пятница, 9 февраля 2018 г.

Югурасан ёки ўласан.

Ҳеч эътибор берганмисиз биз жуда кўп масала-ю муаммоларда доим бир тарафни айблаб ўрганиб қолганмиз. Масалан, ҳайдовчилар ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги муомалада ҳам.  ЙПХ ходими ҳақида гап кетганда бир-иккита инсофлироқ ҳайдовчини айтмаса қолган барчаси ЙПХ ходимларини сўкади. Аммо "ўзингчи, ўзинг оппоқмисан?" ёки "йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига қанчалик амал қилиб қилиб машина бошқарасан?" десангиз жавоб йўқ.
Чунки ўша аксарият ЙПХ ходимларини ёмон кўрадиган ҳайдовчиларнинг ўзлари кўпинча йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишмайди. Қоидани бузган пайтларида ЙПХ ходимлари тўхтатса "қоида бузилишини расмийлаштирмай қўяқолинг" деб уларга порани ҳам ўзлари  тиқиштиришади. Лекин ишлар муҳокама бўлаётган пайтда негадир ҳайдовчилар оппоқ, ЙПҲ ходимлари эса қора бўлиб қолаверишади.
Ҳозир,  қўйида ёзмоқчи бўлган гапларимда ЙПХ ходимларини мақтамоқчи эмасман. Одамни оласи ҳамма соҳада ва ҳамма жойда бор. ЙПХ ходимлари орасида ҳам, ҳайдовчилар орасида ҳам. Ёзмоқчи бўлган нарсам кўпроқ ҳайдовчи ва пиёдалар ҳақида.

Авваламбор ҳайдовчиларга савол; Йўлда машина бошқариб кетаётганингизда пиёдаларга нечоғлик йўл берасиз? Сиз белгиланган тезликда кетаяпсиз, йўлингизда ҳар қадамда пиёдалар ўтиш йўлаги бор ва ўша йўлакнинг бошида кўчанинг буёғига ўтиш учун қараб турган пиёда турибди. Сиз тўхтаб пиёдага йўл берасизми?
Ана шу саволларимга жавоб олиш учун катта кўчага чиқиб кўплаб ҳайдовчилар билан гаплашдим. Уларнинг аксарияти олдинига "ҳа, албатта йўл бераман" деб жавоб беришди. Аммо, "илтимос, фақат тўғрисини айтинг" деганимдан кейин уларнинг кўпчилиги аксарият ҳолларда пиёдалар йўлакчасида турган пиёдаларга шунчаки йўл бермасликларини, фақат пиёда йўлнинг қатнов қисмига чиқиб келаверсагина тўхташга мажбур бўлиб йўл беришларини тан олдилар. 

Ҳайдовчиларга иккинчи саволни бераман: Сиз баъзи ҳайдовчиларни  пиёдалар йўлакчаси устида ўша йўлакчадан ўтаётган пиёдани уриб ёки туртиб юборган ҳолатларини кўрганмисиз?
Сўралганларнинг кўп бўлмасада анчагинаси бу ҳолатни кўрган экан.  Ҳаётда кўрмаганлари эса, "ака, интернетга киринг, сиз назарда тутган ҳолатнинг ўзимизда содир бўлганларининг видеоёзуви тиқилиб кетган" деб жавоб беришди.

Мен шу мақолага материал тайёрлаш асносида учта шаҳарда ҳар хил кўчаларда кўплаб пиёдалар йўлакчасини кузатдим. Аҳвол ўта ёмон. Кузатганларимнинг ҳаммасида пиёдалар йўлни четида туриб машиналар қатновининг камайишини кутишга мажбур бўлишди. Инсофлироқ бир-иккита ҳайдовчиларнинг тўхтаб пиёдага йўл берганларини айтмаганда, қолганлари пиёдаларга умуман йўл бермаяпти. Ҳатто йўлда бироз қатнов камайиб қолганда пиёдалар йўлагидан юриб кўчани нариги тарафига ўтаётган пиёдалар узоқдан тез ҳаракатланиб келаётган машиналарнинг секинламаганини кўриб йўлакдан югуриб ўтишга мажбур ҳам бўлдилар. Кузатганларим орасида бир-иккита таълим муассасалари олдидаги пиёдалар ўтиш йўлакчасида аҳвол ниҳоятда ёмон эди. Ҳар икки тарафдан шошилиб ўтиб қайтаётган ҳайдовчиларнинг айримлари ҳатто ўқувчиларнинг пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганини кўриб ҳам уларга йўл бермаганларини гувоҳи бўлдим.

Умуман олганда ҳозирги кунда мамлакатимизнинг ҳамма жойларида кўчалар серқатнов бўлиб машиналарга тўлиб кетгани учун пиёдаларнинг пиёдалар йўлакчасидан ўтишлари анча хавфли бўлиб қолди. Ҳолат шу даражага бораяпти-ки пиёдалар йўлакчаси устига чиққан пиёда кўчани кесиб ўтишда ё югуриб ўтади ёки ўлади. Ҳа, шундай. Мен мақолани тайёрлашда ИИВ ЙХХ бошқармасидан маълумот сўраб ўтирмадим, аммо йил бўйи содир бўладиган Йўл Транспорт Ҳодисаси да машина уриб юбориши натижасида вафот этган ёки жароҳат олган пиёдаларнинг анчагина қисмини пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган пайтида тез келаётган машиналар уриб юбориши натижасида ҳалок бўлган ёки жароҳат олган одамлар ташкил этишини ҳамма билади. Чунки ўша пиёдаларни баъзи ноинсоф ҳайдовчилар одамларнинг, бизнинг кўз ўнгимизда босиб кетишаяпти.

Албатта бу ерда пиёдаларни оппоқ кўрсатиб, ҳайдовчиларни қаттиқ қоралаш ниятим йўқ. Пиёдалар орасида ҳам қулоғига қулоқчин тақиб олиб кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтадиганлар ёки пиёдалар йўлакчасидан ўтишда жўрттага секин юрадиганлар бор. Аммо, бу масалада кўпроқ маъсулият барибир ҳайдовчилар зиммасига тушади. Чунки ҳайдовчилар пиёдалар йўлакчасида ҳар қандай ҳолатда тўхташлари ва кўчани кесиб ўтмоқчи бўлиб турган пиёдани ўтказиб юборишлари керак.

Пиёдаларга йўл бермасликни ҳайдовчилар кўпинча шошилиш важи билан оқлашга уринадилар. Аммо шу ерда савол туғилади; Хўш, аслида машинаси йўқ ҳолда жамоат транспортларида юрадиган пиёда ўз манзилига етиши учун кўпроқ шошилиши керакми ёки борадиган манзилига ўз машинасида осонгина етиб бора оладиган ҳайдовчилар кўпроқ шошилишлари керакми?
Тан олайлик, бу масалада энг ёмон ҳайдовчилар бизда.
Чунки ўзим ҳам гувоҳи бўлганман, бошқалар ҳам тасдиқлашади кўпгина чет давлатларда пиёдалар ҳатто пиёдалар йўлагини устига чиқмасдан йўл четида турган ҳолларида ҳам ҳайдовчилар уларни ўтказиш учун тўхтайдилар. Бизда эса ҳатто йўлакнинг тепасида турган бўлса ҳам ёки йўлакнинг устида кўчани кесиб ўтиш учун юришни бошласа хам кўпчилик ҳайдовчилар тўхтамайди.

Албатта бу муаммо кўпчилик наздида бошқа муаммолар олдида арзимас туюлиши мумкин. Аммо бу муаммонинг аҳамиятини пиёдалар йўлагининг устида яқин бир одамини машина уриб юбориши натижасида вафот этган ёки жароҳатланиб бир умрга ногирон бўлиб қолган инсонлар яхши билишади. Кейин бу муаммодан юқорида ҳам ёздим кўпроқ мактаб ўқувчилари ва кекса ёшдаги инсонлар азият чекмоқдалар. Шундай экан мен бу муаммони сира ҳам арзимас демаган бўлардим.

Албатта, муаммонинг ечимини кимдир пиёдани ўтказмаслик қоидасини бузган ҳайдовчилар учун жарима миқдорини ошириш керак деб билади. Лекин мени фикримча бу муаммони ҳал қилмайди. Йўқ, ҳал қилиши мумкин, қачонки бу учун мамлакатимиздаги ҳар бир пиёдалар йўлакчасини назорат қиладиган видеокамералар ўрнатилса ва пиёдаларга йўл бермайдиган ҳайдовчиларга каттароқ суммада жарималар белгиланса ўшанда аҳвол ижобий тарафга ўзгариши мумкин. Акс ҳолда эса пиёдаларимиз "югуриб ўтасан ёки ўласан" қоидасига амал қилиб юришга мажбур бўлаверадилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий