Собиқ иттифоқ даврида ГАИ, мустақил бўлганимиздан кейин Давлат Автомобил Назорати(ДАН) деб аталган ИИВ нинг бу бошқармаси Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Бошқармаси(ЙҲХ) деб аталишни бошлаганига ҳам анча йил бўлиб қолди. Аммо бу бошқарма ўз номига мос бўлиб йўлларимизда Ҳаракат Хавфсизлигини таъминлаяптими?
Бу саволга жавоб ёзишдан олдин бир нарсани эслатиб қўймоқчиман: мен доим ҳайдовчилар ва ЙҲХ, ЙПХ ходимлари ўртасида қандайдир баҳслар муҳокама қилинганда доим ЙҲХ ходимлари тарафида бўлганман. Чунки ҳайдовчилар орасида ҳеч қандай йўл ҳаракати қоидаларини тан олмай доимо қоидаларни бузиб юрадиган "учар" лар жудаям кўп. Аммо бу дегани ЙҲХ ходимлари ҳам, турли бошқарма ва бўлимлари яхши ишлаяпти дегани эмас.
Энди эса саволга жавоб берсам: Бугунги кунда ИИВнинг ЙҲХ бошқармасининг турли вилоятлардаги ҳудудий бошқармалари, туманлардаги бўлимлари номига мос ишламаяпти ва ҳеч қанақасига "ҳаракат хавфсизлигини" таъминлаётгани йўқ. ЙПХ ходимлари аксарият ҳолларда режа сифатида қўлларига берилган протоколларни қандай тўлдириб топшириш пайида бўлиб қолаяптилар холос. Йўл Ҳаракати Хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ташкилий ишлар эса ЙПХ ходимлари томонидан умуман бажарилмаяпти.
Келинг, камчилик ва муаммоларни бир бошдан бошлай.
Бир пайтлар Тошкент-Термиз трассаси қурилар экан раҳматли Ш. Рашидов бу йўлнинг халқаро йўл эканлигини инобатга олиб Чиноздан Тошкент шаҳригача бўлган қисмида аҳоли пунктларида ўнга яқин йўл ўтказгичлар қурдирган ва ўша аҳоли пунктларида яшайдиганлар катта йўлга тўғридан-тўғри чиқмай йўл ўтказгич орқали айланиб тушишган.
Шу билан бирга ушбу халқаро трассада юрадиган турли ҳайдовчилар учун қулай бўлиши учун аҳоли пунктларининг номлари ҳаракатланиш тезлигига халақит бермайдиган қилиб ўнгга ва чапга кўрсаткич белгилари билан белгиланиб ёзилган эди. Ана шу туфайли ҳам Чиноздан Тошкентгача бўлган масофада ҳайдовчилар ўз машиналарини бемалол 100 км соат тезликда бошқариб кетаверар эдилар.
Аммо негадир 2017 йилнинг ёз ва куз ойларида Тошкент вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси томонидан Чиноздан Тошкентгача бўлган йўлда аҳоли пунктларининг номлари ушбу йўлда юрадиганларнинг ҳаракат тезлигини чеклайдиган тарзда ўзгартирилди. Аҳоли пунктларининг номлари ёзилмаган жойларда номи ёзилди. Қисқаси энди бу йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар Чиноздан Тошкентга, Тошкентдан Чинозга боргунча айрим жойларни хисобга олмаганда қарийб 70 км йўлни аҳоли пунктлари учун белгиланган соатига 70 км соатдан оширмай юриши керак. Олдинлари эса бу йўлда бемалол 100 км соат тезликда юриш мумкин эди.
Агар эсларингда бўлса ўтган 2017 йилда, Тошкент-Термиз трассаси қатнов сезиларли ошгани учун талабга жавоб бера олмаётгани, шу туфайли ва яна йўлнинг сифатини ва кўринишини жахон стандарти даражасига чиқариш учун ушбу йўлнинг Тошкент вилоятидан ўтган ҳудудида шу йўлнинг ёнида алоҳида палосали йўл қуриш ва ўша йўлда эса катта тезликда ҳаракатланишни хоҳлайдиган ҳайдовчилар харакатланиши мумкин бўлишлиги ҳақида гап-сўзлар чиққан эди. Аммо Тошкент вилояти ИИБ, ЙҲХ бошқармаси тез юрса бўладиган алоҳида палоса қурилиши бошланмасданоқ бу йўлда ҳаракатланиш тезлигини минимум даражага туширди қўйди.
Ҳозир шу гапларни ёзаяпман-у, эртага Тошкент вилоят ИИБ, ЙҲХ бошқармасидан кимдир чиқиб "аҳоли пунктларида турли ЙТҲ кўпайгани учун ҳаракатланиш тезлигини чеклашга мажбур бўлдик" деб изоҳ бериши ҳам мумкин. Аммо, агар турли ЙТҲ кўпайган бўлса тегишли ташкилотларга таклиф билан чиқиб кўчалар четига панжара ўрнаттиришсин. Ҳозирги кунда умумий тўрт палосали бўлган йўлни ҳар икки тарафидан биттадан палоса қўшиб олти палосали қилишсин. Йўқ, Тошкент вилояти ИИБ, ЙҲХ бошқармаси ҳавдовчиларга жабр қилиб ишнинг осонгинаси танлаб қўя қолди ва қарийб 70 км ли масофада ахоли пунктларини номини ёзиб, кўча четларига ўрнатиб ҳаракатланиш тезлигини чеклаб қўя қолди.
Ҳайдовчиларга жабр қилгани шу-ки бу йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ўз тезлигини белгиланган 100 км соат тезликдан 10-15 км соатга ошириб 115 км соат тезликда ҳаракатланиб қоидани бузса олдинлари энг кам иш ҳаққининг бир баробари миқдорида жарима тўлар эди. Энди эса агар ўшандай 115 км соат тезликда юрса энг кам иш ҳаққининг етти баробари(!) миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлаяпти. Бу эса ҳайдовчиларни тунашдан бошқа нарса эмас.
Бу йўлнинг халқаро йўл эканлигини, яна мамлакатимизнинг 70% аҳолиси пойтахтимизга келиш учун шу йўлдан фойдаланишини инобатга оладиган бўлсак Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси нега бундай иш тутгани ва қарийб 70 км масофадаги йўлда ҳаракатланиш тезлигини максимум 100 км соатдан 70 км соатга тушириб қўйгани кўпчилик хайдовчилар учун умуман тушунарсиз ҳолат бўлиб қолаяпти.
Юқорида ИИВ, ЙҲХ бошқармаси йўл ҳаракати хавсизлиги йўлидаги ташкилий ишларга, зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган турли муаммоларга умуман эътибор бермаяпти дедим. Буни турли шаҳарларда, туман маказларида жойлашган бозорлар атрофи доим тиқилинч бўлиб туришидан ҳам билса бўлади. Охирги икки йилда мамлакатимизнинг кўплаб шаҳарларида, туман марказларида бўлдим. Уларнинг аксариятида бозор атрофларида тиқилинч бўлиб, ҳаракатланиш ниҳоятда қийин. Аммо ҳайрон қолганим ўша шаҳар ёки туман марказларида ўша бозор атрофларидаги тиқилинчларни очиш учун ҳаракат қилаётган ЙПХ ходимларини кўрмадим. Йўқ, кўрдим. 2016 йилнинг ёзида Андижоннинг Хўжаобод шаҳрида кўрдим. Унда ҳам ЙПҲ ходимлари хафтанинг икки кунида катта бозор бўладиган кунларда келиб тартиб сақлашар экан. Бошқа кунларда эса Тошкент-Ўш йўлининг бир қисми ҳисобланадиган ушбу йўлда бозорга келадиган турли одамлар ва кўплаб киракашлар томонидан тиқилинч юзага келтирилаверади.
Шу йил ёзда Сурхондарёнинг Денов шаҳрида бўлдим. Бозор атрофидаги кўчаларда мутлақо ҳаракатланиб бўлмайди. Ёки Самарқанд вилоятидаги Ургут шаҳридаги деҳқон бозори атрофидаги кўчалар киракашлар банд қилиб олгани учун қишин-ёзин тиқилинч бўлиб туради. Лекин бу ерда ҳам бирон марта ЙПХ ходимларини келиб тартиб сақлаб кўчани очиб қўйганларини кўрмадим. Фақат гоҳ-гоҳида Самарқанд шаҳридан вилоят ИИБ, ЙҲХ ходимлари рейд билан бориб қолсалар ҳамма, киракашлар борми ёки ўз машинасини тўхташ мумкин бўлмаган жойда қўйиб кириб бозордаги дўконида савдо қиладиган тадбиркорлар борми қочиб қолишади ва йўл бироз очилади. Қолган пайтларда эса тиқилинч бўлиб тураверади.
Шунингдек бу муаммо Тойлоқ туманида ҳам бор. Туман марказидаги бозор шундоққина Самарқанд-Айний халқаро йўлининг шундоққина ёқасида жойлашган ва ҳафтанинг душанба ва жума кунлари бўладиган катта бозор куни бу йўлдан ўтиб қайтиш нихоятда машаққат бўлади. Йўл четида тартибни сақлаш учун ички ишлар ходимлари туришадм аммо ЙПХ ходимлари туришмайди. Бу ерда ҳам тиқилинчни келтириб чиқараётганлар асосан киракашлардир.
Мен юқорида икки-уч туман марказини мисол қилдим. Аммо бу муаммо исталган вилоятингизда, исталган туман марказларида бор. Аммо ўзига "ИИВ, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси" деб жарангдор ном қўйиб олган бу бошқарма ходимлари ҳеч қайерда "ҳаракат хавсизлигини" таъминлаётганлари йўқ. Ишлари пана-пасқамларда туриб олган қўлларига режа қилиб берилган протоколларни тўлдириш билан банд бўлиб қолаяптилар. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш керак бўлган жойларда кўпинча уларни кундузи чироқ ёқиб хам топиб бўлмайди.
ИИВ, ЙҲХ бошқармасининг яна бир тушунарсиз иши бу машиналарнинг ёритиш тизими билан боғлиқ бўлган муаммодир.
Кўпчилик билмас, дунёнинг ривожланган давлатлари ўз ҳудудида машиналар кундузи ҳаракатланаётганида яқинни ёритиш асбобларини ёқиб юришларини жорий қилиб қўйибди. Ён қўшниларимиз Қозоғистон ва Россияда ҳам шундай. Бизда эса ҳаммаси бўтқа бўлиб ётибди. Тушинтираман: икки-уч йилдан бери ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машиналарни ҳам жаҳон талабларига мос келишлари учун машина двигателини ёққанингиздан яқинни ёритадиган фаралар автоматик равишда ёнадиган қилиб ишлаб чиқаришаяпти ва кўчада ҳаракатланаётганида уларнинг яқинни ёритувчи фаралари кундуз кунлари ҳам автоматик равишда ёниб кетаверади. Улардан олдин ишлаб чиқарилган машиналарда эса ундай функция йўқ ва яқинни ёритиш фаралари қўлда ёқилади. Энди аҳволни бўтқалигини қаранг-ки олдинроқ ишлаб чиқарилган машиналар яқинни ёритиш фарасини ёқиб юрса бу қоидани бузиш ҳисобланади. Лекин автозаводдан яқинни ёритиш фаралари автоматик тарзда ёнадиган қилиб чиқарилган янги машиналарда яқинни ёритиш фараси ёниқ ҳолда харакатланса бу қоида бузилиши ҳисобланмайди.
Хўш, шундай экан ИИВ, ЙҲХ бошқармасига эски-ю, янги машиналарнинг ҳаммасини кундузлари яқинни ёритувчи фараларни ёқиб юришни мажбурий қилиб, ҳаммани бир хил қилиб қўйиш учун нима етишмаяпти. Қачонгача кўчаларимизда бир машина кундуз кунлари фараларини бемалол ёқиб юра олади-ю, иккинчи машина худди шу иши учун жаримага тортилади?
Умуман олганда юқорида ҳам айтдим, бугунги кунда ЙҲХ бошқармаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳеч қанақасига "йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаётганлари йўқ. Акс ҳолда улар доим қоидабузарларни жазолаш пайида бўлмай, ўша қоида бузилишларнинг олдини олиш пайида бўлар эдилар.
Ёзаман деса бу соҳада қилинадиган ишлар кўп. Юрт раҳбари томонидан хам ЙҲХ ходимлари кўп танқид қилинаяпти, соҳада ўзгаришлар қилиниши талаб қилинаяпти. Аммо Президентнинг гаплари бу соҳа мутасаддиларига ҳанузгача етиб бормаяпти. Акс ҳолда юқорида ёзган муаммоларим аллақачон ҳал қилинар эди, халқаро йўлнинг Тошкент вилоятидан ўтган қисмида ҳаракатланиш тезлиги пасайтирилмас эди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий