Ҳикоя қилинадики: бир қавмнинг пешвоси Иёс ибн Муовия раҳматуллоҳи алайҳнинг (бу зот тобеинлардан, машҳур олим бўлганлар) олдига келди ва у кишидан:
- Эй ибн Муовия, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми нима? - деб сўради.
- Шак-шубҳасиз ҳаром, - деб жавоб берди у.
Шунда бояги киши яна сўради:
- Унинг ҳаром бўлиш сабаби нима? Ахир у ҳалол нарсалар бўлмиш мева ва сувнинг қайнатилишидан ҳосил бўладиган нарса-ку.
Шунда Иёс ибн Муовия раҳматуллоҳи алайҳ сўз бошлади:
- Агар кафтимга сув олиб, уни сенга сепсам жонинг оғрийдими?
- Йўқ, оғримайди, - деди савол сўровчи киши.
- Бир ҳовуч тупроқ сепсамчи? Жонинг оғрийдими?
- Йўқ, -деди ҳалиги одам.
- Агар бир сиқим сомон олиб отсам сенга тегса жонинг оғрийдими?- сўради ибн Муовия.
- Йўқ, оғримайди, - деди сўровчи киши.
- Энди тупроқ, сомон ва сувни аралаштириб, тайёр бўлган гувалани қуёшда қуритиб ўша билан башаранга бир туширсам жонинг оғрийдими? -сўрадилар ибн Муовия.
- Жоним оғриши тугул ўлдириб қўясиз-ку, -деди сўровчи киши.
-Бас, маст қилувчи ичимликлар ҳам шундай, ҳалол нарсалар аралаштирилиб тайёрланса ҳам у ҳаром ҳисобланади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий