суббота, 13 января 2018 г.

Валюта олди-сотдиси, валютафурушларга лицензия бериш керакми?.

Ҳаммамизга маълум ўтган йилдан бошлаб валюта олди-сотдисини эркинлаштириш йўлида катта қадамлар ташланди.  Расмий курс қора бозор курси билан бир хил қилинди. Банкларга аҳолидан чекланмаган миқдорда чет эл валюталарини сотиб олишга ва халқаро тўлов карталар орқали сотишга рухсат берилди. Жорий йил 1 апрелдан эса ўша тўлов карталаридаги валютани банкларда нақд валютага алмаштириб олишга рухсат берилди.  Яна, яқин келажакда  банкларга чет эл валюталарини нафақат халқаро тўлов карталари орқали,  балки нақд пулга сотиш учун хам рухсат берилади деган гаплар юрибди. Буларнинг хаммаси Президентимизнинг олиб борётган "тубдан ислоҳот қилиш" сиёсатларига ҳамоҳангдир. Аммо....

Аммо..., ҳаммамиз кўриб турибмиз валюта олди-сотдиси эркинлаштирилиб банкларда чет эл валютасини чекланмаган миқдорда сотиб олиш ва уни халқаро тўлов карталари орқали сотиш йўлга қўйилган ва 1 апрелдан ўша халқаро тўлов карточкасидаги валютани нақдлаштириб олиш имконияти берилаётган бўлса-да ҳанузгача жойларда валютафурушлар ўз ишларини давом эттираётганлари хеч кимга сир эмас. Ҳатто 1 апрелдан банкларимизда ўша халқаро тўлов карталаридаги чет эл валюталарини нақдлаштириб олишга рухсат беришса ҳам  кўча-куйларда, бозорларда ноқонунуний равишда фаолият олиб бораётган валютафурушлар катта эҳтимол билан ўз фаолиятларини давом эттираверадилар.   Мени билишимча бунинг учта сабаби бор;

1) Ҳозирча банкларда чет эл валютасининг нақд кўринишда сотиш амалиётининг йўқлиги.

Миллий валютамиз сўм 1994 йилдан бери салмоқли тарзда қадрсизланар экан юртдошларимиз ўз жамғармаларини сўмда сақламасликлари шундоқ ҳам ҳаммага тушунарли. Чунки, кимдир уй олиш учун, кимдир машина олиш учун ишлаб топаётган пулини сўмда йиғадиган бўлса, сўмда нархлар тез-тез ўзгариб ошавериши, сўм қадрсизланавериши туфайли у бир умр уйсиз ёки машинасиз қолиб кетиши мумкин.  Шу учун ҳам аҳоли ўртасида ўз жамғармасини АҚШ долларида йиғиб борадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Банкларда ҳозирча нақд пулга чет эл валютасини сотиш амалиётининг йўқлиги аҳолининг барибир валютафурушларга мурожат қилишига сабаб бўлмоқда. 

2) Вилоятларда, туманларда валюта айирбошлаш шахобчаларинг аксариятининг туман марказларида жойлашгани.

Ҳа, ҳозирча бизда валюта айирбошлаш шахобчалари фақат туман марказларидаги банк биноларининг ичида жойлашган.  Бошқа жойларда йўқ. Шу сабаб туфайли ҳам туман марказидан узоқда яшаётган аҳоли ўз қўлидаги чет эл валютасини сўмга алмаштириш учун туман марказига эмас, балки ўзига яқин жойда жойлашган ҳудудий бозорларда ёки уйларида яширинча фаолият олиб бораётган валютафурушларга мурожат қилишга мажбур бўлаяпти.

3) Банклардаги валюта алмаштириш нархлари билан яширинча фаолият олиб бораётган валютафурушлар таклиф этаётган нархлар ўртасидаги тафовут.

Ҳа, айнан мана шу сабаб ҳам кўпчиликнинг ўз қўлидаги валютани банкларга эмас, балки валютафурушларга бориб алмаштираётганига сабаб бўлмоқда. Масалан,  банкларда валюта алиштириш жараёни бошланганда сотиб олиш нархи 8000 сўм қилиб белгиланди. Бундан хабар топган валютафурушлар эса ўша пайтда сотиб олиш нархини 8100 қилиб белгиладилар. Орадан бироз ўтиб банкларда сотиб олиш нархи 8020 сўм қилиб белгиланганда валютафурушлар сотиб олиш нархини 8120-8150 сўмга кўтаришди ва банк билан валютафурушлар ўртасида валюта сотиб олишда 100-120 сўм фарқ пайдо бўлди. Бу фарқ 100 доллар пулни алмаштирганда 10.000-12.000 сўмни ташкил этади. Агар 1000 доллар алмаштирганда эса фарқ 100.000-120.000 сўмни ташкил этди. Бундай шароитда баъзи инсонлар ўз қўлидаги валютани қимматроққа сотиш учун ҳам валютафурушларга мурожат қилиши табий ҳол. Шундай экан катта эҳтимол билан валютафурушлар бундан кейин ҳам шу тарзда ўз фаолиятларини олиб бораверадилар.

Валютафурушларнинг яширинча бўлса-да ҳануз ўз ишини давом эттираётганига юқоридаги ана шу уч омил кўпроқ сабаб бўлмоқда.
Энг муҳими ана шу уч сабаб бир-бирига занжирдай боғлиқ. Шу учун яқин келажакда банклар чет эл валютасини нақд пулга сотиш амалиётини бошлашса ҳам  муаммо ҳал бўлмаслиги ва валютафурушлар ўз фаолиятларини давом эттириб валютани сотиб олишда банкдан бироз қиммат нархда олиб, сотишда эса банклар таклиф қилаётган нархлардан бироз арзон нархни таклиф этишлари ҳам мумкин. Масалан, банклар 8020 сўмдан сотиб олганда улар сотиб олиш нархини 8050 сўм қилиб белгилайдилар. Банклар сотиш нархини 8150 сўм қилиб белгилаганларида улар сотиш нархини 8120 сўм қилиб белгилайдилар.  Ана шунда айрим одамлар ўртадаги озгина тафовутдан ютай деб ҳам яна валютафурушларга мурожат қилаверишлари мумкин. Ёки банклар иккинчи сабабда кўрсатилган муаммони ҳал қилиб ҳар қадамда  валюта айирбошлаш шахобчаларини кўплаб очишса ҳам улар учинчи сабабдаги муаммо туфайли барибир валютафурушлар билан рақобат қилишларига тўғри келади.
Умумий хулоса шу-ки бундан буёғига банклар валюта олди-сотдисида доим ноқонуний фаолият олиб бораётган валютафурушлар билан рақобат қилишларига тўғри келади. Тўғри, ноқонуний валютафурушларга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан қонуниний чоралар кўрилмоқда. Аммо бу билан  соҳадаги муаммоларни ечиб бўлмайди.

Муаммонинг ечими борми; ноқонуний валютафурушларни қандай қилиб йўқотиб бўлади?

Жамиятдаги кўплаб одамларнинг бу масала юзасидан фикрлари билан қизиқар эканман уларнинг кўпчилиги  валютафурушлар фаолиятини легаллаштириб, уларга қонун доирасида ишлашлари учун тегишли лицензия бериб бу муаммони ҳал қилиш мумкин деган фикрни билдирдилар. Шахсан ўзим хам шу фикрга қўшиламан ва қўйида нега валютафурушларни легаллаштириш керак деган фикрларимни асослаб беришга ҳаракат қиламан.

Юқорида банклар ва валютафурушлар ўртасида зимдан бўлаётган рақобатни ва ана шу рақобатда баъзи ҳолларда валютафурушлар устун бўлаётганини ёздим. Агар валютафурушлар фаолиятини легаллаштирсак бундан ҳамма томон; банклар ҳам, аҳоли ҳам, валютафурушлар ҳам фақат ютишади.

1) Банклар ютишади.

Агар валютафурушларга лицензия бериш ваколати банкларга берилса ана ўшанда тижорат банклар ўртасида ким кўпроқ валютафурушларни ўзига жалб қилиб кўпроқ лицензия сотиш учун рақобат юзага келади ва шу туфайли банкларда ишчанлик ошади. Яна  банклар ўзи томонидан валютафурушларга бериладиган лицензиядан анчагина пул ишлайди ва бу ҳам мамлакатимиз бўйича ҳисобланганда яхшигина маблағни ташкил этади. Шу ерда ўқувчиларда "банклар валютафурушларга лицензия берса кейин ким уларнинг ўзларига валютасини алмаштиришга олиб боради?" деган савол пайдо бўлиши мумкин. Тўғри, агар валютафурушларга банклар томонидан лицензия берилса кейин банкларнинг ўзига одамлар валюта алмаштиришга камроқ боришлари ҳам мумкин. Лекин ҳозирги кунда ҳам ҳанузгача аҳолининг қўлидаги бир қисм валютанинг валютафурушлар орқали айланётганини инобатга олсак банклар ҳеч нарса йўқотмайди. Буни устига улар ўша ўзи лицензия берган валютафурушлар билан рақобатда ишлашади ва буни натижасида хизмат кўрсатиш сифати янада ошади. Агар банклар валютафурушларга лицензия бермай ўзлари ишлайдиган бўлсалар валюта алмаштириш шахобчасини кўпайтириш ва уни кўча-кўйларда,  бозорларда шаҳобчалар очишларига тўғри келади. Ундай шахобчаларни очиш ва унда ишлайдиган ходимларга, уларни қўриқлайдиган қўриқчиларга пул тўлаш керак бўлади ва бунинг ҳаммаси яхшигина харажатни талаб қилади.

2) Аҳоли ютади.
Агар валютафурушларга лицензия берилиб уларнинг фаолияти легаллаштирилса аҳоли ўз уйига яқин бўлган қонуний ишлаётган валютафурушларга қўлидаги валютасини хоҳлаган пайтида бемалол алмаштириб кетаверади ва бу аҳоли учун анча қулай бўлади.

3) Валютафурушлар ютади.

Агар валютафурушларга лицензия берилса ва уларнинг фаолиятлари легаллаштирилса улар ҳам доим ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларининг қўлига тушиб қолишдан қўрқиб, қочиб юришмайди ва хоҳласалар уйларида, хоҳласалар бозорларда бемалол фаолият юритаверадилар.

Шу мақолани тайёрлаш жараёнида турли жойларда, бозорларда  ими-жимида қўрқа-писа фаолият олиб бораётган валютафурушларнинг(уларни ҳанузгача истаган бозорингиздан бемалол топишингиз мумкин) бир нечтаси билан бу мавзуда суҳбатлашиб "валютафурушларга лицензия берилиб, уларнинг қонуний ишлашларига шароит қилиб берилишига қандай қарайсиз?" деб сўраганимда улар "Қани эди шунақа бўлса, буни орзу қиламиз-ку. Агар бизга ҳам лицензия жорий қилиб қонуний ишлашимизга рухсат берсалар лицензия тўловини қанча қилиб қўйишса ҳам тўлаб қонуний ишлардик, қоча-қоч қилиб ишлаш жонимизга ҳам тегиб кетган" деб жавоб беришди.

Юқоридаги фикрларимни ўқиб сиз қандай фикрга келасиз менга қоронғу. Балки "валютафурушларга лицензия бериб уларнинг фаолиятини легаллаштириш керак" деган фикримга қўшиларсиз, балки қўшилмассиз. Бу сизнинг хоҳишингиз. Аммо мен яна бир нарсани қўшимча қилмоқчиман, дунёнинг аксар давлатларида, шу жумладан яқин қўшниларимиз бўлган Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам анча йиллардан бери шу амалиёт қўлланилади. Яъни хоҳлаган одамга валюта олди-сотдиси билан шуғулланишлари учун лицензия берилади ва ўша лицензияни олган одамлар истаган жойларида эркин валютафурушлик фаолиятларини олиб бораверадилар. Шундай экан жаҳоннинг кўпгина давлатларида қўлланилаётган ушбу амалиётни бизда ҳам қўллаб кўриш фойдадан холи бўлмас эди деб ўйлайман.
Агар сизларда ушбу муаммонинг бошқачароқ ечими бўлса бемалол у билан ўртоқлашишларинг мумкин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий