Аввало гапни ўзимдан бошлай. Мен ҳозирги кунда жамиятда оммалашган ижтимоий тармоқларга "Ғайрат Йўлдош", "G'ayrat Yo'ldosh" исм-шарифи билан кираман. Ижтимоий тармоқларга кирар эканман баъзилар исм-шарифимда нега "ев" қўшимчаси йўқлиги билан қизиқадилар. Кимлардир исм-шарифимни бунақа қилиб ёзиб қўйганимни шоирлик ёки ёзувчилик, кимдир эса журналистлик, кимдир эса диний тарафдан деб ҳам ўйлашаркан. Бир неча киши бу ҳақда ўзимдан ҳам сўраган. Аммо исм-шарифимни бундайлигига юқоридаги омилларнинг алоқаси йўқ. Шунчаки мен исм-шарифимдаги "қизил империя" даврида ёпиштирилган ўзимга мутлақо ёқмайдиган қўшимчадан қутилиб ўзлигимга қайтишни ҳоҳлаганман холос.
Ўша хоҳишим мамлакатимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан "миллий уйғониш" деб таърифланадиган 1990-92 йилларда уйғонган. Ўша миллий уйғониш даврида миллий матбуотимизда ўзлигимиз ҳақида шунчалик кўп мақола ва асарлар берилди-ки улар ҳатто мендай мактаб ўқувчисини ҳам анча мулоҳаза юритишга, ўйлашга мажбур қилган эди. Эсимда "Шарқ Юлдузи", "Ёшлик" журналлари, Ўзбекистон адабиёти ва санъати", "Туркистон" ва бошқа газета-журналларда миллий уйғониш ҳақида кўплаб мақолалар, асарлар чиқди-ки, ўз даврида ўша мақола ва асарлар менга ўхшаган кўплаб миллатдошларимизни том маънода "уйғота олган" эди.
Ўша даврда "Улуғ Оғалар" бошлиқ тузумнинг шунчалик кўп кирдикорлари ошкор бўлдики, мен ўша даврларда , мактабни 6-7-синфларида ўқиб юрган вақтимданоқ ўз исм-шарифимдаги бир пайтлар "Улуғ оғалар" томонидан ота-боболаримиздан бошлаб мажбурий сингдирилган қўшимчаларни ўлгудай ёмон кўриб қолдим ва мустақил бўлганимиздан кейин бу мавзу кўтарилади ва биз тез орада исм-шарифимиздаги бу қўшимчадан қонун асосида воз кечамиз деб умид қилдим.
Аммо мустақил бўлганимиздан кейин орада шунча йиллар ўтиб кетди, аммо бу мавзуга ҳеч ким жиддий қарамади. Шу учун ҳам бугунги кунгача биз ана ўша "тамға" қўшимчани ўз исм-шарифимизга қўшиб кўтариб юрибмиз.
Шу ўринда бироз тарихни эслашни лозим топдим; Ўрислар Чор Россияси даврида бизни кўп ишларимизга аралашмаган. Шу жумладан эътиқодимизга ва қандай исм-шарифда юришимизга ҳам. Аммо "Октябрь тўнтариши"дан кейин Россия тепасига бир тўда ювиндихўр коммунистлар келгандан кейин улар ўз мавқеларини бизга ўхшаган чет ўлкалардаги халқларни тепасида ҳам мустаҳкамлаб боравериш учун бизни эътиқодимизни йўқ қилишга уриндилар, алифбомизни икки марта ўзгартирдилар, исм-шарифимизга ўзларига хос бўлган қўшимчаларни қўшдилар ва ўз мақсадларига эришдилар. "Ўз мақсадларига эришдилар" деганимни сабаби ҳатто бугунги кунда ҳам миллатдошларимиз ва юртдошларимиз орасида уларнинг бизга қилган қонхўрликларини, хунрезликларини оқлайдиганлар ҳам ёки ўша даврда яшаган отаси ёки бобосидан бошланган даҳрийликдан воз кеча олмай даҳрий бўлиб юрганлари эҳҳе қанча бор.
Юқорида ёзганим 1990-92 йиллардаги миллий уйғонишда бевосита иштирок этар эканман, ўшанда мени энг кўп ўйлантирган саволлардан бири "Нега Кавказ халқларини аксарияти, хохоллар, белоруслар, татарларнинг бир қисми, Болтиқбўйидаги халқлар ўз исм-шарифларини, ҳатто кўпчилиги ўз ёзувини (масалан; грузин, арманилар ўз ёзувларни сақлаб қолишди. Болтиқбўйи халқларида эса латин графикасига асосланган ўз алифболари бор эди) сақлаб қолишди-ю, аммо биз ўзбеклар, озарбайжонлар, қозоқлар, қирғизлар, турманлар ва тожиклар нега на бир исм-шарифимизни сақлаб қола олдик, на бир алифбомизни сақлай олмадик?" деган савол бор эди. Ўшанда бу саволга ҳеч ким жавоб бермаган. Тўғрироғи ҳеч кимдан сўрамаганман. Аммо, мактаб ўқувчиси бўлсамда ота-боболаримизни кўп ҳолатларда ўша юқоридаги ўз исм-шарифини ва ўз алифбосини сақлаб қолган грузин ва армани миллатдаги одамларига қараганда саркашроқ бўлишганларини ва айримлари ҳатто қорнини тўқлаб юриш учун нарсага тайёр бўлганларини ҳам ўйладим. Акс ҳолда биз ўз эътиқодимиздан ҳам воз кечмаган бўлар эдик ёки ўз исм-шарифимизни ҳам сақлаб қола олган бўлар эдик. Ёки ёзувимизни сақлаб қола олар эдик. Ичимиздан, ўзимиздан чиққан "қаҳрамонлар" ўша даврда ҳар ишга тайёр бўлишган ва ҳатто ўрислар салла олиб кел деса ўз миллатдошларини, ўз юртдошларини калласини ҳам қўшиб олиб боришган.
Юқорида "грузин ва арманилар ўз алифбосини ва фамилиясини сақлаб қолган" дедим ва буни сабаби балки грузин ва арманилар ўрислар билан дини бир бўлгани учундир. Ҳарҳолда турли миллатлардаги инсонларни кўпинча эътиқод бир-бирига жудаям яқинлаштиради.
Аммо бизга нисбатан бундай деб бўлмасди. Биз эътиқодимиз юзасидан ўрис билан "чатишиб" кета олмас эдик. Ўртада доим оралиқ масофа сақланган. Ана шу туфайли ҳам ўрислар армани ва грузинларга нисбатан биздан кўпроқ хавфсираган ва шу учун ҳам коммунист ювиндихўрлар даврига келиб нима қилиб бўлсада бизни ҳар тарафлама айнитиб ташлаш чоралари кўрилди. Бу йўлда олдинига Ислом дини таъқиққа олинди. Мусулмонлар даъво қилмасин деб насронийлик ва яҳудийлик ҳам номига таъқиқланиб давлат бўйича умумий атеистик режим эълон қилинди. Бу йўлда насронийлик ибодатхоналарига унчалик тегилмади-ю асосий зарба Ислом динига берилиб мадраса ва мачитлар бузиб ташланди. Диний илми борлар ўлдирилди, сургун қилинди. Биз эса қўшнимизни олиб кетаётганда ҳам худди бизга навбат келмайдигандай томошабин бўлиб "менга тегмаяпти-ку" деб ўтиравердик. Эртасига эса навбат бизга ҳам келаверди.
Бу билан қониқмаган ювиндихўрлар энди бизни алифбомизга ва исм-шарифимизни ўзгартиришга тушдилар. Бу йўлда ҳам саркашлигимиз туфайли улар катта мувафаққиятга эришиб, ана ўшанда бери бўйнимизда бўйинтуриқдай исм-шарифимизда ўрисча қўшимчани "тақиб" юрибмиз.
Мана шу омиллар ҳаммаси йиғилиб қачон бўлса ҳам, ҳатто ҳужжатимда бўлмаса бошқа жойдадир барибир ўз исм-шарифимдаги ўрислардан қолган қўшимчани олиб ташлаб ёзишга қарор қилган эдим. Орадан йиллар ўтиб шу ишни ахийри ижтимоий тармоқларда бўлса ҳам бажардим. Аммо..., аммо минг афсуски болаларимни ҳаммасида бу ёмон кўрган қўшимчаларим бор. Болаларим туғилган пайтда мен уйдан узоқда бўлганман ва туғилиш ҳақидаги гувоҳномаларни тегишли идорадан отам ёздириб олган. Ўшанда ўзим бўлсам ҳам барибир ўша қўшимчалар болаларимни исм-шарифида ёзиларди. Сабаби....
Сабаби, бир пайтлар бизда ФҲДЁ (ЗАГС) идораларида ҳатто олис туман идораларигача асосан ўрис ёки татар ёки ўрис ва татардан ҳам баттарлашиб кетган ўзимизнинг "ўриссимон" миллатдошларимиз бўлган опалар ишлашган ва тепамизда ўтирган ўрисвойларнинг қатъий буйруғи билан ҳаммаёқни чалкаштириш ва бўтқа қилиш учун улар янги туғилган чақалоқни қиздир, ўғилдир ота-она айтган исм-шарифни қандай талаффуз қилса шундай бузиб ёзаверган. "Нега хато ёздинг" деб ҳеч ким эътироз ҳам билдирмаган, эътироз билдирганларни исм-шарифини ҳам улар "кечирасиз адашибмиз" демаган ва ўзи хохлагандай ёзиб, хато ёзилганларини ўзгартиришмаган. Шу туфайли бугунги кунда исм-шарифларимиз орасида шунақа ғаройиблари борки, кўриб ҳайрон қоласиз.
Оддийгина Қудратхўжаев фамилиясини бузиб Кодратхаджаев бўлиб кетгани бу кичик бир мисолдир. Бугунги кунда ҳам ФҲДЁ идораларида ходималар орасида айрим олдингиларидан ҳам баттарлари ишлаётган ҳолатлар бўлмоқда.
Яқинда бир жойда шу мавзуда гап чиққанда ўтирганлардан бири "Мен яқинда туғилган фарзандимга гувоҳнома олишда, исм-шарифни ёздираётиб "ўрисча қўшимчани ёзмайсан" десам ФҲДЁда ўтирган опа "йўқ мумкин эмас бунақа ёзиш" деб қолди. Мен унга Оила кодексини келтириб "Одамларга таҳдид, хавф туғдирмайдиган маънолардаги ва ўзимизни ота-буваларимиздан қолиб келаётган исмлардан фойдаланиб болага исм-шариф танланаверилади" деб ёзиб қўйибдику" десам, у "бизага тепадан буйруқ бор мумкин эмас" деб туриб олди. Охири ўртада бироз баҳслашдик ва мен ҳам қўймаганимдан кейин, "Бўпти айтганингдай қилиб ёзиб бераман, аммо сен бориб туман ИИБ ва Миллий хавфсизлик бўлимидан рухсат олиб кел" деди. Айтган жойига бордим, тегишли одамларни олдига кирдим. Улар мендан боламга нега бунақа исм-шариф танлаётганимни сўрашди. Шунда уларга бизни анча йил елкамизда ўтириб зулукдай сўрган ўрисларни ёқтирмаслигимни ва шу туфайли боламга уларни фамилиясидаги қўшимчани беришни ҳоҳламаслигимни ва бундан бошқа сабаб йўқлигини айтдим. Улар рухсат беришди ва мен боламни исм-шарифи ўрисча қўшимчаларсиз ёздирдим. Тегишли идора рухсат бергандан кейин қизиқиш учун "Командир ФҲДЁ идораларига шундай кўрсатма берганларинг ростми" деб сўрадим. Шунда улар "Бу бўлмаган гап, агар энди одамларни қандай исм қўйиши ҳам бизни назоратимизда бўлса одамлар ўз болаларига "Месси", "Ишани" ва ҳоказо бизга ёт бўлган исмларни қўйишига йўл қуярмидик. Одамлар фарзандларига ҳоҳлаган исм-шарифини танлаяпти-ку. Ўша ФҲДЁда ишлайдиган опа ўзидан, ишидан айрилиб қолишидан қўрқиб шунақа қилган. Бундай топшириқ ҳеч бир ФҲДЁ мудирасига берилмаган" деб жавоб берди. Очиғи қайси бирини гапига ишонишни ҳам билмадим. Аммо боламга ўрисни исм-шарифидаги қўшимчасисиз исм-шариф танлаб гувоҳнома олдим" деб гапини тугатди.
Қаранг икки даврда яшаб ишлаганига қарамай иккита ФҲДЁ мудираларини қанчалик ўхшашлигини.
Энди юқоридаги исму-шарифдаги ўрисча қўшимчаларга келсак, бу бизга керакми ўзи? Мана шу қўшимчалар туфайли ҳам дунёнинг бизни унча танимайдиган жойларида фамилиямизни эшитиб бизни ўрисга чиқариб қўяётганлари ҳам бор гап. Биз ҳозир дуёни турли жойларида яшаётган миллатдошларимизни ҳам ҳисобласак қарийб эллик миллион ададга етиб қолдик. Шундай экан энди буёғига яна қачонгача ўрисларни исм-шарифидаги қўшимчалардан фойдаланамиз?
Қачон ўзимизни ота-боболаримиз яқин-яқингача фойдаланган "Фалонча, фалонча, фалонча ўғли" тарзидаги ўзимизга хос бўлган исму-шарифга қайтамиз?
Отасини исму шарифини англатадиган ва биз "Ўғли" , "O'g'li" тарзида ёзадиган сўзимизни турклар, озарбойжонлар, туркманлар "Оглу" ,"oglu" тарзида ёзишади ва талаффуз қилишади. Қозоқ ва қиргизлар эса бу сўзни "Ули" , "uli", "Улии", "ulii" тарзида ишлатишади. Демак, бизнинг "Ўғли", "O'g'li" тарзидаги сўзни биздан бошқа ҳеч ким биз талаффуз қиладигандай тарзда ишлатмайди. Бу биринчидан. Иккинчидан мабодо ўзимизни эски фамилиямизга қайтсак турк, озорбайжон, туркман тилидаги талаффузга ўхшаш бўлиб қолиши мумкин десангиз, жавобим шу-ки хўш ўрисча исм-шарифни қўшимчасини кўтариб юриб ўрисга ўхшаб юргунча ўзимизни қардошларникига ўхшаса ҳам ўзимизнинг миллий исм-шарифларимиздан фойдаланиб юрсак нима бўпти? Ота-боболаримиз шундай фойдаланишган-ку. Учинчидан эса "Ўғли", "O'g'li" сўзи фақат отасини исми билан ишлатилади ва исм-шарифни ўзи ишлатилганда у ишлатилмай тураверади. Масалан, ўзимдан мисол қилсам "Ғайрат Асад ўғли Йўлдош" тарзида ишлатсак бунда кўп жойларда "Ғайрат Йўлдош"нинг ўзи ишлатилади. "Асад ўғли" эса отасининг исми бўлади ва лозим топилган жойларда ишлатилади.
"Ўғли", "O'g'li" сўзини ҳозир ҳам отанинг исми билан қўшиб ишлатаяпмиз. Аммо исм-шарифимиздаги русча қўшимчалардан воз кечмаган ҳолда. Масалан, ҳозир кўпчиликда "Ғайрат Асад ўғли Йўлдошев" тарзида ёзилаяпти.
Бизни ўз исм-шарифимизга ўрисча қўшимчани олишга бир пайтлар коммунист ювиндихўрлар мажбурлашган экан, хўш энди ўша қўшимчадан воз кечишдан бизни ким ёки нима қайтараяпти? Бизга ҳозир ҳеч ким ҳеч қандай босим ўтказмаяптику!
Биз ўзи аслида мен бир пайтлар умид қилганимдек ўша энди мустақил бўлган пайтларимиз исм-шарифимиздаги ўрисча қўшимчадан воз кечиб юборишимиз керак эди. Аммо орадан шунча йиллар ўтгандан кейин ҳам ҳалиям бунга кеч эмас. Биз ўзимизни ўзбекча исм-шарифимизга энди бўлса ҳам қайтишимиз керак.
Яқинда юртимиздаги бир нечта янгилик сайтлари қўшни давлатлардан бирида ҳукумат миқёсида энди бундан буёғига исму-шарифларидаги ўрисча қўшимчалардан бутунлай воз кечиш ҳақида ҳақида қарор чиққани ва ўша қўшни давлат раҳбари 2007 йилдан бери ўз исм-шарифида ўрисча қўшимчани қўшиб ишлатмаслигини хабар бериб ёзиб чиқишди.
Хўш, қўшни давлатлардан бири шу қарорга келган бўлса, биз энди қачонгача "нимўрис" бўлиб исм-шарифимизда русча қўшимчани кўтариб юрамиз. Ё бизга мустақиллигимиздан кейин ўтган йигирма олти йили ҳам шу ишни қилиш учун кифоя эмасми? Агар кифоя бўлмаса бизга ўз миллий исм-шарифимизга қайтишимиз учун яна неча йил керак бўлади?
Биз қачон ўзимизга, ўзлигимизга қайтамиз?
Тўғри, Россияни жудаям қаттиқ яхши кўрадиганларга бу гапим ёқмаса керак. Чунки узоқ муддат қул бўлган инсон қўлидан кишан ечилганига ҳам бир муддат мослашиши қийин бўлади. Ҳатто узоф муддат тақилган кишани ечиб олинганига чидай олмай ўша кишанни бошқатдан тақиб олганлар ҳам йўқ эмас.
Кейин бу ерда Россияни қанақалигини эмас, балки ўзимизни миллий исм-шариф қўллаш услубимизга қайтишдан фикр юритаяпман.
Ижтимоий тармоқларда жудаям кўп яхши инсонлар билан танишдим. Шулардан бири Абдувоҳид деган ўртоғимдир. У билан биринчи танишиб кўришганимизда ёнидагиларга мени "Танишинглар бу киши Ғайрат Йўлдош бўладилар" деб бошқаларга таништирганда ўз исм-шарифимни ўрисча қўшимчаларсиз бошқанинг оғзидан эшитиб ўшанда ғалати бўлиб кетганман. Кишани ечилган қулни аҳволига тушганман. Кейинчалик бу ҳолга кўникдим. Энди эса фахрланаман. Ҳа шундай, ҳатто ижтимоий тармоқларда бўлсада исм-шарифимдаги ўрисча қўшимчадан қутилганимга, ўзимизни миллатга хос исму-шарифда юрганимдан фахрланаман. Ва хоҳлайманки яқин вақтларда ҳукуматимиз ҳам мана шу масалани яна бир бор кўриб чиқади ва яқин йилларда биз исм-шарифимиздаги ўрисларни қўшимчасидан батамом қутиламиз ва ўзимизга, ўзлигимизга қайтамиз.
Албатта ҳозирги кунда бу масаладан бошқа кўплаб ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Кўпчилик учун уларни олдида бу масала жудаям арзимасдир. Аммо ишонинг мен ҳаммамизни ўз уйимизда ҳам ёки хориждаги катта-катта минбарларда ҳам ўзимизга, ўзлигимизга қайтган ҳолда чиқишимизни, спорт мусобақаларида ҳам ўзимизга ва ўзлигимизга қайтиб қатнашишни жудаям ҳоҳлайман.
Мен нафақат ижтимоий тармоқларда, балки паспортим бўйича ҳам ўзимга, ўзлигимга қайтиб аталишни, кўча кўйда ҳам ўзлимга, ўзлигимга қайтиб юришни ҳоҳлайман. Сизчи азиз миллатдошларим?
Комментариев нет:
Комментариев нет:
Отправить комментарий