кўп ҳам ҳаракат қилавермайман. Ҳатто бундан кейин ҳам катта эҳтимол билан дўкон очишга ҳаракат қилмасам керак. Ҳатто умуман очмасам ҳам керак.
Нега дейсизми?
Эсимда, маҳалламиздаги илк дўкон ўтган асрда, 90 - йилларининг бошида, мустақиллик шарофати билан очилган эди. Орадан бироз ўтиб маҳалламизда ўшандай дўконлар сони 3-4 нафарга етиб қолди. Шу ўтган йиллар мобайнида ўша дўконларнинг ҳар бирида камида 4-5 нафардан, баъзиларида балки ундан ҳам кўпроқ дўкондор ишлашга улгурди. Энг аввал ўша дўконларни қурган одамларнинг ўзлари ишлатишди. Орадан 1-2 йил ўтар-ўтмас улар дўкондорликни йиғиштириб дўконларини бошқаларга ижарага беришга ўтишди.
Мендай дўкондорликни орзу қилиб юрган маҳалладошларимнинг баъзилари дарров ўша дўконларга ари ширага ёпишгандай ёпишишди ва уларнинг орзулари рўёбга чиқди. Энди улар дўкондор. Аммо уларнинг дўкондорликлари ҳам узоққа чўзилмади. Баъзи бирлари биринчи йилданоқ, баъзилари иккинчи йилда, узоқроқ борганлари эса учинчи йилда дўкондорликни йиғиштириб дўконларни эгаларига қайтариб беришди. Дўконлар бўш қолиб кетмади. Орзу умидлари чилпарчин бўлган бир дўкондор дўконни топширар экан тирикчилик ташвишидаги яна бир даъвогар дўконни бир кун бўлса-да танаффус қилишига қўймай, нарсаларини ҳисоб-китоб билан қабул қилиб олиб савдоларни бошлаб юбораверарди. Дўкондор бўлмоқ ҳам, уни қайтариб бермоқ ҳам осон экан. Топширадиган одам дўкондаги маҳсулотларни янги дўкондор билан бирга хатлаб чиқади ва ҳаммасини унга нархлаб топширади. Янги дўкондор эса ўша заҳоти савдони бошлаб юбораверади. Аммо у ҳам кўпга бормайди ва йил ўтар-ўтмас дўконни эгасига қайтариш пайига тушади ёки бошқа бировга топширади. Дўкон яна янги дўкондорни қўлига ўтади. Жараён шу тариқа бугунги кунгача давом этиб келаяпти.
Охирги шундай воқеа кеча бўлиб ўтди. Бири топширди, иккинчиси қабул қилди. Ҳатто, охирги пайтларда бу жараёнга дўконнинг эгаси аралашмай ҳам қўйди. Ойлик ижара пули аниқ ва у пулини вақтида олиб турса бўлди. Қолгани билан иши йўқ, топширувчи ва олувчи ўзлари келишиб олаверадилар.
Мен ҳозир маҳалламдаги дўконларда бўлган қўнимсизликни ёзаяпман-у, тахминимча бошқа жойларда ҳам аксарият дўконларда аҳвол шундай. Агар адашаётган бўлсам бундан фақат хурсанд бўламан.
Маҳалламиздаги дўконларда нега тинимсиз қўнимсизлик рўй бераётганини ва у дўконларни нега ҳеч ким узоқ йиллар эплаб ишлата олмай қисқа муддатларда топшириб юбораётганини, дўконларни қурган эгалари ишлата олмай бошқаларга ижарага бериш ҳақида ўйлай бошлаганларида ва ўша илк қўнимсизликлар бошланган пайтларда билганман.
Дўкон маҳаллада жойлашган. Бу ерда ҳамма бир-бирини яхши танийди. Буни устига маҳаллада кўпчилик бир-бирига яқин ва узоқ қариндош ҳисобланади. Бундай ҳолатда дўкондорни олдига бир маҳалладоши нарсаларни қарзга сўраб келса у йўқ дея олмайди.
Ўша пайтларда, дўконлар илк очилганида ҳали одамларда инсоф, виждон каби сифат дейсизми, туйғу дейсизми ҳозиргидан кўпроқ сақланган замонлар эди. Ўшанда одамлар дўконлардан фақат мажбур бўлсаларгина ниманидир бор йўғи 2-3 кунга насияга, халқ тили билан айтганда қарзга олишар эди. Ўшанда кимдир дўкондан қарзга олган нарсасини пулини айтган кунида олиб келиб берса, яна кимдир эса кейинроқ дўкончи уйига ўша қарзни сўраб борганида берарди. Кимдир эса дўкончи сўраб борса ҳам бермасди ёки бера олмас эди. Шу тариқа дўкондорлар қарз дафтари тутишга мажбур бўлдилар. Йиллар ўтган сари олдинига фақат имкони йўқлар қарз олсалар, бора-бора имкони борлар ҳам дўконлардан қарзга нарса оладиган бўлдилар. Олдинига улар қарзга олган нарсаларини пулини ноиложликдан бироз кечиктириб тўлаган бўлсалар, бора-бора ҳатто дўкончи қистаб сўраса ҳам тўламайдиган бўлдилар. Буни устига бир дўкондан қарз бўлсалар "энди қарзимни қайтармагунимча бу бошқа қарзга нарса бермайди" деб ўша дўконга кирмай ёнидаги иккинчи дўкондан қарзга нарса олиб кетадиган бўлдилар. Шу тариқа айрим кишиларнинг "муборак" исм-шарифлари маҳалламиздаги ҳамма дўконлардаги қарз дафтарларига бирин-кетин ёзилди. Бора-бора қарзга нарса олганда тортиниш, уялиш, хижолат бўлиш хислатлари ҳам йўқолди. Одамлар томонидан дўкондорларга қарата "Оласан-да ўлмасам, шу пулингни" дейиш одат бўлди.
Шу орада дўкондорлардан бири "зора маҳалла аҳли бегона одамдан қарзга нарса сўрамаса" деб ижарага олиб ишлатаётган дўконига бошқа бир жойдан маҳалла аҳли умуман танимайдиган бир болани сотувчи қилиб олиб келди. Аммо, маҳалла аҳли ҳам анойи эмас, ўша сотувчи бола билан бир ойга етмасдан ошна, оғайни бўлиб кетишди. Тўрт ёки беш ой ишлаган ўша сотувчи бола икки ойлик маъошини олмай, камига яна дўкондордан қарз бўлган ҳолда ишдан бўшаб кетди. Айтишларича дўкондор уни ишдан бўшатиш пайтида "мен сенга "ҳеч кимга қарзга ҳеч нарса берма" деган эдим-ку!" деб роса бақирибди. Аммо, ўша бечора сотувчи болада ҳам айб йўқ. Маҳалла аҳли ундан нарса олар эканлар ўша нарсани қарзга олишларини сотувчи болага умуман айтмайдилар, билдирмайдилар. Сотувчи бола сўраган нарсаларини ўраб қўлларига бергандан кейин "ёзиб қўй, оласан" деб чиқиб кетаверганлар. Шундай ҳолатларда у бечора ҳам нима қилсин? Умуман чорасиз қолаверган.
Эсимда, дўкон қуриб унда илк бор ўзи савдо қилган маҳалладошимиз икки йилга етмай дўконни ижарачига топшираётганда икки-учта қарз дафтарни халойиққа кўрсатиб "мени бор-йўғим шу дафтарларда" деб баралла гапирган ва эртаси кунидан ўша қарз дафтарларини кўтариб уйма-уй юриб қарздорлардан пулларини ундирмоқчи бўлган эди. Аммо унинг бу иши катта муваффақиятсизлик билан тугади. Айримларнинг берган уч-тўрт сўмини айтмаганда у қарздорлардан дафтарларида ёзилган сумманинг ўндан бирини ҳам йиға олмади. Шундан сўнг орасини бироз совутиб яна пул йиғишга чиқди. Аммо яна натижа бўлмади. Шундан кейин ўша ўзи бир пайтлар "мени бор-йўғим шу қарз дафтарларда" деган халойиққа қараб энди "Мен энди ҳеч кимникига пулларимни сўраб бормайман. Олиб келиб берганларнинг Худо хайрини берсин. Олиб келиб бермаганлардан эса рози эмасман" деди ва дафтарларни ўша халойиқни олдида намойишкорона ёқиб юборди. Шундан кейин маҳалла аҳли ўшандай "қарз дафтарларни ёқиш маросими"га эҳҳе неча марталаб гувоҳ бўлди. Йўқ, қарз дафтарларини ёқмасдан эсдаликка сақлаб қўйганлар ҳам бор. Ана ўшалардан бирини кўчада, у ҳам илк дўкондорлардан эди, яқинда қарз дафтарларидан бирини варақлаб нималарнидир ҳисоблаб ўтирган ҳолда кўрдим. "Ука, биласанми? Ҳозир пулимиз янги чиққан йиллларда одамларга берган қарзларимни ҳисоблаб кўрдим. Ҳаммасини йиғсам ҳозир битта тузукроқ пайпоқ ҳам бермас экан. Мана қара, ўша пайтда бир қоп унни 50 сўм сотган эканман. Жин урсин, ўзинг айт, энди ўша 50 сўмни қарз бўлган одамдан қандай сўрайман? Ўзи қарз дафтарларини вақтида ёқиб юборганлар тўғри иш қилишган экан. Кўришмайди ҳам, куйишмайди ҳам. Лекин мен бу дафтарларни бекорга сақлаб қўйганим йўқ. Аксарият нарсаларнинг нечанчи йилда, неча пулга сотилгани, кейинги йилларда ўша нарсаларнинг нархи қанчага ошгани ҳаммасини ёддан биламан. Бунга эса қўлимдаги ушбу дафтар муҳим ҳужжат ва факт бўлиб хизмат қилади. Хоҳлаган нарсангни хоҳлаган йилингда неча пул бўлганини сўра, мен айтиб бера оламан. Пулимиз янги чиққанда гўшт беш сўм, доллар етти сўм, бир қоп ун 40-50 сўм эди. Айт, яна нимани нархини айтиб берай?"
Уни олдида кўп ўтира олмадим. Туриб қочдим. Бечора қарз дафтардаги пулларнини ҳисоблайверганидан "том"и кирди-чиқди бўлиб қолибди.
"Халойиқ нима бўлди?" дейсизми? Халойиққа жин ҳам ургани йўқ. Ўша илк дўконлар очилганида дўконлардан ноиложликдан қарзга нарса олганлар бугунги кунда уй-жойини созлаб олган, тагида янги машина, аммо барибир дўконларнинг ҳар бирида юритиладиган қарз дафтарларида уларнинг номлари бор. Халойиқнинг аксариятида аҳвол шу. "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганларидек, чўнтагида пули бўлса ҳам ҳанузгача дўкондан насияга нарса олишади. Энди тушуниб етгандирсиз, мени нега маҳалламда дўкон очмаслигимни сабабини. Чунки эсим ҳали ўзимга керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий