Майин ёғаётган ёмғирнинг овози билан тарновдан тушаётган сувнинг овози қўшилиб ажойиб оҳанг бўлиб кўнглимга ажиб бир туйғуларни олиб келди. Мен ўз хаёлларимга берилиб бу ажиб оҳангни тинглай бошладим. Шу онда эсимга бундан анча йиллар олдин бўлиб ўтган бир воқеа тушди.
Ўшанда ҳам февралнинг охирроқлари эди ва бир кун олдин бошлаган ёмғир саҳарга келиб ҳам майдалаб ёғиб турарди. Соатимга қарадим, намоз вақти кирибди. Бомдодни ўқиб йўлга чиқдим.
Ҳар сафар йўлга чиқишимдан олдин онамдан дуо оламан. Шунда онам "болам, ёлғиз юрма, ёнингга битта шерик миндириб ол" дейдилар. "Хўп" дейман-у, ёлғизликни ёқтирганим учун барибир билганимдан қолмайман. Ёлғиз йўлга чиқиш маза. Ўз хаёлларинг билан бўлиб кетаверасан. Ҳеч ким гапга тутмайди, халақит бермайди. Шу учун ҳам онамга "хўп" деганим билан барибир ёлғиз кетаман. Гоҳ-гоҳида кўнгил яхши бир суҳбатдошни хоҳлаб қолади. Аммо, ундай пайтларда ўша яхши суҳбатдошни қайердан топаман?
Питакка кирай десам киракашлар ёвга қарагандай қарашади. Уларга эътибор бермай амаллаб битта одамни топиб шу билан суҳбатлашиб кетаман десам у ҳам бозорчи бўлиб чиқади-да манзилга етгунча қандай қилиб пулини кўпайтиргани-ю, пул бўлмаса бу дунёда яшаб бўлмаслигидан "лекция" ўқиб кетса, нима қилмоқ керак?! Ўшандай холатларда ўша йўловчини олганимга минг пушаймонлар бўлиб кетаман. Аммо ноиложман, уни ярим йўлда тушириб кета олмасам. Газ қуйиш шаҳобчасига кирганда ташлаб қочиб кета олмасам. Манзилга етгунча уни эшитишга мажбурман.
Ана шу сабаблар туфайли ҳам менга ёлғиз юриш ҳар тарафдан қулай эди.
Ўша куни ҳам ёмғир остида йўлга чиқар эканман майин ёғаётган ёмғир остида ўз хаёлларим билан йўл юриш ҳам ажойиблигини ўйлардим. Машинамни ойна тозалигичи бир маромда кўтарилиб тушиб ойнадаги ёмғирни тозалар эди. Мен эса уни бу ишига маҳлиё бўлиб манзилим сари кетиб борар эдим.
Ана шундай кайфиятда йўл юрар эканман Тошкент вилоятидан чиққанимдан кейин овлоқроқ бир жойда йўл ёқасида ёмғир остида турган бир қиз қўл кўтарди. Овлоқроқ деяпман-у, ўша пайтда у ернинг овлоқлиги хаёлимга ҳам келмаган эди. У ернинг овлоқроқ жойлигини кейинроқ эслаб билдим. Қиздан бироз ўтиб тўхтадим.
- "Оқ олтин"гача олиб кетинг, - қиз совуқда қалтираб турарди.
- Бўпти ўтиринг, - имо қилдим.
Қиз орқага ўтирди. Мен унга ортиқча эътибор бермай ўз хаёлларим билан бўлиб кетавердим. Иккинчи тарафдан эса индамай кетаверсам қиз ўзини қандай тутиши менга жудаям қизиқ эди. Аслида унга берадиган бир-иккита саволларим бор эди. Аммо мен қизнинг ўзи гап бошлашини кутиб индамай кетардим. Шу алфозда анча юриб қўйдик. Ниҳоят у гап бошлади;
- Қайерликсиз?
- Самарқандликман.
- Нима иш қиласиз?
Буёғига негадир роль ўйнагим келди:
- Бозорчиман. Тошкентда, улгуржи бозорда дўконим бор. Ҳозир уйга, ота-онам, бола-чақаларимни кўриб келиш учун кетаяпман.
- Тошкентда ёлғиз ўзингиз турасизми? - уни бу саволига бош ирғаб қўйдим. У эса саволини давом эттирди;
- Нега оилангизни олиб келмагансиз?
- Болаларим буёққа мослаша олишмади. Шундан сўнг уларни қайтиб олиб келмадим. Қолаверса хотиним билан унчалик муросамиз бўлмаяпти. Ажрашиш пайидаман, - мен ролимга тобора киришаётган эдим. Охирги гапни эшитиб қизнинг юзидаги ўзгаришни орқани кўрсатувчи ойнадан аниқ кўрдим.
Шундан сўнг у хотиним билан нега ажрашмоқчи бўлаётганимни сўради. Мен эса яна нималардир тўқиб жавоб бердим. Назаримда жавобим ишончли чиқаётган эди. Бу орада гап билан бўлиб "Оқ олтин"га яқинлашиб қолганимизни ҳам сезмабман.
- Сиздан бир нарсани илтимос қилсам бўладими? - сўраб қолди у.
- Бемалол сўрайверинг, - мен унга илтифот қилдим.
- Қўлимда ўн мингча пул бор, илтимос шу пулга мени Самарқандгача олиб кетинг. Опам ўша ерда яшайди, уни кўриб қайтаман, - унинг илтимоси шу бўлди.
- Сизни пул учун миндирмадим. Шунчаки суҳбатлашиб зерикмай кетамиз деб миндирганман. Пулингиз керак эмас. Айтган жойингизгача олиб бориб қўяман, - мен илтифотни давом эттирдим. У хурсанд бўлди.
Шундан кейин бироз ўтиб Жиззахда машинага газ қуйиб олиш учун газ қуйиш шахобчасига кирдик. Киришда у тушди, мен ичкарига кириб кетдим. Газ қуйиб чиқиб уни олдига келиб тўхтар эканман унга энди эътибор бериб қарадим. Унинг кийимлари ғалатироқ эди. Устки кийимининг этаги калта бўлиб орқасини ёпар ёпмас аҳволда эди. Пастига эса танасини кўз-кўз қилгандай тор нарса кийиб олган эди. У машинага ўтирар экан мени ўзига бошдан оёқ қараб қўйганимни сезди. Яна йўлда давом этдик. Мени хаёлларим остун-устун бўлиб кетган эди. Лекин сир бой бермадим. Индамай борардим. Йўлда давом этар эканмиз у мендан яна нималарнидир сўради, мен жавоб бердим. Гапимиз қовушмаётгандай эди. Самарқандга озгина қолганда у "шу атрофларда тушаман" деб қолди. Машинани йўл четида тўхтатдим. У машинадан тушмасдан олдин менга бир қаради-да худди бир муҳим нарсани айтадигандай қилиб шошилиб гапира бошлади;
- Сиз Тошкентда ёлғиз тураман дедингиз. Тошкентда мени эридан ажрашган яхши бир дугонам бор. Ўшани телефон рақамини сизга берай. Тошкентга борганингизда бир гаплашиб кўрасиз.
Мен "буёғи неча пулдан тушди" дегунча хайрон бўлиб қолдим:
- Айтинг рақамини.
У телефон рақамларини айтди. Мен эса ёзиб олдим ва уни тушириб йўлимда давом этдим.
Шундан сўнг орадан анча вақт ўтиб кетди. Ўша кун ҳам, у қизни манзилига олиб келиб қўйганим ҳам, унинг телефон рақамларини ёзиб олганим ҳам эсимдан чиқиб кетди.
Кунлардан бир кун бир танишимни рақамига қўнғироқ қилсам бошқа бир одам жавоб бериб "жонга тегдинглар-ку қўнғироқ қилавериб, бу бошқа одамни рақами" деб жаҳл билан телефонни ўчирди. Шундан сўнг телефонимдаги ортиқча рақамларни ўчирай деб бирма-бир рақамларни кўздан кечира бошладим. Шу пайт ўша йўловчи қиз берган рақам чиқиб қолди. Қизиқиш устун келди ва орадан бироз вақт ўтиб кетган бўлса ҳам ўша рақамга қўнғироқ қилдим. Гўшакни бир қиз кўтарди:
- Алло.
Бир зум унга нима деяримни хам билмай қолдим Гўшакдан яна овоз келди:
- Алло, ким бу.
- Алло яхшимиз? Рақамингизни бундан бир ойча аввал дугонангиз берган эди. Хаёл билан сизга қўнғироқ қилиш эсимдан чиқиб кетибди. Ҳозир тасодифан эсимга тушиб кетди, - мен хотиржам гапирардим. Гўшакни нариги тарафи бир зум жим бўлиб қолди. Тахминимча у номерини менга қайси дугонаси берганини эслашга уринаётган эди.
- Хўш, нима хизмат? - у сукутни тугатиб савол берди.
- Хизмат йўқ. Дугонангиз "бир учрашиб кўринг" деган эди. Шунга вақтингиз бўладими, мабодо бўлса қачон ва қайерда кўришамиз шуни сўрамоқчи эдим, - мен бироз довдираб қолаёздим.
- Эртага тушларда бўш вақтим бўлади, қўнғироқлашамиз, - у хайрлашиб қўнғироқни узди.
Эртаси куни тушда қиз билан қўнғироқлашиб учрашадиган жойимизни келишиб олдик ва мен бироз олдин бориб қизни айтилган жойда кутаётган эдим. Бир пайт уйлар орасидан бир қиз чиқиб келди. Мен машинадан тушиб унга пешвоз чиқдим. Қиз ёш эди. Аммо кийиб олган кийимларини ўзини ҳурмат қиладиган ҳеч бир қиз киймас эди. Елка очиқ, этак жудаям калта. Қисқаси ўта енгилтакнамо кийинган эди. Қисқа сўзлашувда орамизда салом-алик бўлди. "Қайерга борамиз?" деган саволимга у томонидан "менга фарқи йўқ" деган жавоб бўлди.
Уни ўзим ҳар доим кириб турадиган шинам кафега бошлаб бордим. У ерда одам кам, тинчлик ҳукм сурар эди. Овқатни жимгина тановул қилдик. Овқатланиб бўлганимиздан кейин мен унга эътибор бериб қарадим. Негадир қизнинг кўзлари ғамгин эди. Шу тобда бу қиз ҳақида ҳам, менга буни телефон рақамини берган қиз ҳақида ҳам хаёлимга "булар яхши қизлар эмас" деган гумон кела бошлади. Айтгунча бу қизнинг юзи ўша қизга сал ўхшашиб ҳам кетарди. Қариндошимикин?
Қиз, у ҳақда нима деб ўйлаётганларимни уқиб ўтиргандай деди:
- Хўш, нима дейсиз? Мен ҳақимда, Гуля ҳақида қандай фикрларга келаяпсиз? Бемалол тортинмай айтаверинг. Енгилтак қизларга ўхшаяпманми? Гуля-чи, ўша куни у кимларга ўхшаган эди?
- Йўғее, қўйсангиз-чи. Хаёлимга ундай фикрлар келмади, - мен ғўлдирай бошладим. Уёғини ҳазилга буришга уриндим, - Буёғини сўрасангиз ҳозир ҳар ким хоҳлаганини кийиб юрган замон бўлса.
- Э, қўйсангиз-чи. Сиз ролингизни эплаб ўйнай олмаяпсиз. Ундан кўра борини гаплашаверайлик, у тобора очиқроқ гапиришга ўтаётган эди.
- Нимани борини гаплашамиз? -мен ўзимни гўлликка солдим.
- Масалан, опам ҳақида борини гаплашайлик. Наҳотки ўша куни ҳеч нарса сезмаган бўлсангиз? - у саволни берди-ю кўзимга тик қараб мени кузата бошлади.
Йўқ, кўзларим унинг кўзига тик қараб туришга дош беролмади. Унинг башараси кулимсираб турган бўлса-да кўзлари жудаям ғамгин эди. Унинг маъюс кўзлари кулимсираган башарасига мос тушмаётган эди.
- Унда эштитинг...
Унинг ҳикоя қилишича ўша куни мени йўлимда учраган қиз унинг туғишган опаси экан. Улар опа-сингил иккаласи ҳам фоҳишалик қилишар экан. Ўша куни менга "яқин дугонам" деб ўз сингилисини номерини берганидан кейин у синглисига ҳам қўнғироқ қилган ва мени оилам билан боғлиқ муаммоларни роль ўйнаб гапирганимга ишониб бу ҳақда синглисига гапирган ва унга "Сенга қўнғироқ қилса у билан яхшилаб танишиб ол. Фоҳишалик қилиб юрганимизни бекитасан ва унга "эрим нашаванд эди, олти ой ҳам яшамай ажрашиб кетганман" дейсан. Нима қилсанг қил, аммо шу йигитни қўлдан чиқарма. Хотини билан муросаси бўлмаётган экан. Агар ажрашса тегиб оласан" деган экан.
- Хўш, сизни алдаб, ўзимни маъсума бир қиз сифатида кўрсатишим керак эдими? Мен ўла қолсам ҳам бундай қила олмас эдим, - у назаримда анча самимий гапираётган эди.
Унинг айтишича у шу ерда, Тошкентда "мижозларга хизмат кўрсатади". Опаси эса трассада хизмат кўрсатар экан. Менинг "трассада, қанақасига?" деган саволимга жавоб берар экан у:
- Мен бу ерда ўзимизнинг жаргонимизда "мамароза" деб аталувчи бошлиқ аёлга ҳақ тўлаб ишлайман. Кўпинча мижозларни у топиб беради. Мижозларни гоҳида ўзим топаман. Аммо барибир у ўз ҳаққини олаверади. Ҳаққини бермасам мени бу ерда бир кун ҳам ишлагани қўймайди. Олдинлари опам ҳам шу ерда эди. Ўзи топган мижози учун ҳам "мамароза" пул талаб қилгани учун у билан келиша олмай жанжаллашиб чиқиб кетди. Ўшандан бери катта йўлларда турли ҳайдовчиларга хизмат қилади.
Катта йўлларда овлоқ жойда турган қиз ёки аёл қўл кўтармаса ҳам кўп ҳайдовчилар тўхтаб миндириб олишади. Айниқса қоронғу тушгандан кейин овлоқ жойда фақат биздақа қизлар туришади ва бу ҳаммага аён иш. Кейин эса нарх келишилади ва.... Нафсини қондиргандан сўнг эса дуч келган жойга ташлаб кетаверишади. Қизлар эса ўша "дуч келган жойда" янги мижозни кутаверишади. Бир кечада шу йўл билан Самарқанддан Тошкент атрофига келиб қолган қиз яна шу йўл билан орқага қайтиб кетади. Шунингдек турли юк машиналари турадиган питаклар, чет элдан келадиган машиналар турадиган "ТИР-парк"лар опамга ўхшаганларнинг асосий маконлари ҳисобланади.
Ўша куни сиз учратиб қолганингизда ҳам кечаси билан шофёрларга хизмат қилиб юрган бўлган. Эрталаб вақтли қайси бир юк машинасидан тушиб қолиб орқага қайтмоқчи бўлиб турганда сиз дуч келиб қолгансиз. Айтгунча ўша куни опам билан Самарқандгача кетиб у билан бирга бўлмагандирсиз ҳам, шунақами?
Мени "йўқ" деган ишорамни кўриб у "эҳ бечора опам, Самарқандгача оғзидан сўлагини оқизиб кетибди-да унда чиройли гапларингизни эшитиб" деб кулди.
- Шу ҳаёт сизларга ёқадими? Ахир инсон бу ҳаётга бир марта келади. Яратган хатоларни тўғирлаш учун икки марта ҳаёт бермайди, - ўзимча унга насиҳат қилмоқчи бўламан.
- Йўқ, ёқмайди. Аммо ноиложмиз. Бу йўлга киргандан кейин қайтиб чиқиб кетиш осон эмас. Ҳатто нашаванддай бўлиб шу ишга боғланиб қоладиганлари бор. Ундайларни бора-бора пул ҳам қизиқтирмай қўяди. Фақат нафсини қондирса бўлди. Бир-иккитасини биламан "бўлди, соғлом ҳаётга қайтаман" деб шу ишни йиғиштиришди. Аммо кўп ўтмай ўзлари қайтиб келишди, - у эринмай тафсилотларигача гапирарди.
- Қандай бу йўлга кириб қолгансизлар? - яна савол сўрайман ундан.
- Айни ўсмир ёшимизда онам вафот этди. Шундан кейин отам бошқа бир аёлга уйланди. У аёлнинг бизга берган азобларини эсласам юрагим орқамга тортиб кетади. Охири бўлмади, уйдан қочдик. Шу билан ёмон одамлар қўлига тушиб мана шу йўлга кириб кетдик. Сиз эркаклар доим фоҳиша қизларни айблайсизлар. Қўлга тушганимизда ҳам мижозларимиз уёқда қолиб фақат бизни кўрсатишади, гапирашади. Қизларни йўлдан урадиган эркак фоҳишаларни эса ҳеч ким гапирмайди, ҳеч ким қўлини бигиз қилиб кўрсатмайди. Ким ёмон? Фоҳиша қиз ёмон. Йигитлар-чи? Э йўқ. Йигитларни фоҳишаси бўлмайди. Ҳар куни қайсидир бир қизни йўлдан урса ҳам, ҳар куни бир фоҳиша билан бўлса ҳам йигитлар оппоқ. Ўсмир ёшидаги қизни ҳеч бири сиз айтганингиздай "бу бир марта бериладиган бу умр"да фоҳиша бўлай демайди. Ўз келажагини фоҳишаликда кўрмайди. Уларни эркаклар фоҳиша қилишади. Худди опам билан мендай. Қани эди бу ботқоқдан чиқиб кета олсак эди. Ҳаммаси гапиришга осон, ҳа шундай, гапиришга осон - унинг аччиқ ҳақиқатларини эшитар эканман нимадир гапиришга, унга қандайдир тасалли беришга, уни юпатишга ожиз эдим.
Мен унинг гапларини эшитиб нима дейишни ҳам билмасдим. Унинг ҳам гаплари тугаган, ортиқ унинг ғамгин кўзларига қарашга ортиқ асабим дош бермас эди. Шу туфайли биз шу ерда хайрлашдик. Ўша қиз ва опасининг кейинги тақдири нима бўлди билмайман.
Ўшанда у билан очиқчасига гаплашар эканман опа-сингилларга қандай ёрдам беришни билмаганим, тўғрироғи "оғримаган бошимни оғритишни хоҳламаганим" ҳам рост. Ҳатто бундан заррача виждоним қийналмагани ҳам рост. Зеро мен ҳам шу чиркин жамиятнинг бир аъзосиман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий